Қиш эртаги
Паға-паға қор эди,
Қиш ўчоғи тор эди.
Ўз уйимда ўз иним,
Тур, уйингга бор, деди.
Қотиб қолдим дафъатан,
Қор урар ҳар тарафдан.
Изғиринда қотмаган,
Карахт бўлдим бир гапдан.
Тинмас осмон элаги,
Ерни оққа белади.
Шундай оппоқ оламда
Зирқиради юрагим.
Бўрон бошлар дийдиё,
Юпун қишлоқ зим-зиё.
Кўча томон увиллар,
Бўримиди, итми ё?
Тутун пуркар мўрилар,
Аёздан ҳам зўр улар.
Энди ичимда гала –
Увиллайди бўрилар.
Паға-паға қор эди,
Қиш ўчоғи тор эди.
Ўз уйида бир одам
Ўз ўрнига зор эди…
* * *
Баҳорлар ортидан баҳорлар келса,
Фақат гуркирасанг, фақат яшнасанг.
Бағрингга муаттар эпкинлар эсса,
Бўғар тугмаларни ечиб ташласанг.
Варракдай ҳаволаб учса юрагинг,
Олис-олисларга сўзингни элтса.
Сўрасанг, энг олий кунлар сўрагин,
Кўклам ҳаққи, шояд, ижобат этса.
Гарчи, чорламакка андак кечикдим,
Яна ўзинг келдинг ҳолим сўрарга.
Соғиндим. Овундим. Куйдим. Ичикдим.
Мажол ахтараман хаёл сурарга.
Қучоғинг тўлдириб нурлар ола кел,
Унут бўлаёзган куйларни уйғот!
Саркаш ҳаётимни изга сола кел,
Муз қотган туйғулар, ўйларни уйғот!
Фасл танламайман, қилмайман ирим,
Ахир, ҳар мавсумнинг ўз ҳикмати бор.
Кўпроқ сен биланми боғлиқ тақдирим,
Кутганимга жуда ўхшайсан, баҳор!
* * *
Кир ювишдан бўшамас онам,
Бор умрини яша(й)ди шундай,
Тоғорага дардини айтар –
Тушунмайди ғамсуймас олам.
Битиб кетган зираксиз қулоқ,
(Топилмади йўқолган сирға.)
Тоза кирлар илинар симга,
Қуёшбобо қуритар узоқ.
(Эрмакталаб арзанда кўнглим
Жигар тусаб қолар шу тобда.
Куйиб кетди онам офтобда –
Қоврилади – ўчоқбоши дим.)
Бир ғалаён бошланар қўрда,
Ногоҳ эсиб шаббода – енгил.
Отам қурган қўлбола дорда
Ҳилпирайди тозарган кўнгил…
* * *
Ҳадемай ёришиб кетади осмон,
Тим қора булутлар чекинар бирдан.
Мен, ахир, бошқа бир дунёнинг хасми,
Бош олиб кетаман бу малъун ердан.
Юрак тилга кирса, сўзламас ёлғон –
Ҳали кунлар келар – ёруғдан-ёруғ.
Бир олий маслакда бирлашар осон
Айро тушиб қолган вужуд ила руҳ.
Бошимдан айланиб, ўргилар само,
Кўксимда нимадир ярқ этар шу тоб.
Ердан бир фатвога ўхшаган дуо:
Юлдузингни қидир, юлдузингни топ!
Фалакка қоришиб кетарман охир,
Ҳақиқат тонгига уйғун тушларим.
Ҳеч кимга, ҳеч кимга ботмайди оғир
Толе юлдузимнинг жилмайишлари…
* * *
Юрак урмай қўйган анчадан бери,
Кўпдан буён руҳнинг ҳарорати паст.
Ўксинганим сари, куйганим сари
Армонлар жонимга қилаверар қасд.
Тим қора тунларим, тиниқ тонгларим –
Ўзимдай ўйга ўч, сўзимдай ғариб.
Нечун бирдан бари кетмас ўнгланиб,
Не учун тобора бемаъни бари?
“Қўлингдан келганча ўйна, ўйнаб қол!”
Қўшилмам дунёнинг эски нақлига.
Ҳали абсурд ҳислар этмасдан ишғол,
Дуолар қилурман ҳаёт ҳаққига.
Ахир, кўнгил кўзи очилур ҳали,
Куртаклар кўзида умид яширин.
Гўдаклар кулгуси бергай тасалли,
Ҳали сийқа эмас поклик қўшиғи…
Беҳзод ФАЗЛИДДИН
“Шарқ юлдузи” журнали, 2016–10
https://saviya.uz/ijod/nazm/kutganimga-juda-oxshaysan-bahor/