Олий ҳарбий божхона инстититуда “Жаҳон адабиёти” журнали ташкил этилганлигининг 20 йиллигига бағишланган маънавий тадбир ўтказилди.
Тадбирда Олий ҳарбий божхона институти профессор-ўқитувчилари ва тингловчилар, “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири Шуҳрат Ризаев, филология фанлари номзоди, ички ишлар идоралари фахрийси Тўлқин Сайдалиев, филология фанлари доктори Ҳамидулла Болтабоев, шоир, таржимон Турсун Али, шоир, таржимон Рустам Мусурмон, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, таржимон Амир Файзуллаев, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Тадбирда таъкидланганидек, «Жаҳон адабиёти» журнали Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 27 февралдаги қарорига асосан ташкил этилган эди.
Ўзбекистон Қаҳрамони, адабиётшунос олим Озод Шарафиддинов журналнинг биринчи бош муҳаррири сифатида 1997-2005 йилларда фаолият кўрсатди.
1997-2016 йиллар мобайнида журналнинг 235 та сони нашр этилди. Ўтган давр мобайнида журналда 100 дан ортиқ роман, 200 дан зиёд қисса, 1000 дан ортиқ ҳикоя ва новелла 500 га яқин фалсафий –публицистик, илмий-назарий мақолалар эълон қилинди.
Жорий йилда республика миқёсида «Жаҳон адабиёти» журнали ташкил этилганлигининг 20 йиллигига бағишлаб турли тадбирлар ва ижодий учрашувлар ўтказилмоқда.
Ижтимоий тармоқларда ёйиш:
https://jahonadabiyoti.uz/2017/04/18/jahon-adabiyoti-jurnali-20-yoshda/