Роман
ТУҒИЛИШ
Асрий тоғу тошлардан манба оладиган Окс дарёси тошлоқлар, чўлу биёбонлару яшил ўтлоқлар, тўқайлар билан ботқоқликларни ортда қолдириб? Хуварно ўлкасига етиб келгунига қадар гоҳ соҳилдаги тик қояларга урилар, тўлқинлари кўкка учиб, гоҳо уззукун қўшга қўшилган қари ҳўкиз каби аранг тебранар, атрофидаги кўллар, жилғалар ва сойлар, ботқоқликларни сув билан таъминларди, оқим ўзгарганидек Окс номи ҳам ўзгариб бораверарди.
Суви сероб асов дарё соҳилида яшайдиган қавмларнинг ҳар бири Оксга ўзича, ўз тилида ном берган. Шу боис у турли хил номланиб, оқишда давом этарди. Дарё қандай номланишидан қатьи назар, тоғу тошларда яшайдиган кийиклар, оқ бўканлар, тўқайларда тирикчилик ўтказадиган йўлбарсларга ҳамиша емиш бўладиган тўнғизларнинг насибасини мўл қилиш учун тинмай оқаверарди. Оксдан бошланиб, то охири бориб қуйиладиган Варакуша денгизига қадар барча тириклик дунёси дарёга боғлиқ эди. Олам яралганидан буён ҳар куни шарқдан кўтарилган қуёшни биринчи бўлиб кутиб оладиган тоғларнинг энг баланд чўққилари ва этакларига ёққан қор-ёмғирлардан пайдо бўлган мангу музлар қуёш тафтида эриб, нурни ўғирловчи томчиларга айланар, улар йиғилиб-йиғилиб, кичик-кичик илон изига, сойларга, сойлар ўзан ва жилғаларга, йирик-йирик тармоқларга, тармоқ йиғилган жой улкан дарёга – Окс дарёсига айланиб, Бақтр, Сўғдиёнага шошади, даралар сув билан тўлиб, тармоқлар ўз ҳолича оқади. Окс суви етиб келган жойларда майсалар унади, кўлларда балиқлар сузиб, қушлар учиб келади.
Дарёнинг сув тўла тармоқлари ва кўлларнинг соҳилларини қавмлар ўзларига макон этганлар. Сигир, туя, қўй-эчкилар қирлар бўйлаб ёйилган. Бу ерда яшовчилар кўллардан балиқ овлайдилар. Бу ишлар Ахурамазданинг оламга ҳукмронлик қиладиган онлари – Наврўздан бошланиб, кун билан тун тенглашадиган пайтга қадар давом этади.
Ундан сўнг Ахриманнинг ҳукмдорлиги бошланганда кўк майсалар заъфарон тусга кириб, тўқайлар ва далалар яланғочланиб, Окснинг тармоқлари то Қандарга кўлига қадар муз билан қопланади. Бундай ҳолат қачонки, саховатли Митра оташ аравасини Окс дарёси оқиб ўтадиган сарҳадсиз, бепоён вилоятлар узра якинлаштирадиган кунларгача давом этади.
Меҳрибон Митра оташ аравасини Ҳуварно вилояти томон бурган кунларнинг бирида – Наврўз арафасида Ақчадарёга яқин жойдаги кўл бўйига кандир толасидан тўқилган кўйлаги устидан қўй терисидан тикилган енги йўқ тўн кийган аёл аста юриб келиб, сўнг тўхтади. Яланг оёғини тошлар қонатган, қонсиз лаблари негадир ёрилиб кетган, у қаттиқ чанқаган эди. Кўл томонга тикилган аянчли нигоҳларидан буни сезиш мумкин. У чанқоғини қондиргач, оёғини ювмоқчи бўлиб энгашди-да, қўлини сувга тиқди. Тонг ёруғида йилтиллаб кўринган муз аёлнинг қўлини яхлатиб юборди.
– О, Митра! – деб ингради аёл. – Чанқадим, сув, сув… – Муздек ҳарорат товонидан ўтиб, бутун вужудини қақшатди. Қаддини тиклаб, икки қўлини белига олиб борди. Шу пайт уни тўлғоқ тутди. Оғриқнинг зўридан қадди букилиб, инграб юборди:
– О, Ахурамазда!
Тоғлар ортидан қуёш кўтарилиб келмоқда эди. Дафъатан кўл ичкарисидан бақанинг ёқимсиз вақиллагани эшитилди. Аёлнинг товони остидаги музлаган ер юмшагандек бўлди. Атроф зумда яшилликка бурканди, майсалар тупроқни ёриб чиқа бошлади.
Тонг шуъласида чайқалаётган сув юзида пайдо бўлган тўлқинлар аёлнинг оёқларини ювиб, ортга чекинди. У бир-икки қадам ташлаганди, ҳозиргина совуқлиги бутун вужудини қақшатган, музи эриган сув, худди офтобда туриб қизиган тош каби товонига илиқлиқ юритиб, танасига роҳат бағишлади.
Ахурамазданинг оташ аравасини шитоб билан ҳайдаб келаётган меҳрибон ва саховатпеша Митрадан ҳайиққан, киприкларига қиров инган Ахриман лашкарлари эҳтиёткорлик билан ўзларининг макони бўлмиш ғарбдаги Қандарга кўли томон чекина бошлади.
Ҳомиладор аёл кўйлагини кўтариб, липасига илди, атрофда ҳеч зоғ кўринмади. Машаққат билан энгашиб оёқларини ювди, сув илиқ ва ёқимли эди, “қонталаш яралар оғриб, безовта қилса керак” деган хаёли беҳуда эди, аксинча, боя тош тимдалаган товонидаги қон тўхтаб, чандиқлар тузала бошлаганди. “О, Митра! О, Ахурамазда!” дея тинмай шивирларди аёл, у бир зум чуқур нафас олиб, кўл сувидан ҳовучини тўлдириб-тўлдириб ича бошлади. Чанқоғи босилгач, соҳилдаги тизза бўйи келадиган яшил майсалар устига ўтирган ҳам эдики, тепасида қушларнинг сайраган товушини эшитиб, ҳайрон бўлиб қолди.
Наврўз кириб келмоқда эди.
Яшил майсалар устига ўрнашиб ўтирган аёл қуёшга тикила бошлади. Белида пайдо бўлган оғриқ танаси узра ёйилди. Тишини тишига босди, тўлғоқ хуружининг бунданда кучайиш эҳтимолини сезди, аёл. Тўлғоқ тутаётган онанинг тирноқларидан бошлаб, бутун вужуди зирқираб оғриди. Бу палла янги фарзандни дунёга келтириш они эди. Энди у тўлғоқнинг барча азобларини енгиб, ўзини жисман хушёр тутди. Шунда, барча ваҳимаю ситамлар ортда қолди. Қўққис оламни тутган чақалоқ йиғиси хаёлларини тўзғитиб, уни ўзига келтирди. О, у нақадар бахтли эди шу онда.
Кўтарилиб келаётган қуёш гўё она билан гўдак тепасида бир муддат тўхтаб қолгандек эди.
Тоғ этакларида қор ва музлар ҳали эримаган. Чўл-далалар ва яйловларда ҳали яшил майсалар кўзга ташланмасди. Шамолда чайқалган кўл тепасида чарх уриб учиб юрган қушларнинг овозини чақалоқнинг йиғиси босиб кетганди.
Яшил майсалар устида ётган гўдакка қўл узатган аёл унинг ўғил бола эканлигини англаб, кулиб қўйди. “Спитама қавмига яна бир эркак қўшилди!” дея кичкина, лекин олмосдек ўткир мис пичоқни қўлига олиб, чақалоқнинг киндигини кесди, бурумидан олган соч толалари билан киндигини боғлади. Гўдакни қўлига олиб, кўл сувида чўмилтирди. Чақалоқ йиғлаш ўрнига онасига қараб кулгандек бўлди.
Янги туққан аёлнинг эри Спитама қавми чўпонлари сардори эди. Қишлов атрофида одамхўр йўлбарс пайдо бўлганлиги ҳақидаги хабарни эшитиб, қўриқчиликка кетган. Тонгда уйига қайтиб келганида аёлини топмади, қаерга кетганлигини ҳеч ким билмаганлиги боис, найзасини қўлига олиб, уни ахтариб йўлга чиқди.
Тепаликка кўтарилиб ён-атрофга синчиклаб назар ташлади, ҳеч ким кўринмади. Қуёш кўтарилиб келар, шунга қарамасдан ҳаво салқин эди, одамхўр йўлбарсдан ҳавотирга тушган чўпон кўл томон юрди.
Наврўзга қадар кўл бўйига одамлар қадам босмас эди, у ердаги ёввойи йиртқичлардан қўрқишарди.
Чўпон кўл бўйига етганда ҳайрон бўлиб, таққа тўхтаб қолди. Бу пайтда ҳали музи эримайдиган кўл сатҳида сув, кўм-кўк сув чайқалиб ётар, атрофда қушлар чарх уришар, яшил майсалар эса оёғидаги чарм этигининг баланд пошнасидан ошиб кетганди.
– О, Ахурамазда! Сенинг ҳимматингга шубҳа қилмайман!
Чўпон қуёшга уч марта таъзим қилди. Сўнг ён-атрофни кузата бошлади. Қулоғига чақалоқнинг кулгуси эшитилгандек бўлди. Ўша тарафга қараб юра бошлаган ҳам эдики, бир неча қадам нарида унга тикилиб турган йўлбарсга кўзи тушди, беихтиёр тўхтади, қўлидаги найзасини йўлбарсга ўқталди.
Унга тикилиб турган ёввойи ҳайвон бир сакраса етадиган масофада, майсалар устида бир аёл чақалоғини эмизиб ўтирарди. У чўпоннинг аёли эди.
Чўпон ўзини худди икки ўт орасида қолгандек ҳис этди. У қўлидаги узун сопли, учи ўткир бронза найзани улоқтираман дегунча йўлбарс бир хатлаб эмизикли аёлга ҳамла қилиши мумкин эди. Унда шубҳасиз, аёл чақалоғи билан нобуд бўлади. Чўпоннинг чорасиз қолган оёқлари тўпиғигача ерга ботиб кетгандек эди гўё.
Шу чоқ бола онасининг қучоғидан чиқиб, оёқда тик турди, узун сочларини бир силкиб қўйиб, жажжи қўлларини йўлбарс томон чўзиб, алланималар деб кулди.
– Магупта! – деб она ҳайратдан қичқириб юборди. Дунё яралибдики, инсониятга забон ато этилгандан буён ҳеч кимса янги туғилган чақалоқнинг гапирганини эшитмаган бўлса керак?
– Магупта! – деб қичқирди қувончини ичига сиғдира олмаган чўпон.
Қорақалпоқ тилидан Фотима АБДУРАИМОВА таржимаси
(Давомини журналдан ўқийсиз)
Ижтимоий тармоқларда ёйиш: