Тамара Арипова, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Иммунология институти директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор.
Институтимизда ўтган йиллар давомида маълум йўналишлар (масалан, назарий, клиник, тажрибавий ва экологик иммунология, аллергология, иммуногенетика йўналишлари) бўйича илмий мактаб яратилди ва у ривожланмоқда. Ўтказилган илмий экспедициялар натижалари асосида Ўзбекистонда катталар ва болалар иммун тизим ҳолати кўрсаткичларининг меъёрий харитаси ишлаб чиқилди. Бунинг натижасида республикада саноат унсурлари (яъни пестицидлар, заҳарли химикатлар, радиация нурлари) нинг ҳар хил ножўя таъсирлари, бактерия ва вирус табиатли инфекцияларда юртимиз аҳолисининг иммун тизим ҳолати текширилди ва шу тизим ҳолати ўзгаришлари хусусиятлари аниқланди.
Оролбўйи ҳудудида яшовчи ҳомиладор аёллар анамнезида инфекция жараёни ва ҳомила ичи аномалиялари ривожланишининг иммунокимё, иммуногенетик ва гормонал кўрсаткичлари хусусиятлари ўрганилди. Бу эса аёлларни туғишдан олдин ва эрта гестация даврида комплекс текшириш имконини бериб, инфекцион жараёнлар ва ҳомилада туғма ногиронликлар ривожланиши омилларини олдиндан аниқлашга ёрдам беради.
Маҳаллий аҳолини генетик-эпидемиологик текшириш ва генетик омилларнинг наслий касалликлар тарқалишидаги ролини ўрганиш (популяционно-генетические факторы) учун Помирдан бошлаб то Тянь-Шаньгача бўлган олти Марказий Осиё этносларига тегишли 34 гуруҳларнинг биобанки (4000 дан кўпроқ намуналар) ташкил қилинди. Ушбу тадқиқотлар бутундунё одам геномикасини ўрганишга сезиларли ҳисса қўшди ва ҳудуддаги молекуляр биотиббиётнинг ривожланишига асос бўлди.
Алоҳида таъкидлашим жоизки, Ўзбекистон Марказий Осиё ва Европа популяцияларда преэклампсиянинг генетик хилма-хиллигини ўрганиш бўйича Евросоюзнинг Еттинчи Рамкали Дастурига киритилди ва умумий маблағи 5 млн. евродан зиёд бўлган халқаро лойиҳаси олинди.
Аҳолининг ҳар хил хавф гуруҳлари орасида В, С турдаги вирусли гепатитлар ва ОИВ инфекцияси ҳамда уларнинг генотиплари тарқалиши бўйича фундаментал тадқиқотлар ҳам ўтказилди. С вирусли гепатитида аутоагрессия ҳолатининг ривожланиши ўз тўқималарига қарши аутоантителолар ишлаб чиқариш билан намоён бўлиши аниқланди, бу эса яллиғланиш жараёнлари пайдо бўлиши ва эндокрин аъзолар зарарланишига олиб келади.
ОИВ инфекцияси бор пациентларнинг иммунологик реактивлиги иммунитетнинг HLA тизимига боғлиқлиги, касалликнинг давомийлиги эса CCR5 d32 хемокин рецептори бор ёки йўқлиги билан белгиланиши аниқланди. Биринчи бор ОИВ инфекцияси зўрайиб бориши билан аллергик кўринишлар даражаси ҳар хил табиатли аллергенларга боғлиқлиги ҳамда унинг башорат омили кандидоз ташхисланиши эканлиги ва касалликнинг тез зўрайишига жавобгар антигенлар маълум бўлди.
ОИВ инфекцияси юқтирган ва юқтирмаган гиёҳвандлар орасида гиёҳвандликка боғлиқлик ривожланиши гистомослик антигенларини аниқлаш тадқиқотлари ўтказилди. ОИВ инфекциянинг ҳар хил поғоналарида иммунитетнинг ҳужайравий ва гуморал бўғинлари кўрсаткичлари ўрганилди ва уларнинг бир поғонадан иккинчисига ўтишидаги муҳимлиги, АРВ даво жараёнидаги аҳамияти кўрсатилди. ОИВ инфекцияси юқтирган беморларда инфекциянинг ҳар хил поғоналарида туберкулин ва бошқа турли аллергенларга нисбатан юқори сезувчанликнинг кечиккан типи ва юқори сезувчанликнинг тезкор типи ўрганилди, маълум бўлдики, ОИВ/ОИТС касаллигининг зўрайиши билан аллергия ҳолати ҳам кучаяди. Туберкулинга жавоб реакция борлиги «туберкулез» ташхиси қўйишга сабабчи омил эмаслиги аниқланди. ОИВ/ОИТС касаллигининг зўрайиши билан неврологик бузилишлар ривожланишига нисбатан мия ва ядро ДНК си антигенларига қарши аутоантителолар кўпайиши кўрсатилди.
Илк бор бирламчи нефропатия АФС синдромли ва АФС синдромсиз беморлар текширилди, уларнинг қон зардобида серологик маркерлар (ВА ва аβ2–ГП I) миқдори, ҳужайравий ва гуморал бўғин кўрсаткичлари, γ–интерферон ва яллиғланишга хос ва қарши (ИЛ-1, ИЛ-4) цитокинлар концентрацияси кўрсаткичлари ўзгариши аниқланди. Олинган натижалар шуни кўрсатдики 25 фоиз беморлар қон зардобида серологик маркерлар миқдори жуда юқори экан.
Ревматоид артрит шаклланишида муҳим аҳамиятли HLA I синфи антигенлари вариантлари аниқланди. Айниқса ревматоид артрит жараёнида ҳамда аутоиммун касалликлари ривожланишида Эпштейн – Барр вирусининг этиопатогенетик аҳамияти кўрсатилди.
ЧЕТ ЭЛ ДОРИСИМИ Ё “ҚОРАҚИЗ”?
Чет эл дори воситаси – “Зиртек”ка ўзининг аллергияга, гистаминга ва серотонинга қарши таъсири бўйича тенг кела оладиган маҳаллий “қорақиз” (череда) ўти экстрактидан флавоноидлар жамламаси ажратиб олинди.
Ҳудудга хос бўлган, инсулин ва лептин синтези, фаоллиги ва бошқарувига даъвогар ген-номзодлар тарқалишининг тавсифи ҳақидаги маълумотлар олинди. Популяцияларнинг мультифакторли ўзгаришларида, инсулин-резистентлик, атероклероз (ЮИК), гипертония касаллиги, сурункали В ва С гепатитлари, ОИВ/ОИТС ривожланиши ва кечишида гено- ва фенотип кўринишларининг ҳудудий генетик фарқлари ҳамда уларнинг роли ўрганилди. Фенотипик ва генотипик текширишлар натижасида қандли диабет, атероген юрак-кон томир касалликлари, сурункали инфекцион жараёнлар ва метаболик синдром ривожланишини башоратловчи таҳлилий асоснома яратилди.
Тадқиқотлар натижасида атеросклерозли шахсларни текшириш учун технологияли ва тахлилий асос келишилди, ишлаб чиқилди ва амалий иш фаолиятига тадбиқ этилди.
Одам иммунтанқислиги вируси (ОИВ) ва туберкулез микобактерияси (МбТ) мутант репликазаси молекуляр-генетик хусусиятлари хавфсиз молекуляр тизимида молекуляр клонлаштириш ва ген-инженерлик ёндошувлар билан ўрганилмокда.
Қорақиз ўти дамламаси асосида иммунмодулловчи препарат яратилди. Маҳаллий хомашёлардан олинган, флавоиноидларнинг гуруҳига қарашли янги дори воситаси бўлган «Аллергодаф» таблетка шаклида ишлаб чиқилди. Ушбу препаратни клиник тадқиқотлари учун республика Фармакология Қўмитасининг рухсати олинди. Янги даво воситасининг Зиртек препарати билан солиштирма клиник самарадорлиги аниқланди. Келажакда ушбу препаратни аллергияга қарши восита сифатида саноатда ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда.
СЎНГГИ БЕШ ЙИЛ ИЧИДА…
(ёхуд муҳим аҳамиятга эга ишланмалар)
Институт қошида иккиламчи иммунтанқислик ва ОИВ/ОИТС ҳолатларида иммунташхис, иммуногенетика ва иммунотерапиянинг назарий ва амалий асосларини ўргатиш учун турли соҳадаги шифокорлар мактаблари ташкил қилинди. 2009-2014 йилларда бешта мактаб-семинарлар ўтказилиб, уларда 400 дан ортиқ турли соҳадаги амалиёт шифокорлари ва ОТМ илмий ходимлари сертификатлар олдилар. «Ўзбекистон Республикаси терма жамоаси юқори малакали спортчиларининг Олимпияда ўйинларига тайёрлашда иммунташхис ва даволаш услубларини жорий этиш» инновацион лойиҳаси ҳам институтимизда амалга оширилди.
Касаллик ривожланишида қатнашувчи ва таъсир қила оладиган табиий танланишнинг кўп белгилари ва геном регионларини аниқлаш учун статистика ва биоинформация ёндошувлар ишлаб чиқилди. Шунингдек мультифакторли касалликларнинг ҳудудий медико-биологик тадқиқотларини (бунга ўхшаш тадқиқотларда биологик ашёларни қидириш, йиғиш ва синчиклаб тавсифлаш учун анча сезиларли ресурслар талаб қилади) бир неча бор нархини ва вақтини камайтира оладиган биобанк (4000 дан ортиқ намуналар) ташкил қилинди.
Текширилаётган беморларнинг қони ва реактивларни минимал миқдорида сарфлаб осон амалга ошириладиган, йирик ва майда айланиб юрувчи иммун комплексларини аниқлашнинг тежамли усули ишлаб чиқилди. Турли ёш гуруҳлари ҳамда сурункали В ва С вирусли гепатитлари учун уларнинг меъёрий кўрсаткичлари аниқланди.
Ҳомила ичи инфекциялари билан туғилган чақалоқлар инфекцион жараёни иммунопатогенези механизмида иммунитетнинг ҳужайравий, гуморал, интерферон ва интерлейкин бўғинлари кўрсаткичлари ўзгаришлари комплекс ўрганилди, уларнинг ўзаро боғлиқлиги ва ташхисий аҳамияти таҳлил қилинди. Олинган натижалар назарий ва клиник тиббиётда, педиатрияда инфекцияли касалликларни ташхислашда ва даволашда қўллашга тавсия этилган.
АНЧА ЎЗИБ КЕТДИК
Ҳозирги кунда институтимиз замонавий технопарки, яъни лаборатория ва мукаммал ташхислаш аппаратлари билан жиҳозланган бўлиб, бу эса илмий-тадқиқот ишларини жаҳон стандартлари даражасида ўтказишга, касалликларни аниқ ва ўз вақтида ташхислашга ёрдам бермоқда. Ходимларимиз доимий равишда жаҳоннинг етакчи илмий марказларида ўз билим ва тажрибаларини ошириб келмоқдалар.
Институтимиз илмий-амалий фаолияти илгариги даврга нисбатан анча ривожланди. Шундай вақтда ўтган йилларга назар ташлашга тўғри келади. Авваллари институтимизда мустақил изланишлар олиб бориш қийин эди, илмий тадқиқотлар фақат юқоридан белгиланган режа ва дастурлар асосида бажариларди. Замонавий лаборатория жиҳозлари, мукаммал ташҳислаш аппаратлари етишмаган пайтлар кўп бўлган. Аниқроғи керакли жиҳозлар жуда қийинчиликлар билан олиб келинар эди. Мен юқорида келтирган илмий тадқиқотлар ва унинг натижалари эндиликда бизнинг илгарилаб бораётганлигимизнинг исботи деб биламан.
Режаларимиз ҳам улкан. Кўплаб йўналишларда тадқиқотлар олиб бориш мўлжалланган. Яъни республикада ихтисослашган ташхислаш даволаш-профилактика иммуногенетика марказини ташкил қилиш кўзда тутилмоқда. Шунингдек тиббиёт ва биотехнология учун амалий аҳамиятга молик илмий йўналтирилган геном технологиялари бўйича тадқиқотлар ўтказилади. Иммунология, тиббий генетика, вирусология ва микробиология ҳамда иммун ва инфекцион касалликларнинг иммунокоррекцияси ва иммунопрофилактикаси йўналишидаги фундаментал ҳамда амалий тадқиқотлар ривожлантириб борилади.
Социал аҳамиятга эга вирусли инфекцилар учун нано- ва биотехнологиялар асосида янги даво-профилактика ашёларини яратишга киришилади. Иммунофармакология саноати учун янги технологик усуллар ва асослар ишлаб чиқиш, иммунология ва иммунотоксикологияда ҳар хил токсик моддаларнинг иммун тизимга таъсирини ўрганиш ишлари амалга оширилади.
Институтимиз қошида клиник иммунология ва тиббий генетика ихтисосликлари бўйича таълим кафедраларини ташкил қилишни ҳам кўзда тутаяпмиз. Аслида бундан ўттиз йилча олдин ташкил қилинган ушбу институт зиммасига иммунологик ва иммуногенетик тадқиқотлар ўтказиш ҳамда иккиламчи иммун танқислик ҳолатларида меъёрий иш олиб бориш, шунингдек иммунокоррекция усулларини ишлаб чиқиш вазифалари юкланган эди. Ўйлайманки, бу улкан вазифалар мустақилликнинг илк давридан то бугунга қадар босқичма-босқич муваффақиятли бажарилди, олимларимизнинг доимий чуқур изланишлари институтнинг илмий-амалий тараққиётини тобора тезлаштирмоқда, деб айта оламан.
ЎзРФА Иммунология институтининг бугунги кундаги асосий вазифалари:
- Тажрибавий иммунология: ҳар хил иммунотроп моддалар (ўсимлик ва ҳайвон маҳсулотлари, тайёр дори шакллари)нинг иммун тизим ҳолатига таъсирини тажрибада ўрганиш;
- Иммунтанқислик ҳолатида замонавий иммунокоррекция ёндошувларини ишлаб чиқиш;
- Мультифакторли ва сурункали юқумли касалликлар (атероген юрак қон-томир касалликлари, метаболик синдром, сурункали гепатитлар, ОИТС ва бошқалар) пайдо бўлишининг молекуляр-генетик асосларини ўрганиш,соғлом шахсларда улар ривожланишини башоратлаш усулларини ишлаб чиқиш;
- Беморлар генетик харитаси асосида аниқланган касалликларнинг шахсга хос профилактикаси ва даволаш ёндошувларини аниқлаш, даволашнинг янги ҳужайравий технологияларини ривожлантириш ва аниқланган касалликларни даволашда иммунобиогенетик технологияларни киритиш;
- Аъзо ва тўқималар трансплантологиясида I ва II синф HLA аллелларини аниқлашнинг иммуногенетик, цитологик ва биотехнологик платформаларини жорий этиш;
- Марказий Осиё ҳудуди антропогенетика асослари – Марказий Осиё туб аҳолиси генофондлари тузилишлари социогенетик, филогенетик ва эволюцион хусусиятларини комплекс тавсифини аниқлаш, маҳаллий аҳолини генетик-эпидемиологик текшириш ва популяция-генетик омилларнинг наслий касалликлар тарқалишидаги ролини ўрганиш.
ЎзРФА Иммунология институти билан ўзаро ҳамкорлик алоқалари ўрнатган тиббий ва илмий муассасалар:
- «Вектор» Вирусология ва биотехнология ДИМ (Новосибирск).
- Умумий патология ва патофизиология илмий-текшириш институти (Россия).
- РДИМ Иммунология институти (Россия);
- Монпелье Университети (Франция);
- Пастер институти одам генетикаси лабораторияси(Франция);
- Франциянинг Миллий музейи табиий тарихи ва илмий тадқиқотлар миллий маркази;
- Ноттингем, Глазго ва Лидс университетлари(Буюк Британия);
- Гигиена тропик тиббиёт Лондон мактаби, Сангер маркази(Буюк Британия);
- Молекуляр тиббиёт институти ва Оксфорд университети(Буюк Британия);
- Декод геном технологиялари маркази (Исландия);
- Техас Технологик университетининг саломатлик Илмий маркази(АҚШ);
- Глобал соғлиқни сақлаш ва тиббиёт миллий маркази(Япония);
- Нагоя университетининг тиббиёт лабораторияси ва мактаби.