Кузатишлардан сўнг аниқланишича, инсоннинг кексайишига кўпинча эркин радикаллар сабаб бўларкан. Яъни, моддалар алмашинуви жараёнида организмда кислороднинг заҳарли ҳосилалари ишлаб чиқилади. Оқибатда оксидланиш реакциялари рўй беради ва соғлом ҳужайралар зарарланади. Оксидланиш кўпроқ рўй бериб, соғлом ҳужайраларнинг камайиши тананинг қаришига олиб келади.
Баъзилар кўп асабийлашади. Чекиш, ичкиликка ружу қўйиш, каби зарарли иллатларни одат қилиб олганлар бор. Бошқа бир хил одамлар эса дориларни билиб-билмай ичаверади. Овқат истеъмол қилишда унинг сифатига ва меъёрига риоя қилмайдиганлар кўп. Кучини аямасдан туну кун ишлайдиган одамлар ҳам анчагина. Хуллас, меъёрдан ортиқ хатти-ҳаракатлар натижасида оксидланиш жараёнлари ортиб боради. Бу эса юрак-қон томир тизимида, меъда ости безида турли касалликларни, шунингдек, қандли диабет, катаракта, ревматоид артритни келтириб чиқаради. Инфекциялар салга юқадиган бўлиб қолади, ўсмалар ривожланиши хавфи ортади.
Қон айланиш тизимидаги ўзгаришлар, урологик ва буйрак касалликлари, умуртқа поғонасининг дистрофик-дегенератив дардлари, овқат ҳазм қилиш ва модда алмашинувидаги тартибсизликлар ҳамда нафас аъзолари хасталиклари кекса ёшдагиларни тез-тез безовта қилиб туради. Таъкидлаш жоизки, бундай дардлар узоқ йиллар мобайнида яхши даволанмаган ва сурункали тусга ўтган хасталикларнинг асорати сифатида юзага чиқади. Масалан, кексаларда учрайдиган кардиосклероз илгаридан давом этиб келган атеросклероз ёки миокардит оқибатида пайдо бўлади. Склеротик (систолик) гипертония эса қонда қанд миқдорининг узоқ вақт мобайнида тез-тез ошиб туришидан сўнг келиб чиқади. Бундай дардларга бепарво бўлинса, бора-бора жиддийлашиб, юрак етишмовчилигигача олиб бориши мумкин.
Ички аъзоларнинг пастга силжиши, қизилўнгач тешиги даббаси, йўғон ичак дивертикули (ичак шиллиқ пардасининг қорин бўшлиғига йўналган тарзда бўртиб чиқиши), сурункали қабзият, зотилжам, ўт тоши сингари дардлар ҳам борки, буларнинг ҳар бири йиллар давомида аста-секин ривожланиб, сўнг кексалик ёшида кучайиб борувчи касалликлар ҳисобланади. Чунки киши кексайганда организм қувватсизланади, умумий ҳолсизлик кузатилади, танадаги муҳим аъзолар иши сусаяди, ўз-ўзидан тана касалликларга мойил бўлиб қолади.
Кексалар вақтида дам олиши ва ишда ўзларини уринтириб қўймасликлари лозим. Бундай даврда, айниқса, уйқуга кўпроқ эътибор бериш зарур.
Киши оз бўлса-да мириқиб ухлаши шарт. Шундагина кун бўйи тетик ва бардам юради. Аслида кам ухлаш кексалик ёшидагиларга хос бўлган ҳолат, бироқ кун давомида бироз мизғиб олиш орқали ҳам етарлича дам олиш мумкин. Қариялар уйқусизликка йўлиқмаслиги учун руҳан осойишта бўлмоқлари зарур. Бу эса атрофдагиларга кўпроқ боғлиқ.
Ён-атрофдагилар (фарзандлари, яқинлари, қариндошлари, қўни-қўшнилари) кекса одамга илиқ муносабатда бўлиши, ҳурмат-иззатини ўрнига қўйишлари керак. Оёқ-қўл бўғимлари зирқираб оғриётган кекса беморларга ўз вақтида дори-дармонларни бериш, оёқ-қўлларига иссиқроқ ёғ суриб уқалаш оғриқни камайтиради. Уларга ухлаш ва дам олиш учун тинчроқ хонани ажратиб берган маъқул. Қаттиқ товушлар, айниқса, шовқин кексалар соғлиги учун зарарли эканини унутмаслик лозим. Баъзан кексалар дори қабул қилишни унутишади ёки хотираси пастлиги туфайли бир хил дорини такрор ичиши ҳам мумкин. Шунинг учун ҳам хонадондагилар дорини бемор ёнида туриб ичиришлари ё бўлмаса дориларни вақтига қараб бир неча қисмга ажратиб қўйишлари керак.
Ёши улуғ кишиларни яхши парвариш қилиб, улардан ширин сўзимизни аямасак, уларнинг тез кексайиши барҳам топиб, умрлари янада узаяверади.
Нигора ТУРСУНОВА,
умумамалиёт шифокори.