Иван БУНИН (1870–1953) ҲАМ ҲАҚИҚАТ, ҲАМ ШЕЪРИЯТ МАЁҒИ

Рус тилидан
Вафо ФАЙЗУЛЛОҲ
таржимаси

Мусулмон Шарқи маданиятига қизиқиб, мафтун бўлган, шу жумладан, ислом фалсафасидан ўз ҳаёти учун зарур ҳикматларни ўрганган, ижодида ҳам бу ижобий таъсирини кўрсатган бошқа дин вакили бўлган мутафаккирлар, дунё адабиётининг мумтоз вакиллари оз эмас. Бунга рус халқига мансуб ижодкорларни ҳам мисол қилиб келтиришимиз мумкин. Рус насрининг карвонбошиси Лев Николаевич Толстойнинг “Ҳожимурод” асари, мусулмонга турмушга чиққан рус аёли хатига жавоблари, пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳадисларидан ўқиб, ўзига кучли таъсир қилган ўгитлардан бир китоб қилгани, шоҳ асарлари бошида Қуръондан иқтибослар келтиргани, эътиқодий тушунчаларда насронийча хурофотларни танқид қилиб, Исломни ёқлаганини буюк адибнинг мукаммал ахлоқ, чин ҳақиқат излаганидан деб биламиз.
Бунга қадар ва бундан кейин ҳам Шарқ дунёси, мусулмон оламини таниш жараёнлари ифодаси рус шоирлари ижодида кўпроқ кўзга ташланади. Маданиятимиз ва динимизга қизиқиш руслар орасида XVII–XVIII асрларда кучайган эса-да, рус адабиётининг “олтин” ва “кумуш” асри деб олқишланадиган ХIХ аср ва ХХ аср бошларида эсда қоларли мевалар берди. Бу А.Пушкин, Ю.Лермонтов, А.Фет, К.Бальмонт, И.Бунин, Н.Гумилёв, С.Есенин ва бошқаларнинг ижодида ёрқин кўзга ташланади. Лекин рус шеъриятининг ёрқин истеъдодларидан биронтаси мусулмон Шарқини, Ислом тушунчаларини, Қуръоний яшаш тарзини холис ва тўғри васф этишда Иван Алексевич Бунинга ета олганича йўқ.
Ижодини эрта, шеър ёзишдан бошлаган И.Бунин (1870, Воронеж – 1953, Париж) машҳур адиб сифатида дунёга донг таратгунича (рус мумтоз насри анъаналарини изчил ривожлантиргани учун 1933 йили Нобель мукофоти соҳиби), аввало, етук шоир сифатида танилган. Аммо бу жараён ҳам бошқаларга қараганда анча кеч, ўттиз ёшидан ўтгандан кейин юз беради. У иккинчи китоби “Хазонрезги” шеърлар тўплами учун 1903 йили Пушкин мукофотига лойиқ кўрилади. 1909 йил яна “Танланган асарлар”и учинчи ва тўртинчи жилдидан ўрин олган шеърлари муносабати билан Пушкин мукофотини иккинчи марта қўлга киритган ўттиз тўққиз ёшли шоир, шу йили нафис адабиёт йўналиши бўйича Санкт-Петербург университетининг фахрий академиклигига ҳам сайланади. 17 ёшида матбуотда биринчи чиққан “С.Я.Надсон қабри устида” шеъридаёқ ҳаётнинг маънисини излашга, ундан ҳикмат топишга мойил навқирон шоир ўттиз ёшидан ўтиб бир ҳақиқий ва туганмас маънавий хазинанинг устидан чиқди. Бу хазинадан баҳрамандлик эса уни ҳақиқий ҳикматга ошно этди, етук шоир сифатида рус шеъриятида янги тушунча ва қарашларнинг кашшофи ўлароқ танилишига, оммалашишига ҳам йўл очди. У 1902 йилда А.Николаев таржимасида Қуръони каримнинг русча таржимасини илк бора ўқиб чиқади. 1903 йилда у биринчи марта Усмонли империясининг пойтахти Истанбулда бўлди. Унда мусулмон тарихий обидалари, асори-атиқалари, маданий ёдгорликлари жуда кучли ижобий таассурот қолдирди. Рафиқаси Муромцеванинг кундаликларида қайд қилинганидек, “У Исломга ғарқ бўлди”. Шундан бошлаб унинг Яқин Шарқ мамлакатлари, Туркия (бугунги номи), Италия, Юнонистон, Болқон, Фаластин, Жазоир, Тунис, Сурия (бу ўлкаларнинг кўпи ё катта қисми ўшанда Усмонлилар империяси ҳудудига кирган ), Миср ва Цейлонга сафар ва саёҳатлари бошланди. Гоҳ қисқа, гоҳ бир қадар узун 1903, 1907 ва 1908, 1910 ва 1911 йилларда Шарқни, кўпроқ ундаги мусулмон юртлари: қишлоғу шаҳарлари, водий ва саҳроларида кезган Бунин орада Европада ҳам бўлган, бироқ унинг дунёқарашида Шарқда кўрганлари, Шарқдан ўрганганлари илҳом манбаи бўлганини ижоди билан танишган ўқувчи пайқамасдан қолмайди. Шоирнинг Шарққа қизиқиши ва мафтунлиги, ҳаяжон ва ҳайратда бошқаларникидан кескин фарқ қилади. Иван Бунин табиатнинг куйчиси бўлгани шубҳасиз. Шу жиҳатдан Шарқ табиати тараннуми ҳам унинг шеърларида оз эмас. Аммо унинг Шарққа, хоссатан, мусулмон Шарқига эҳтироми асосида, бу юртларнинг ўзига хос экзотикасига маҳлиёлик ётмасдан, балки Шарқнинг қалби, руҳониятини тиклаб турган ақидаларига қизиқиш ва ўзлаштириш, Шарқ кишисининг ҳаёт тарзи нимага, қандай ҳақиқатга асосланганидан ҳайратланишлар мужассамдир. Унинг мусулмон заминларига меҳри ва ихлосини ошириб борган нарса кишиларнинг эътиқоди, ҳусни хулқи бўлган. Бунда у Европа билан Осиёни бир-бирига солиштириб, асл ҳаёт тарзини англаб етади. Бунин ёзади: “Худо, дин тушунчаси Европада аллақачон гумдон бўлган. Биз ўзимизнинг тирикчиликка оввора-ю очофатлигимиз билан ҳаёт ва ўлимга жуда совуққон бўлиб қолганмиз. Ундан қўрққанимизда ҳам бу ҳаддан ташқари хурофотга берилганимиз ёки фақат ҳайвоний сезимимизга таянишимиздандир”. Унинг сафар жомадонида доимо 1901 йил нашр этилган А.Николаев ўгирган Қуръони карим русча таржимаси бўлар, буюк китобдаги низомларнинг ҳаётдаги инъикоси унинг динимизга нисбатан муҳаббатини фақат кучайтиради. Муромцеванинг кундаликларидаги мана бу хулоса муболаға эмас: “Константинополда Ислом Буниннинг қалбига кирди”. Санкт-Петербург билан Истанбулнинг ораси ўша вақт шароитида оз йўл бўлмаган. Лекин шу олти-етти йил орасида у Истанбулда ўн уч марта бўлади, гоҳ ҳафталаб, ойлаб қолиб кетади. Бунин ёзади: “Менда бундай теран кўриш ва кузатиш қуввати ҳеч қачон бўлмаган эди”. Рафақасининг назарида Буниннинг бегона дин, бегона маданият, бегона тил марказига ихлоси жуда ҳайратланарли эди. “У Истанбулни Москвадан кам билмас эди” (Муромцеванинг кундаликларидан). У мусулмон Шарқининг ўзида бўлиб ўрганиши асносида европаликларнинг мусулмон оламига нисбатан жуда кўп баҳолари ғаразли ва адолатсиз, ёлғондан иборат эканлигини англаб етади. Шарқни ўз кўзи билан кўриб, чин манбаларни ўқиб ва уқиб кашф қилган Бунин ҳар бир мулоҳазасида энди ўзиникигагина таянадиган бўлди. Масалан, Истанбулдаги Оё София ибодатхонасини мусулмонлар жомеъ масжиди қилганини насронийлар қоралашига у қўшилмайди. Бунин ёзади: “Насронийлик тарихида шармандали, қора саҳифалар етарли. Европанинг Шарқни варварликда айблаши холис бўлмасдан, бу айбловни унинг ўзига қарши қўлласа ҳам бўлаверади”.
Агар Бунин ижодининг биринчи даврида ёзилган Шарққа бағишланган, хусусан, орасида “араб туркуми” деб ном олган шеърлари бўлмаганда вақтлар ўтиб, унинг бу таассурот ва тушунчалари унутилиб кетар эди. У 1903 йилиёқ “Кавсар”, “Қадр туни”, “Каъбанинг қора тоши” каби исломий руҳдаги шеърлар ёза бошлайди, “Знание” нашриёти ўша йилларда нашр этган “Танланган асарлар”ининг учинчи жилдида 12 та шундай шеър “Ислом”  деган умумий номда биринчи марта ёруғлик юзини кўради. Шундан бошлаб бу мавзу ва руҳдаги шеърлари йиллар оша кўпайиб, алоҳида тўплам қилса бўладиган ҳажмга етади ва Бунинни “Рус шеъриятида биринчи рақамли мусулмон шоир” деган рутбага муяссар этади. Булар, бизнингча, қуйидаги жиҳатлар билан характерланади:
Бунин мусулмон Шарқига маданият сифатидагина қарамаган, балки Исломни Шарқ дунёсини бутунлай ўзгартириб, комил бир жамиятга етаклаган чин дин деб билган, Қуръон Оллоҳнинг каломи, Муҳаммад алайҳиссалом эса уни етказган пайғамбар эканлигини чинакамига англаб етган биринчи рус шоири эди. Шунинг учун у қатор шеърлари бошига Қуръондан ўзгартирмай иқтибослар келтирар, булар Оллоҳ амрлари ёки Қуръонда келган пайғамбарлар қиссаларидан олинган бўлиб, шеърни ҳам шу асл манбалар асосида битарди. Унинг бундай шеърлари, масалан, Пушкиннинг “Подражания Корану” туркумидан ҳам фарқ қилади. Пушкин ҳам Қуръони карим таржимасини ўқиб, кучли таъсирланган эди. Лекин Александр Сергеевич арабчадан французчага, ундан русчага ўгирилган Қуръон билан танишган, таржимадаги янглишувми ёки муқаддас китоб амр ва ривоятларига эркин ёндошув боисми гоҳ ифодалар бошқачароқлиги учрайди, қиссаларда ўзгартиришлар ёки икки воқеадан бир нарса ҳосил қилиши кузатилади. Демакки, Пушкин Қуръон амрларини диннинг амри деб қарамаган кўринади. Қиссаларга ҳам худди адабиёт намунасидек ижодий ёндашаверган. Қисқача айтганда, А.Пушкинни Ислом бир маданият сифатида эътиборини тортган, ҳайратлантирган. Шу маънода унинг Ислом ёки Муҳаммад алайҳиссалом ҳақидаги фикрлари жуда шахсий ва мусулмон киши учун эътиборсиздир. Масалан, у ўзининг Россия жанубига сургунини Муҳаммад алайҳиссаломнинг Маккадан Мадинага ҳижрат қилганларига ўхшатади… Ёки Ф.Достоевский ўйлаганлари бундан ҳам ножоиз. Достоевский ўзининг эпилепсия хасталигини… Пайғамбаримизга илоҳий ваҳий келиш пайтидаги фавқулодда ҳолатга менгзайди. Бунин эса Исломни комил дин, етук маънавий низом эканлигини тушуниб етган, Ислом маданияти асосини шунда кўрган эди. Шунинг учун у ижодининг иккинчи ярмида бу мавзуга қайтмаган эса-да, Исломга эҳтиромини, Муҳаммад алайҳиссалом шахсига дўстона муносабатини ўзгартирмайди ва яҳудий, насроний ва ислом динларининг асоси бир деган ақидада яшаб ўтади.
Рус ёки европалик ижодкорларнинг аксарияти Шарқнинг нафосатига, мусулмон юртлари, халқи гўзаллигига мафтун бўлиб, ёзганларида эътибор шунга қаратилган. Бунинда бу эстетик завқ қараш асносида ҳам этик-ахлоқий жиҳат асосий ўрин тутган. Шарқ кишисининг олами, ҳусни хулқ, иймоний яшаш тарзи Буниннинг ихлосига сазовор бўлган. У шу маънода Муслиҳиддин Саъдий каби Шарқ мутафаккирлари ҳикматларидан тўйинган, уларни ўзига устоз деб билган. Саъдийнинг насиҳатомуз ўгитларидан бевосита шеърларида фойдаланган ҳам. Демакки, рус ва Европа шеъриятида кузатилмаган адабий-маърифий ҳодиса Бунин шеърларида кўз очди, унинг ижодида қутлуғ бир саҳифа бўлди. Буниндаги мусулмон Шарқи маънавий қарашларига холислик, сарчашмаларимизни соф ҳолда қадрлаши, дунёдаги энг комил маданий тараққиётга муҳаббат қўйгани: ҳам шеърият, ҳам ҳақиқат маёғи сифатида ўлмас аҳамиятга эгадир.

Таржимон

КАВСАР

Бунда охиратнинг диёри. Шўрхок саҳро
Юзлаб чақирим, йўқдай соҳили мутлоқ.
Зумраддай феруза – сувлари аммо,
Ипакдай оқ қорлари қордан-да оппоқ.
Қум барханларида кўкаради явшанлар фақат,
Оллоҳ ўстиради, ризқин теради отар.
Бу ерларда осмон ҳаддан ложувард,
Офтоб – жаҳаннамнинг олови, Сақар.
Жазирама, сароб ярқирайди ойнадай
Жами дунё ботган бир буюк тушга.
Чеки йўқ шуълаларга ер қапишиб йиғлагай,
Қалби жаннат боғига кетган шодланишларга.
Туманлар ортидаги Равзада шаффоф бир жом,
Дарёларнинг онаси, мавжланиб ётар Кавсар.
Бор юрту элатларга бағрида етган ором.
Иймон келтир, сабр ила ибодат қил, биродар.

ЛАЙЛАТ УЛ-ҚАДР

Бу тунда Роббилари изни ила фаришталар
ва Руҳ (Жаброил) барча ишлар учун
(кўкдан) туширилади.
Қуръони карим, “Қадр” сураси, 4-оят.

Қадр туни. Кўклар яқинлашиб, ер-ла якдил бўлишар,
Мўминларнинг дасторлари эса кўкка етади ўсиб.
Муаззин, азон чақир! Ҳали жилоланар харсангли музлар,
Бироқ тор дара, водийларда юрар зулмат совуғи ҳам пусиб.

Қадр туни. Қоп-қоронғи қояларни ёқалаганча ҳали
Оқ булутлар қават-қават тушиб келишар зебо.
Муаззин, азон чақир! Улуғ аршнинг олдида, келган гали
Кўпириб мавжланади. Айқирар олмос Дарё.

Жаброил – Руҳ ул-Қуддус сездирмай, билдирмай ҳеч
Ухлаётган дунёни кезиб юрар. Ёрлақагин, Ас-Салом,
Қутлуғлиги тилсим сафардаги зиёратчини бу кеч,
Ҳам муҳаббат ва омонлик тунингни ерга эт инъом!

ИБЛИСНИНГ ОЛЛОҲГА ИСЁНИ

Эсла, фаришталарга: “Одамга сажда қилинглар”
деганимизни. Бас, сажда қилдилар, магар иблис бош
тортди, мутакаббирлик қилди ва кофирлардан бўлди.
Қуръони карим, “Бақара” сураси, 34-оят.

Мен – оловдан, забун тупроқдан – Одам,
Амр этдинг: “Одамга сен қилгин, – деб, – сажда!”
Ўтда соврилади қуруқ зайтун барглари зумда –
Шавқлиларни ожизларга “Бўйсун!” деганинг ажаб.
Бўйсунмасман асло! Қизил туғимни ҳалол
Кўтарарман баланд. Одамингнинг эса ҳолига қара:
Уни тўрт тарафдан этдим-ку қамал! Мен худди кулол,
Ул сополни куйдириб-тоблаб, чиқараман ўзгача жаранг.

МУҲАММАД (с.а.в.) ҲИЖРАТДА

Учади саҳролар кўкида руҳи
Харсангли чоҳларни субҳ оралаб
Аламдийда сўзлар жаранглар худди
Унут Ҳақнинг амрларидай чорлаб.

Қумларда ялангоёқ, порадир бағри,
Дер мук тушиб соғинч ўртагани он:
“Кимни яхши кўрсам, йироқда бари,
Биёбонда Ёдинг менгадир дармон”.

Садо берар Оллоҳ: “Ким ожиз, ҳорғин
Пайғамбар танланмоққа эмас ҳеч лойиқ”.
Ғамгин виқор билан дер Расулуллоҳ:
“Кечир, тошлар билан дардлашсам, Холиқ”.

КАЪБАНИНГ ҚОРА ТОШИ

Қачонлардир нодир харсанг бўлган ул,
Бирон-бир доғдан асар топилмас оппоқ.
Хушбахт жаннатдаги мисоли бир гул,
Баҳорда тоғ бошида қордай ярқироқ.

Жаброил бериб дарак, кекса Иброҳим
Қум барханлар аро топган уни зап.
Қисмат юзлаштирса, Каъба деворига ким,
Ул кўксида дурдай турарди порлаб.

Охирзамон яқинлашган сари, пайдар-пай
Унга дуо-муножотлар дарёдай оқиб.
Каъба юрагига чўнг дард ортмоқлагандай
Нурдан жудо – қора шуълага соҳиб.

Оллоҳ! Оллоҳ! Нодир мўъжизанг оқ дур –
Одамзод дард-гуноҳидан қорайган эрур!

ФАҚИР

Ботаётган юлдуз юксаклигича
(Унга) ҳамд айт.
Қуръони карим

Боғлар сершабнамдир, илиқ уяларида
Полапонлар ширин чуғурлаб мизғир.
Юлдузлар кетаётир – юксалтир ҳамд ила,
Гермон водийи ёришар тоғлар ортида сирли.

Сўнг эса саодатманд, сарпойчан, дўстим,
Қўлда кашкул билан дарахт соясига бор.
Дунё эриб бораётган чангдир, азизим!
Ҳақ янги кун берди, шукр қил, дил ёр!

ПАЙҒАМБАР УММАТИ

Дунёда салтанатлар, юртлар бир талай,
Қамиш гиламларни хушлар таъбимиз.
Майхоналар эмас, жомеъ чорлагай,
Офтобли ҳовлилари обод ва тамиз.

Бозорда тужжормасмиз. Этмас ҳеч ҳам шод
Мол ортиқ карвонлардан кўтарилган чанг.
Қутлуғ Дамашқ, боғ-боғчаларин, ҳайҳот,
Инглиз чақаларига муштоқ деб билманг.

Собирмиз. Бўлганидан эмас кийимлари оқ,
Оқ дубулғаларни ҳам кўрмоқ ниятимиз йўқ.
Айтган: бегоналарга тилама ёмонлик мутлоқ,
Номаҳрамга тикилиб қарама – кўзни этиб лўқ.

Унутма, мусулмонсан, салом бер ҳар чоғ,
Сарвдай адл туриб, кўзига боқ тик.
Боққин осмонларга, буқалумун бўлмагин бироқ,
Ҳар жойда ҳар нағмага қул ўйнаганидек.

ТОШКЎМИР

Муғул Темур келтирди сабий ўғлига
Ўтни гуриллатадиган лаъл ва тошкўмир.
У оқил эрди: на тошкўмир, на-да лаълга
Ўғлида талпиниш бўлмасин бўлмағур.

Темур деди: “Мубталоликдан ҳар қачон,
Билгин, ўтда куймоқ аъло, ажрат нафини”.
Лекин Худо Раҳмон зот: у болага меҳрибон –
Унинг Ўзи елпиб турди гўдак кафтини.

ҚИЁМАТ КУНИ

Олтин қалқони осиқ тахтининг тепасига,
Сурини пуфлаганда малойика Исрофил –
Чумолидай оқамиз Ҳашрга ёппасига
Ёрилган қабрлардан тизилганча муттасил.

Қалқон гувиллаб қолар – гўрдан чиқаргунг бетил,
Машҳаргоҳга Қиёмат соянг тушганда, Қаҳҳор.
Осмон қонли терининг рафторидай қип-қизил,
Кўнчи ичин ағдариб шўр сувга солган сўнгбор.

ПАРДА

Оллоҳ шундай деган: “Агар, севимли бандам,
Қуръонни душманларим ичра қилсанг қироат,
Мен ўзим орага ажаб парда ташларман мубҳам,
Хуш жаранг оятларим жоҳиллар этса ҳақорат”.

Аломат ҳислар, қанча гўзал фикрлар бошда,
Сир тутарман сиздан. Йўқдир йўлимда хатар.
Ҳеч ким кўнглим билмас, Оллоҳдан бошқа:
У Ўзи ўзининг пардаси билан бизни ажратар.

МУҲАММАД (с.а.в.) ВА САФИЯ

Чаққон турмакларкан, Сафия тонгда уйғониб
Қора сочларини оппоқ қўллари ила.
Юзин ювган ёшларни артмай дер ёниб:
“Ҳазрат, ҳамма жуҳуд дея мени турткилар”.

Муҳаммад кулимсиб, боққанча бир зум
Дер муҳаббат билан: “Айтгин, азизам:
“Иброҳим – отам менинг, Мусо – амаким,
Муҳаммад – завжам”.

ФАРЗ

Ҳар нега қодир Оллоҳ номига қасам!
Қаламга тақдир этди ёзмоқни азал.
Айтган: “Омонат бил Сўзни, эй одам,
Тил нега ваъда берса, муқаррар бажар”.
Қонун ёзиқ, қулсан қабул эт, кулма
Ё рад этгин ва ё улуғла чиндан.
Китоб кўтариб юрган эшакдай бўлма,
Фақат юк бўлмасин елкангга минган.

* * *

Ботар, сўнар кўмир чўғидай офтоб,
Кулранг саҳро. Мудрар, эгилар шу тоб
Одам бошлари. Фурсат жуда ҳам яқин:

Шамсни узатиб, шиппакларни ечадир ҳамма,
Юлдузлар остида, қош қорайган палла
Эгамга кўтарамиз намозимизни сокин.

Дашт чўпонлари биз, билардик нени!
Ўз юртимиз минораларин энди
Болалик эртакларидек эслармиз, дил – қон.

Қаййум Раббим, саҳро кўкида ёйгин
Оқшомги қора – кўкишда илоҳий ойдин
Сайёралар китоби – бизнинг Қуръонни!

Букканча тизимизни, кўзларни юмиб,
Жон тотли бир тақвога расо кўмилиб,
Юзга тортамиз салқин қумлар ёлқинин.

Муножот билан дилдан тиёлмай ёшни
Ҳузурингга забун хокисор эгамиз бошни,
Қирғоққа бош урганидек денгиз тўлқини.

* * *

Кимсасиз замин кўкида ёнар қаҳкашон,
Қутлуғ Олапар юлдузлари қўр тўккан мағрур.
Тўсиндан зулмат босар – чўғ-олов илон,
Ер қоронғилиги узра осмонни ёрадир кимдир.
Йўлчи, ҳеч қўрқмагин! Даштда мўъжизадир мўл.
Бу қуюнмас, балки жинлар ташвиш уйғотган
Фаришталар сардори, меҳрибон Оллоҳнинг қули,
Иблисларга тунлар олтин найзасин отган.

ИБРОҲИМ (а.с.)

Қоронғи тун эди бир кун саҳрода порлоқ
Юлдуз кўриб кўкда, хитоб қилди Иброҳим:
“Мана менинг Раббим!” Тун ярмида бироқ
Юлдуз ботиб кетди, энди кўролмас ҳеч ким.
Тонгга яқин эди бир кун саҳрода порлоқ
Ҳилолни кўриб, хитоб қилди Иброҳим:
“Мана менинг Раббим!” Юлдуз каби бироқ
Нури сўниб, ботиб кетди ой ҳам, топгай ким?
Эрта тонг чоғи эди бир кун саҳрода порлоқ
Қуёшга қўл узатиб шод хитоб қилди Иброҳим:
“Мана менинг Раббим”. Офтоб ҳам бироқ
Шомда ботиб кетди сирғалиб уфқ ортига жим.
Ҳақ йўлни Иброҳимга ўзи кўрсатди Оллоҳ!

КЎЗГУ

Қиш куни қош қораяр, тун чўкади хотиржам,
Кўнгилга қулар бир-бир – жилваланганлар бари.
Кўзгуда кўринганлар йўқолган – сўнгандай шам…
Ўлим ҳам худди шундай, шундайдир ўлим жари.

Лаҳад қоронғилигида фақат менинг сигарам
Ажиб чақнаб туради, чўғи қизаринқираб.
У ҳам сўнади охир, из қолдириб бирор дам
Ортидан хушбўй, укпар иси ҳам қолмас, ёраб.

Ким бу Зот, ўйнаётган? Кимнинг азиз бармоғи,
Чақнаб узуги ҳар он, симлар устида толмас?
Кўнглимни ёритганча орзу-армон чироғи,
Қабр қоронғилиғи мени ҳеч қўрқитолмас.

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:

https://jahonadabiyoti.uz/2017/11/21/%d0%b8%d0%b2%d0%b0%d0%bd-%d0%b1%d1%83%d0%bd%d0%b8%d0%bd-1870-1953-%d2%b3%d0%b0%d0%bc-%d2%b3%d0%b0%d2%9b%d0%b8%d2%9b%d0%b0%d1%82-%d2%b3%d0%b0%d0%bc-%d1%88%d0%b5%d1%8a%d1%80%d0%b8%d1%8f/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x