Мирак наққош эскигина жуздонини очиб, шогирдининг айрим махсус қоғозларга солинган расмларини бир-бир тақдим эта бошлади. Навоий биринчи варақни қўлига олиб, суратдан кўзларини узоқ вақт узмади. Мирак наққошнинг таърифича қўли олтин боланинг чизгани живир-живир гуллар, барглар, чизиқлар нозиклиги, жолилиги бемисл нафосат билан, унинг кўзларини, руҳини сеҳрлаган эди. Навоий ором ва ҳаяжон билан чуқур нафас олди. Иккинчи расмни кўрди. Айни шу руҳ лекин яна бойроқ, яна нафисроқ. Мана ов тасвири. Оҳулар гўё қоғоздан сакраб ўйноқлаб кетаётгандай туюлади. Унда ҳар бир нуқта кўз каби жонли. Навоий ўнга яқин расмни бениҳоя завқ билан томоша қилди.
Ниҳоят, шоир кўзларида ёнган қувонч билан ёш рассомни табриклади.
– Бу кўҳна жаҳон, – деди у шавқ билан, – сизнингдек санъаткорни ҳануз кўрмаган эди. Қаламингизнинг ҳусни ҳар қандай таърифдан бениҳоя баланддир. Бу камолотни янада олийлаштирмоқ йўлида самимий ҳаракат қилингиз.
“Аср нодири, мусаввирлар пешвоси” – Камолиддин Беҳзод ҳақидаги бу лавҳа Ойбекнинг “Навоий” романидан олинган. Бу бадиий лавҳа ҳам икки буюк сиймонинг ўзаро яқинлигига ишора албатта. Шарқ миниатюрачилигида ўз мактабини яратган буюк мусаввир 1445 йилда Ҳиротда камбағал ҳунарманд оилада таваллуд топади. Беҳзод ота-онасидан эрта жудо бўлади. Уни болалигидаёқ Ҳиротнинг машҳур мусаввири Амир Руҳилла, яъни Мирак Наққош ўз тарбиясига олади. Унга ўзининг Ҳиротдаги “Машҳур қирқ санъаткор” – Нигористони, яъни санъат академиясида наққошлик ва миниатюрачилик ҳунарининг сир-асрорини ўргатади. Таъкидлаш жоизки, Беҳзоднинг буюк мусаввир ва наққош бўлиб етишишида Мир Алишер Навоий ҳазратларининг ҳиссаси катта бўлди. Беҳзодда етук истеъдод, ўта нозик такрорланмас ақл-идрок, нафис тасвирий санъатга нисбатан кўнглидаги зўр иштиёқ, энг муҳими, ижодкор сифатида Навоийга маълум бўлгач, Беҳзодни ҳузурига чақириб Султон Ҳусайн Мирзога таништиради. Ҳусайн Мирзо уни Ҳиротдаги салтанат кутубхонасига бошлиқ этиб тайинлайди. Швед санъатшунос олими Мартин Беҳзоднинг Султон Ҳусайн Мирзо саройидаги ижодхонаси ва у ердаги наққошнинг ишлаш жараёнини бадиий тарзда қуйидагича тасвирлайди: “Шарқ қуёши Беҳзод учун қурилган шинам ҳужрани тарк этади. Бу ерда наққош попитер, яъни пастаккина қия курси устида энгашиб ишларди. Курсининг тортма хоналарида шоҳ асарлар яратиш учун зарур бўлган ҳамма нарса муҳайё… Шу муҳитда Беҳзод ўтириб нозик мўйқалами билан суврат чизарди. Нозик мўйқаламни ундан илгари ҳам, кейин ҳам ҳеч бир мусаввир Беҳзодчалик ишлатишга муваффақ бўлмаган”. Дарҳақиқат, шундай воқеаларни умумлаштириб катта эҳтирос билан бойитиб тасвирий олам оғушига олиб кирган, замонасини теран тадқиқ этган мусаввир ўз даврдошларининг маънавий олами, ички дунёси, энг муҳими, қайтарилмас сиймосини яратди. Беҳзод худди мана шу даврда Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарномаси”га ишланган миниатюралар, Ҳусайн Бойқаронинг мажлислари тасвирланган мураққа-албом, Темур тарихи мураққа-албоми, Низомий Ганжавий”Хамса”сига ишланган ва бошқа тарихий воқелик билан боғлиқ юзлаб гўзал миниатюраларини яратди. Шу суратларга боқиб ўз даврининг солномасини яратган шахс кўз олдимизда гавдаланади. Беҳзод ижодида замонасининг буюк шоиралари қўлёзмаларига чизган миниатюралар асосий ўрин тутади.
Ўрта Шарқда тасвирий санъат соҳасида асосий тараққиёт йўналишини белгилаб берган Беҳзод ўзидан олдинги рассомларнинг анъаналарини давом эттириб, айни вақтда бадиий услубдаги шартлиликни сақлаган ҳолда уни янги ижодий услублари билан бойитди. Унинг қаламига мансуб “Отаси Мажнун ҳузурида”, “Баҳром хазина устидаги аждарни ўлдирмоқда”, “Самарқандда масжид қурилиши” лавҳалари тасвирларидаги бетакрорлик, айниқса, воқеликнинг ҳаётий ва нозик тасвирини кўрган киши ҳайратда қолади. Унинг яратган портретлари, шакл-тасвирдан фарқланиб инсон маънавий қиёфаси, руҳи, ҳис-туйғулари, хулқ-атвори ва ботиний оламини акс эттиришга аҳамият берган.ўарбда уйғониш даврининг улуғ рассомлари Леонардо да Винчи, Микеланжело, Рафаел Гисиан ўз асарлари билан беш асрдан буён бутун жаҳон аҳлини ҳайратга солиб, тўлқинлантириб келаётган бўлсалар, Шарқда худди шу даврда яшаб ижод қилган Камолиддин Беҳзод каби сиймоларнинг истеъдод кучи, асарлари кўлами ҳам шу даражада буюкдир. Чунки бундай зотлар ўз даври, яшаган муҳитнигина эмас, барча даврларга, халқларга хос умуминсоний хислат ва хусусиятларни ифода этадилар. Унинг яратган асарлари, швед санъатшунос олими Мартин таъкидлаганидек, XV аср Италия ва Недерландия рассомлари дунё аҳлини қанчалик ҳайратлантирган бўлса, Беҳзод асарлари ҳам шунчалик тўлқинлантирган.
XIV аср иккинчи ярмида Самарқанднинг сиёсий ва маданий ҳаёти Беҳзод томонидан Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарнома” асарига ишланган миниатюраларида ўзининг бадIIIй ифодасини топади. Унинг ижодий меросини ўрганувчи мутахассислар фикрича, ҳозиргача маълум бўлган асарлари тахминан 30 та сурат ва бир нечта туркумдан иборат. Мусаввир қаламига мансуб гўзал миниатюралар ўарб ва Шарқ мутахассисларининг фикрича, безакларнинг табиий ва қуймалиги, нозик ва нафислиги кишини ўзига жалб этади.
Беҳзод тасвирий санъат оламида сахий ва меҳрибон устоз сифатида ҳам жуда кўп атоқли мусаввир ва наққошларни тарбиялаган. 1903 йилда Германияда санъат кўргазмаси очилди. Унда Беҳзод ва шогирдларининг асарлари намойиш этилади. Дунёга машҳур импрессионист франтсуз рассомлари Анри Матисс ва Сезанилар кўргазмада Шарқ рассомлари асарларидаги бир-бирига зид, кескин ранглар билан ишлаш санъатини кўриб ҳайратга тушадилар. Бугунги кунда ҳам Шарқ ва Европа мамлакатларида санъат ва рассомчилик тарихи, хусусан, миниатюра чизиш санъатини эгаллашда Беҳзод миниатюра мактаби алоҳида ўрганилади ва тадқиқ этилади. Беҳзод ўша даврда чизган суратлари остига “Шикаста қаламли фақир Беҳзод”, “Қалами шикаста, номурод фақир Беҳзод умри етмишдан ошганда ушбу ишга қўл урди” дея имзо чекади. Кўриниб турибдики, мўйқалам соҳиби бир зум ҳам ўз Ватанини унутмайди.
Шарқ халқларининг муштарак ифтихори, буюк фарзанди бўлмиш Камолиддин Беҳзод ўзидан кейнги авлодга бой, ранг-баранг ва ажойиб тасвирий санъат асарларини мерос қилиб қолдирди. Таъкидлаш жоизки, Беҳзод фақат Шарқ халқлари тасвирий санъати тарихидагина эмас, жаҳон санъати тарихида ҳам ўчмас из қолдирган буюк истеъдод соҳибидир.
Очил ТОҲИРОВ
“Ҳуррият”дан олинди.
https://saviya.uz/hayot/nigoh/kamoliddin-behzod/