Шундай шоирлар бўладики, ўз миллати доирасидан чиқиб, ўзга халқлар ва адабиётларнинг ҳам ардоқли фарзандига айланади. Умумбашарий ва умуминсоний аҳамиятга молик асарлари адабиёт мухлисларини эзгу ғоялар руҳида тарбиялашда мактаб вазифасини ўтайди. Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий шундай салоҳиятга эга, шахси ҳам, мероси ҳам абадийликка муҳрланган сиймолардан бири. Шарқ адабиётида, хусусан, туркий халқлар адабиётида шоир ижоди юксак қадрланади. Асрлар давомида ёнма-ён яшаб келаётган туркман, тожик, қозоқ, қирғиз ва қорақалпоқ шоирлари Навоийни ўз устозлари деб билишади. Жумладан, қорақалпоқ адабиётида шоирга эҳтиром алоҳида. Кунхўжа, Ажиниёз, Бердақ, Ўтеш, Умар, Аяпберган Мусаев сингари шоирлар, кейинроқ Аббаз Дабилов, Содиқ Нуримбетов, Ибройим Юсуповлар Навоий ижод чашмасидан баҳраманд бўлганини кўп бора таъкидлашган. ХIХ аср қорақалпоқ адабиётининг йирик сиймоларидан бири Бердақ Қарғабой ўғли “Излар эдим” шеърида ёзган эди:
Наўайыдан саўат аштым,
Физуўлыдан дурлер шаштым,
Дилуарларды излер едим[1].
Шоир С.Нурумбетовнинг “Навоий ҳақида шеър”идан бўлса мана бундай мисраларни ўқиймиз:
Уллы шайыр көркем сөздиң устасы,
“Ләйли-Мәжнун”, “Фарҳад-Ширин” нусқасы,
Сизден бизге мийрас қалды Наўайы,
Қыз жигиттиң суйип оқыр қыссасы.
Ўтмишда ҳозирги Қорақалпоғистон ҳудудида Навоий асарлари тарқагани, мадрасаларда ўқитилгани тўғрисида маълумотлар бор. Маърифатпарвар мударрислар Фирдавсий, Ҳофиз, Саъдий, Фузулий, Бедил, Махтумқулилар қаторида толибларга Навоийдан ҳам сабоқ берганлар. Бердақнинг “Навоийдан савод очдим”, деб ёзгани бежиз эмас. Қорақалпоғистондаги олий ўқув юртлари учун нашр қилинган “Қорақалпоқ адабиёти тарихи” дарслигида бу фикр янада ойдинлаштирилган. “Қарақалпақ мектеплеринде, – дейилган китобда – Шығыс поэзиясыниң уллы ўәкиллери Наўайы, Ҳафыз, Саадий, Физулий, Бедил сыяқлы көркем сөз усталарының шығармалары оқытыла баслады. Бул әжайып шығармалардан тәсирленген қарақалпақ классиклериниң шығармаларында дунъяға көзқарас ҳәм реал мотивлер өткирлесе баслады”[2].
Навоий шеърларининг Бердақ лирикасига таъсирини жанр ўхшашлигидан эмас, ғоявий мотив талқини, мавзу танлаш, давр муаммоларига муносабатдаги фаол нуқтаи назардан изланса, тўғрироқ бўлар. Бердақ қишлоқнинг эски мактабларида савод чиқарган. Шоирнинг марказий мадрасаларда таҳсил олгани ҳақида маълумотлар учрамайди. Маълумки, мадрасаларда Шарқ мумтоз адабиётининг нодир асарлари мактабларга нисбатан кенг, кўпроқ маҳорат аспектида ўргатилган, мумтоз шеърият назариясидан бериладиган билим ҳам мадраса мақоми даражасида бўлган. Кўп шоирлар бу имкониятдан фойдаланиб, мумтоз шеърий шаклларда ижод қилиш қоидаларини ўзлаштирган. Бердақ меросида мумтоз шеърий шакл (ғазал, мухаммас, мусаддас ва б.) намуналари йўқ. У бармоқ вазнида ёзган. Бу ҳолатни қорақалпоқ адабиётшунос олимлари шоирни мадраса таълимини олмагани билан изоҳлайди.
Лекин бу фикр Бердақ ижодининг умум аҳамиятини асло пасайтира олмайди. Чунки шоир асарлари жанри, вазнидан қатъи назар, асрларга татигулик. Шарқ адабиётига ихлос қўйиб, ундан савод очган шоир, гарчи арузда қалам тебратмаган бўлса-да, оригинал достонлари, беқиёс шеърияти билан қорақалпоқ адабиёти тарихида янги саҳифа очди, унинг асосчиларидан бирига айланди.
Бердақ халқчиллик, ватанпарварлик мавзуларини куйлашни ижодининг бош мақсади деб билди. Адолатни ҳимоя қилиб, адалотсизликка қарши курашди. Ибратли одоб-ахлоққа қанчалик хайрихоҳ бўлса, маънавий тубанликка шу даражада муросасиз бўлди. Бу ғояларга хизмат қилишда Навоий тажрибалари, баъзи асарларининг лейтмотиви Бердақ учун ибрат бўлган деб ўйлаймиз. Бердақ ижодида халқ манфаатига хизмат қилиш асосий йўналишлардан бири. Шоирнинг биргина “Халқ учун”, “Яхшироқ” шеърларини эсланг. Ҳар бирида шоирнинг эл-юрти, халқи билан бир тан-бир жон эканлиги гоҳ насиҳат, гоҳида даъват, чақириқ оҳангида янграйди.
Жигит болсаң арысландай туўылған,
Хызмет еткил удайына халық ушын…
Ёки:
Жумыс исле, туўылған соң ел ушын,
Жаныңды аяма елде ер ушын,
Өлип кеткениңше хызмет жақсырақ –
каби шеърий парчаларни ўқиганда, шоирнинг ўз ватани, халқи тақдирига нақадар дахлдор эканлиги тўғрисидаги фикр кўнгилдан ўтади. Ва бу мисралар бизга беихтиёр Алишер Навоийнинг:
Одами эрсанг демагил одами,
Ониким йўқ халқ ғамидин ғами –
деган машҳур байтини эслатади. Ва Бердақ ҳам ҳаётга, одамларга муносабатда, қалами билан халққа хизмат қилишда навоиёна йўлни танладимикан деган фикр хаёлимизга келди. Чунки, “Навоийдан савод очган” шоир кўп масалаларда устозига эргашиши мумкин. Гарчи, Бердақ Навоийнинг шеър ёзиш санъати поэтикасидан бироз узоқроқ бўлса-да, ижтимоий-сиёсий, маънавий-ахлоқий масалалар талқинидаги тажрибасидан, қарашларидан таъсирланган бўлса ажабмас. Шоир қатор достонлар туркумини ижод этгани маълум. Унинг “Омонгелди”, “Ойдўсбобо”, “Ерназарбий”, “Равшан”, “Ахмоқ подшо”, “Шежере”, “Хоразм” каби поэма ва достонлари ХIХ аср қорақалпоқ адабиётининг гўзал намуналари. Бу асарлар бевосита Навоий таъсирида ёзилган демоқчи эмасмиз. Лекин Бердақ достон жанрига ўтишда, фольклордан фойдаланиш, уларни достон сюжетига мослаштириб, асар ғоясига бўйсундириш, образларни индивидуал қиёфада кўрсатишда озми-кўпми Навоийнинг достончилик тажрибасига таянган. Зеро, “Навоийдан савод очган” шоир ҳақида шундай хулоса чиқарсак, мантиқсизлик бўлмас.
Алишер Навоий анъаналарини қорақалпоқ адабиётида давом эттириб, мумтоз шеърий шаклларда бой адабий мерос қолдирган шоирлардан бири Ажиниёз Қўсибой ўғлидир. Ажиниёз ХIХ аср қорақалпоқ адабиётида лирик шоир сифатида танилди. Унинг қорақалпоқ адабиётидаги буюк хизматларидан бири, шоир ўз адабиётига илк маротаба ғазал, мухаммас жанрларини олиб кирди. Иқтидорини бу мураккаб жанрлар ҳамда вазнларда синаб кўришда Навоий поэтик тажрибаларидан фойдаланган деган фикрдамиз. Тўғри, Ажиниёз шеърларида Навоийни устоз тимсолида иқрор этган мисралар учрамайди. Лекин шоирнинг “Бордур” радифли шеърида мана бундай сатрлар бор:
Хожа Ҳафыз Наўайыдан сабағын,
Алан нешше алым, кәтиби барды.
Шоир шеърда ўз элини, миллати ва уруғларини, қиз-йигитлари, табиатини, боғу бўстонларини, қишлоғу шаҳарларини таърифлайди. Агар эътибор берган бўлсангиз, юқоридаги икки мисрада Ажиниёз: айтилганлардан ташқари, менинг юртимда Хўжа Ҳофиз, Навоийдан сабоқ олган қатор олимлар, котиблар ҳам бор, демоқда. Мантиқан ўйлаб қаралса, устоз шоирлардан сабоқ олганлар орасида Ажиниёз ҳам бор бўлган. Демак, бу фикр Ажиниёз Навоий ижодидан хабардор эди ва ундан ўрганган дейишга асос беради.
Ажиниёзни Алишер Навоий ижодига яқинлаштирадиган яна бир омил бор. Маълумки, Ажиниёз Хива мадрасаларида таҳсил олган. Қадим мадрасаларда Шарқ адабиёти дурдоналари дарслик, ўқув қўлланма ўрнида фойдаланилган. Фирдавсий, Жомий, Саъдий, Фузулий, Навоий, Бедилдек даҳоларнинг асарлари шу вазифани бажарган, толиблар учун ҳам назарий, ҳам амалий аҳамият касб этган. Ажиниёзда арузда ёзиш малакаси мадрасада шаклланган. Мумтоз шеъриятга хос ифода унсурлари (бадиий тасвир қуроллари), шеърий санъатларни қўллашда салафларнинг бадиий-эстетик тажрибалари ёрдам берган. Жумладан, Навоий лирикаси Ажиниёз учун кўпроқ улги бўлди. Шоирнинг “Кўзларим”, “Бери кел”, “Уйғон”, “Чиқди жон”, “Ай алиф”, “Қиз Ораз” мухаммасларининг ифода кўриниши, поэтик талқин, мажозийлик хусусиятлари Навоий ғазалларини ёдга солади. Баъзи мисолларни қиёслаб кўрайлик. Ажиниёзнинг “Кўзларим” радифли мухаммаси қуйидаги банд билан бошланади:
Ҳақ мени инсан жараттың наў бәҳәрым көзлерим,
Анша бағлар сәйир еткен, гули ўзарым көзлерим,
Махсудум барынша гездим, ықтыярым көзлерим,
Тәннен соңыра барадур, сақла мазарым көзлерим,
Истеген йерге йеткерген илгир нәзерим көзлерим…[3]
Банд Навоийнинг “Кўзим” радифидаги бир неча ғазалига оҳангдош. Мана, мисоллар:
Лоладек юзунг хаёлидин тўла қондур кўзум,
Балки лола жомидек қон ичра пинҳондир кўзум…
Ёки:
Юзинг ғамидин эрур абри навбаҳор кўзум,
Не айб, ер юзини қилса лолазор кўзум…
Алишер Навоийнинг “Хазойин ул-маоний” девонидаги “Кўзум” радифли ғазалнинг матлаъси ва мақтаъси билан танишинг:
То ўюлди ханжари ҳажринг била гирён кўзум,
Ул танур ўлдики, зоҳир айлади тўфон кўзум…
Эй Навоий, йўқ ҳадим ул шўхни кўрмакка, лек –
Ҳар қаён азм этса, асрор халқдин пинҳон кўзум.
Мисолларни қиёслашдан мақсад, Ажиниёз “Кўзларим” мухаммасини айнан Навоийнинг “Кўзум” радифли ғазаллар туркуми таъсирида ёзган деган фикрни илгари суриш эмас. Туркий шеъриятда бу радифда ғазаллар кўп ёзилган. Ажиниёзга балки улар ҳам таниш бўлгандир. Лекин, бари бир, тахминимизча, мадраса таълимини олган Ажиниёз учун бошқалардан кўра Навоийга эргашиш енгилроқ бўлгани эҳтимолга жуда яқин. Шу фикрдан келиб чиқсак, Ажиниёз лирикасидаги Навоий ғазалларига шаклий ўхшашлик тасодифий эмасдек туюлади бизга. Бироқ шеърларнинг ифода шаклидаги муштараклик мазмуннинг оригиналлигига халақит бермаган. Ҳар бирида фикр – индивидуал, туйғулар талқини ҳам ўзига хос. Ажиниёз мухаммаси соддалиги тасвирнинг жарангдорлиги, куй ва қўшиқбоплиги билан ажралиб туради. Шоирнинг севги-садоқатни худди шундай оҳангда, ўта гўзал ифодалаганига бошқа бир мухаммасидан яна бир банд:
Ныспы шәм келдим қашыңа, назлы жәнаным оян,
Шам-шырағ яқтым башыңа, нуўры әнўарым оян,
Көзлеримниң рәўшаны, ол махы табаным оян,
Йолында зар әйлеген, әй мисли әфганым оян,
Мен сениң, келдим қашыңға рәҳим ет, жаным, оян…
Ишқ-муҳаббатнинг бундай сеҳрли талқини, жозибасида хоҳланг-хоҳламанг, Навоийнинг “Келмади”, “Ўлтиргуси”, “Айт”, “Ўн саккиз минг олам ошуби…” каби ғазалларидаги лирик қаҳрамоннинг ҳам қувончи, ҳам изтиробини эслайсиз. Шундай экан, қорақалпоқ шоирининг кўнгил кечинмалари ифодасида навоиёна талқинга яқинлик бор деб ҳисоблаймиз. Зеро, Навоийдек буюк даҳолар шеъриятидан баҳраманд бўлган шоиргина муҳаббатни шу хилда гўзал, юксак савияда куйлай олади.
Замонавий қорақалпоқ адабиётида ҳам Алишер Навоий ғоят қадрланади. Буни шоирдан илҳомланиб шеърлар, ғазаллар битган адиблар тимсолида кўрамиз. Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири Ибройим Юсупов шундай ижодкорлардан бири. У ХХ асрнинг иккинчи ярмида ижодга кириб келиб, ранг-баранг асарлари билан қорақалпоқ адабиётига улкан ҳисса қўшди. Шарқ мумтоз сўз санъати, айниқса, Навоий ижоди шоир қалбини сеҳрлаганди. Шеърларидан бирида шоир меросига эҳтиромини қуйидагича ифодалагани бежиз эмас.
Саҳра гулларин шашайин устиңе,
Наўайыны суйген қарақалпақ болып.
Ибрайым дер, уллы руўхың алдында,
Бас ийейин шәкиртиң Бердақ болып.
Бу, шунчаки, айтилган гап эмас. И.Юсупов бу қалб ҳақиқатини, шоирга чексиз ҳурматини ғазалларига ёзган назиралари орқали ҳам ифодалади. “Хазойин ул-маоний”нинг иккинчи “Наводир уш-шабоб” девонида “Уйғот” радифли бир ғазал бор. Матлаъси шундай бошланади:
Шўх икки кўзингни ноз уйқусидан уйғот
То уйқулари кетсун гулзор ичида уйғот…
И.Юсупов ушбу ғазалга назира боғлайди. Назира етти байт, аруз вазнида. Унда назира боғлаш санъати талаблари тўла сақланган.
Яр, оян наз уйқыдан, таң сәҳар болып қалды,
Және Әмиў бойында нәўбәҳәр болып қалды…
Кийиклер куралайлап Устурт шөллигинде,
Саманбай тоғайында бәҳәр болып қалды.
Бәҳәр шықсын деп аязда көп қойдың Аязийди,
Енди мине Ибрайымға бәҳәр болып қалды[4].
Ғазаллар мазмуни тубдан фарқ қилади. И.Юсупов ғазалида замон ва макон талқини конкрет. У қорақалпоқ ҳаёти ҳақида. Колорит ҳам шунга монанд. Ўлканинг табиати, фасллари, чўлу даштлари, ҳайвонот олами, шаҳару қишлоқлари тасвири ғазалнинг ички мазмунини ташкил этади. Баҳор фаслида шоир юртида юз берадиган ҳар бир ўзгариш, уйғониш жараёнлари чинакам миллий руҳда бадиий гавдалантирилади. Муаллиф бу ҳаёт манзарасини чизишда Навоий ғазали шаклидан фойдаланган.
И.Юсупов “Баҳор ва сен” номли ғазаллар мажмуасини яратди. Туркум бағишлов характерида бўлиб, ўн етти ғазалдан иборат. Ҳар бири Ҳофиз, Лутфий, Навоий, Фузулий, Машраб, Нодира, Фурқат каби шоирларга бағишланган. Шоирнинг “Ўзбек сози”, “Кўрдим” ғазалларида ҳам Навоий шеъриятини қадрлаш мазмунидаги қуйма сатрлар мавжуд. И.Юсупов Навоийнинг бир неча ғазалларини қорақалпоқ тилига таржима ҳам қилган.
Ҳозирги қорақалпоқ адабиётида И.Юсуповдан кейин Шарқ мумтоз шеърияти оҳангида, шарқона лирика руҳида, турли жанрларда энг кўп шеърлар ёзган шоир бу – Абулқосим Ўтепбергенов десам муболаға бўлмас. Бу масалада Абулқосим билан беллаша оладиган бошқа бирор шоир борлиги, очиғи, менга маълум эмас. Шоирнинг ҳар бир шеърий тўпламида, айтайлик, “Мангу булоқлар”, “Агар кўнглимни шод этса”, “Шарқ оҳанглари”да Шарқ адабиёти машҳурлари ғазалларига боғланган мухаммас, назираларни ўқиб, шундай хулосага келдим. Муаллифнинг бирор шеърий китоби йўқки, унда ғазал ёки мухаммас намунаси учрамаган бўлсин. Ҳатто, шоир “Сайланмалари”нинг бешинчи жилди “Шоҳ шоирлар билан” деб аталади ва китобнинг ярмидан кўпи ғазал ва мухаммаслардан иборат. Мазкур “Сайланмалар”нинг “Боғи эрам бизларда” (2015) деб номланган олтинчи жилдига эса шоирнинг фақат рубоийлари жамланган. Улар орасида Навоий таърифига бағишланганлари ҳам бор. Мана, шулардан бир намуна:
“Жук аўырын нар көтерер” деген гәп бар әзелден,
Галактика жараттың сен дәстан менен ғәзелден.
Шах қазнасы басындада әй Әлийшер Наўайы,
“Халқым” дейип, ўаз кештиң – аў әйши- әшрет ҳәм зерден.
Абулқосим мухаммас боғлаш ёки назира ёзиш учун Шарқнинг донишманд шоирларини танлаган. Яссавий, Низомий, Румий, Деҳлавий, Насимий, Жомий, Фузулий, Махтумқули ғазалларига боғланган мухаммаслар шулар жумласидандир. Айниқса, унинг Навоий, Бобур, Зебунисо, Машраб, Огаҳий, Фурқат ғазалларига боғланган мухаммаслари поэтик оҳанги, романтик пафоси, нафосати, янги замонга мослиги билан диққатга сазовор.
Айтайлик, Алишер Навоий ғазалларига боғланган мухаммаслардаги бадиийлик даражаси, оҳорли сўзлар қўллаш маҳорати, лирик қаҳрамон туйғуларини Навоийга хос талант йўналишида беришга интилгани муаллиф ютуғидир. Бир шоирнинг бошқа бир шоирга мухаммас боғлаши ёки бирон ғазалига назира ёзиши, бу ҳам ижодий баҳс, мусобақанинг бир кўриниши. Лекин бу фикрни А.Ўтепбергенов мухаммас боғлашда Навоий билан мусобақалашди, унга тенглашди ёки ундан ўтиб кетди, деган маънода қабул қилмаслигингизни истардим. Адабиёт тарихида Навоийга ижодий эргашиб назиралар, мухаммаслар ёзган ижодкорлар жуда кўп. Бироқ улар орасида шеъриятда буюк истеъдод соҳиби эгаллаган чўққига чиққани йўқ ҳисоби. Абулқосим ҳам Навоий ғазалларига бадиий маҳоратини синаш, чиниқтириш, тажриба орттириш мақсадида ёндашган. Улуғ шоир мурожаат этган мавзулардан, бадиий санъатлардан фойдаланишда, лирик қаҳрамоннинг руҳияти иқлимларидаги ранг-барангликни беришда Навоий кашф этган ғоявий-эстетик концепцияларга эргашган. Ижодий ҳис қилиб, фаолиятида фойдаланди. У Навоийнинг йигирмадан ортиқ ғазалига мухаммас боғлади. Баъзиларида “Абулқосим”, айримларида “Жайхун”ни тахаллус ўрнида қўллайди. Шоир ғазалларидан бирида ёзади:
Тәзим ет сен Әбилқасым Әлишер Наўайыға,
Поэзия атлы сулыўдың басында жыға еди ол[5].
Бошқа бир ғазали шундай якунланади:
«Наўайы болмағанда Жайҳун сен-ше боларма едиң?»
Дегенлерге «ҳаслан, ҳаслан, яқ, яқ,» деп айтып журмен.
Икки байтда ҳам шоирнинг Навоий даҳосига ихлоси, эҳтироми, энг муҳими шоирлик тақдирида буюк Навоийнинг ўрни мамнунлик руҳида айтилган. Бу мухлислик, Навоийга бир дарё меҳр шоир мухаммасларида янада гўзал, янада таъсирли ифодаланади. “Келмади” радифли ғазал Навоий лирикасининг бетакрор намуналаридан бири. Ғазал кўп шоирларга илҳом берди. Унга ўнлаб мухаммаслар боғланди, назиралар ёзилди. Куйлар басталаниб, хонандалар репертуаридан жой олди. Ажиниёз бу ғазал таъсирида бир ажойиб шеър ёзганига юқорида гувоҳ бўлдингиз. Ғазал Абулқосимни ҳам бефарқ қолдирмади, ғазалга мухаммас боғлаш истагини уйғотди. Ва етти байтлик яхши бир мухаммас яратилди.
Жайҳун ашық болсаң егер, азаб уқыбаттан қашма,
Аңсатлықта яр дийдары, шийрин поса йоқдур хасла,
«Чар деуан»ды қолға алып, айралық қосығын басла,
Әй Наўайы, шарап ишип, өз кеўлиңди өзиң хошла,
Сениң-ақ, бахтыңның бир, утыры, пайыты. Келмеди.
Навоий ғазали севги мавзусида. Ошиқнинг ёр висолига интизорлиги, маъшуқанинг бевафолигидан норозилиги, шикоят руҳи ғазалда устувор. Бу ғоя мухаммасда ҳам яхши очилган. Мухаммас мисралари ғазал байтларига мантиқан пайвандланган. Бироқ мухаммасдаги кечинмалар, ғазалдаги лирик қаҳрамон тўйғуларининг такрори эмас, балки иккинчи бир лирик қаҳрамоннинг ҳижрони, алами ва изтиробидир. А.Ўтепбергенов ғазалдаги ошиқ ва ёр образларини, ички кечинмаларини ўзича ёрита олган. Навоийнинг “Бўлмагай”, “Кўринг”, “Бўлган эмас”, “Найлайин”, “Кўрдим”, “Гўзал ёрга” радифли ғазалларига ёзилган мухаммаслар ҳам ўқувчини қониқтириши мумкин. Масалан, муаллифнинг “Бўлмагай” радифли мухаммасида Навоий ғазалидаги лирик қаҳрамоннинг руҳий ҳолати, ошиқ, ёр рамзлари, севги-садоқат мавзуси Абулқосим қаламида индивидуал мазмун ва оҳангда берилиб, шоирнинг бадиий-эстетик тафаккури даражасида талқин этилади.
Алишер Навоий ва қорақалпоқ адабиёти ҳақида гапирганда шоир асарларининг таржималарига ҳам тўхтаб ўтиш лозим. Қорақалпоқ халқининг Навоий мероси билан таниша бошлаган йиллари октябрь тўнтаришидан анча илгариги даврга тўғри келади. Бердақнинг “Навоийдан савод очдим” деб ёзганига қараганда ёки Ажиниёзнинг Навоий лирикаси таъсирида мухаммаслар битганини назарда тутсак, Навоий асарлари анча илгари ҳозирги Қорақалпоғистон ҳудудида дастлаб қўлёзма шаклида тарқаган, эски мактаб-мадрасаларга шу шаклда кириб борган. Ўтган асрнинг ўттизинчи йилларидан эътиборан, шоир шеърларини расман қорақалпоқ тилида жамоатчиликка етказишга киришилган. Қорақалпоқ олимлари берган маълумотларга асослансак, 1937-1940 йилларда М.Дарибоев, А. Шомуратов, Ж.Аймирзаев, Н.Жапақовлар шоирнинг бир неча ғазалларини, “Фарҳод ва Ширин” достонидан парчаларни қорақалпоқ тилида матбуотда эълон қилдилар. 1968 йилда Навоийнинг “Лайли ва Мажнун” достони қорақалпоқ саҳнасида кўрсатилгани ҳақида ўша даврнинг матбуоти ёзиб чиқди. 1939 йилда эса шоирнинг “Чор девон”идан туркум ғазаллар, “Фарҳод ва Ширин”, “Лайли ва Мажнун” достонининг баъзи боблари китоб шаклида босилди. Алишер Навоийнинг 500 йиллик юбилейи Қорақалпоғистонда ҳам нишонланди. Шу муносабат билан шоирнинг ғазаллари, “Ҳайрат ул-аброр” достонидан намуналар Б.Қайпназаров таржимасида нашр этилди.
Алишер Навоий мероси билан қорақалпоқ китобхонларини таништиришнинг кейинги босқичи 1960-1970 йилларга тўғри келади. Бу даврда янги таржимонлар авлоди етишди. М.Матназаров таржимасида “Сабъаи сайёр” достони босилди. 1977 йилда Навоийнинг бир даста ғазалларини Д.Айтмуротов қорақалпоқчалаштирди. 1991 йилда таржимон ушбу китобни янги таржималар билан тўлдириб, кайта чоп эттирди. Навоийнинг бир юз ўттизга яқин ғазаллари, ҳикматларидан намуналар, шунингдек, “Ҳайрат-ул аброр”, “Лайли ва Мажнун” достонларидан боблар таржимаси ҳам ушбу тўпламга киритилган. “Сайланма” китоб Навоийнинг ҳозиргача қорақалпоқ тилида эълон қилинган таржималарининг нисбатан тўлиқроғи. 1991 йилда Тошкент нашриётларидан бирида, шоир таваллуди муносабати билан яна бир таржима китоб – “Бақо гули” нашр этилди. Тўплам Навоийнинг дунёнинг бир неча тилларига ўгирилган ғазалларидан иборат. Китобдаги шоирнинг ўнта ғазалининг қорақалпоқча таржимаси таниқли шоир Ш.Аяпов қаламига мансуб.
Шоир меросига қизиқиш ўтган асрнинг 20-30 йилларидан бошланган. Таниқли олимлар, ҳатто шоир ва ёзувчилар ҳам бу мавзу билан шуғулланган. Мақолалари билан матбуотда қатнашиб турган. Ж.Аймирзаев, А.Бегимов, Н. Давқараев, М.Дарибаев, Н.Жапақовдек атоқли олимлар ва адибларнинг Алишер Навоий ижодига бағишланган, матбуотда босилган мақолалари ўз даврида адабиёт ихлосмандларини шоир ижоди билан таништиришда кўприк бўлди. Адабиётшунос олимларнинг кейинги авлоди ҳам Навоий меросини ўрганиш анъанасини тўхтатгани йўқ. Туркум мақолалар, илмий ишлар юзага келди. Биз бу ўринда И.Сағитов, А.Муртазаев, Қ.Мақсетов, К.Мамбетов, Ҳ.Ҳамидов, Қ.Жаримбетов каби олимларнинг Қорақалпоғистоннинг газета-журналларида турли йилларда босилган мақолалари, нашриётларда чоп этилган рисолаларини назарда тутмоқдамиз. Ҳозир қорақалпоқ навоийшунослиги алоҳида йўналиш сифатида шаклланиб бормоқда десак, хато бўлмас. Профессор К.Мамбетовнинг Шарқ адабиёти, жумладан, Алишер Навоий ижодини қорақалпоқ адабиёти билан киёсий ўрганган қатор мақолалари, “Навоий ва қорақалпоқ адабиёти” (1991), “Ўзбек ва қорақалпоқ адабий алоқалари” (1992) рисолалари ва бошқа олимларнинг тадқиқотлари шундай хулосага келишга асос беради. Ушбу сатрлар муаллифи ҳам Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон матбуотида мавзуга доир бир неча илмий мақолалар эълон қилди. “Кўнгил бермиш сўзимга” (1992) номли монографиямнинг бир боби шу мавзу таҳлилига бағишланган.
Фикримизга хулоса қиладиган бўлсак, қорақалпоқ шоир ва ёзувчилари, олимлари, таржимонлари Алишер Навоийни юксак қадрлайди, ижодини меҳр билан ўрганади, асарларини таржима қилишни улкан мартаба деб билишади. Бу анъана асрлар оша давом этиши, шубҳасиз. Чунки, қудратли шеърияти, оламшумул гуманистик ғоялари билан бир эмас, бир неча адабиётларга беқиёс ҳисса қўшган бундай сиймоларгина мана шундай эъзозга муносиб кўрилади.
* Каримбой Қурамбоев – филология фанлари доктори.
[1] Бердақ. Сайланды шығармалары. – Нөкис, 1997. – Б.42.
[2] Қарақалпақ әдебияты тарийхы. – Нөкис, 1983. – Б.101.
[3] Бердақ. Сайланды шығармалары. – Нөкис, 1997. – Б.42.
[4] Қарақалпақ әдебияты тарийхы. – Нөкис, 1983. – Б.101.
[5] Өтепбергенов А. Шах шайырлар менен. – Нөкис, 2014. – Б.11.
2018/2
Ижтимоий тармоқларда ёйиш:
https://jahonadabiyoti.uz/2018/04/26/%d0%ba%d0%b0%d1%80%d0%b8%d0%bc%d0%b1%d0%be%d0%b9-%d2%9b%d1%83%d1%80%d0%b0%d0%bc%d0%b1%d0%be%d0%b5%d0%b2-%d0%b0%d0%bb%d0%b8%d1%88%d0%b5%d1%80-%d0%bd%d0%b0%d0%b2%d0%be%d0%b8%d0%b9-%d0%b2%d0%b0-%d2%9b/