КИТОБ ЎҚИБ БЕРУВЧИ

(Боши 5 сонда)

6

 

Ҳанна учун суд мажлиси ёмон тугамаслиги мумкин эди. Аммо у аввалбошданоқ судда яхши таассурот қолдирмаганди. Айблов эълон қилингандан сўнг, у ниманидир нотўғри деб топиб, сўз сўради; раислик қилувчи судья саросимага тушиб, унга судда ишни кўриб чиқиш бошланмасдан олдин айблов ҳужжатини яхшилаб ўрганиб чиқишингиз ва эътирозларингиз бўлса билдиришингиз мумкин эди, ҳозир эса асосий мажлис бошланяпти ва айбловда нима тўғри, нима нотўғри, буни энди суд тергови кўрсатади, деган мазмунда танбеҳ берди. Суд тергови бошланишида раислик қилувчи судья қиз-гувоҳ томонидан ёзилган китобнинг немисча матни Германиядаги бир нашриёт томонидан чоп этишга тайёрлаб қўйилгани ва у қўлёзма шаклида барча иштирокчиларга тарқатилгани боис, уни ўқиб бериб ўтирмасликни таклиф қилди, шу аснода раислик қилувчи судьянинг асабий нигоҳи остида Ҳаннанинг адвокати уни рози бўлишга кўндирмоқчи бўлди, бироқ Ҳанна хоҳламади. У, шунингдек, аввалги сўроқ пайтида черков калити ўзида бўлганини тасдиқлаб айтган сўзини ҳам тан олмади. Калит унда ҳам, бошқа бировда ҳам эмасди, аслида черковнинг умумий калити бўлмаган, балки кўплаб эшикларнинг калитлари бўлиб, улар ташқаридан қулфларга солиб қўйилар экан. Аммо унинг ўзи ўқиб, имзо чеккан сўроқ баённомасида бошқача ёзилган эди. Унинг нега буни менга тиқиштирмоқчисизлар, деган саволи ҳам ноўрин эди. У паст, ройиш овозда, аммо қатъият билан сўради ва сезишимча, ўзи хижолат бўлиб, нима дейишни ҳам билмай туриб қолди. Бу билан у қонун бузиляпти, деб таъна қилмоқчи эмасди, албатта, лекин раислик қилувчи судья уни шу маънода тушуниб, кескин жавоб қилди. Ҳаннанинг адвокати ўрнидан ирғиб туриб, шошилиб бир нималарни гапириб кетди, сўнг ундан бу таънани қабул қиласизми, деб сўрашгач, қайтиб жойига ўтирди.

Ҳанна вазиятни ўнглаш учун ноҳақлик бўляпти деб айтмаганман, дея эътироз билдирди ва унинг фикрича, тўғри, асосли деб топилган ва таъна қилинган нарсани маъқуллади. У қатъий эътироз билдириб, шунга иқрор бўлдики, тан олиш орқали эътироз билдириш ҳуқуқини қўлга киритган бўлса, эътироз билдириш билан эса, очиқчасига рад этолмаганига кўниш, рози бўлиш мажбуриятини ўз зиммасига олган. Бироқ у ўзининг қатъияти раислик қилувчи судьяга ёқмаганини, унинг ранжиганини сезди. У мувофиқлик, ўйин қоидаларини, айб ва айбсизлик, айблов ёки оқлашга оид ўзининг ва бошқаларнинг фикрларини назарда тутувчи қоидаларни ҳис этолмасди. Адвокат унга етишмаётган мавжуд вазиятни баҳолай олмаслик ҳиссиётининг ўрнини тўлдириш учун кўпроқ тажриба ва ишончга эга яхшироқ мутахассис бўлиши лозим эди. Ёки Ҳанна уни бунчалик қийнамаслиги керак эди; у адвокатга ишонч билдиришдан очиқдан-очиқ бўйин товларди, аслида у раислик қилувчи, яъни суд томонидан тайинланган бу ҳимоячига мутлақо ишонмасди.

Гоҳида Ҳаннанинг иши ҳам юришиб қоларди. Уни лагердаги селекция ишлари бўйича сўроқ қилишгани ёдимда. Бошқа айбланувчилар бу борада қачонлардир нимадир қилганликларини рад этишгани ҳолда, Ҳанна унда иштирок этганини бамайлихотир тан олди. Албатта, раислик қилувчи судья айтиб ўтганидек, Ҳанна ўзи ёлғиз эмасди, унинг атрофида бошқалар ҳам бўлган ва уларга ёпишиб, хиралик қилишига ҳам тўғри келган.

– Лагерда селекциялар қандай кечарди?

Ҳанна буни тушунтириб берди. Олтита ўзаро тенг ваколатли доирадан ҳар бири ўнтадан, жами олтмиш нафар кишини ажратиш лозим эди, касаллик аниқланган вазиятларда бундан четга чиқиш ҳоллари ҳам кузатилган, шунда барча масъул назоратчи аёллар кимларни жўнатиш кераклигини биргаликда муҳокама қилиб, ҳал этишган.

– Ҳеч ким бундан бўйин товламаган, ҳаммангиз биргаликда ҳаракат қилгансиз, шундайми?

– Ҳа.

– Маҳбусларни нақ ўлимга юбораётганингизни билмаганмисиз?

– Билганмиз, лекин янгилар келгач, эскилар уларга жой бўшатиши керак эди.

– Демак, сизлар жой бўшатиш учун сен, сен ва сен жўнаб кетишинг ва ўлишинг керак, деб маҳбусларга буюргансиз, шундайми?

Ҳанна раислик қилувчининг бу саволини тушунмади.

– Мен… мен… Ўзингиз-чи, нима қилган бўлардингиз?

Ҳаннанинг бу саволи жиддий эди. У нима қилишни, бундан бошқа нима дейишни билмасди, шу боис “ҳамма нарсани биладиган” раислик қилувчи қандай йўл тутарди, шуни билмоқчи бўлиб, унга шу савол билан мурожаат этганди.

Бир зум ҳаммаёқ жимжит бўлиб қолди. Германия жиноят ишларини кўриб чиқиш амалиётида айбланувчининг судьяга савол бериши одат тусига кирмаган. Лекин ҳозир савол бериб бўлинган, энди ҳамма судьянинг жавобини кутарди. Судья саволни ўтказиб юбора олмас ёки унга танбеҳ бериб ё уни рад этувчи муқобил савол билан жойига ўтирғизиб қўя олмасди ҳам. У жавоб қайтаришга мажбур эди. Нега у ғазаб ё ғижинишни одатига айлантириб олганини мен англаб бўлганман, бу унинг ўзига ҳам, бошқаларга ҳам яхши маълум эди. Бошқача қилиб айтганда, бу унинг ниқоби эди. Унинг ортида жавоб ўйлаб олиш учун бир оз вақт топа оларди, лекин кўп эмас; қанча узоқ чўзилса, кутиш ва кескинлик шунча кучаяр, ундан кўра жавоб бериб қутулиб қўяқолиш яхшироқ эди.

– Шундай ишлар борки, уларга шунчаки аралашиб қолмаслик лозим ва агарда кимнингдир бошига етиши мумкин бўлса, улардан воз кечмоқ керак.

Агар у худди шу гапни Ҳанна ёки ўзининг ҳаёти билан боғлаб айтганда, бунинг ўзи кифоя қилар эди. Нима мумкину нима мумкин эмас, бунақа гаплар Ҳаннанинг жиддий саволига жавоб эмас эди. У қўл уриш мумкин бўлмаган ишлар борлигини эмас, балки ўзининг ҳолатида нима қилиши лозим эди, шуни билмоқчийди. Судьянинг жавоби эса ожиз, ночор, аянчли туюлди. Буни ҳамма ҳис қилди. Улар ҳафсалалари пир бўлиб, енгил тин олиб, Ҳаннага ҳайрат билан қараб қолишди. У тортишувда маълум бир даражада ғалаба қозонган, бироқ ўзи ўйланиб, хаёл суриб қолган эди.

– Демак, мен… “Сименс”га … бормаслигим керакмиди?

Бу савол судьяга берилмаганди. У ўзи билан ўзи гаплашар, ўзига ўзи савол берар, тараддудланар, саволи тўғрими-йўқми, бунга иккиланар, жавобини ҳам билмас эди.

 

 

7

 

Ҳаннанинг қатъий эътирозидан раислик қилувчи судья қанчалик ранжиган бўлса, астойдил иқрор бўлишидан бошқа айбланувчиларнинг ҳам шунчалик жаҳли чиққан, чунки бу нафақат уларнинг, балки Ҳаннанинг ўз ҳимояси учун ҳам таҳликали эди.

Аслида эса исбот, далиллар ҳолати айбланувчилар учун бехавотир эди. Дастлабки асосий айблов моддаси учун исбот, далиллар фақат тирик қолган она, унинг қизи ва қизнинг ёзган китобидан иборат эди, холос. Она ва қиз гувоҳлигининг туб моҳиятисиз ҳам, яхшигина ҳимоя айбланувчиларнинг селекция билан шуғулланганини ишонарли тарзда рад эта олиши мумкин эди. Чунки гувоҳларнинг маълумотлари аниқ эмас ва аниқ бўлолмас ҳам эди; комендантлар, соқчи, қоровуллар ва бошқа назоратчи аёллар ҳамда буйруқ ва вазифалар берувчи мансабдорлар билан маҳбуслар фақат қисман юзлаштирилар ва улар фақатгина тегишли тарзда қисман текширувдан ўтказилар эди. Иккинчи айблов банди ҳам худди шундай ҳолатда эди. Она ва қизи черковга қамаб қўйилган ва ташқарида нималар бўлгани ҳақида ҳеч қандай гувоҳлик бера олмас эдилар. Албатта, айбланувчилар биз у ерда бўлмаганмиз, деган ёлғон баҳона билан қутулиб кетолмасдилар. Ўша пайтда қишлоқда яшаган бошқа гувоҳлар улар билан гаплашган ва уларни эслай олардилар. Бироқ бу гувоҳлар ўзлари маҳбусларни қутқаришлари мумкин эди-ку, деган таънага қолмаслик учун ҳушёр бўлишлари керак эди. Айбланувчилар – бир нечта хотинлар ўша ерда экан, қишлоқ аҳолиси улардан устун келиб, черков эшикларини ўзлари очиб юборишса бўлмасмиди? Шундай қилганларида, балким айбланувчилар ҳам гувоҳларнинг айбларини енгиллаштирувчи мажбуриятларни ўз зиммаларига олган бўлармидилар? Ҳали қочишга улгуролмаган ёки бирпас кўринмай қолган соқчилар ва қоровулларнинг буйруғи ёки зуғумига ҳам қарамай, ярадорларни лазаретга элтиб қўйиб, сўнг қайтиб келишнинг иложи йўқмиди?

Бошқа айбланувчиларнинг ҳимоячилари кўзлаган бундай усуллар Ҳаннанинг астойдил иқрори туфайли барбод бўлгач, улар бундан усталик билан фойдаланиб, Ҳаннанинг айбини оғирлаштирадиган, бошқа айбдорларнинг айбини эса енгиллаштирадиган стратегияни қўлладилар. Буни ҳимоячилар махсус касбий масофадан туриб амалга оширган бўлса, бошқа айбланувчилар луқма ташлаб, қўллаб-қувватлаб турдилар.

– Сиз маҳбусларни ўлимга юбораётганингизни билганман дедингиз – бу фақат сизга тааллуқли, шундай эмасми? Ҳамкасбларингиз нимани билишганини эса билолмайсиз. Буни балким тахмин қиларсиз, бироқ пировардида баҳолай ҳам олмайсиз, шундай эмасми? – сўради Ҳаннадан бошқа бир айбланувчи аёлнинг адвокати.

– Лекин биз барчамиз билганмизки…

– “Биз, биз барчамиз” дейиш “мен, мен ўзим” дейишдан кўра осонроқ, шундай эмасми? Лагерда сизнинг ҳимоянгизда ёш қизлар бўлган, бири маълум муддатга, яна бирови эса бошқа муддатга қўл остингизда юрган, шу тўғрими?

Ҳанна тараддудланди.

– Мен… ёлғиз ўзим эмасдим, деб ўйлайман…

– Ифлос ёлғончи! Сенинг эркатойларинг – сеники эди, ёлғиз сеники!

Бошқа бир айбланувчи, қўпол, заҳар-заққум хотин ғазаб билан шанғиллаб, луқма ташлади.

– Сиз ўйлаган нарсангизни “биламан” дейсиз, “ўйлайман” деганингизда эса шунчаки тўқиб-бичасиз, шундай бўлиши мумкинми?

Адвокат гўё унинг тасдиқловчи жавобидан ранжигандек, бошини сарак-сарак қилди.

– Ҳимоянгиз остидагилар кўнглингизга ургач, барчасини навбатдаги транспорт билан Освенцимга жўнатворгансиз, буям тўғрими?

Ҳанна жавоб бермади.

– Бу сизнинг махсус, шахсий селекциянгиз эди, шундай эмасми? Сиз буни ортиқ тан олишни хоҳламаяпсиз, буни ҳамма қилган деб яширяпсиз. Бироқ…

– Э худо!

Шу пайт, савол-сўроқдан сўнг, томошабинлар орасидан жой олган қиз-гувоҳнинг овози эшитилди, у юзини қўллари билан шапатиларди.

– Буни қандай унута олдим-а?

Раислик қилувчи судья ундан гувоҳлик маълумотларингизни тўлдирмоқчимисиз, деб сўради. Қиз уни олдинга таклиф қилишларини ҳам кутиб ўтирмай, шартта ўрнидан турди-да, гапира кетди.

– Ҳа, унинг эркатой арзандалари бўлган, улар ёш, кучсиз ва нозик эди, уларни ўз ҳимоясига олиб, ишлатишларига йўл қўймай, яхшироқ жойлаштириб, боқиб, озиқ-овқат билан таъминлаган, кечқурунлари эса ўзи билан бирга олиб кетарди. Қизлар эса нима иш қилганларини айтишлари мумкин эмасди, биз ўйлардикки, у… чунки уларнинг барчаси гўё ўйин-эрмакдан сўнг, кўнглига ургандай, жўнатиб юбориларди. Аммо аслида эса ҳечам ундай бўлмаган, бир куни улардан биттаси айтиб қолди, шунда билганмиз, қизлар унга… китоб ўқиб беришаркан, ҳар оқшом, ҳар куни кечқурун. Бу яхшироқ эди… қурилишда ўлгудай ишлагандан кўра яхши эди, шундай деб ўйлаганман, йўқса буни унутолмай юрган бўлардим. Лекин бу ҳақиқатан ҳам ишлашдан яхшимиди?

У шундай деб, ўз жойига ўтирди.

Ҳанна бирдан бурилиб, мени кўриб қолди. Шунда сездимки, у менинг шу ердалигимни билган. Менга жўнгина қараб қўйди. Юз ифодасида на бирон-бир илтимос, на бирон нимага интилиш, ишонтириш ва на бирон-бир ваъда зоҳир эмас, балки чеҳранинг шундоқ ўзи намоён эди. Мен унинг нақадар жиддий, безовта эканини ва ҳолдан тойганини пайқадим. Кўзлари остида халтачалар пайдо бўлган ва ҳар икки бетидаги тепадан пастга қараб тушган ажинлар унча чуқур бўлмаса-да, чандиқ каби кўзга ташланиб турарди. Унинг нигоҳидан ўнғайсизланиб, қизариб кетдим, у юзини ўгириб, яна илгаригидек суд курсисига қараб тураверди.

Раислик қилувчи судья Ҳаннага савол берган адвокатдан айбланувчига яна саволингиз борми, деб сўради. У ҳамма нарсани Ҳаннанинг адвокати орқали билиб олмоқчи эди. Сўра, сўрасанг-чи, дердим мен унга хаёлан, ахир у нозик ва кучсиз қизларни бекорга танламагандир, чунки улар бусиз ҳам қурилиш ишларига ярамаган, бусиз ҳам навбатдаги транспорт билан Освенцимга жўнатворилган бўларди. Шунинг учун ҳам уларга охирги ойда оғир бўлмасин деган. Шуни айтсанг-чи, Ҳанна. Улар охирги ойда қийналмасин, уларга енгиллик бўлсин дегансан, шуни айт. Нозик ва кучсизларни танлаш сабаби ҳам шу эди, дегин. Бошқа сабаб йўқ эди, бўлиши ҳам мумкин эмасди.

Бироқ адвокат Ҳаннадан бошқа ҳеч нарса сўрамади, у ҳам ортиқ бир нима демади.

 

 

8

 

Қиз-гувоҳ ўзининг лагердаги ҳаёти ҳақида ёзган китобнинг немисча нашри суд жараёни ўтиб бўлгандан кейингина босилиб чиқди. Қўлёзма суд давом этаётган пайтдаёқ тайёр бўлган, лекин фақат қатнашчиларгагина тарқатилган эди. Мен китобни инглиз тилида ўқишимга тўғри келди, бу ўша пайтда ҳали камина кўникмаган қийин иш эди. Ҳали ўрганиб улгурмаган чет тили ҳар доимгидек ўзига хос, ғалати бир тарзда бирданига масофа ва яқинликни келтириб чиқарди. Китоб чуқур ва пухта ишлаб чиқилганига қарамасдан, уни ўзлаштиришнинг иложи бўлмади. Тилнинг ўзи қандай бегона бўлса, китоб ҳам шундайлигича қолди.

Орадан анча йиллар ўтгач, уни яна қайта ўқиб чиқдим ва китобнинг ўзи масофа яратаётганини кашф қилдим. У ўқувчини идентификация сари чорламайди ва унга ҳеч кимни, на она ва на унинг қизини, на улар билан турли хил лагерларда ва ниҳоят, Освенцимда ва Краков яқинида бирга қисматдош бўлган кишиларни ҳам ёқимтой қилиб тасвирламайди. Баракнинг бошлиқлари, назоратчи хотин-қизлар ва соқчи, қоровулларнинг юз-қиёфалари бўрттириб кўрсатилмаган, уларга яхши ёки ёмон муносабатда бўлиш ўқувчининг ўз виждонига ҳавола қилинган. Китобдан мен юқорида баён қилиб беришга уринганим ҳушсизлик ва карахтлик нафаси уфуриб туради. Бироқ ана шундай карахтлик ва ҳушсизлик муҳитига қарамасдан, қиз-муаллиф томонидан қайд этиш ва таҳлил қилиш имконияти ҳеч ҳам бой берилмагани сезилиб туради. У ўз-ўзига ҳамдардлик ва ўзига ишониш, ўз-ўзини англаш орқали лагерлардаги оғир йилларни бошдан кечириб, нафақат уларни енгиб омон қолади, балки адабий шакл бериб, бадиий бўёқларда ҳам акс эттиради. У ўзининг вояга етган, ёшига мос келмайдиган даражада ақлли ва уддабурон хатти-ҳаракатлари ҳақида бошқа барча воқеаларни қандай ҳушёрлик билан тасвирлаган бўлса, шундай ёзади.

Китобда Ҳаннани на исмидан, на бирор бир белгисидан таниб олиш имконсиз. Баъзан уни вазифаларини шавқатсизларча, лекин виждонан бажараётган қайсидир ёш, чиройли назоратчи аёл қиёфасида кўраётгандай бўлардим, лекин бунга ўзим ишонмас эдим. Агар бошқа айбланувчиларга разм солсам, фақат Ҳаннагина асарда тасвирланган назоратчи аёлга ўхшаб кетарди. Аммо ундан бошқа назоратчи аёллар ҳам бўлган-ку. Қиз-гувоҳ кўрган ва билган бир назоратчи аёлнинг лақаби “байтал”, ўзи ёш, гўзал ва чаққон, бироқ шафқатсиз ва жаҳлдор бўлган. Лагердаги назоратчи хотин худди унга ўхшаб кетади. Бошқалар ҳам шунақанги муқояса қилишганмикин? Ҳанна бу ҳақда билганми, буни ҳеч эслаганми ва мен уни “от”га қиёслаганимда шунинг учун ҳайрон ва паришон бўлиб қолмаганмикин?

Краков яқинидаги лагерь она ва унинг қизи учун Освенцим йўлидаги охирги бекат эди. Буни тараққиёт деб атаса бўларди; иш нисбатан енгилроқ, овқат ҳам яхшироқ, жой ҳам, баракда юз кишининг ичида эмас, битта хонадаги олти нафар хотиннинг орасида ухлашарди. Бунинг устига, иссиқроқ ҳам эди; фабрикадан лагерга қайтаётиб, йўлда ўтин териб келишарди. Фақат селекциялардан қўрқиб туришар, лекин буям Освенцим билан солиштирганда, ёмон эмасди. Ҳар ой бир минг икки юз нафар хотин-қизлар ичидан олтмиш нафари қайтариб жўнатиларди; агар одам ўртамиёна куч-қувватга эга бўлса, йигирма ой мобайнида тирик қолишга, ҳарҳолда тетикроқ аҳволда юришга умид қилиши мумкин эди. Бундан ташқари, салкам йигирма ой ичида уруш ниҳоят, тугаб қолса ажабмас, деган умид ҳам йўқ эмасди.

Бахтсизлик, мусибат лагернинг тарқатиб юборилиши ва маҳбусларнинг ғарбга жўнатилиши билан бошланди. Қиш, қор ёғарди, аёлларнинг эгнидаги уст-бошлари аянчли бир аҳволда, улар фабрикада мудом совқотиб юришар, лагерда эса бир амаллаб чидашса-да, лекин оёқларидаги пойафзаллари бундан бешбаттар эди. Пойафзал ўрнига кўпинча оёқларига латта-путта, газета қоғозларини ўраб-чирмаб боғлаб олишарди, бу юрганда, турганда бир нави, аммо қор ва муз устида узоқ давом этадиган “марш”лар пайтида ечилиб, титилиб кетар эди. “Марш” дегани оддий юриш бўлса ҳам майлийди, қаёқда, аёлларни худди итдай олакишлаб, таъқиб қилишар, у бечоралар жонҳолатда югуришга мажбур эдилар. “Ўлим марши” дерсиз? – сўрайди қиз-муаллиф ўз китобида ва: “Йўқ, ўлим сари йўртиб елиш, ўлим сари сакраб чопиш эди бу”, дея жавоб беради. Кўпчилиги йўлдаёқ ҳолдан тойиб, адойи-тамом бўлиб йиқилиб қолар, қолганлари эса тунги “марш”дан сўнг пичанхона, омборхона ёки чордеворга ўхшаш жойларга қамаб қўйилар ва улар ҳам қайтиб ўринларидан турмасдилар. Бир ҳафтадан сўнг, аёлларнинг деярли ярми ҳаётдан кўз юмган бўларди.

Черков омборхона ва чордеворлар билан қиёслаганда хотин-қизлар учун энг мақбул бошпана эди. Йўлда ташлаб кетилган ҳовли-жойлар учраб қолгудай бўлса, уларга соқчи, қоровуллар ва назоратчи аёлларнинг ўзлари жойлашиб олардилар. Ҳувиллаган, кимсасиз қишлоқда эса улар руҳонийнинг уйини ўзларига олиб, маҳбусларга омборхона ёки чордевордан кўра анча тузукроқ жой – черковни қолдирардилар. Шу ва қишлоқда ҳатто илиқ ёвғон хўрда беришгани гўё мусибатнинг охиридай туюлди. Маҳбус хотин-қизлар шунга ҳам шукур қилиб, уйқуга кетишади. Орадан ҳаял ўтмай, бомбалар келиб тушади. Черков минораси ёниб, оловнинг чирсиллаган товуши эшитилса-да, лекин ҳеч нима кўринмасди. Минора бўлиниб, чордоқдаги тўсин ва харилар устига тушгач, бир-икки дақиқадан сўнг оловнинг ёруғи кўрина бошлайди. Пастга қараб қулаётган хода, тўсинлардан черков ичидаги стол-стуллар, тахтасупа-ю минбар ўт олиб, бари ловиллаб ёнишга тушади.

Қиз-гувоҳнинг фикрича, агар хотинлар барчаси бир ёқадан бош чиқариб, дарҳол эшиклардан бирини бузиб, синдириб очишга киришганларида, қутулиб қолишлари мумкин эди. Аммо улар нима рўй берганини ва яна нималар бўлишини англаб етгунча, кеч бўлган. Бомба тушиб, улар уйғониб кетган пайтда қоронғи тун эди. Ғалати ва ваҳимали шовқинга қулоқ солиб туришаркан, олов ёруғи деразалардан кўрина бошлайди. Аввал минора, сўнг том ёниб бўлгач, аёллар нима гаплигини англаб, даҳшатга тушиб, ёрдам сўраб бақиришади, ўзларини эшикка уриб, уни тақиллатиб, силтайдилар.

Ёнаётган чордоқ тўсин ва харилари черков ичига қулаб, олов худди каминдаги каби лангиллаб ёна бошлайди. Кўпчилик аёллар нафаси бўғилмаёқ ёниб кетади. Оловда ҳатто темир қопламали эшиклар ҳам чўғланиб куйиб кул бўлади. Лекин унгача орадан бир неча соат вақт ўтади.

Она ва қизи омон қолишади, чунки она тўғри йўлни танлай билганди. Аёллар ваҳимага тушишгач, у ортиқ чидаб туролмай, черков равоғига қараб чопади. У ерда ҳам олов тиллари ҳамма нарсани ўз домига тортаётани унга барибир эди, энг муҳими, бақир-чақир қилиб, ўзларини у ёқ-бу ёққа ураётган, ёниб кетаётган хотинлардан узоқроқда ёлғиз қолишни хоҳлаганди. Равоқ шунчалик тор эдики, унга ёнаётган ёғоч, ходалар илинмай қолади. Она-бола деворга маҳкам қапишиб олган кўйи оловнинг қутуриб, авж олаётганини кўриб турарди. Улар кейинги куни на пастга тушишга ва на ташқарига чиқишга юрак ютиб ботинолмайдилар. Тун қоронғисида эса зинани тополмай, йўлдан адашиб кетишдан қўрқишади. Индинига тонгги ғира-ширада ниҳоят, черковдан эсон-омон чиқиб олишади, уларни учратган айрим кишилар саросимага тушиб, бақрайиб қараб қоладилар, аммо кейин уларга кийим-кечак ва овқат бериб, йўлга кузатиб қўйишади.

(Давоми бор)

Бернҳард Шлинк

Олмон тилидан Мирзаали Акбаров таржимаси

6/2018

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:

https://jahonadabiyoti.uz/2018/10/09/%d0%ba%d0%b8%d1%82%d0%be%d0%b1-%d1%9e%d2%9b%d0%b8%d0%b1-%d0%b1%d0%b5%d1%80%d1%83%d0%b2%d1%87%d0%b8/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x