Компьютер ичида «яшаётган» одам

Бу кун ижтимоий тармоқлардан (Интернетдан) кўпроқ ўсмирлар ва 30 ёшгача бўлган йигит-қизлар фойдаланадилар.

Умумий қизиқиш ва манфаатлар, шунингдек собиқ синфдош ёки курсдошларни, эски таниш ёки болаликдаги дўстларни топиш каби имкониятлар борлиги сабабли ижтимоий тармоқлар “жозибаси” янада ортмоқда. Бундай имкониятни ишга солиш орқали ёшлар гўёки болаликка, муаммо ва ташвишларсиз кечган ўтмишга қайтгандек бўладилар.

Бундан ташқари, ижтимоий тармоқларда бир вақтда кўпчилик билан суҳбатлашиш, маълумот алмашиш ва шунчаки ҳордиқ чиқариш ҳам мумкинлиги унинг янада оммалашиши учун йўл очмоқда.

«Интернет ишламаса, ёлғиз қоламан…»

Компьютер ичида “яшаётган” одам учун виртуал ва реал ҳаёт ўртасидаги чегара йўқола боради. Яъни, виртуал дўстлар реал (ҳаётдаги) дўстлардан афзалроқ ва яқинроқ бўлиб қолади.

Айтайлик, ижтимоий тармоқдаги киши қандайдир “виртуал дўсти”нинг мушуги ҳақида ҳаммасини биладию, лекин қўшниси ёки яқин қадрдони хонадонида катта маросим ўтказилгани ёинки фарзанд туғилганидан хабари йўқ.

Энг ёмони, Интернет тўсатдан ишламай қолса, ижтимоий тармоқ кишиси жуда ноқулай аҳволга тушади. Негаки, бундай одам учун гўёки ҳақиқий ҳаёт монитор ортида! Шунинг учун ҳам у Интернет ишламай қолган пайтларда “энди ким билан гаплашаман” деб боши қотади.

Ижтимоий тармоқларга асосан ҳеч кими йўқ, бекорчи одамлар муккасидан кетгани маълум. Айниқса ўзидан ҳамиша камчилик қидирадиган ёш аёл, тенгқурлари билан тил топиша олмаган ўсмир, ўта киришимли одам ушбу тармоқларнинг доимий меҳмонларидир.

Улар реал ҳаётда ҳам ён-атрофдагилар билан суҳбатлашиш мумкинлигини хаёлларига ҳам келтиришмайди. Шу тариқа яқинлари – қариндошлари, ҳатто ўғил-қизи ёки ота-онасидан узоқлаша боради…

Ижтимоий тармоқ сабабли ажралишлар кўп

Ижтимоий тармоққа уланган эркак ва аёл кўпроқ вақтини компьютер олдида ўтказади. Демак, оила даврасидаги ўзаро суҳбатлар, умр йўлдоши ёки фарзандларига бўлган эътибор учун камаяди.

ФҲДЁ статистик маълумотларига кўра, ҳар бешинчи оила айнан ижтимоий тармоқлар туфайли бузилиб кетаётган экан.

Эркак ё аёл ижтимоий тармоқ орқали дўстларига ҳазил шеърлар, мактублар йўллаётганлиги маълум бўлиб қолса, оиладаги кичик кўнгилсизликлар катта жанжалга айланади, оқибатда кечагина орзу-ҳавас билан оила қурган ёшлар суд залида бир-бирининг шаънига энг ёмон хақорат сўзлари айтадилар.

Нима қилмоқ керак?

Ижтимоий тармоқлардан буткул воз кечиш осон эмас. Чунки улар худди ўргимчак тўри каби “ўраб” олганки, чиқиб олиш мураккаб масалага айланади.

Турмушдаги айрим жиддий сабаблар (яқин кишисини йўқотиш, аёлининг ҳомиладорлиги сингарилар) туфайлигина ижтимоий тармоқдан вақтинча воз кечиш мумкин.

Шу ўринда айтиш жоизки, фойдаланувчилар бир нечта ижтимоий тармоқлар (масалан, Facebook, Instagram, Twitter, “Вконтакте”)ни бир вақтда ишлатишади. Интернетга тобеликларнинг бир неча турлари ҳам мавжуд. Яъни:

“Ўйинларга қарамлик” – бунда фойдаланувчи ўйинлар ичига бутунлай “кириб” кетади.

“Алоқага қарамлик” – Facebook, Twitter ва бошқа ижтимоий тармоқларда узоқ вақт давомида ўтириш.

“Контентга қарамлик” – яъни сайтнинг маълумотга тўлишига боғлиқлик (фотосуратлар, видеотасвирлар).

Ижтимоий тармоқларга қарамлик ҳанузгача руҳий касалликларни ўрганувчи барча олимлар томонидан тан олинмаган бўлса ҳам, тармоқлар ва фойдаланувчилар орасида яқин ва мураккаб муносабатлар шаклланаётгани барчамизга аён.

Вақт беҳуда сарф бўлмоқда

Талабалар ўртасида “Феъл-атвор турларининг ижтимоий тармоқларга қарамлик” ривожланишига боғлиқлиги мавзусида тадқиқот ўтказилди. Бу кичик тадқиқот учун 20-25 ёшдаги ижтимоий аҳволи ва таълими турлича 30 нафар талабадан (15 йигит ва 15 қиздан) олинган сўровномалар асос бўлди.

Ёшларга “Интернетдан қанча вақт давомида фойдаланасиз?” “Қай мақсадда фойдаланасиз?”, “Ўзингизни ижтимоий тармоқларга қарам деб ҳисоблайсизми ёки йўқми?” каби саволлар берилди.

Питтсбург университети психолог олими Кимберли Юнг томонидан ишлаб чиқилган Интернетга қарамликнинг диагностик кўрсаткичлари, феъл-атвор турини аниқлаш тести, реактив ва шахсий ташвишланиш шкаласи саволлари ҳам ушбу сўровномада қўлланилди.

Натижаларда 77 фоиз (23 нафар) болада ижтимоий тармоқларга қарамлик аниқланди. Улардан 61 фоизини (14 нафар) қизлар, 39 фоизини (9 киши) йигитлар ташкил қилди.

“Тармоқларга қарамлик” симптомлари кузатилган 23 нафар ёшлар орасида 65 фоиз (15 киши) психастеник, 26 фоизи (6 киши) истероид, шунингдек, “тармоқларга тобе бўлмаганлар” орасида 26 фоиз (6 киши) – гипертимлар ҳам аниқланди. Хўш, буларнинг феъл-атворлари қандай?

Истероидлар – эътиборталаб, қаҳрамонлик кўрсатишга мойил, улар давраларда алангали нутқ сўзлаши, атрофдагиларни қойил қолдириши мумкин. Лекин бундай хусусиятларини улар атрофида етарлича томошабинлар бўлгандагина амалга оширишади. Муҳими, давра аҳли уларга бефарқ қарамасликлари керак.

Психастениклар – жуда қўзғалувчан бўлиб, тез чарчайдилар. Улар кўпинча, қарор қабул қилишга қийналадилар, ўзларига катта масъулият юклатилишидан чўчийдилар. Лекин ҳар ишни тартиб билан, ақл билан бажарадилар. Одатда кайфиятлари бир маромда бўлади. Журъатсизлик, ҳар нарсадан шубҳаланиш ва қўрқув ҳислари психастениклар учун хос.

«Гипертим» сўзи таржима қилинганда, «тим» кайфият, «гипер» эса кўтаринки маъносини англатади. Яъни кўтаринки кайфият гипертимларнинг доимий ҳамроҳи. Бундан ташқари, улар гиперреактив (кўп ҳаракатланувчи) бўлиб, феъл-атворида тартиб, эмпатия (ҳамдардлик), яхшилик қилиш каби хусусиятлар мавжуд.

Соғлом ҳаёт тарзини танланг

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, ижтимоий тармоқларга қарамлик шакланишига феъл-атвордаги хусусиятлар (ўта ташвишланиш, безовталик, кўп хафа бўлиш, депрессияга мойиллик, ўзига паст баҳо бериш, ўз кучига ишонмаслик, стрессга берилувчанлик, муаммоларни ҳал қила олмаслик, ғам-қайғулардан қочиш сингарилар) асос бўлади.

Айниқса, табиатан журъатсиз, шубҳага берилувчан бўлган психастениклар, шунингдек истероид феъл-атвор соҳиблари (яъни ўзларига катта эътибор қаратилишини истайдиган шахслар)да ижтимоий тармоқларга боғланиб қолиш ҳолати кўп учрайди.

Демоқчи бўлганимиз, зинҳор қимматли вақтингизни беҳуда сайтлар ва тармоқлар учун сарфламанг.

Интернетдан тўғри фойдаланинг.

Ҳар бир лаҳзанинг қадрига етинг. Шундагина тўғри яшаш шартларига амал қилган бўласиз, соғлом турмуш тарзи ҳаётингизга мазмун бағишлайди.

Альбина САХОЖКО,
Тошкент педиатрия тиббиёт институти,
“Наркология ва болалар психиатрияси”
кафедраси ассистенти.
Тозагул БОБОХОНОВА,
институт талабаси.

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x