Юртимиздаги нуфузли нашрлардан бири бўлган “Жаҳон адабиёти” журнали кенг жамоатчиликни жаҳон адабиётининг энг сара намуналари билан таништириш, китобхонлик муҳитини яратишга хизмат қилмоқда. 1997 йили биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси ҳамда таниқли адабиётшунос, Ўзбекистон Қаҳрамони Озод Шарафиддинов саъй-ҳаракати билан ташкил этилган журнал бугун йигирма ёшга тўлди. Ўтган йиллар мобайнида журналнинг 235 та сони нашр этилди, уларда дунё адабиётининг юзлаб таниқли намояндаларининг асарлари эълон қилинди. Журнал ўзбек таржимонлик мактабини ривожлантириб, ўзбек адабиётини янги ижодий тажрибалар билан бойитишга катта ҳисса қўшиб келмоқда.
Адабиёт ривожига давлатимиз ва ҳукуматимиз томонидан мунтазам эътибор қаратиб келинаётгани барчага яхши маълум. Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 7 мартдаги мажлисида “Жаҳон адабиёти” журналининг 20 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш тўғрисида тегишли вазирлик ва идораларга топшириқлар берилиб, Ташкилий гуруҳ тузилди. Бунда “Жаҳон адабиёти” журналини аҳоли ўртасида кенг тарғиб этиш, жумладан, “Мустақиллик даври маънавияти ривожида “Жаҳон адабиёти” журналининг ўрни ва аҳамияти” мавзусида илмий-амалий конференция ўтказиш белгиланди. Шунингдек, “Жаҳон адабиёти” журналининг йигирма йиллик сонлари библиографиясини нашр этиш, “Жаҳон адабиёти” журнали кутубхонасидан” туркумида журналда эълон қилинган сара асарлардан тузилган 30 жилдли китобларни чоп қилиш ҳам назарда тутилган.
2017 йил 28 март куни журнал таҳририятининг Ташкилий гуруҳ ва Жамоатчилик кенгаши аъзолари иштирокида кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда Бош вазир маслаҳатчиси М.Қуронов, “Миллий ғоя ва мафкура” илмий-амалий маркази раҳбари А.Маврулов, Республика маънавият тарғибот маркази раҳбари Н.Қосимов, Матбуот ва ахборот агентлиги М.Омонов, таниқли таржимон И.Ғафуров, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Э.Аъзам, филология фанлари докторлари Х.Дўстмуҳаммад, Б.Каримов ва бошқалар иштирок этди. Йиғилишда журналнинг 2016 йилдаги фаолияти сарҳисоб қилинди, жорий йилдаги режалари муҳокама этилди, шунингдек, журналнинг йигирма йиллигини муносиб нишонлаш борасида фикр алмашилди.
Йиғилишда таъкидланганидек, ўтган йили журналда адабий воқелигимизга ижобий таъсир кўрсатадиган ўнлаб асарлар ўқувчилар ҳукмига ҳавола этилди. Жумладан, Нобель мукофоти лауреатлари Светлана Алексиевичнинг “Уруш аёллар иши эмас” ҳужжатли қиссаси, Патрик Модианонинг “Тўй саёҳати”, Иво Андричнинг “Ойимтилла”, Тони Моррисоннинг “Ўз уйим” романлари эълон қилинди. Бундан ташқари, ҳинд адиби Премчанднинг “Нирмала” романи, таниқли ёзувчи Исай Калашниковнинг “Қаттол аср” тарихий романи, Лев Толстойнинг “Иван Ильичнинг ўлими”, кореялик адиб Ли Мунёлнинг “Олтин қанотли қуш”, тожик адиби Абдуғаффор Абдужабборовнинг “Сўнгги қор” қиссалари, Уильям Фолкнер, Томас Манн, Габриэль Гарсиа Маркес, Ҳерманн Ҳессе, Жан-Мари Леклезио ва бошқа адибларнинг ҳикоялари, замонавий, покистон, сенегал, серб, вьетнам адабиёти намуналари эълон қилинди.
“Шеърият минтақалари” рукнида Габриэла Мистраль, Нелли Закс, Вислава Шимборская, Ҳерта Мюллер, Хосе Марти, Рейна Мариа Родригес каби жаҳоннинг таниқли шоирлари ижодидан, покистон, сенегал, серб, венесуэла, вьетнам, корейс, арман ҳамда жаҳон болалар шеъриятидан намуналар эълон қилинди. Александр Пушкиннинг “Анжело” достони, Осип Мандельштам, Михаил Светловнинг туркум шеърлари ўқувчилар ҳукмига ҳавола этилди. Янги “Эпос – тафаккур дурдонаси” рукнида атоқли латиш шоири Андрей Пумпурнинг “Лачплесис – латиш халқ қаҳрамони” достони, Михаил Булгаковнинг “Иван Васильевич, Муҳаммад Алининг “Навоий ва Бойқаро”, Бернард Шоунинг “Қалблар парчаланадиган хонадон” драмалари эълон қилинди.
“Устоз таржимонлар бисотидан” рукни ҳам мунтазам давом эттирилди. Ўтган йили Тоғай Мурод, Алихонтўра Соғуний, Мамарасул Бобоев, Йўлдош Шамшаров, Асқар Қосимов, Ўткир Ҳошимов, Эркин Воҳидов сингари моҳир таржимонлар ижоди ҳақидаги таҳлилий мақолалар, уларнинг таржималаридан намуналар эълон қилинди.
Бундан ташқари, “Адабиётшунослик. Фалсафа”, “Қиёс ва талқин”, “Жаҳон маданияти ва санъати”, “Эссе”, “Кундаликлар”, “Ёш таржимон минбари” сингари рукнларда ҳам қизиқарли тадқиқотлар, мазмунли асарлар чоп этилди.
Журналнинг Озод Шарафиддинов номидаги йиллик мукофоти билан фаол таржимон ва муаллифлар “Энг яхши шеърий таржима”, “Энг яхши насрий таржима”, “Энг яхши илмий-адабий, ижтимоий-фалсафий асар” ва “Энг яхши оригинал асар” номинацияларида тақдирланди.
Журналнинг интернетдаги jahonadabiyoti.uz сайти ҳам 2017 йилда янгиланди, нашр ҳақидаги маълумотлар мунтазам эълон қилиб келинмоқда.
2017 йил журналда “Жаҳон адабиёти дурдоналари” рукнида Виктор Гюгонинг машҳур “Париж Биби Марям ибодатхонаси” романи эълон қилина бошланди. Журнал ўқувчиларининг талаб ва таклифларини инобатга олган ҳолда Исай Калашниковнинг “Қаттол аср” романи давоми – иккинчи китоби ҳам нашр этиляпти. Бундан ташқари, жаҳон адабиётининг таниқли намояндалари, жумладан, Х.Ли, А.Франк, Т.Моррисон, Г.Г.Маркес, Б.Картленд, М.Абҳайяратн, У.Ашк, Ю.Идрис, Н.Маҳфуз, К.Карягин ва бошқаларнинг роман-қиссаларини эълон қилиш мўлжалланмоқда.
“Шеърият минтақалари” рукнида Ф.Петрарка, Ф.Ф.Фет, Ф.И.Тютчев, Ф.Л.Бернардес, Х.Р.Хименес, Р.Альберти, Ю.Тувим, Ф.Доғларжа, Клод Адриан Гельвеций, Б.Брехт, И.Зиедонис, М.Цветаева, К.Бальмонт, Н.Трубина ва бошқаларнинг шеър ва достонлари ўқувчилар ҳукмига ҳавола этилади. Бундан ташқари, А.Вампилов, Л.Устинов, Э.Олби, Мольер ва бошқаларнинг драматик асарлари ҳам эълон қилинади.
Йиғилишда сўзга чиққан И.Ғафуров, М.Қуронов, Э.Аъзам, Б.Каримов, Х.Дўстмуҳаммад ва бошқалар журнал фаолиятига яхши баҳо бериб, янада мазмунли асарларни таржима қилиб, нашр этиш борасида таклиф-тавсияларини билдиришди.
Алишер ОТАБОЕВ
Ижтимоий тармоқларда ёйиш:
https://jahonadabiyoti.uz/2017/03/29/jahon-adabiyoti-20-yoshda/