Бу – “Зайнул-араб”, яъни “Араб зийнати” деб ном олган, тоза руҳи қора ер зулматидан само сари нурдай отилган гўзал Робия ҳамда Афросиёб ботири Бектош қиссасидир. Шунингдек, инсонлар дин учун эмас, дин инсонлар бахт-саодати учунлигининг ибратли, ҳузунли ривоятидир.
Робия гўзаллигини таъриф этишга кимнинг ҳадди сиғар экан? Ахир, у етти қават парда остида махфий эди. Отаси, Балх амири Абдуллоҳ ибн Кааб “Қизимнинг зулфининг икки толаси учун Машҳаду Балхни бахш этишга тайёрман” деди, бироқ бу сўзи билан не ишларга йўл очиб берганини ўзи билмай қолди. “Ё Аллоҳ! У қандай зулф эканки, ёруғ дунёнинг икки шаҳри тортиқ бўлиб кетса?” деб ўйлашди одамлар. Не-не шаҳриёрлар, амиру беклар уни сўраб келаверишди, бироқ Кааб қизини ҳеч қайсисига бермади. Илми борлар айтишдики, бу иш худди Парвардигор жаннатни етти қават парда остида тутганига ўхшайди, уни эса, фақат маҳрамлар кўра оладилар. Шу боис, бизлар ҳам бўлиб ўтган ишларнинг зоҳиригаю у эрка араб оҳусининг кишилар наздидаги таърифига назар ташлай оламиз, холос…
Робия қиз гулларни жуда севарди. Гуллар эса унинг гўзаллигини таъкидлаш учун яратилгандай эди. Настарин унга тонгги, бинафша тунги либос бўлишни орзуларди. Наргис – хушчоғ маҳалидаги қабоси, печакгул – рўмоли остидан бойлайдиган сочбоғи бўлгиси келар, қора тун унинг бурқаъси, тун бағридаги юлдузлар бир нигоҳининг мазмунини ифодалашни орзу қилишарди. Бол унинг сўзларининг таъмини ўзига сингдириб олишни хоҳларди. Камон унинг қоши олдида арзимас бир нарсаман деб ўйласа, қалдирғоч ўз қанотига қараб, Каабнинг қизи олдида мен ҳеч нима эмасман деб изтироб чекарди. Киприги олдида Дамашқ ханжари оддий тикандай бўлиб қоларди. Тонгги ёки тунги сабо унинг нафасига, мусаффо тоғ жилғаларининг жилдираши эса кулишига тақлид қиларди. Ахир, ўзи ҳам ўзига боқиб “Субҳ шаббодасида кийикдан олинадиган ёқимли нофа мушкидан асар ҳам йўқ эди, жаҳон нима сабабдан мушк бўйини олди?” деб ҳайратланмадими?
Араб шоирларидан бири дебдики, Кааб сулоласи бир денгиз эди, тақдир ундан бир қанча жавоҳирларни соҳилга улоқтириб юборди. Инсоният осмонига Робия бинти Каабни Зуҳал қилиб қадаб қўйди. У шундай юлдузки, чақнаганида бошқа юлдузлар уятдан бўзаргайлар. Сен уни узоқдан кўриб Зуҳал демоқдасан, моҳиятига етсайдинг, балки Коинот дер эдинг! У фалакнинг шундай жавоҳирларига етиб бордики, арабу ажам эркаклари заковатда ва фасоҳатда унга яқин ҳам кела олишмади, Робия бинти Кааб уларнинг барчасининг устидан кулиб кетди. Улар эса бундан саодатманд бўлдилар, чунки шоир айтганидай, “Мен бу ҳолдан бахтиёрман, чунки шоҳ назарига тушдим”.
Ҳинду Рум ошпазлари, Дамашқу Шероз қандолатчилари, Хуросон шарбатчилари унга ўз санъатларини кўрсатгиси келарди. Чўмилгиси келса ҳовузига сут қуйиларди, ширинлик егиси келса мураббо ирмоғи оқизиларди. Отаси “Қизим ёз жазирамасида муздай шарбат ичсин” дея атай “яхчол” дейиладиган музхона қурдирди, у шундай эдики, кунга терс бир жойга ертўла қазилиб, остига қамиш босилиб сувалгач, қишда сув тўлдириб музлатилиб, усти ёпиб қўйиларди. Терскай бўлгани учун муз ёзда ҳам эримасди. Ўнлаб жориялар амир қизининг хизматига шай эдилар. Гўзаллигидан ташқари, отда ёки араблар “талиқ” деб атайдиган уруш туясида жанг қилишни, ёй тортиш, қилич чопиш ҳунарларини ҳам ўрганди. Шиддати шунчалар эдики, шунқор парвозию энг тезчопар отларнинг елиши ғайрати қаршисида ожиз эди.
Шундай малак эди Робия бинти Кааб.
У ўн бир ёшидан ғазал бита бошлади. Гўзалликларни кўра-кўра улғаяётган нозик қалб уларни дунёга янада жилолантириб, ўз чиройига тўйинтириб ҳадя этмоқ истарди. Шу боисмикин, жаҳон мушк бўйини олиб Аржанги Моно, яъни Моний нақши бўлди, кўкдаги булут ердаги гулнинг рангини Лайли либосига ўхшатиб кўз ёш тўкди? Урушларда чиниққан, кофирлару мардудлар қонини селдай оқизган жасур Кааб у ғазалларни қизчасини қучоқлаб, бошини бошига қўйиб биргалашиб ўқир, ўқиган чоғида кўзлари севинчу шукронадан намланиб ҳам оларди.
Қизи битган ғазалларни Хуросоннинг машҳур шоири Абу Абдуллоҳ Рудакий ихтиёрига ҳавола қилишга ундаган ҳам оталикнинг буюк меҳри бўлса ажабмас. Чунки таъкидланганидек, қизлару аёллар – эркаклар ор-номусининг тимсоли, бениҳоя қийматли жавоҳирлардир, шу сабабдан уларнинг борлиғию ҳатто овози ҳам махфий тутилади. Робиянинг гуллару боғу бўстонлар ҳақидаги байтлари кекса шоирни шунчалар ҳайратга солардики, ўқиб бўлиб, ҳайрату мақтов тўла мактубларини Балхга йўллар, улар етиб келиб, амир Кааб дил бўстонини чаман қилиб яшнатарди.
Абдуллоҳ ибн Кааб Балху Қаздорда шундай тартиб жорий қилдики, мамлакатда бўрию қўй, арслону той ёнма-ён, бехавотир яшар эдилар. Ҳар ишда адолат жорий бўлсин деб шайхулислом билан бирга бозорларни айланар, нарх-навони сўраб-суриштирар, инсофсизлик қилганларга жазо тайинлар, одиллиги боис ўлка гуллаб-яшнарди. Кишилар амир Кааб ҳаққига тинмай дуо қилишарди.
Аммо чархи кажрафтор қалами само лавҳул-маҳфузига не ишларни ёзганини ким билибди, дейсиз? Саодатли кунларнинг бирида ажал ёйчиси Каабнинг жон қушини аниқ уриб олди. Ҳеч ким у онни ортга сура олмади. Амирнинг қуёшдай боши салтанат осмонидан қуйига думалаб кетди. Жони чиқишини билгач, – зеро, шоир айтгани каби, “Нега келди, нега кетди, билмаслар…” – суюкли фарзанди Ҳорисни чорлаб, “Эй жонимнинг парчаси, кўзимнинг оқу қораси ўғлим! Синглингни сенга омонат топширдим. Уни не-не киборлар, неча беклар, амирлар, шаҳриёрлар сўраб бош уриб келишди, лекин мен бермадим. Сен бер, тенгини топиб узат”, деди.
Бу сўзни айтгач, деди:
Камони Ҳақни тортгувчи башар йўқ,
Нечун келгай, нечун кетгай, хабар йўқ.
Нечун келгай, буни ҳеч кимса билмас,
Нечун кетгай, дағи билгувчи бўлмас..
Шундай деб, ажал элчилари қаршисида зор-зор йиғлаб ўлим рукуъсига кетди, уни юборган Аллоҳу акбарга таслимият саждасини адо этди ҳамда мўминликнинг оқ либосига ўралиб, кўзининг оқу қораси ила абадиян видолашди.
Кааб тупроққа берилганида Робиянинг оҳу зори кўкларга сиғмади. Ота меҳри қанчалар кўкларни тўлдиргувчи эса, қиз меҳри ҳам у само остидаги денгиздай эди. “Жонимнинг Каъбаси отам” дея ўзини ўтга-чўққа урди. Шум ажалнинг қилмишларига ким кўникибдики, Робия кўниксин? Бироқ, Тангри таоло иродасига тан бериб, азиз қиблагоҳининг қуёш чеҳрасини соғина-соғина яшайверди.
Кунларнинг бирида тақдир қуши бу сулола бошига келиб қаттиқ қичқирди ҳамда қанотини улар узра ёйиб, не машъум ишларга рўпара қилди.
* * *
Абдуллоҳ ибн Кааб Ҳақ раҳматига қовушганидан сўнг, шоҳ Наср ибн Аҳмад салтанат равнақи учун қилган хизматлари юзасидан Каабнинг ўғли Ҳорисни Балх амири этиб тайинлади. Салтанат тожи энди ўғил бошида порлади, амирлару лашкарбошилар унинг айтган сўзини қулоқ қоқмай адо этишга байъат қилишди.
Абдуллоҳ ибн Кааб ўғлининг олим бўлишини истарди. Бироқ, Ҳориснинг ғайрати ҳамда ўзғирлигига илм озлик қиларди, у ғалаба қозонишни, шиддатли урушлар гирдобида оқишни ва у ердан ғолибу фотиҳ бўлиб чиқишни орзуларди. Сабаби: у ёшлигида заифгина, юзида тиртиғи бор болакай бўлиб, тенгдошлари уни кучсизлиги боис масхаралаб юришарди. Ҳар масхараланганида уйига қайтиб, боғ четидаги ҳаммомга кириб яшириниб олар, у ерда маломатдан эзилиб юм-юм йиғлар, қиздирилгану эндиликда совий бошлаган ҳаммом ҳарорати ва ислари аро қаҳру ғазабда лов-лов ёниб ўтли қасамлар ичар, сўнг ўзига келиб қайтиб чиқарди. Келажакда енгилмас ботир бўлиб етишишни, ўзининг куч-қудратини ўзгаларга шу тариқа кўрсатиб қўйишни орзуларди. Мадраса таҳсили кўп давом этмади, Кааб ўғлини лашкарбошилар орасига қўшди.
Ҳорис лашкарга қўшилган маҳалда гоҳ у ерда, гоҳ бу ерда исёнлар содир бўлар, жанговар бўлуклар бўйсунмас элатларни бўйсундириш, уларни исломга қайтариш ниятида йўлга отланишарди. Илм оқиллар учундир, тоғу тошларнинг жоҳил кишиларини ваъзу насиҳат ила йўлга солиб бўлармиди? Шу сабаб кўп ишлар тиғ ва ўлим қўрқинчи орасида содир бўларди. Дунёга ислом дини келганига бор-йўғи бир неча аср бўлган, оддий кишилар унинг ҳақиқатини англаёлмай, яширинча тоғу тошлардаги махфий ибодатхоналарига чиқиб олов ёқиб, ўз эътиқодларида давом этишар, ўлимдан қўрқишгани боис, ўзга динни қабул қилишганини, қалбларида эса ўз динларига содиқ қолишганини айтиб, санамлари қаршисида ялиниб-ёлвориб тавба қилишарди. Шундай бўлса-да, кичик урушларни ҳисобга олмаса, мамлакатларни қамраб олгувчи ва ёшу қари хонумонини бирдай куйдирувчи улкан урушлар содир бўлмас, бу ҳам шоҳ Наср ибн Аҳмаднинг ҳамда амир Каабнинг оқиллиги боис эди.
Ҳорис ибн Кааб тахтга ўтириш маросимида катта базм тўплади. Ҳурмат-эътиборга сазовор аъёнлар, олимлару шоирлар, лашкарбошилар, беклару баҳодирлар, урушларда донғи чиққан ботирларнинг бари шунда эдилар. Табриз қуробиялари, Машҳад ҳолвалари, Ҳалаб қадойифлари пайдар-пай етказиб туриларди. Чуҳралар Жаузжон, Шибирғон, Кандаҳор чоғирларини кетма-кет ташишарди. Сариқ тусли саҳбо, сутдай оқ софчаш, яшил райҳоний, майи ноб, афсар, қондай қирмизи муғона, хира тусли Кофуристон бодаси, кишмишли киштийи, ҳатто беадабларча “кишти ҳалоли” деб номланган, рангу тусидан гулобга ўхшаш Ҳирий чоғиригача олиб келинарди.
Булар қадаҳларга кетма-кет қуйиларди. Чолғучилар куйларни шундай чалишардики, кишилар ўзларини йўқотиб, қайда эканликларини унутиб қўйишарди. Уд садолари ила шундай шеърлар айтилардики, кишилар унинг сеҳрига маҳлиё бўлиб ёқа йиртишарди.
Ёт назардан узоқ бир болохонада Робия ўз энагаси билан базмни томоша қилар экан, айни чоғда қисмат ёйчиси уни ишқ ўқи билан чунон урдики, аввалги Робиянинг кулини кўкларга совуриб юборди. Ўрнида қақнусдай бўлиб, янада малоҳатли ўзга Робия яралиб чиқди.
Тангри таоло ҳар нарсанинг жуфтини мукаммал қилиб яратмадими? Бироқ бу гал тун кундузни қувалаб етмоқ истади. Ой қуёш ортидан югурди. Чолғу куй ортидан чопди. Денгиз соҳилга бош урди, соҳил эса, ихтиёрида шунча сув бўлатуриб ташналикдан фиғон чекди. Гул булбулга интилди, зеро, булбулсиз унинг умрида маъно қолмади. Робиянинг нигоҳи ўз озодлигининг қотили, тик қадли мағрур Бектошга тушди-ю, ўзини тугал унутақолди.
Айтадиларки, бу иш Робиянинг ихтиёридан ташдаги иш эди. Унинг қисмати тақдир қалами ила кўкда ёзилганди.
Ажаб, маликани ўзига ром айлаган туркий йигит ким эди?
* * *
Андхўй-у Майманадан Афросиёбгача, Чоч элларидан Ҳўқанду Марғиёнагача, ундан нари довон ортигача ёйилиб кетган ёйиқларда яшайдиган туркийлар жангу жадал усталари, ҳеч нимадан тап тортмаслигию ботирлиги билан донг таратишган эди. Айни замонда бу юракли эл орасида илму урфон юлдузлари чақнаган бўлса-да, туркий йигитларнинг илмга ҳуши йўқроқлари отамерос жанг ҳунарини танлар, отга минса, гўё у билан бирга туғилгандай қапишиб ўтирар, баъзилари эгарни айлантириб, чопа кетаётган от ёнига тушиб, ўша ҳолича камон отишарди. Бир отдан бошқа отга сакраш, ҳатто орада салт бир от эса, учинчисига сакраб ўтиш ёки ҳавода айланиб ўқ узиш уларнинг жўн ишлари эди. Шу сабабли шоҳ Наср ибн Аҳмад черикни тоғу тошларга ёйилиб кетган қабила сарбозларидан эмас, туркийлардан тузишни маъқул кўрарди. Бу аскар тезкор, шиддатли, ўзғир ҳамда чидамли эди. Салтанатда уруш чақмоғи чақнамаган кезларда черик Балх теграсига ёйилиб тин олар, ов билан машғул бўларди.
Наср ибн Аҳмаднинг юришларидан бирида Амир Кааб ҳам бор эди. Мовароуннаҳр даштларидан бирида ўқлари самони қорайтириб, қуёшни тўсувчи улуғ жанг бўлиб ўтди. Икки кеча-кундуз давом этган муҳорабада амир Кааб зафар шаробини тўла сипқориб, ғалаба бурғусини чалди ҳамда бошқа асирлар қаторида туркий беклардан бирининг ўғлини ҳам тутқун қилиб ола келди. Чаққону зийраклиги маъқул келиб, уни саройга хос қўриқчи қилиб тайинлади. Амир хизматида у ёй тортиб ўқ уриш, қилич ўйнатиш, найза отиш каби ҳунарларни ўргана-ўргана, моҳир аскар бўлиб етишди. Айни дамда фатила сочлари елкасига тушган бу кўркли йигит Ҳорис ибн Кааб ёнида май косаларини узатиб турарди.
Борлиғи ила Робия умрининг мусаффо осмонида чақмоқ чақнатган йигит мана шу Бектош эди.
Султонларни кўкдаги юлдузлар қаторидаги тахтидан улоқтириб жулдур кийимли гадойга айлантирувчи, кишилар ҳазар қиладиган муфлис гадойларни ҳеч кимнинг ақли етмас бир йўсинда етти иқлимга султон айлагувчи, наъраси кўкни бузгувчи арслонларни қуёнга, одамлар хонадонидан дон-дун ўғирлаб кун кечирувчи сичқонларни филга ҳукмдор қилгувчи эй иши номаълум фалак! Арабу форсу туркийни бир ерга келтириб, қай бири ўзининг не эканини билолмай турган маҳалида довдиратиб қўйган эй чарх! Боғу роғларни, шоҳ саройларинию фақир кулбаларини бирдай вайрон қилувчи у мудҳиш қисмат селини шу мусаффо гул-чечак бўстонига бурмасанг не бўлгай эди? Ерларнинг тубларидаги кўзсиз қуртга қадар Тангри таолонинг ризқу марҳамати етиб турган эди-ку, етти қат парда ортидаги у қандга сувни нечук юбординг? Тоза-мусаффо у замзамни қай ўзанларга бурдинг? Ишқ оташи ила кўз ёш селобини бир вужуд ичра қай тарз қон қилиб югуртирдинг? Марҳаматлару неъматлар оламида бир маромда оқаётган умр дарёсига не тўғонлар солдинг?
Ҳа, қисмат булутлари сурилиб келиб, ишқ чақмоғи ишқсиз қақроқ тупроқларни аямай қамчилади. Етилган ерларга муҳаббат ёмғири ёғди. Қақроқ ердан турфа гул-чечак униб чиқди, уларнинг рангу туси, ифори турли-туман бўлиб, баҳор ҳамда жонланишнинг ҳаётбахш манзараларини ҳосил қилди. Айтадиларки, бир малика туғилгани он Тангри таоло унинг шаҳзодасини яратмиш бўлгайдир. Робия ўзининг бемисл заковати ила ўз тақдирининг жаллодини таниди.
(Давоми бор)
2019/9
Ижтимоий тармоқларда ёйиш: