Тарихий роман
Рус тилидан
Муслимбек ЙЎЛДОШЕВ
таржимаси
ҚУВҒУВЧИЛАР
Чан-чуннинг тилмочни диққат билан эшитгани хонга маъқул келиб, уни дилдан суҳбатлашишга чорлади.
– Умр – оқар дарё. Унинг юзасида пайдо бўлган кўпиклар шитоб билан сузиб бориб, ёрилади. Лекин оқимни юзага келтираётган улар эмас. Инсон – сув юзасидаги ўша кўпикнинг ўзи.
Қариянинг гапидан хон жунжикиб кетди. “Наҳотки менинг умрим – ҳаёт дарёси юзидаги кўпик бўлса? Э, йўқ! Балки бошқа одамлар кўпикдир, аммо ҳаёт дарёси ўзанини ўзгартириб юборишга ва ҳатто тўхтатишга қодир бўлган мендай хоннинг умри ҳамманикига ўхшамайди. Бу қариянинг гаплари менга тааллуқли эмас”.
– Мен туғилиш ва ўлим сирларини билмоқчиман.
– Туғилиш ва ўлим – тонг отиши ва кун ботишининг ўзгинаси. Шу иккаласининг ўртаси – ҳаёт. Кунлар эса қисқа ёки узун бўлиши мумкин. Кунни узайтириш инсон қўлида эмас, бироқ умрини йилларга чўзиши мумкин.
– Мана шуни билмоқчиман-да! – суюниб кетди хон. – Мен абадий яшаш сирини билмоқчиман.
Қариянинг қонсиз лабларидаги истеҳзоли ва ғамгин табассум йўқолди.
– Буюк хон, умрни узайтирадиган усуллар бор, аммо абадий қиладигани йўқ, – Чан-чун хондан узр сўрагандек қўлларини икки тарафга ёзди.
Хон ўзини алдангандай ҳис қилди. Ажин тушган, дағаллашган қўлларига тикилиб узоқ ўтирди. Яралганидан бери ҳеч қайси инсонга берилмаган абадий яшаш сирини қўлга киритолмаганига ишонгиси келмасди. Бир куни қартайиб ўлишини ўйлаб, эти сесканди, гўё ажал чодир остонасида тургандек, қўрқувга тушди. Шу тобда донишманд қарияни чақиртирганига пушаймон бўлди: ҳақиқатни билгандан кўра, билмагани яхшироқ эди. Нима учун осмон унга адолатсизлик қиляпти? Нега ҳамма нарсани мўл қилиб берди-ю, умрга келганда қисади?
Бу фикрларини қийинчилик билан нари сурди-да, мулойимлик билан деди:
– Йўлда чарчагансан. Бориб дамингни ол.
Қария кетгач, хон ўрнидан туриб чодир ичида тез-тез юра бошлади. Оёқ остига тўшалган қалин намат устида қадам товуши чиқмас, шунданми гўё ўзини жисмсиз шарпадек сезди. Тўсатдан тўхтаб, ўйлай бошлади: “Тўйдан олдин ноғора чалмаяпманми? Бўйнимга қанға урилган кунларда шундай мартабага эришишни ўйлаганмидим? Қудратли душманларимни таслим қилиб, ер юзининг ярмини отим туёқлари остига ташладим… Наҳотки, ақлим ва иродам билан ўлим хавфини енга олмасам? Қариянинг айтишича, инсон ўз умрини узайтириши мумкин экан. Демак, мен ҳам улусим ҳудудини чексиз кенгликлар томон суриб боргандай, умрим сарҳадларини ҳам шунчалик узоқлаштира олишим аниқ”.
Боягина сўлган умидлар ўрнини бошқа бир мўъжизавий куч – ўзига бўлган ишонч эгаллади. Ишонч ҳеч қачон панд бермаган.
Хон Самарқанд томон бораркан, аксар ҳолларда тўғри йўлдан чекинар, мағлубиятни тан олмай, у ер-бу ерларда кичик қўзғолонлар қилган сартовулларни итоатга келтириш билан банд бўлар, шу билан баробар, Чен-чуннинг суҳбатига ҳам кўп вақт ажратарди. Дао таълимоти хулосаларига кўра, узоқ яшамоқчи бўлган одам, иложи борича, ўз зиммасига камроқ ташвиш ортиши, умрини хотиржамлик ичра ўтказиши керак экан. Булар хон қарашларига тўғри келмагани учун тезгина рад этди. Қариядаги ички эркинлик, ҳақгўйлик, энг қийин мавзуларни гапираётганида ҳам ўзини енгил тутиши хонга хуш ёқарди. У донишманд чол билан суҳбатлашганда ичдан роҳатланар, яқинларининг сўзсиз итоаткорликларидан чарчаган қалби ором топарди. Бироқ қария тез орада бу ердаги гавжумлик ва қўшиннинг шовқин-сурони руҳига азоб бераётганидан нолиб, сукунат ва жимликни соғинганини билдирди. Яна сал ўтмай, кетишга ижозат сўради. Лекин хон уни турли баҳоналар билан бир неча ой ёнида олиб юрди. Умуман жавоб бермаслиги ҳам мумкин эди. Аммо инсон қалбини забт этиш – мустаҳкам қалъани қўлга киритишдан ҳам мушкул.
Хон Чан-чун билан хайрлашди, Бовурчига ҳам жавоб бериб юборди. Ёлғизлик совуғи тобора унинг қалбини музлатиб борарди. У энди мусулмон уламоларини чақириб келишларини буюрди. Уларнинг эътиқод кучи ва қудратини билмоқчи бўлди. Соқолига энди оқ оралаган қозини олиб келишди. Қозининг ёши улуғ эмаслиги ва жимжимадор гапириши хоннинг ғашига тегди.
– Барча иймонлилар – Оллоҳнинг қули ва ҳақ йўлини очиб берган пайғамбарга эргашганлар. Яратганнинг нури тажаллийси ила пайғамбар жаҳолат зулматини ёриб ташлади. Нурга интилган одам бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам саодат топади, зулматда юрган одам унинг қўйнига сингиб йўқ бўлади.
– Пайғамбар сизларга қандай ўгитлар қолдирган?
– Муҳаммад пайғамбар кўрсатмаларига амал қилган мусулмонлар, меҳнати, савдо-сотиғи билан топган неъматларининг тўртдан бирини муҳтожларга бериши лозим. Чунки… – Қози бироз саросималанди. – Чунки бадавлат одам бошқаларнинг ҳисобига бойиётган бўлади. Шунинг учун ҳам мол-мулкини муҳтожликда кун кўраётганлар билан бўлишиши керак.
Хон қозининг сўзларидаги яширин маъноларни илиб олди-да, қошларини кериб деди:
– Мақтовга сазовор қоида экан. Қўшнимнинг тўртта отини тортиб олиб, учтасини ўзимга олиб қоламан, биттасини муҳтожроқларга бераман. Шу яхшиликми? – кулимсиради хон.
Қози эҳтиёткорлик билан гапни бошқа мавзуга бурди:
– Пайғамбар бизга бир кунда беш маҳал покланиб, ибодат қилишни буюрган…
– Мен бунинг мақсадини тушунмадим. Инсон кимнингдир кўрсатмасига қараб эмас, ўз қалби даъватига кўра ибодат қилиши керак. Эҳтиёжинг бўлса, бир кунда беш, ўн марта ибодат қил, эҳтиёжинг бўлмаса, қилмасанг ҳам бўлади.
– Мусулмон одам умрида ҳеч бўлмаса бир марта Маккага, пайғамбар ватанига бориб, ҳар нарсани билгувчи ва кўриб тургувчи Оллоҳга ибодат қилиб келиши шарт.
– Худо ҳамма нарсани кўриб турса, қаерда ибодат қилинса ҳам ўтавериши керак. Мен шундай ўйлайман… – Хон суҳбатдан зерикди. – Сиз ўз эътиқодларингизни ҳамманикидан устун ҳисоблайсизлар. Мен барибир тушунмадим: бу эътиқоднинг бошқалардан нимаси афзал? Шоҳларингизни дин устуни дедиларинг, у қанақасига устун бўлсин? Унақада мен барча динларнинг пешвоси эканман-да? Мен эътиқодлар ўртасида ажрим қилмайман, ўзимникини бошқаларникидан устун ҳам қўймайман. Худо хизматида турганлардан ўлпон-улуш олмайман. Биргина шу ишим учун менинг исмим бутун оламга машҳур бўлади. Шунақами?
Қози қўлларини қовуштирганча деди:
– Кимнинг исми шарафланиб, кимники лаънатланиши – Оллоҳгагина аён.
– Бу ҳақда сен нима дейсан?
– Раҳмдил Оллоҳим, ўзинг раҳмдилсан, мадад бер…
– Нега ғўлдирайсан? Гапир! Нима десанг ҳам сенга ҳеч нарса қилмайман – хон сўзим.
– Сенинг исмингни шарафлайдиган одам бўлмайди. Сен ўзингдан фақат қонга бурканган яйдоқ ерларни қолдиряпсан.
– Тушундим. Менинг исмим лаънатланадими?
Ғазабдан хоннинг чаккалари гупиллаб кетди. Шу ондаёқ у қозидан юзини ўгириб, иккала қўли бармоқларини санашга тушди. Кейин ўгирилиб қозининг юзига шундай тикилдики, у қўрққанидан титраб кетди.
Шундан кейин хоннинг дилдош суҳбатларга майли сўнди. Ўзининг бор вақти ва кучини қўшинига бахшида қилди.
Самарқанддан кейин у йўлини саҳрога бурди. Жўжига етиб келишни буюрди. Уни бу ерларда қолдириш ёки бирга олиб кетиш масаласини ҳал қилиши керак. Тўнғич ўғил хоннинг ҳукмини тан олмай қўйганмиш, деган гаплар унинг қулоғига бир неча марта чалинган эди…
Жўжи отасининг чақириғига етиб келмади. Ўрнига туҳфа сифатида йигирма минг сара қипчоқ отидан жўнатибди. Чопар орқали бериб юборган қисқагина мактубида бетоб эканини, шунинг учун ҳам отасини ўз юртига кузатиб қўя олмаслигини айтибди. Жўжининг чопари ўқчи Тойчи-Қурининг ўғли эди.
– Ўғлимнинг бетоблиги ростми? – сўради хон.
– Улуғ хон, Жўжининг гаплари ростлигига шубҳа қилиб бўладими? – Судуй соддаларча жилмайди.
Аммо хонга унинг жавоби қўпол, жилмайиши муғамбирона туюлди. Бирдан бу маслаҳатчини калтаклатиб, ақлини киритиб қўйгани эсига тушди. Таъсир қилмаган кўринади.
– Сен энди Жўжининг ёнига қайтмайсан. Жаба ва Субутой-баҳодирларга менинг мактубимни олиб борасан ва ўзинг ҳам ўша ерда қоласан.
Судуй ёлборишга тушди:
– Мени Жўжидан айирма, буюк хон! Болаликдан бери биргамиз. Сендан ўтиниб сўрайман, буюк хон!
– Мен гапларимни икки марта қайтармайман.
Суҳбат пайтида Хулан ҳам чодирда эди. У аллақандай миш-мишлар ҳақида гап бошлаган эди, хон унинг оғзини юмди. Хулан хафа бўлиб чиқиб кетди. Шу кетганча кун охирлаганда келган Хуланнинг юзи ташвишли эди. Эрининг ёнига ўтириб, бошини елкасигача энгаштирди. У хотинининг махфий режаси – Жўжининг ўрнига ўғли Қулқонни ўтказмоқчилигини билиб юрарди. Хон ундан тисарилиб, қўполлик билан сўради:
– Сенга нима керак?
– Мен шундай гап эшитдимки, ҳатто айтишгаям тилим бормайди. Лекин…
– Ҳўкиз арава тортгандай чўзилма. Гапир!
Хулан чуқур-чуқур нафас олди-да, деди:
– Жўжи ўз яқинларига, қонхўрга айланган сендай қари чолнинг кирдикорларига чек қўйиш кераклигини айтиб юрганмиш.
У кескин ўгирилиб, хотинининг чопони ёқаларини ғижимлади-да, қаттиқ силтади – Хуланнинг боши силкиниб, тақинчоқлари жаранглаб кетди.
– Ёлғон гапирма! – янаям қаттиқроқ силтади. – Ёлғон гапирма!
Хуланнинг кўзларидан ўт чақнаб, ола-кула бўлиб кетди.
– Сен рост гапни эшитишдан қўрқасан! Лекин буни билишинг керак!
У чодирдан учиб чиқиб кетди ва сал ўтмай, бир аскарни бошлаб кирди. У остонадан кириши билан тиз чўкди. Хулан унинг орқасида қолди.
– Бу Жўжи бериб юборган отларни етаклаб келган одамларнинг бири, – Хулан жангчига энгашди. – Хон тўнғич ўғлининг саломатлигини билмоқчи.
– Осмон Жўжини асраб юрибди. Бу ерга жўнашимдан олдин уни овда кўргандим. Ҳар доимгидек ҳаммадан зўр ўқ узиб юрганди. Буюк хон, биз Жўжига ҳам сен каби хизмат қилиб юрибмиз. У адолатли…
Хон уни ортиқ эшитмади.
Ҳамма уни ташлаб кетяпти. Ҳатто ўғли ҳам. У боласини қўлларида кўтариб юрган, биринчи марта от миндирган, камондан ўқ отишни ўргатган, у учун ҳамма нарсани муҳайё қилган. Ақлини йўқотган қари чол… О, боқий осмон! Қани катталарга ҳурмат? Қани миннатдорлик? Қани виждон? Қонхўрмиш… Бу фикри бузуқ бола нега отасининг ғазабидан қўрқмайди-а?
Хулан жангчини чодирдан итариб чиқарди-да, эшик ёпинчиғини туширди.
– Унинг устига қўшин жўнатаман! – деди хон хириллаган овозда. – Арқон боғлаб олиб келишади!
– Бундай қилма! – Хулан хон олдида тиз чўкди. – Агар ўғлинг сенга қарши чиққанини одамлар билса…
– Жим бўл! Одамлар ким бўпти менга?!
У чап кўкрагини ишқалади – қафасда сиқилиб ётган юраги инграб нола қиларди. Оғриқ кучайиб бориб, томоғига бир нарса тиқилди. У нафақат гапиришга, балки нафас олишга ҳам қийналарди. Хулан буни пайқади-да, ўрнига зўрлаб ётқизди. Хон кўзларини юмди. Оғриқ аста-секин бўшашди. Энди у хотиржам хаёл сурарди. Жўжининг устига қўшин юбориб бўлмайди. Агар шу гаплар рост бўлса, уни енгиш осон бўлмайди, охиригача уришади. Жўжини кўпчилик яхши кўради. Бошқалар ҳам у тарафга қочиб ўтиши мумкин. Қўшин парчаланиб кетади. Кейин душманлар ҳам бош кўтаради. Унда ҳамма нарса қўлдан кетади. Ўз бағрида илонни катта қилибди-я. Беланчакдалигидаёқ бўғиб ташлаши керак экан.
– Яхши бўлиб қолдингми?
У кўзини очди. Хулан эрининг юзига тикилиб ўтирарди.
– Қувватдан қолаяпсан… – деди у хўрсиниб. – Сен бизга кучлилигингча кераксан. Жўжидан юз ўгир. У ҳақда ўйлама. Ижозат берсанг, унинг қайғусини мен ҳал қиламан, – аёлнинг нигоҳида нафрат акс этарди.
Хон индамади.
Қўшин қадрдон саҳро томон йўлида давом этарди. Учқур шамоллар майсаларни эгиб, бурган ҳидларини атрофга таратади. Хон эгар устида аввалгига қараганда кўпроқ энгашиб ўтирарди. Қовоғи остидан назар ташларкан, кўк кўзларида қувонч кўринмасди.
7
Ўрусий қўшин билан бўлган олишувда Судуй ҳам иштирок этди. У юз нафар навкарга бош эди. Қароргоҳга шуларнинг ярми билан қайтди. Жаба чодир ичида унинг бошидаги қалпоғини олиб юзига отди.
– Бу сенга ўтириб олиб маслаҳат бериш эмас! Бу сенга хон ўғлининг биқинига кирволиб, ялпайиб ўтириш ҳам эмас!
Судуй Жабанинг кўзига қарамасликка ҳаракат қиларди. Шу нўённи кўрарга кўзи йўқ. Мана шуни деб у Жўжини ташлаб, бу ерларда юрибди.
– Биз қўлимиздан келганича жанг қилдик. Ўрусийлар қаттиқ олишаркан.
– Агар улар темирдан бўлганида ҳам чопиб ташла ёки ўзинг ўл.
Жабанинг ёнида Субутой-баҳодир ўтирарди.
– Сен юзбоши Судуйни кўп койима, – деди у Жабага. Субутой-баҳодир шафқатсиз ва ниҳоятда камгап одам. Ундан оловдан қўрққандай қўрқишарди. Отаси ҳақида ҳам суриштирганди, эсида бор экан. Юзбоши қилган ҳам шу. – Ростдан ҳам қаттиқ уришяпсан. Ҳамёбек қўрқмас жангчилардан эди. Аммо унинг ўзи ҳам ҳалок бўлди, аскарларининг ҳам бошига етди. Биз асосий қўшиндан жуда узоқлаб кетдик. Ҳозир ҳар бир одам ғанимат.
– Тушунаман, – тўнғиллади Жаба. – Лекин алам қиляпти-да, нима қиламиз энди? Агар шунақа уришадиган бўлсак, бу ерлардан кетолмаймиз. Ўрусийларни қипчоқлар билан қирпичоқ қилишни эплолмадик. Жуда ёмон бўлди.
– Отларни тез-тез алмаштириб, ҳозир кетиш керак.
– Кетаётганимизни кўриб, изимиздан қувишади.
– Шуниси яхши-да. Нарироқ бориб, тўхтаймиз. Одамлар ҳам, отлар ҳам дам олишга улгуради.
Судуй ўз чодири яқинига келиб, отининг жиловини навкарига тутқазди. Навкарлар иссиқдан ҳолсизланиб, ерда, майсалар устида ётишарди. У чодир ичига кирган эди, ичкари шу қадар дим эдики, пашша ҳам учолмай судраларди. Белбоғини бўшатиб, чопонини, енгилгина сартовулча кўйлагини ечди, яримяланғоч бўлиб, шундоққина майсага чўзилди. Майса тикондек қаттиқ – ер эса қайноқ.
Тунда қўшинни турғазишди. Жимгина отланиб, қипчоқ даштлари орқали кунчиқарга қараб, қадрдон саҳролари томон юришди. Дашт бўйлаб икки-уч кун от чоптиришди… Йўлда қисқа пайтга тўхтаб, унча катта бўлмаган бир дарёни кечиб ўтишди-да, тошлоқ тепаликлари бор ялангликни қароргоҳ учун танлашди. Чодир тикишга рухсат берилди… Толиққан жангчилар қувониб кетди. Судуй бўлса, хавотир билан ортига қарарди: ўрусийлар келмаяптими? Судуйнинг хотиржамлиги икки кунга чўзилди, холос. Саҳро устида жилваланиб турган сароб ичидан учли дубулғалар кийган ўрусий қўшин сузиб чиқди гўё. Улар қўрқмасдан дарёни кечиб ўтиб, мўғул қўшини рўпарасида тўртта қароргоҳга жойлашишди.
Жаба ва Субутой-баҳодир ўз туманларини айланиб, кўздан кечириб чиқди. Қўшинни огоҳлантиришди: жанг оғир ва қақшатқич бўлади. Қадрдон нутуғлари томон йўл – ўрусийлар ери орқали ўтади.
Рус қўшинларининг ҳаммаси Калка дарёсини кечиб ўтдилар. Дарёнинг суви илиқ, сокин ва қирғоқлари серўт эди. Кун худди ёз жазирмаси каби иссиқ, шу сабабли чечаклару майсалар сўлиб ётарди.
Калка бўйидаги жанг русларнинг шафқатсизларча мағлуб этилиши билан якун топди…. Минглаб жангчилар қирилди. Ўнтадан биттасигина уйига қайтиб борди. Князларнинг манманликлари Рус тупроғига жуда қимматга тушди. “Ва бутун шаҳристон ва қишлоқларни йиғи-ю ингроқлар босди…”
Қадрдон нутуғларга қайтиш бир йилга чўзилиб кетди. Аскарлар ўз қуренларига отилар, хон эса уларнинг бетоқатликларини босиб турарди. У тез-тез тўхтар, шошилмасди. Орқага назар ташлаб, хаёл кўзи билан босиб олган ерларига боқарди. Ҳар сафар ниманидир охирига етказмай қайтаётгандек туюларди. Балки Жалолиддиндир, қўрқоқ шоҳнинг бу жасоратли ўғли ўз байроғи остига бўйсундирилмаган халқларни тўпламоқда. Ерга қориштирилиб, оёқости қилинган сартовуллар бошларини кўтариб, Оллоҳга қилган пинҳона дуоларида босқинчиларга ўлим тилаб ўтиргандир… Лекин хонни безовта қилаётган нарса бу эмас. Шундай бўлиши ҳам керак. Лойқаланган кўлнинг суви ҳам аста-секин тинади-ку… У Жўжининг улусидан қандайдир хабар кутарди. Аммо у ёқлардан ҳеч гап эшитилмаётгани хоннинг тинчини йўқотарди. Жўжихон сартовулларга марҳамат кўрсатиб, яхшиларини яқинига олиб, атрофига китобхонлару олимларни тўплаётганмиш. Агар у сартовуллар билан тил топишиб олса, ишнинг расвоси чиқади. “Жўжи хонликдан ажраб чиқмоқчи эмиш”, деб тарқалган гаплар исботини топмади. Жўжининг чопарлари мактублар олиб келар, ҳадялар тақдим этарди. Ҳаммаси рисоладагидек бўлса-да, хон барибир ўғлига ишонмасди. Самарқанд остонасида турганида ўғлининг устига қўшин юбормаганидан афсусда. Ўшанда уни Хулан йўлдан урганди. Қандай қилиб хотин кишининг гапига кирди экан?
Жаба билан Субутой-баҳодир қайтиб келгач, Жўжига қатъий мазмунда битилган нома жўнатди, аммо Жўжидан жавоб келмади.
Кўчманчилар ўрамларида хонни улуғвор ашулагўйлик билан қарши олишар, лекин хон мадҳиябозликларга эътибор бермас, ўғлига нисбатан йиғилиб қолган дилгирлик сабаб кўнгли ёришмасди.
Эҳтимол, энди пайқагандир: қадрдон саҳросидаги қуренлар ёшлик пайтидагидан анча ўзгариб кетибди. Одамларнинг гавжумлиги ва шовқин-сурони билан улар энди сартовул ва хитой шаҳарларига ўхшаб қолган. Ҳар қаёқдан ҳайдаб келинган қуллар темир қуйган, ёғоч ўйган, мисга гул туширган, мато тўқиган, кийим тиккан… Ўтовлар орасида ҳудди шаҳардагидек бозорчалар ғувиллаган. Бу ерда одамлар нарсаларни айрибошлаган, олтин ва кумуш сотган, саватларда мевалар ва қопларда дон-дун, марвариду турли хил қимматликдаги тошлар, ўтов наматлари, жун арқонлар билан савдо қилишарди; гўшт пиширган, нон ёпган, лағмон қайнатган, талабгорларга шароблар қуйилган; ўрамлар узра турли-туман ислар ғужғон ўйнайди; мўғул тилидан кўра кўпроқ бошқа элатлар тиллари эшитилар; сартовуллар саллалари, хитойликларнинг рўмоллари, қорахитойларнинг намат қалпоқлари кўзга ташланади… Гоҳида у бошқа ўлкаларни забт этмаган-у, улар бу саҳроларга бостириб келишгандай туюлади.
Ўрдани Тўла дарёси қирғоғига тиклашди. Қадим вақтларда Ван-хоннинг қурени шу ерда жойлашганди. Бақироқ савдогарларни ўрдадан қувдирди, жангчиларни уйларига жўнатиб юборди. Тангутлар устига юришдан олдин яхшилаб дам олишсин. Ўзи билан бир неча юз кешиктанни олиб қолди. Жанглар сурони, қўшин гувиллашларидан кейин бу сукунат ғалати туюлди. Тунлари уйқуга кетишга қийналар, жимжитликдан чарчаб кетарди.
Бўртанинг ўтовида ҳаловат топгандай бўлди. У ҳамон семиз, аммо юзлари сўлғин, ёноқлари осилиб қолган, анча қарибди. Лекин ўзи бундан хафа эмас. У хонга ҳам, болаларига ҳам, саноқсиз невараларига ҳам аввалгидан кўра кўпроқ меҳрибон. Қаерга борса, кичик неваралари унга эргашиб юришади. Кенг чопон кийгани ва оёқлари калта бўлгани учун шу кўринишида жўжаларини эргаштириб кетаётган товуққа ўхшайди. Бўртанинг унча катта бўлмаган ўтовида хон ташвишларини унутиб, ҳаловат топарди. Кечалари ўчоқ олдида ё қимиз, ё сутчой ичишар, ёшлик йилларини эслашиб, аллақачонлар бу дунёни тарк этиб кетганларни хотирлашарди. Бу суҳбатлардан хон ҳам ором олар, ҳам соғинчларга чўмарди… Кейин ўз ўтовига борганда Хулан унга аразлаб қарар, хон индамай қўя қоларди. Барибир, у буни тушунмайди. Эски қадрдонлар – эски замоннинг ўзгинаси-ку. Ёшинг ўтган сари ҳозирги кунларингдан кўра, ўтган ҳаётинг қадрлироқ бўлиб қоларкан. Бўрта – унинг ёшлиги. Шунинг учун ҳам у бошқа хотинларидан яқинроқ. Худди шунга ўхшаб, ҳамма жасур ва садоқатли нўёнлари орасида Бовурчи ва Жалма у учун қадрлилигича қолган.
Бир пайтлар у ўзига-ўзи бу иккала ўртоғини қайтиб ёнига чақирмасликка сўз берганди. Аммо Бўрта унинг бутун хотиротларини уйғотиб юборганидан сўнг, у дўстларини қидиртириб чопарлар юборди. Хон уларни ҳукмдорга ўхшаб эмас, дўст сифатида ўтов олдига чиқиб кутиб олди. Жалмани узоқ вақт кўрмаганидан, аввалига олдида Жалма эмас, кекса Жарчиўдай тургандай туюлди. Кўзларининг устигача осилиб қолган қалин қошлар, ўткир қарашлар…
Бўрта архи қуйиб узатган товоқларни учови баравар бўшатди. Суҳбат қўр олавермади. Бир-икки оғиз гапдан кейин яна сукунат чўкарди. Дўстлари ундан нимадир кутаётган, қўрқиб турганга ўхшайди. Уруш ҳақида гап очилмаслигига ҳаракат қилишаётганидан хон тушундики, улар хоннинг урушга чақириб қолишидан хавотирда. Шунинг учун ҳам дангал деди:
– Мен билан тангутлар устига борасизларми?
Бовурчи бошини сараклатди, Жалма кўзини олиб қочди.
– Чақирмаяпман, – хон жим бўлди. – Балки ўзим ҳам бормасман. Тангутларни нўёнларимнинг ўзлари ҳам тинчитади. Мен шунчаки сизларни кўргим келди. Неча йиллар бирга юрдик… Эсингдами, Бовурчи, биринчи марта қаерда учрашганимиз?
Ўртоқлар ўтган йиллар хотирасини жон деб эслаб кетишди. Гап қизиди. Хон ёшлик йиллари ўтган ерларни кўргиси келди. Ўнўн, Қурулун дарёларини, Бурхон-Холдун тоғларини соғинибди. Қанийди юлдузлар чарақлаган тунда гулхан ёқиб, дарё тўлқинларининг шалоплашига, тунги қушлар чинқириғига қулоқ тутиб ўтирса. Ҳаётнинг ўнқир-чўнқирликларида на янглишишга ва на тўхташга йўл қўймаган ички бир қудрат сарчашмалари билан танҳо қолгиси келди… У дунёда ҳеч бир ҳукмдор қила олмаган ишни қилди. Аммо бу ишнинг ярми, холос. Асосийси ҳали олдинда: у ер юзида яшаб ўтган бирорта ҳам тирик зот қилолмаган иш – умрини чексиз муддатларга узайтиришни уддалаши керак.
Ўртоқлар енгилгина тайёргарлик кўриб, жўнашди. Хон ўзи билан ўнтагина кешиктан олди, холос.
Даштга баҳор мўралаб, ҳаммаёқ гулга тўлган палла. Тепаликлар, сайҳонликлар ола-чипор безанган, от туёқлари юмшоқ майсалар устида овоз чиқармай, худди гилам устида юргандай қадам ташларди. Оппоқ қорли тоғлар, мовий осмон, беғубор кенгликлар ўзига тортиб турарди. Осмон шу қадар мовийки, унинг чексизлигини кўриб, узоқ термулишдан қўрқади одам. Ҳар ер-ҳар ерларда пода ва уюрлар кўзга ташланар, якка ўтовлар олдидаги ўчоқлардан тутун чиқар, калта ёлларини ўйнатганча чопқиллаган узуноёқ тойчалар кўзни қувнатарди. Ҳов, узоқларда жайронлар тўдаси булут соясига ўхшаб, ҳуркиганча югургилаб қолди… Чавандозларга кўзи тушган чўпонлар эса аввалги даврларга ўхшаб қочиш ёки яширинишга уринмас, хавотирли ҳеч нарса йўқ.
Ўртоқлар Чингизхон хоҳлаганидек, очиқ осмон остида тунашарди. Шундоққина оловда жайрон ёки қўзи гўштини пиширишар, ҳамма нарса у истаганидек эди. Деярли ҳаммаси… Фақат Жалма билан Бовурчи бошқача бўлиб қолибди. Уларда ёшлик пайтларида ўзи яхши кўрган баъзи бир жиҳатларини тополмади. Гулхан атрофидаги суҳбатлар бора-бора ўз ширасини йўқотди. У тез-тез ғижиниб қолар, лекин ўртоқлари кўнгилларини очишига умид қилиб, ўзини босишга уринарди. Бироқ кунлар ўтиб борса-да, ўртоқлари билан гаплари қовушмади. Сафар унга малол кела бошлади. Аксарият пайтларда қовоғини уйганча саҳро гулларининг рангин жилоларига тикилиб, соқолини кафти билан ғижимлаб ўтирар ва нима учун дўстлари узоқлашиб кетганини тушунишга уринарди.
– Жалма, бир вақтлар сенинг отангга, темирчи Жарчиўдайга, саҳрога тинчлик олиб келишга, одамларни бахтли қилишга сўз берган эдим… Чўпонларнинг ўтовларини кўрдингми? Мен сўзимнинг устидан чиқдим.
Жалма индамади. Бундан хон тушундики, у бу гапга қўшилмади.
– Шунақамасми?
– Хон, яхшиси бу ҳақда гаплашмай қўя қолайлик.
Олдинда хўмрайиб бораётган Жалма хон тарафга қарамади ҳам. Бовурчи бўлса, отдан энгашиб, оч-пушти гулли бир сиқим ўтни юлиб олди-да, бурнига тутди.
– Мана бунинг ҳидини! Кўп жойларни кезиб чиқдим-у, бунақасини бошқа ерда учратмадим. Хон, сен ҳам бунақа ўтнинг бошқа ерларда учрамаслигини пайқаганмисан?
– Мен бегона ўлкаларга ўт ҳидлагани бормаганман. Оёқ остига қарашга вақтим бўлмаган! – Бовурчи яна гапни бошқа ёққа бураётганлиги баттар хоннинг асабига тегди. Ўша-ўша қовоқ уйганича, қатъият билан яна сўради: – Ёшлигимда ўйлаган ниятимни амалга оширмадимми?
– Амалга оширдинг, хон… Қабилалар бир-бирларини қирмаяптилар, қароқчилар подани ҳайдаб кетмаяпти… – Жалма узоқда қорайиб кўринаётган ўтовга ишора қилди. – Кириб ўтармиз балки? Муздеккина қимиздан ичволардик.
Уларни бир хурпайган кучукча баралла вовуллаб кутиб олди. Ўтов ичидан титилиб кетган чориқ кийган қийшиқоёқ чол ва бир кекса аёл чиқди. Чол хонни таниб, ерга чўкка тушди, аёлини ҳам ёғ босган чопони этагидан тортқилади. Қўрқув тўла кўзларини узмаган кўйи аёл ҳам тиз чўкди.
Ҳаммаси отдан тушди. Хон оёғи чигалини ёзиб, ўтов атрофини айланиб чиқди. Сарғайиб кетган ўтов намат илвираб қолган, у ер-бу ерлари тешик. Қачонлардир ўзи ҳам шунақа ўтовда яшарди. Қимизлари йўқ экан.
– Нима еб кун кўряпсан? – сўради Жалма.
– Қурут, улуғ нўён.
Хон катта тош устига бориб ўтирди. Жалма уни қимиз ичиш учун бу ерга чақирмаганини сезди. Жим ўтириб, суҳбатни диққат билан эшитди.
– Кимнинг подасини боқасан?
– Буюк хонимизнинг укаси Тамуға-ўтчигинни.
– Ҳаётингдан хурсандмисан?
– Роҳат-фароғатдамиз, улуғ нўён.
– Болаларинг қаерда?
– Болаларимиз йўқ, улуғ нўён.
– Фарзандсиз роҳат-фароғатда яшаш мумкинми?
– Беш ўғлимиз бор эди. Энг каттаси найман урушида ўлди. Кейингиси тангут ерларида ҳалок бўлди. Иккитаси Олтин-хон юртида жон берди. Кенжамизни сартовуллар ўлдирди, – чол хонга ёвқараш қилиб, қўшиб қўйди. – Биз осмонни ранжитиб қўйган бўлсак керак.
Қўйиб берса, Жалма чол билан узоқ гаплашишга тайёр эди. Аммо хон индамай ўрнидан туриб отига ўтирди-да, кетворди. Ўртоқлари унга етиб олиш учун от чоптиришди. Хонни Жалмага қарагиси келмади. Жалма дўст эмас, йўқ дўст эмас. У нафақат бегона юртларни, балки ўз улусини ҳам вайрон этганини юзига солмоқчи… Аҳмоқ! Янги авлод улғайяпти, ахир, улар анови қулсифат қорачага ўхшамайди, аксинча мағрур, кучли. Жалма эса айбларимни кўрсатмоқчи… Мен бўлмаганимда саҳрода бундай чиройли отни елдириб юрмасдинг. Темирчилик дўконида босқон олдида қурум ва чанг ютиб ўтирган бўлардинг. Ҳозир бу ишларни сон-саноқсиз қуллар қиляпти. Жалманинг ҳам подалари бор, уларга ҳам мана шунақа чўпонлар қарайди. Унга бу моллару подачиларни ким берди? Бовурчи ҳам шундай. Отида ўтириб, гўё ҳеч нима бўлмагандай, ҳуштак чалиб кетяпти. Ҳамма нарсаларини тортиб олиб, биттадан тешик ўтов берсам!..
Йўқ, сафарлари шундай кўнгилсиз ўтади, деб ўйламаган эди. Ўтмиш сўқмоқларини ўт босиб кетибди. Ҳаёт ҳам худди жанг каби: ким атрофга алангласа, ҳалок бўлади. У фақат олдинга қараб юрди ва шунинг учун ҳам енгилишни билмади.
Орқасига қарамасдан тишлари орасидан гапирди:
– Мен ўрдамга кетдим. Сизларга ҳам жавоб.
Отига қамчи урди. Жалма билан Бовурчи тепалик устида қолди. Уларнинг орқасида эса қорачанинг сарғимтир ўтови турибди… Уларнинг қуллариниям, подалариниям олиб қўймайман, бунақа паст кетмайман. Улар шунчаки одам, бўштоб одамлар. У кўтарилиб чиққан юксакликка бошқа бирор-бир тирик зот чиқолмайди. У эса ўша баландликда ўзини сақлаб қолишнигина эмас, балки яна давом этиши, янаям юксакка кўтарилиши керак, қўл етмас жойларга қўл уриши лозим.
Ўрдага ғалати, оғир сукунат чўккан эди. Отидан тушгунича чодири атрофига хотинлари, ўғиллари, укалари тўпланишди. Ҳаммалари бошларини ғамгин эгиб туришарди. Лекин у шошилинч суриштириб ўтирмади, қўли билан ҳаммани кетидан юришга ишора қилди. У кириб наматга ўтирди. Қолганлар тик туравердилар. Шихи-Хутаг олдинроққа чиқиб, ўралган мактубни шилдиратиб очди, аммо уни ўқимай, паст овозда минғирлади:
– Ҳоқон, ўғлинг Жўжи ўлибди.
Хоннинг қўллари орасидаги қамчи қарс этди, оғриқдан бармоқлари зирқираб кетди. Юраги аллақаёқларга учиб кетгандай, таниш бўлган оғриқни туйди. Хон семиз юзларидан ёш думалаётган Билгутойни, кўзларини қисиб олган Хасар ва лабларини қаттиқ тишлаган Хуланни кўрди…
– Жўжи заҳарланган… – Шихи-Хутаг ўрдакникига ўхшаш бурнини тортиб қўйди.
Хон яна қайтиб Хуланга қаради. У кўзини олиб қочмади, балки лабларини янаям қаттиқроқ тишлади. Хоннинг нафрати ошиб кетди. “Кетинглар” деган маънода қўлини кескин силтади. Боши эгилди. Синган қамчиси тиззаларида ётарди. Дастаси илон кўринишида ясалган бўлиб, катта очилган оғзидан қамчи ўрамаси бўртиб, илоннинг нефрит қадаб ишланган думалоқ, ўлик кўзлари унга тикилиб турарди. Бу унинг яхши кўрган қамчиси эди. Илоннинг кўзлари ҳар доим яшил нур сочарди.
Қандайдир шарпадан сесканиб, бошини кўтарди. Чодир ўртасида Бўрта турарди. У бошяланг, оқариб кетган сочлари елкаларида ёйилиб ётарди. У хонга кўз узмай тикилиб турарди.
– Мана… ўлибди… – деди хон.
– Заҳарлашибди, – хирилдоқ овозда деди Бўрта.
– Балки ундаймасдир. Ахир, у касал эди-ку?
– Уни заҳарлашган.
– Бўлиши мумкин… Мен қотилни топаман!
– Қотилни қидириш керак эмас. Уни сен ўлдирдинг!
– Бўрта! – эҳтиёткорлик ва ўзини ҳимоя қилиб қўлини кўтарди хон. – Нима деётганингни биласанми?
– Умр бўйи Жўжини ёмон кўрдинг. Нима учун? Унинг юраги тош қотмагани учунми? Сенга ачинардим, кўзинг очилар деб кутдим. Уни эмас, ўз болаларининг қонини ичувчи – сен, мангустни заҳарлаш керак эди! Бўрилар ҳам хавотирли жойдан болаларини олиб кетади, полапонларини ҳимоя қиламан деб қушлар ҳалок бўлади. Сен эса осмон фаросат ато этган одам бўла туриб, ўша ваҳшийчалик ҳам, мияси йўқ паррандачалик ҳам эмассан.
– Жим бўл! – жазава аралаш бақирди хон.
Унинг бақириғига шошилиб кирган кешиктаннинг юзига хон синган қамчисини отди.
Бўрта бошини эгиб, қўлларини олдинга чўзганча чодирдан чиқиб кетди.
Хон от сўради. Ақлдан озган каби туни билан уни чоптириб юрди. Ҳолдан тойган хон тонгда қайсидир қурен яқинида отдан ағанади. Қўшинни тўплаш ва тангутлар устига юриш бошлашга фармон берди.
Сафарга жўнаш олдидан Хулан билан Қулқон унинг олдига чопиб келди. У Хуланнинг юзига боқмади ҳам.
– Бу ердан жўнаб кет ва қайтиб кўзимга кўринма!
Хоқон тангут шаҳаншоҳига нома жўнатди: “Сен, бурхон, бир пайтлар менинг ўнг қўлим бўлишни ваъда қилган эдинг. Мен сенинг гапингга ишониб, сени сартовуллар билан урушга чақирдим. Лекин сен, бурхон, нафақат қўшининг билан ёрдам бердинг, балки менга сурбетларча қўпол жавоб қайтардинг. Бошқа ишлар билан банд бўлганим учун мен сен билан бўладиган учрашувни орқага суриб келдим. Бугун осмоннинг раҳнамолигида сартовулларни бўйсундириб ва тўғри йўлга солиб, мен сенинг устингга юриш бошладим, бурхон”.
Бу юришда биринчи қўлга олинган шаҳар бир пайтлар Ван-хон бошпана ва ёрдам истаб келган Хэйшуй бўлди. Унинг пахса деворлари ортида кўпгина жангчилар ва атрофдан келиб тўпланган қишлоқлар аҳолиси жам бўлган. Ҳаммаси қурол тута олади. Улар енгилса, ўзларини нималар кутаётганини жуда яхши билганликлари учун жонларини аямай шаҳарни мудофаа қиладилар.
Куз ўтди. Қор кам, совуқдан кўра илиқ кунлари кўп бўлган ўлимтик қиш келди. Қор ёғадими, ёмғир ёғадими, хон ҳар куни от миниб, қўшинни кўздан кечирарди. У палахмонлар шовқини, ҳарбий карнайлар нағмаси, ўқлар визиллашию минглаб одамлар шовқинига қулоқ тутарди-да, яқиндагина олис ёшлик хотираларини эслаб, гулхан олдида жимгина ўтиришни орзу қилгани бўшанглик самараси эканини англади. Узоқ йиллик меҳнати ва осмоннинг иродаси билан тузилган енгилмас, чидамли, қўлдаги бармоқлари сингари итоатли қўшини – унинг жони, шодлиги ва келажаги эди. Қолган бари ҳеч нарса эмас, ҳеч қандай қийматга эга ҳам эмас.
Биринчи бор тангутлар устига юриш қилганида хон жангчилари юрагига йўл топганди. Чжунсинни қамал қилганида эса ўз кучига ишонч пайдо бўлди. Кейин Олтин-хонни мағлуб этди, сартовулларни бўйсундирди. Мана, яна тангутлар ерида турибди. Ҳаёт бир айланиб келибди, лекин бу ниҳоя эмас. Бу янги айлананинг боши. Ва унинг мана шу тангутлар еридан бошланиши хонни севинтирарди. Бунда у осмон ҳайрихоҳлигини кўрар ва хоҳлаган ишини қила олишига ишонарди.
Хоннинг амрига кўра, Чу-цай сартовуллар ва хитойликлар орасидан олимларини, ўқимишлиларини тўплади. Улар ўзларига маълум бўлган ерларнинг чизмасини ишлашди. Қўли гул тикувчилар бу суратни шоҳи матога кўчириб, тоғлар ва текисликларни, дарё ва денгизларни, ўрмон ва саҳроларни ҳар хил ипларда акс эттирдилар. У ёлғиз қолган кезларда бу мато харитага узоқ тикилиб ўтирар, ҳали мўғул отларининг туёғи тегмаган жойлар кўплигидан хурсанд бўларди.
Хэйшуй баҳорда таслим бўлди. Жазирама иссиқдан чўчиган хон ёзни ўтказиш учун тоғларга кўчди. Саҳронинг лақиллаган ҳарорат тафти тоғларгача етиб борар, ўтларни сарғайтириб, бута япроқларини бужмайтириб ташларди. Иссиқ ва бекорчилик хонни оғирлаштирар, мириқиб ухлолмас, кам уйқу бўлиб қолган, балки шунинг учун ҳам жаҳлдор бўлиб қолганидан ўғилларию нўёнлари унинг ҳузурига киришдан қўрқардилар. Эндигина ўзига ишонч, бу ҳаётдаги ўрни ва қилиши керак бўлган ишларига қониқиш ҳиссини қўлга киритганида, уни шубҳалар кемира бошлади. Диққинафас тунларда уйқуси қочган хон ўрамни тарк этиб, тоққа кўтарилар, тиз чўкиб олиб осмонга юзланарди-да, секин сўрарди:
– Наҳотки, менинг кетишим ҳам бошқаларникига ўхшаса?
Осмонда каттакон юлдузлар порлар, тошлардан ҳарорат кўтариларди. Атроф жим-жит. У бошини қуйи солганча, хаёлан Сача-Беки, Ўлтон, Ван-хон, Жамуха, Теб-тангриларни кўз олдига келтирди. Ҳаммаси ўлиб кетди. Жангда биринчи бўлиб ожизлар қурбон бўлади. Наҳотки, мен ҳам мангулик олдида журъатсизлик қилаётган бўлсам? Наҳот, ҳаммани енгиб, охир-оқибат ўзим ҳам мағлуб бўлсам? Наҳот, ўлим мени четлаб ўтмаса?
Ҳарорат пасайиши билан тангутлар пойтахти Чжунсинга қараб юрилди. Мўғуллар йўлида учраган шаҳару қишлоқларни шафқатсизларча вайрон қилишар, ортларидан ҳаробалару ўлик тепалар қолдириб кетишарди. Чжунсинни қамал қилгач, у ерга ўғилларини бош қилиб қолдирди-да, ўзи бир қисм қўшинни олиб, тангут вилоятларини талашга кетди. Уни қандайдир безовталик мудом қувғинга солар, тин олишга бермасди. Фаросат, ирода, куч-қувват талаб этадиган жангларда у ўзини тамом унутарди. Шачжоу яқинига тангутлар жуда катта куч тўплаб, хонни қуршовга олишга муваффақ бўлдилар. Уч тарафдан сиқувга олинган туманлар қўрқувга тушди, кимлардир отини орқага бурди ҳам. Мағлубият аниқ бўлиб қолди. Найзалар ва қиличлар зарбини ўзига олишга тайёр турган вафодор кешиктанлар қуршовида Чингизхон от устида қуролсиз, совутларсиз, оддий матодан тикилиб, фақатгина тилла белбоғ билан сиқиб боғланган чопонида ваҳимадан қочаётганларга қошини кериб, кўзларини олайтириб қараб ўтирарди. Унинг бу қараши худди бетга қамчи солган билан баробар эди. Шунинг учун улар яна ўгирилиб, тангутлар устига борардилар. Олишувда бир неча минг жангчи қурбон бўлди, тангутлар эса қочиб қутулди.
Тўнғиз йили (милодий 1227 йил) кузида тангутлар давлати тор-мор этилди. Бироқ пойтахт ҳалиям мудофаада эди. Хон Чжунсинга қайтди. Унинг қайтиши қамалчиларга қувват бахш этган бўлса, мудофаачиларнинг умидларини тамоман ўлдирди. Шаҳаншоҳ хон ҳузурига музокара олиб бориш учун амалдорларини жўнатди. У мўғул хонини ўз отаси деб аташга рози бўлибди. Агар хон унинг ҳаётини сақлаб қолишга қасам ичса, қаршилик кўрсатмас экан. Хон бурхонни ўлдирмасликка қасам ичди. Тангутлар шаҳарни топширишга тайёрлаш учун бир ой муҳлат сўрашди. Хон бунга ҳам кўнди. Қамал ишлари тугатилди. Жимлик чўкди. Чжунсин ичкарисида ҳали ёнғинлар бўралаб турар, шаҳар деворлари устидан бўрқсиган тутунлар қуёш юзини тўсиб қўяр ва кўкка ўрларди. Хон ҳавоси тозароқ бўлган тоғларга чиқиб кетди. Чодирида бекор ўтиргиси келмай, овга чиқди. Аввалроқ жўнатилган навкарлари ўрмон жонлиқларини бир ерга ҳайдаб келишарди. Хон камонини олиб, учи ўткир қилиб чарҳланган кенггина ўқни ёйга тортди-да, ҳайвонлар тўпланиши мўлжалланган жойга қараб кетди. Дарахтлар оралаб илон изи сўқмоқ тоғ тепасига қараб ўрмалаб кетарди. Юзига шохлар урилиб, кўришни қийинлаштирарди. Бу жойда камон иш бермайди, деб ўйлаб, уни садоққа жойлаётганида, ён тарафдан шитирлаган товуш эшитилди. Қандайдир қўнғир шарпа кўрингандай бўлди. Оти ҳуркиб кетиб, туйқус ўзини ёнга ташлади. Хон эгардан отилиб кетиб, бутун танаси билан қаттиқ ерга гурсиллаб тушди. Ичида бир нарса узилгандай бўлиб, қаттиқ оғриқ турди. Кўз олдини қизғиш туман қоплади. Кешиктанлар уни кўтариб олиб, бир нарсалар дея нари олиб кетишди. Қулоғи битиб, биронта сўзни илғай олмади. “Ўтиб кетади. Қайси мўғул отидан йиқилмабди…” деб хон ўзини ўзи юпатарди.
Уни деярли хушини йўқотган ҳолида Чжунсин ёнидаги қароргоҳига олиб келишди. Бир неча кун ўтиб, хоннинг аҳволи яхшиланди. Чодир ичида шомонлар, мусулмон ва хитойлик табиблар тўпланиб турарди. Шомонлар чилдирмаларини даранглатган, тутатқилар тутатган, дуолар билан ёвуз руҳларни ҳайдаган, табиблар уни пайпаслаб кўришар, малҳамлар ичирар, баданларига бир нималар суртишарди.
– Мен ўламанми? – деб сўради у ўз овозини танимай.
– Йўқ, – дейишарди шомон ва табиблар. Аммо уларнинг кўзларига қараб ёлғон айтишаётганини билди. Ичида тинмай такрорларди: “Йўқ! Йўқ! Бундай бўлиши мумкин эмас! Буни енгиш керак!”
Кўз олдидан яна қизғиш туман сузиб ўтди. Оппоқ мато устида, одамларнинг юзида гўёки олов алангаси акс этарди. Фикрлари чалкаш, баъзан қаердалиги, нима юз берганиниям эслай олмасди.
Бир гал у тунги беқарор ғафлат уйқусидан уйғониб кетди. Кўпдан бери тузукроқ ухламаган табиблар намат устида ухлашарди. Кўз олдидаги қизғиш туман йўқ. У ўрни ёнидаги учоёқ тахтани, унинг устида ёниб турган ёритгичлар шуъласини, бир липиллаб, бир тинчланиб қоладиган алангани кўриб турар, мойнинг чирсиллаб ёнишини эшитарди. Бирданига ерни ташлаб кетаётганини аниқ тушунди. Осмон унинг қақшатқич режаларини қабул қилмабди. Қандайдир ёруғ, жунжиктирувчи ғамгинлик босди. Осмон бошқаларни инкор қилганидек, мени ҳам инкор этибди. Мен ҳам ҳамма қатори ўлар эканман. Ҳеч ким абадий қолмас экан. Ҳаёт мени алдади. Уни тўхтатишга уринганлар, оддий инсоний қувончлар билан яшашга чорлаганлар ҳақ бўлиб чиқди. Мен эса шодликларни туймай ўтдим. Қалбим ва ақлимнинг бор кучини урушларга, қўшин тузишга, вайронагарчиликларга сарфладим…
Табибларнинг бири уйғониб, хонни кўриб, сакраб туриб кетди. Хон уни яқинига чақирди.
– Менга сизларнинг дориларингиз керакмас. Ҳаммаларинг кетаверинглар.
Табиблар, уларнинг кетидан шомонлар ҳам чодирни тарк этди.
Сал туриб, ташқарида ғўнғир-ғўнғир товушлар эшитилиб, машъалалар ёруғи кўринди. У узуқ-юлуқ баъзи сўзларни эшитиб қолди:
– Хон бизни ташлаб кетяпти…
– Хон бўлмаса, ҳаммамиз ҳалок бўламиз…
– Эй, осмон, бизга раҳминг келсин!
Бу мотамсаро товушлардан ўзи уялиб кетди. Сал бўлмаса, умри мазмунига айланган ишдан юз ўгирмоқчи бўлдими? У шундай қилса, ўзига, қўшинига, эришган ютуқларига ва буюк ишларига ҳиёнат қилган бўларди.
Чодирга Ўқтой, Чиғатой, Тўлилар кириб, хавотирли кўзларини яширишга уринганча, боши узра эгилишди. Ўқтой деди:
– Ота, бутун қўшин тиз чўкиб осмондан сенга шифо беришни сўраб ибодат қилиб турибди. Умид қиламизки…
Хон ҳолсиз қўлини кўтариб, ўғлига жим, дегандек ишора қилди.
– Мен кетаяпман… Мени Бурхон-Холдун тоғида дафн қилинглар… – деди.
Жимиб қолди. Бу унинг ўз ожизлигига ён босиши эди. У офтобрўя тоғ ёнбағрида, қарағайлар соясида, бутун болалиги, алам, ситам, таҳликаларга тўла ўспиринлик ҳаёти кечган водийлар тепасида ётишни жон деб хоҳларди. Майли, ён боса қолай… Лекин бу сўнггиси бўлади.
– Менинг қабримга сиғинманглар. Уни абадул-абад одамлар кўзидан яширинглар. Менинг руҳим – менинг амалларимда, қўшинимда. Шуларга сиғининглар. Васиятларимга амал қилинглар. Аскарларни жангга бошланглар, тўхтамасдан ҳамма ерларни забт этинглар. Менинг руҳим сизлар билан бирга бўлади.
Унинг овози қаттиқлашди. Ҳатто, кучи тўлишгандай ҳам бўлди. Милтираб турган умид аралаш, бу ҳали ниҳоя эмасдир, деб ҳам ўйлади. Балки осмон уни яна бир синовдан ўтказмоқчи бўлган-у, у қаттиқлик қилиб синмай қолган, ожизлик ва тушкунликка ихтиёрини топширишни истамагандир.
– Ота, балки сени саҳрога жўнатармиз? – сўради Тўли. – Тангутларга йўлларни тозалатамиз. Чайқатмай, сакратмай етиб оламиз.
– Йўқ, мен бурхонни кўришим керак. Аммо осмон мени эртароқ чақириб олса – индаманглар. Шаҳар дарвозаларини очишмагунича, ўлганимни ҳеч ким билмаслиги керак, – у гапириб чарчади. Яна кўз олдида қизғиш-лоларанг парда жимирлади. – Бурхонни ўлдиринглар.
– Лекин сен қасам ичгансан-ку… – эслатди Чиғатой.
– Мен бурхонга… қасам ичганман. Таслим бўлгандан кейин, у бурхон бўлмай қолади. Мен қасам ичган одамнинг исмини ўзгартиринглар-да, ўлдиринглар…
Охирги сўзини қийинчилик билан айтди. Кўз олдидаги парда қалинлашди, ўғилларининг юзлари ҳам яхши кўринмай қолди. Ақли хиралаша бошлаганда бор кучи билан уни ушлаб қолишга интилди. Лекин у силлиқ ипакликдай сирғалиб ўтиб, қаергадир шитоб билан оқиб кетди…
…Хоннинг жони узилди. Аммо чодир олдида илгаридагидай кешиктанлар навбатчилик қилишар, шуҳрат ва қонга беланган туғларнинг тилла суви юритилган учларида куз қуёши жилваланарди. Одатдагидай, хон чодирида эрталаблари нўёнлар кенгашга тўпланишарди. Бу ҳолат саккиз кун давом этди. Хоннинг юзи қорайиб, жасади шиша бошлади. Ундан чиқаётган бадбўй ҳидни на хушбўй малҳамлар, на тутатқилар билан бостириб бўлди. Нўёнлар чодирдан ранглари оқарган, кўзлари қизарган аҳволда тоза ҳавога чиқиб келаркан, ортларидан ўлим, заволга кетган руҳ ҳам эргашиб чиққандай бўларди.
Ниҳоят Чжунсин дарвозалари очилди. Шаҳарга кириб борган жангчилар кўчалардан қон дарёларини оқизишди. Улар ўз ҳукмдорлари руҳига қурбонлик келтирар эдилар.
ТАМОМ
Ижтимоий тармоқларда ёйиш:
https://jahonadabiyoti.uz/2017/10/27/%d0%b8%d1%81%d0%b0%d0%b9-%d0%ba%d0%b0%d0%bb%d0%b0%d1%88%d0%bd%d0%b8%d0%ba%d0%be%d0%b2-1931-1980-%d2%9b%d0%b0%d1%82%d1%82%d0%be%d0%bb-%d0%b0%d1%81%d1%801/