Инфекцион эндокардит – асосан юрак клапанларининг зарарланиши ва юрак эндокард қаватининг оғир яллиғланиши билан кечадиган касалликдир. Эндокард – юрак деворининг ташқи томондаги учинчи – ички қавати бўлиб, юрак бўшлиғини ўраб туради. Инфекцион эндокардит оғир кечувчи ва аниқланиши анча қийин бўлган касалликлардан биридир. Агар у ўз вақтида тўғри даволанмаса жиддий асоратлар қолдириб, беморни анча қийнаб қўяди, ҳатто ногиронликка олиб келиши ҳам мумкин.
Кузатишлар натижасига кўра, инфекцион эндокардитнинг бирламчи тури юрак қопқоқлари зарарланмаган беморларда учраса, иккиламчи тури эса кўпинча орттирилган ва туғма юрак нуқсонлари бор кишиларда ривожланади. Илгари юрак касалликлари туфайли жарроҳлик амалиётини ўтказган, сепсис, урологик, инвазив диагностик муолажаларни қабул қилган ёки қон томирларига тез-тез дори юбориш муолажасини олиб турадиган кишиларда ва гиёҳвандларда ва инфекцион эндокардит хасталиги рўй бериши мумкин.
Бундан ташқари, ўткир респиратор касалликлар, оғиз бўшлиғида йирингли ўчоқларнинг бўлиши ва шу соҳада қилинган операциялар, таносил аъзолари жарроҳлиги ёки бу аъзоларда асбоблар ёрдамида узоқ вақт текширилиши текширув давомида зонд (катетер)ларнинг узоқ туриб қолиши сингари ҳолатларда организмда инфекция ўчоғи пайдо бўлади ва касаллик келиб чиқиши мумкин.
Клиник кечиши бўйича касалликнинг ўткир, ярим ўткир ва сурункали (қайталаниб турувчи) турлари мавжудлиги аниқланилган.
Инфекция-бактериялар қон орқали юрак қопқоқчалари (клапанлари)га ўтиб боради ва шу ерда тўхтаб, иккиламчи инфекция ўчоғини ҳосил қилади. Қопқоқчаларда ва унинг яқинида-артериал томирларга ўрнашиб олган микроблар йиғилиб тўпламлар ҳосил қилади, касаллик ривожланиши жараёнида шу ўчоқли тўпламлар узилиб бўлакча (эмбол)лар ажралиб чиқади ва қон томир орқали тарқалиши натижасида септик ҳолат юзага келади. Эмболлар қон оқими билан танадаги турли аъзоларга тушиб тўхташи оқибатида тромбоэмболия ёки абцесс – йирингли ўчоқ асоратлари содир бўлади. Юрак қопқоқларида жойлашиб олган инфекциялар аъзо ва тўқималарда ҳаддан ташқари кучли реакция пайдо бўлишига олиб келади. Умуман бу касалликнинг ривожланиши ва зўрайиши касалланган аъзоларда дистрофик ўзгаришларга сабаб бўлади. Ривожланиш жараёнида инфекцион эндокардит охирги босқичга ўтиб тана аъзолари фаолиятининг бузилиши (масалан юрак-томир, жигар, талоқ ҳамда буйрак етишмовчилиги) кузатилиши мумкин.
Инфекцион эндокардитнинг ривожланиш босқичлари танадаги аъзолар тизимининг қай даражада шикастланиши билан боғлиқ. Агар хасталик сабаби вирулент – патоген инфекция бўлса, эндокардитнинг ўткир кечиши кузатилади. Бунда беморлар қалтирайди, кучли терлаш ҳолати рўй беради, тана ҳарорати жуда ҳам баланд бўлади. Бунда юрак ва ички аъзолар шикастланиб, 1-2 ой давомида зўрайиб борувчи юрак-томир ҳамда нафас етишмовчилиги, жигар, талоқ ва буйрак фаолияти издан чиқиши ёки бош мия томирларида тромбо эмболия ҳолати рўй беради. Бундай ҳолатларда беморнинг ҳаёти хавф остида қолади.
Касалликнинг ўртача ўткир кечишида эса умумий холсизлик, чарчоқ, иштаҳа пасайиши, озиш, бош оғриғи, терлаш ва иш қобилиятининг пасайиши кузатилади. Беморларнинг тахминан учдан бир қисмида инфекцион эндокардит кўпинча ангина, зотилжам, йирингли отит, сийдик йўллари инфекцияси, бола олдириш (аборт қилдириш) ёки туғруқдан кейин ривожланиши мумкин. Айримларда бу хасталик геморрагик белгилар (масалан ошқозон-ичак ёки бурундан қон кетиши) билан бошланса, бошқа бир хил кишиларда эса септик гепатит, ўпка абсцесси, тромбоэмболик бўйин веналарининг шишиши билан кузатилади. Касалликнинг бошланғич даврларида бемор териси рангпар, кулранг, кечки даврларда эса “сутли қаҳва” рангида бўлиши мумкин.
Инфекцион эндокардитда майда томирлар девори шикастланиши сабабли кўз қовоқларида, қаттиқ ва юмшоқ танглайда, бўйинда, кўкрак, билак ва қўл-оёқ кафтларида кўкимтир доғлар пайдо бўлади ва уларда қонталашлар кузатилади. Баъзи беморларнинг бўғимларида оғриқ туради, яъни майда ёки йирик бўғимларида артрит ривожланади. Умуман олганда инфекцион эндокардитнинг асосий белгиси юрак шикастланиши бўлиб, бу хол кўкрак соҳасида стенокардия ёки миокард инфарктига ўхшаш оғриқ билан ифодаланади.
Касалликнинг эрта даврида ўчоқли нефрит, кечки даврларида гломерулонефрит белгилари ривожланади. Шунингдек жигар, талоқ катталашиши мумкин. Ҳатто беморда асаб тизими шикастланиб, менингоэнцефалит ва руҳий ўзгаришлар билан ифодаланади.
Инфекцион эндокардитнинг дастлабки босқичлари турли беморларда турлича бошланади. Масалан:
- Касалликнинг аста-секин бошланишида бўшашиш, ўзини ёмон ҳис этиш, бош ва бўғимларда оғриқ туриши ҳолатлари рўй беради. Бу вақтда инфекцион эндокардитни айрим касалликлар (яъни ревматизм, аорта қопқоқлари етишмовчилиги, перикардит, полисерозит, бўғим касаллиги сингарилар) дан фарқлаш лозим.
- Эндокардит ўткир юқумли касалликка ўхшаш ҳолатда бошланганда бемор кучли терлайди, титрайди ва тана ҳарорати баланд кўтарилади. Шундай пайтда инфекцион эндокардитни грипп, терлама, безгак каби юқумли хасталиклардан ажрата билиш муҳим.
- Хасталик тромбоэмболик асорат билан (кўпинча мия, талоқ, буйракда) бошланганда уни буйрак тош касаллиги билан адаштирмаслик керак.
- Инфекцион эндокардит ўткир гломерулонефрит, тизимли қизил югурик, безгак, бруцеллёз, заҳмли аортит белгилари билан юзага келиши ёки камқонлик ва талоқ катталашиши билан кечадиган “гематологик ниқобли” бўлиши ҳам мумкин. Шундай ҳолатларда бу касалликни қон тизимининг бошқа кўплаб хасталикларидан фарқлаб олиш зарур.
Инфекцион эндокардитни ташхислаш учун беморда ЭКГ, ЭхоКГ (иложи бўлганда трансторакал ЭхоКГ), кўкрак қафасининг рентгенографияси, периферик қон томирлар допплерографияси, 3 соатлик термометрия, умумий қон таҳлили, умумий пешоб таҳлили, қоннинг бактериал экмаси ва бошқа биокимёвий текширишлар ўтказилади.
Даволаш касалликни юзага келтирган сабабларга қараб амалга оширилади. Инфекцион эндокардитнинг бошланғич даврида узоқ вақт катта миқдорда касалликка сезгир бўлган антибиотиклар қўлланилса хасталик тезроқ тузалади. Беморнинг иммун тизими ишини яхшиловчи гормонал, ностероид, пешоб ҳайдовчи, умумқувватни оширувчи дори-дармонлар ҳам бериш мумкин. Бордию антибиотиклар билан даволаш яхши натижа бермаса, юрак қопқоқларини жарроҳлик йўли билан сунъий қопқоқларга алмаштириш мумкин.
Ҳар бир киши билиши зарурки, касалликнинг олдини олиш учун юрак хасталиги билан оғриган бемор доимий диспансер назоратида туриши, оғиз, бурун ва бошқа соҳалардаги йирингли инфекциялар ўчоғини ўз вақтида аниқлаб, муолажаларни барвақт бошлаши дард тузалишида муҳим аҳамиятга эга.
Гулчеҳра ЖАББОРОВА, олий тоифали кардиолог.