Наримон Жумаев
Қуёшли кун нечукдир бирданига сўнди. Гулназар оға атрофга зеҳн солди ва уфқ чеккасида қорамтир булутлар галасини тўдалашаётганини кўрди.
У биясини чўккалатди ва иссиқ кийимларини олишга тутинди. Шу дамда саксовуллар шохчалари силкиниб, барханлар ўркачларидан қум силжий бошлади. Гўё бир махлуқ қочиб қутилолмаслиги аниқ бўлган ўз ўлжасига яқинлашаётгандек эди.
Қишнинг оғиркарвон бу бўрони, жазирама июлнинг қум гирдобларини осмонга кўтарадиган, қуёшни ҳам тўсиб қўядиган бўронларига ўхшамасди. Бу бўрон оғир қора булутларни шошилмай судрар, йўл-йўлакай ёруғ оламни қоронғу қилиб, Қорақумнинг бутун кузги тароватини қор пардаси остига яширар эди.
– Ажаб бўлсин! Қариларнинг гапига қулоқ солмадингиз, ана энди пушаймон бўласиз! – кўнглидан ўтказди кекса чўпон.
Шувоқ бутаси тагида орқа оёқларига таяниб турган семиз юмронқозиқ уясига лип этиб кириб кетди. Уни бу кимсасиз барханлар орасида кекса чўпон нимадан бунчалик норози бўлаётгани ва унинг хитоби кимга аталгани унчалик қизиқтирмасди.
Бу беғам жонивор, агар колхоз хўжалиги раисининг қаттиқ талаби билан чорвани қишки яйловларга ҳайдаб ўтказиш узоқ вақт тўхтатиб турилгани ва уларнинг мана энди, ўтган куни олис, машаққатли йўлга тушишганини билганида эди, кекса чўпоннинг ўкинчини тушунган бўлармиди.
Гулназар оға кигиз астарли оғир чакмонини эгнига ташлаб ерга ўтирди, елкаси билан туясига суянди. Шу пайт туя сесканиб кетди: совуқ қуюннинг енгил кафтлари уни ва чўпоннинг алмисоқдан қолган чакмонини куч билан уриб ўтди.
Гулназар оға оғирлашиб қолган чакмонини нарига отиб, оёққа турди. Қор учқунлай бошлади.
Қорақумнинг майин куз қуёши хиралашиб қолди, энди бу анча давом этади. Оқиш тусга кирган осмон гумбази ерга қапишаётгандай эди. Шамол оқ қанотларини асабий силкиб, шиддат билан келиб урилар, саксовулзорлар ичида чалкашиб типирчилар, ярадор бўри мисоли ўзини у ёқдан-бу ёққа ташлар, увиллар эди. Бироқ кекса чўпонга бутун олам худди оппоқ сукунат ҳукмида тилсимлангандек туюлар эди.
“Ҳозир сурувлар, ҳойнаҳой, қорамтир барханлардан ошиб ўтиб, Шўр қудуқдан узоқ бўлмаган ерларга етиб келишгандир. Демак, мен уларнинг йўлини кесиб чиқадиган бўлсам, тахминан Яланғоч чуқури олдида учрашамиз…” – диққатини бир нуқтага жамлаб ўй сурди қария.
Ортга қайтаётганида нафақага чиқаётганлар шарафига ташкил этилган қишлоқ тантаналарига улгуриши кераклиги ёдига тушди.
Ўтган қиш осмон булутларини қизғанган эди. Саҳро бирор марта ҳам оппоқ либосини кийиб ясанмаганди. Ҳозир эса булутларнинг оғирлигидан ергача осилиб қолган осмоннинг жуда сахийлиги тутяпти…
Қиш аёзи аллалаётган саҳро уйқуга кетди, йўрғалаётган бия устидаги катта ёғоч эгар бир маромда чайқаларди, аммо кекса чўпоннинг мудроқ босган қовоқлари сергак. Гулназар оға хаёлга толди. Ўтган ҳафтадан буён унга бир ўй ором бермас, шу ўйининг охирига етиш дардида эди – у миясида ечилмаган, мавҳум ўй-хаёлларнинг ғужғон ўйнашини ёмон кўрарди.
Бир ҳафта илгари чўпонлар ёнига соқол-мўйлови қиртишлаб олинган бир маърузачи келди. У ҳамма эшитган, бутун оламга маълум гапларни гапирди. Бироқ чўпонлар меҳмондўст, бағрикенг бўлади, ташриф буюрган одам қанчалик эзма маърузачи бўлмасин, бу даврада ҳамсуҳбатлар бир пиёла чой билан сийланар эди…
– Мана, атрофимиздаги одамлардан мисол олайлик, – деди сўз орасида ёш маърузачи. – Барчага аён, Гулназар оға умр бўйи кимсасиз, жимжит саҳрода чўпонлик қилди. У кишининг ўғли эса – муҳандис. Энди ҳаммамиз учун қизиқарли, тўлақонли ҳаёт сари йўллар очаяпти.
– Тўхта-чи, қадрдоним, – унинг сўзини бўлди Гулназар оға. – Тушунмадим, чўпон ҳаёти нимаси билан қизиқарли эмас экан?
Маърузачи қип-қизариб кетди.
“Арзимаган икки оғиз гап учун қизишиб кетдим-да, меҳмонни хафа қилиб қўйдим. Балки шунчаки оғзидан чиқиб кетгандир”, – кейинроқ қария йигитчани изза қилганига пушаймон бўлганди.
“Йўқ, оғзидан чиқиб кетмаган! – эгарда чайқалиб кетар экан, энди қатъий тўхтамга келди қария. – Бу маърузачи йигирма йил муқаддам киндик қони тўкилган мана шу барханларга беписанд назар билан қарайди. Тағин чой устида шаҳар ресторанларини шундай таърифлади, асти қўяверинг! Ўзининг сўлаги томоғига тиқилиб қолай деди-я…”
Гулназар оға ўз даврида бу тирмизакдан кўпроқ ресторанларни кўриб қўйган. Курортларда бўлган. Бутуниттифоқ кўргазмасида медаллар олган. Шунча давру-давронлардан кейин ҳам чўпон таёғи унга оғирлик қилмади. Инсон бемаъни ҳузур-халоватлар учун севмайдиган иши билан машғул бўлиб, ҳар куни ўзини қийнаса, бу ҳаёт эмас, унинг заррача қиймати йўқ.
Ой олис барханлар узра сайрга чиқишидан аввал ҳали хира юзига оро бермоқда эди. Тун зулмати ерга қоп-қора кигизни тўшашга улгурмаганди. Беҳад улкан юлдузлар шу даражада ярқираб нур сочишар эдики, худди ўзлари учун ҳам, кечикаётган ой учун ҳам порлаб туришганди. Боз устига, шуълаларнинг тип-тиниқ, оппоқ қорда аксланаётгани уларга ёрдам бераётган эди.
Кекса чўпон Қорақум тунларини яхши кўрарди. Кундузлари изғирин бўронлар қанча ғалаён қилмасин, жазирама иссиқнинг нафаскесар тафти жонни қанча чақмасин, тунда уларни сокин осудалик ва гўзал бир тозалик мағлуб қиларди.
“Қорақумнинг фусункор сеҳру тароватини ҳис қилмаслик учун чириган саксовул бўлиш керак, – ўйлади қария. – Қорақум! Жонажон маконим менинг, Қорақум! Сирли, гизли гўзаллигингни қандай таърифласам? Ҳусну тароватингни кўклам чоғи юнги олинган қўйларни соғадиган хушрўй қизларнинг парваришланган қўлларига қиёслайми? Ёки қип-қизил лолалар билан қопланган баҳорги яйловларингга мақтов ёғдирайми? Балки сенинг беҳисоб бойликларингни бир-бир санаш керакдир? Каспийнинг ерости нефтлари ҳақида эслатиш жоиздир? Йўқ, сендаги ҳусни тароват ва ноз-неъматлар олдида менинг сўз бойлигим ғариблик қилади.
Устида қуёшининг нурлари жилоланадиган Туркман қоракўл териларининг, бебаҳо гулгун гиламларимизнинг, бўй-басти, чопқирлиги билан донг таратган ахалтекин тулпорларимизнинг довруғини эшитмаган бирор мамлакат курраи заминда бормикан.
Кумушсимон-кўкимтир барханлар тизмаси қўйларнинг кулранг подалари янглиғ бир хил шакл-шамойилда эди. Аммо кекса чўпон худди ўз сурувидаги ҳар бир қўйни белгиларига қараб ажрата олгани каби теваракдаги ҳар бир тепалик, қиялик ва баландликлар қандай номланишини ёддан билар эди. Жанубий Қорақумда Гулназар чўпон ёққан гулханнинг тутуни кўтарилмаган бирор манзил-макон бормикан?!
Ниҳоят, қўш ўркачли тепаликдан ой мўралади. Ана, бу ўша бархан, шунинг ям-яшил этагида эллик йил аввал чўпон ёрдамчисидан чўпонга айланган эди. Қариб қолган отаси унга ўзининг чўпон таёғини топширар экан, сабр-тоқатли бўлиш, хўжайинлар билан жанжаллашмаслик тўғрисида ўгит берганди. “Чунки сизларнинг кучингиз тенг эмас”, огоҳлантирганди отаси, куч деганда хўжайин эгалик қиладиган қўйларнинг миқдорини назарда тутган эди. Ўшанда Гулназар тез орада кучлар мувозанати оддий йўл билан ўзгариб кетишини хаёлига ҳам келтирмаганди: қўй сурувлари ким меҳнат қилаётган бўлса, шунга бериладиган бўлди.
“Бизнинг сурувимиз абадий, – ўшанда Гулназарнинг отаси шундай деганди, – худди Қорақум каби абадий. Подадаги қўйлар, совлиқлар янгиланаверади, бизнинг содиқ ёрдамчиларимиз – итлар ўлаверади ва туғилаверади, уларнинг эгалари ўзгаради, бироқ манави чўпон таёғи яшаб қолиши, авлоддан-авлодга ўтиши керак…”
Таёқ темирдай қаттиқ, оғир. Ҳеч ким унинг ёшини, тарихини билмайди. Лекин ҳамма биладики, бу таёқ Гулназарнинг чўпон авлоди пайдо бўлгандан буён мавжуд.
Баланд тепалик устида якка ўзи қаққайиб турган, саҳро акацияси учига тирмашиб чиққан мусаввир ой саҳронинг суратини кўмирдек тим қора соялар билан чизди-қўйди.
Кекса чўпоннинг чамасига кўра, у тез фурсатларда кўҳна шаҳар харобалари устидан чиқиши керак эди. Гарчи бу жойлар унинг қимматли хотиралари билан боғлиқ бўлса-да, Гулназар оға бу вайроналарга яқинлашгиси келмасди. Ҳар гал, тепаликлар орасидан ногаҳон сузиб чиқадиган, улуғвор мудроққа чўмган урчуқсимон сағаналар қуббаси кўриниши билан Гулназар оғанинг юраги ўзига итоат қилмай қўяр, суюкли ёри билан биринчи марта учрашувга чиққан ўсмир йигитнинг юрагидек жуда қаттиқ дукиллаб ура бошларди. Бунинг ажабланарли жойи йўқ: у шу ерда бир пайтлар сочлари узун Саҳрогул билан яширинча учрашиб юрган кезларидан қолган ёрқин хотиралар ҳамон унинг қалбида тирик…
Ўша дамлардан бери барханларда, яйловларда Қорақумнинг ранго-ранг чечаклари қирқ беш марта гуллади ва сўлди. Унга бир ўғил ҳамда икки қизни қолдириб кетган Саҳрогул энди уни уй олдида майин табассум билан кутиб олмайди. Бироқ Қорақумнинг қумлари у ҳақдаги хотираларни сақлаб қолган, гоҳ у ерда, гоҳ бу ерда Гулназарга ўша такрорланмас бахтли кунларни эслатиб туради.
Ҳув ана, таниш қуббаларнинг шарпаси кўринди. Кекса чўпоннинг юраги тез-тез ура бошлади. Бир куни ҳозир турган жойида, одамларнинг кўз ўнгида хотинини бехосдан қучиб олгани ёдига тушди. Эл олдида хотинини ўпган чўпон ҳақидаги дув-дув гап ҳаммаёққа тарқади, Қорақум саҳроларидан ошиб овоза бўлди! Чўпоннинг ноодатий, ғалати қилиғини эшитган одамлар бош чайқаб қўйишар эди. Эҳ, улар Гулназар оғанинг хотини қанчалар сулув эканини билишмас эди-да! Ҳар гал саҳродан уйга қайтиш Гулназар учун чинакам байрам эканидан ҳам, ўз уйининг остонасини, худди тўйдан сўнг келин ҳузурига илк марта кираётгандек, катта ҳаяжон билан ҳатлаб ўтишидан ҳам одамлар бехабар эди.
Ўлик шаҳар уфқдан-уфққача ястанган эди. Чек-чегарасиз улкан ҳудуд, гулдор ва гулсиз нақшинкор ва сип-силлиқ сопол синиқлари билан тўлиб ётарди. Бу ерда юзлаб йиллар мобайнида кўзалар ва турли хил идишларни синдириш бўйича жаҳон беллашувлари ўтказилган, деб ўйлаш мумкин эди.
Гулназар оға саҳрома-саҳро юриб, ана шундай вайрон бўлган шаҳарларнинг кўпига дуч келган. Уларнинг ҳеч бирида вайронгарчиликдан омон қолган қасрлар ёки тош истеҳкомларни учратмаган. Ўтмишга дахлдор ҳашамат нишоналари ўчиб кетмаган сағаналаргина ўзининг чинакам интиҳосини жим кутиб ётарди.
“Ҳа, қадимги истилочилар нималарни қўлга киритишса, шуларни вайрон қилиб кетаверишган, фақат сағаналар ва қабристонларгагина тегишмаган, аяшган”, ўйлади Гулназар оға.
Қирқ йилча аввал шу ерларга биринчилардан бўлиб қадами етган саводли одамларнинг айримлари бу шаҳарнинг вайрон бўлишида қумни сабаб қилиб кўрсатганини эслади.
“Ҳа, ҳозир ҳам кўпчилик саҳродан қўрқади. Беҳудага қўрқишади. Қорақумнинг майин қумлари ўт-ўлан билан қопланган кўрпа остида бўлса, у унумдорлиги ва марҳаматини аямайди. Агар унинг устидан ўша кўрпа олиб ташланса, қуп-қуруқ қумлар асов шамолларнинг ўлжасига айланади-қолади. Қум устида қанча кезган бўлсам, ҳеч нарса ўсмайдиган жойларни камдан-кам учратганман. Ҳатто тақир ерларни ҳам ғўза униб чиқишига мослаштиришади. Қорақум дарё (у канални шундай ном билан атарди) бўйларида эса, мана, неча йиллардан буён булдозерлар билан барханларни текислаб, мўл ҳосил олишмоқда. Қорақум қумларида боғлар ва экин далалари кўпайганидан сурувларга жой етмай қоладиган эртакнамо кунлар узоқ эмасга ўхшайди…”
Ўлик шаҳар четида кекса чўпонни фалокат кутиб турарди. Урушда яраланганидан сўнг госпиталга тушганини ҳисобга олмасак, Гулназар оғанинг шифокорларга, дориларга иши тушмаганди. Мана, у оғриқ зўридан юзини тириштирганча қор устида ётипти, қимирлашга мажоли йўқ. Тепасида эса вафодор туяси айбдор қиёфада маъюс термулиб турарди. У қор кўмган чуқурга тушиб кетганида эгасини итқитиб юборганди. Гулназар оға ҳушсиз ҳолда узоқ ётмаганини осмонда тухум сариғидай сарғайиб турган ойга қараб билди.
Кекса чўпон турмоқчи бўлди, бироқ оёғидаги қаттиқ санчиқ бунга имкон бермади. “Ҳақиқатан ҳам ҳалиги ўша… пепсинга мурожаат қилишга тўғри келади-ёв…” – деди хўрсиниб, сўнгра итоаткорлик билан қорга чўзилди. Ўзини нафақахўр сифатида тасаввур қилди. Мана, у серсоя қайрағоч тагидаги гиламда, юмшоқ ёстиқни тирсагининг остига қўйиб ёнбошлаб ётганча чой ичаяпти. Янги газеталар аллақачон ўқиб бўлинган, кўнглидаги тушуниксиз умид туйғуси туфайли кўча эшигига қараб-қараб қўяди. Аммо эшик ғичирламайди. Одамлар ишда. Қария “оҳ” тортган кўйи ўзининг собиқ чўпон таёғига таяниб ўрнидан туради, чойхона томон жилади. У ерда қорни катта чойнаклар қаршисида ҳар доимгидек истараси иссиқ, файзли чоллар қўр тўкиб ўтиради…
“Каллага қандай бўлмағур хаёллар келади-я!” – деди Гулназар оға эс-ҳушини йиғиб олгач, яна оёққа қалқишга уриниб кўрди. Бу гал ҳам натижа бўлмади. Оғриқ тўхтамаган, тиззалари қалтираяпти. Яна чорасиз чўзилди.
– Наҳотки шуларнинг ҳаммаси билан видолашиш фурсати етган бўлса?.. – деди у ён-атрофга мунгли кўз югуртираркан.
Жудоликнинг қора девори чанг бўрони сингари ўзи ва саҳро орасида сурилиб келаётгандек туюларди. Севимли чўли шу девор ортида қолади. Энди у Гулназарсиз ҳаёт кечиради ва гуллаб-яшнайди. Чўлни усиз обод қилишади…
Гулназар оғанинг кўзларидан ёш думалади. Бу ёш томчилари худди хотини ўлган кунлардагидек катта-катта ва қайноқ эди. Ана шу қайноқ томчилар қарияни, устидан бир челак муздек сув қуйгандек, бирданига ҳушёр торттирди.
– Кўзинг ёшга тўлдими, обидийда қиляпсанми, Гулназар? Балки бошингга ипак рўмол ҳам ўраб оларсан? – дея бақириб юборди у. Телпагини бошидан олиб, унга юзини артди.
Сержун телпакнинг афтига теккани таъсир қилдими ёки ўзининг ҳайқириғи сабабли, ишқилиб, Гулназар тетикланди.
– Мен ўзимни билмай юрган эканман, – тўнғиллади қария. – Ичимда кўзёшлар меши билан ғамлаб қўйилганини хаёлимга ҳам келтирмагандим. Майли, ҳечқиси йўқ, руҳимдаги кераксиз ожизлигим шу кўзёшлар билан чиқиб кетди. Ҳали кучим етади. Агар сурув беришмаса, қудуқ ёқасида ишлашга қоламан. Юраги хасталар қанча, улар ҳам меҳнат қилишяпти-ку. Масалан, бизнинг раисимиз. Тағин унинг иши оғир иш…
Ушбу фикр Гулназарнинг саҳрога қайтиш қарорини қатъийлаштирди. Шундагина хуржунга солиб қўйилган дорилари эсига тушди.
Гулназар қулоққа аранг чалинадиган моторнинг ғувиллаган товушини эшитди ва бурғилайдиган ускунали йўл танламас машина юриб келаётганини аниқ чамалади. Бурғиловчи машинада ўғли ҳам ишлайди.
“Балки ўғлим келаётгандир?” – шодон ўй келди миясига. Ва охирги йилларда биринчи марта ўғли билан руҳан муроса қилаётгани, ярашаётгани, у билан учрашишдан хурсанд бўлаётганини ҳис қилди.
Гулназар оға “боболари изидан юз ўгириб”, қўлига бутун Қорақумга машҳур чўпон таёғини олиш ўрнига гайка калитини олган ўғлидан ранжиган эди, гарчи кекса чўпон бу ҳақда ҳеч қачон сўз очмаган бўлса-да, буни ҳамма биларди.
Ўғли Қорақумнинг қоқ юрагида ажойиб зилол сувли ерости кўлини кашф этганидан сўнг довруғи бутун саҳрога ёйилганди. Гулназар оға қум тубидаги ерости сув омборлари ҳақида гап бошлайдиган одат чиқарганини сезиб юрарди.
Ҳозир эса у ўғлининг қўлини қисиб қўйишни сабрсизлик билан истаётганди, бу ёруғ оламда Қорақумнинг гуллаб-яшнаши учун меҳнат қилишга шай кучли, бақувват ва қадрдон қўллар борлигини юрак-юраги билан ҳис қилишни хоҳлаётганди. У ҳатто бу қўлларга боболардан мерос қолган таёқни беришга ҳам аҳд қилди.
Йўлтанламас ҳали тўхтамади, бироқ Гулназар оға кабинада чорва хўжалиги раиси – зоотехникнинг жуда чиройли қилиб тикилган телпагини кўришга улгурди.
“Ёрдамга отланишдимикан? Бирор кор-ҳол юз бердимикан?..”
Бироқ раиснинг юзидан ташвиш, ваҳима аломатларини топа олмагач, қария енгил нафас олди.
Оппоқ телпак соҳибининг ортидан Гулназар оғанинг ўғли машинадан қумга сакради.
– Ассалому алайкум, отажон! Йўл бўлсин?! – деди у, саломлашгач.
– Менинг йўлим аён! Сизлар-чи, қўйга ўхшаб қаёққа йўрғалаб кетяпсизлар?
– Сурувларни дарров ортга ҳайдашди. Ҳозир, эҳтимол, ўзларининг эски жойларига яқинлашган бўлишса керак. Бурғичиларга раҳмат! Улар вақтида ёрдам кўрсатишди! – хабар қилди зоотехник.
– Хўш, шундай экан, қаерга шошяпсизлар? – кекса чўпон раисга шубҳали, синовчан нигоҳларини қадади. “Шундай об-ҳавода ишнинг тепасида туриш ўрнига саҳро бўйлаб изғиганча, адашиб қолган Гулназарни излашяптими?”
Кекса чўпон ўзи учун шармандали бўлган шу воқеа ҳақидаги овозалар Қорақум сарҳадлари узра ёйилишини хаёлига келтирди.
Чўпоннинг овозидаги норози оҳангни илғаган раис гап нимадалигини дарров пайқади.
– Гулназар оға, – сўз бошлади у, – мени ўз хоҳиши билан ишини ташлаб келаяпти деб ўйлама. Чўпонлар ва бурғичилар шундай қарорга келишди. Овулга бориб келгин, йўл-йўлакай Гулназар оғани ҳам ўзинг билан ола кел, дейишди…
– Қаердан йўлга тушдинг?
– Узун тизмалардан.
– Бунақа айланма йўл билан юрмасанг ҳам бўларди…
– Ҳозир ҳаммасини сенга тушунтираман. Бу йўлни кўпчилик билан бамаслаҳат танладик. Даставвал, биз сени куннинг қайси пайтида кузатиб қўйганимизни ёдга олдик. Кейин бўрон сени қачон ва қаерда қувиб етган бўлиши мумкинлигини ҳисоб-китоб қилдик. Бизнинг чамамиз бўйича, Кўркам яйлови тевараги бўлиб чиқди. Тўғри эканми?
– Ҳа-а…
– Сўнгра сенинг қайтиш йўлингни обдон мулоҳаза қилдик, сурувлар томон кесиб чиқасан деб хомчўт қилдик.
Гулназар оға тинглар экан, қалби борган сари иссиқ ҳароратга тўлиб борар эди. Юрагида камалак жилвалангандек таассурот пайдо бўлди, бу камалак мўл-мўл ёғдулари билан яқинда уйғонган хавотирларнинг беҳуда ва рангсиз манзарасини ёритар, фош этарди.
– Туяни ўғлингга қолдирамиз. Биз эса сен билан бирга қишлоққа жўнаймиз, – деди раис қатъий қилиб.
– Бироқ, ахир ўзларингиз мени у томонга юрмаслигимни ҳисоб-китоб қилгансизлар-ку… Сен қишлоққа боравер. Ўғлим билан иккимиз эса менинг манави пахмоқ “В-4”имга сиғамиз, – деди қария туяга ишора қилиб.
Ўғил шу пайт қоп-қора чуқурга, унинг атрофидаги топталган қорларга разм солди ва бу ерда нима содир бўлганини фаҳмлади. “Мана, у нега гулхан ёқмаган экан, – тушунди у. – Ҳозир уйга қайтгани яхши эди”.
Зоотехникнинг ҳам хаёлидан худди шу ўйлар кечди. У ҳам чуқурга эътибор қаратди. Аммо дунёда кекса чўпонни йўлидан қайтара оладиган куч йўқлигини иккови ҳам яхши биларди.
Рус тилидан Шоҳиста Ниёзмуҳаммад таржимаси
Ижтимоий тармоқларда ёйиш:
https://jahonadabiyoti.uz/2018/10/24/%d0%ba%d0%b5%d0%ba%d1%81%d0%b0-%d1%87%d1%9e%d0%bf%d0%be%d0%bd-%d0%b2%d0%b0-%d1%81%d0%b0%d2%b3%d1%80%d0%be/