Кўзнинг умумий аҳволини яхшилаш учун мунтазам равишда махсус гимнастика машқларини бажариш керак. Гимнастика машқларини ўтириб ёки туриб бажариш мумкин. Бунда телевизор ёки компьютер экранига тикилмасдан, бир меъёрда равон нафас олиб, кўзни қунт билан ҳаракатлантириш лозим. Кўзларда глаукома келиб чиқишининг олдини олишга мўлжалланган машқ комплекслари жуда кўп. Санитар қоидалар ва меъёрлар асосида маъқулланган машқлар қуйидаги тартибда бажарилади.
Кўз мушакларини қаттиқ зўриқтириб кўзларингизни юмиб туринг ва 1 дан 4 гача сананг. Сўнг 1 дан 6 гача санаб, кўз мушакларини бўшаштириб кўзларингизни очинг ва узоқларга тикилинг. Бу ҳаракатларни 4-5 марта такрорланг.
Нигоҳингизни бурун қаншарига қаратиб, 1 дан 4 гача сананг. Сўнг тўғрига қараб, узоқларга тикилинг ва 1 дан 6 гача сананг. 4-5 марта такрорланг. Ҳаракатларни оҳиста бажаринг, кўзларингиз толиқишига йўл қўйманг.
Бошингизни бурмасдан нигоҳингизни ўнг томонга қаратинг ва 1 дан 4 гача санаб ушлаб туринг. Сўнг тўғрига қараб, узоқларга тикилинг ва 1 дан 6 гача сананг. Худди шу тарзда нигоҳингизни чапга, тепага ва пастга қаратиб машқ қилинг. 3-4 марта такрорланг.
Нигоҳингизни тезлик билан диагональ бўйлаб – ўнг томон тепага, чап томон пастга юргизинг. Сўнг тўғрига қараб, узоқларга тикилинг ва 1 дан 6 га қадар сананг. Энди эса нигоҳингизни яна диагональ бўйлаб – чап томон тепага, ўнг томон пастга юргизинг ва узоқларга тикилиб 6 га қадар сананг. Машқни 4-5 маротаба бажаринг.
Бошингизни тўғри тутиб, ён томонларга бурмасдан, кўзларингизни соат мили йўналишида айлантиринг. Сўнг кўзларингизни соат мили йўналишига қарама-қарши йўналишда айлантиринг. Кейин 1 дан 6 гача санаб, узоқларга тикилинг. 4-5 маротаба бажаринг.
Бошингизни қимирлатмасдан нигоҳингизни тепага қаратинг ва 1 дан 4 гача санаб ушлаб туринг. Сўнг нигоҳингизни тўғрига қаратиб бирдан олтига қадар сананг. Шу каби нигоҳингизни пастга тўғрига, ўнгга тўғрига, чапга тўғрига қаратиб машқ қилинг. Кўзларингизни иккала томонга диагональ бўйлаб ҳаракатлантириб, сўнг 1 дан 6 гача санаб ҳам машқ бажаринг. 3-4 марта такрорланг.
Кўз ичи босимини оширадиган ҳолатларнинг олдини олишга ҳаракат қилинг. Масалан, иссиқ ҳаммомда узоқ бўлиш, бошни пастга эгиб бирор юмуш бажарганда кўз ичи босими ошиши мумкин.
Оғир бўлмаган, меъёрий жисмоний ҳаракатлар ва машқлар кўзлар ҳолатига ижобий таъсир кўрсатади деган фикрлар мавжуд. Тоза ҳаводаги сайрлар, тез қадам ташлаб юриш, сузиш, фитнес билан шуғулланиш, йога ва бошқа фаолликлар ҳар бир одам учун фойдали. Фаол жисмоний ҳаёт тарзи глаукома ривожланишига туртки бериши мумкин бўлган стрессдан қутулишда ёрдам беради.
Овқат рационингизга эътибор қаратинг. Унда етарли миқдорда мева-сабзавотлар, ёғсиз гўшт ва балиқ бўлиши лозим. Тузланган, ўткир ва ёғли овқатларни иложи борича камроқ истеъмол қилиш керак. Кунига 1,5-2 литрдан кўп суюқлик ичманг. Тановвул қилаётган маҳсулотларингиз сифати ва янгилигини назорат қилинг.
Хонада ўтирганда унинг етарлича ёритилишига аҳамият беринг. Куннинг қоронғу вақтида хонада ёруғлик манбаи бўлиши лозим, чунки шундай қилинса глаукома билан оғрийдиганлар учун кўз қорачиғи кенгайишининг олди олинади.
Дунёнинг етакчи фармацевтика компаниялари глаукомани даволаш учун мўлжалланган дори воситаларини яратиш устида ишламоқдалар. Лекин ҳозирги кунда йўқотилган кўриш қувватини ортга қайтаришнинг иложи йўқ. Фақатгина беморнинг ўз кўриш қобилияти ва саломатлигининг умумий аҳволи ҳақида доимо қайғуриши, профилактик кўриклардан ўтиб туриши ва ўзидаги хавфли касалликларни барвақт аниқлашигина кўриш ўткирлигининг йўқотилишини секинлаштириш ёки тўхтатишда ёрдам беради.
Нилуфар СОБИРЖОНОВА, мутахассис.