DO`STLARGA ULASHING:
Камий (тахаллуси; асл исм-шарифи Каримбек Шарифбек ўғли) (1864— Тошкент — 1923) — ўзбек шоири, маърифатпарвар. Тошкентдаги «Бекларбеги» мадрасасида ўқиган (1880 йилдан). 1916 йил гача шу мадрасада мударрис. 1890 йиллардан шоир сифатида танилган, баёзлар тузган.
Сидқий Хондайлиқий, Хислат, Мискин, Тавалло каби кўпгина шоирлар К.нинг шогирдларидан бўлган. Октябрь тўнтаришидан кейин «Турон» кутубхонасида, саводсизликни тугатиш курсларида ишлаган.
Камий мумтоз шеъриятнинг кўпгина жанр ва мавзуларида ижод қилган. Муқимий, Фурқат билан яқин алоқада бўлган, мушоиралар қилган. К. ижоди мураккаб, дунёқараши зиддиятли. Кўпчилик шеърларида халқни маърифатли бўлишга даъват этган («Темир йўл хусусида», «Дилки миллат ғамида қон ўлди…», «Солди беилмлик хатоларға ва бошқа).
19-аср охири, 20-аср бошларида Тошкентда нашр этилган баёзларнинг деярли ҳаммасида Камий шеърлари учрайди. Ижодидан намуналар «Туркистон вилоятининг газети» ва бошқа вақтли матбуотда эълон қилинган.