DO`STLARGA ULASHING:
Обидий Исмоил Элдинович (1880, Ғулжа — 1941/42, Краснояр ўлкаси) — журналист, жамоат арбоби, ўзбек даврий матбуотининг асосчиларидан бири. Ғулжадаги Россия элчихонаси ходими оиласида туғилган. Отаси вафотидан кейин 1890 йилда онаси билан бирга Қозонга кўчиб келган ва шу ердаги реал билим юртида ўқиган.
Инқилобий кайфиятдаги ёшлар гуруҳига мансуб бўлганлиги учун 1900 йилда Бишбек шаҳрига сургун қилинган. Орадан бир йил ўтгач, Петербургга бориб, ҳайкалтарошлик ва меъморлик билим юртида ўқиган (1901 — 1905). 1905 йил воқеаларида қатнашгани учун 3 йилга Туркистон (Тошкент)га сургун қилинган.
Исмоил Обидий Тошкентда ўзбек, татар ва рус маърифатпарварлари ёрдамида 1906 йил бошларида Тошкент жадидларининг «Тараққий» газетасини чиқарган. Унинг муҳаррири Исмоил Обидий тошкентлик жадидлар ўртасида «Исмоил Тараққий» номи билан машҳур бўлган. О. 1912—17 йилларда турли жойларда ишлайди. 30-йилларнинг ўрталарида А.Қодирий билан яқинлашиб, унинг «Обид кетмон» қиссасини рус тилига таржима қилади.
Ўз олдига фақат чоризмга қарши кураш вазифасини қўйган Исмоил Обидий Октябрь тўнтаришидан кейин большевиклар фойдасига хизмат қилади. Шунга қарамай, 1938 йил 13 январда эсерлар партиясининг собиқ аъзоси ва япон разведкасининг жосуси сифатида қамоққа олинади ва 1940 йил 9 февралда Краснояр ўлкасига 5 йилга сургун қилинади.
Наим Каримов.