САБАБЛАРИ. Бош миянинг ривожланиб борувчи касаллиги сифатида намоён бўладиган дисциркулятор энцефалопатияга қуйидаги омиллар сабаб бўлади:
- хафақон (гипертония) касаллиги;
- қандли диабет;
- қонда холестерин ортиши натижасида юзага келувчи атеросклероз;
- кашандалик;
- семириб кетиш;
- камҳаракатлилик (гиподинамия).
РИВОЖЛАНИШИ. Касаллик туфайли бош мия қон томирлари тораяди, қон ўтадиган томирлар деворларида ўзгаришлар вужудга келади. Шунингдек, майда қон томирлар шикастланади, мия тўқимаси ҳужайралари етарлича кислород ва зарур моддалар билан таъминланмайди, мияда сурункали қон айланиши етишмовчилиги вужудга келади.
Кекса кишиларда рўй берадиган дисциркулятор энцефалопатияни кўпинча невроз ёки неврастения билан адаштирадилар. Аслида эса энцефалопатия энди бошланиб келаётганда муолажа олинмаса, дард кучайиб кетиб, кейинги босқичларга ўтиши тезлашади.
АНИҚЛАШ. Хасталикни аниқлашда қуйидаги текширувлар ёрдам беради:
- ультратовуш;
- экстра ва интракраниал томирлар допплерографияси;
- дуплекс сканерлаш усулида брахио-цефал экстракраниал магистрал артериялар ҳолатига баҳо бериш;
- ЭЭГ;
- қон коагулограммаси;
- холестерин ва липид спектрини аниқлаш; электрокардиография;
- компьютер томографияси.
ДАВОЛАШ. Энцефалопатияга ташхис қўйилгандан сўнг зарур даво чоралари қўлланилиши лозим. Акс ҳолда касаллик зўрайиб кетиб, оғир асоратлар келиб чиқади. Масалан, бош мияда қон айланишининг ўткир бузилиши, яъни инсультлар вужудга келиши ҳам мумкин.
Беморга дори-дармонлар буюрилади. Даволанаётган даврда меҳнат қилиш ва дам олиш шароитини тартибга солиш, зарарли одатлардан воз кечиш, тамаки чекмаслик, спиртли ичимликлар ичмаслик, соғлом турмуш тарзига амал қилиш ҳам наф беради.
Бемор асабини бузмаслиги, ғам-ташвишлардан ўзини асраши керак.
ОЛДИНИ ОЛИШ. Бош мия фаолиятининг ишини доим рағбатлантириб туриш касаллик профилактикаси учун зарур. Чунки соғлом турмуш тарзига амал қилинмаган ҳолларда тўқималар биоэнергетикаси бузилади, қонда холестерин триглицеринлар кўпайиб, липид модда алмашинуви издан чиқади. Ички таносил безлари, мушаклар, нерв тўқимаси иши сусайиб, миянинг функционал қобилияти пасаяди.
Мия фаолиятини яхшилаш учун аввало эркин радикалларни йўқотиш лозим. Чунки эркин радикаллар организмни қаритади, улар моддалар алмашинув жараёнида кислороднинг заҳарли ҳосилаларини ишлаб чиқаради, натижада оксидланиш реакциялари рўй беради ва соғлом ҳужайралар зарарланади.
Демак, эркин радикалларнинг кушандаси бўлмиш витамин А, Е, С га бой озиқ-овқат маҳсулотларини кўпроқ истеъмол қилган маъқул.
Кексаликда бош мия фаолияти ёмонлашишининг олдини олиш мақсадида турли қизиқарли машғулотлар билан шуғулланиб борган маъқул.
Кўп китоб ўқиш (севимли мавзулар, саргузашт ёки тарихий асарлар), кроссвордлар ечиш, қизиқ сериаллар томоша қилиш (сериал кўраётганда кишини ўзга халқлар ҳаёти, турли гўзал манзаралар, тарихий обидалар завқлантиради) ва шу каби қизиқарли машғулотлар мия ҳужайралари – нейронлари фаолиятини фаоллаштиради.
Нигора ТЎЛАГАНОВА,
шифокор.