Ҳозирги ўзбек навоийшунослигидаги энг долзарб муаммолардан бири Навоий ижодиётидаги ёр образидир. Навоий ижодида ёр образи деганда, шоирнинг муҳаббати бағишланган лирик қаҳрамон англашилади. Филология фанлари номзоди Муҳаммаджон Маҳмуд “Яна Навоийни ўқиб (Навоийшуносликда ёр муаммоси)” (Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи. Тошкент – 2011) номли рисоласида айнан шу мавзуни ёритишни мақсад қилган.
Муаллиф тадқиқотнинг биринчи бобини “Энг қийин, жуда мураккаб масала” деб номлаган. Ҳақиқатан, масаланинг мураккаблигига жиддий асослар бор. Чунки навоийшуносликда ёр муаммосига муносабат шу қадар мураккабки, уни илмий ўрганиш ва унга илмий баҳо беришда беш хил тамойил кузатилади: 1. Навоий ижодиётидаги ёрни дунёвий инсон – маҳбуба (аёл) деб тушуниш ва талқин этиш; 2. Навоий ижодиётидаги ёрни илоҳий хилқат – Оллоҳ деб тушуниш ва талқин этиш; 3. Навоий ижодиётидаги ёрни ҳам дунёвий инсон, ҳам илоҳий хилқат деб тушуниш ва талқин этиш; 4. Навоий ижодиётидаги ёрни дунёвий инсон – маҳбуб (эркак) деб тушуниш ва талқин этиш; 5. Навоий ижодиётидаги ёр образида маҳбуба ҳам, маҳбуб ҳам, Оллоҳ ҳам назарда тутилади деб тушуниш, талқинда эса уларни қориштириб юбориш тамойили.
Илмий жамоатчилик ушбу муаммо ечимига аниқлик киритиб, муайян бир тўхтамга келгани йўқ. Ўзбек адабиётида ижоди энг кўп ўрганилган адабий сиймо Навоий бўлиши, бугунда Навоий ҳақида юзлаб китоблар чоп этилгани ва, тахминан, шу миқдорда диссертациялар ёзилганига қарамай, навоийшуносликнинг энг марказий масаласи – лирик қаҳрамон муаммоси ана шундай мураккаб вазиятда. Хуллас, муаммо ечими махсус ва мукаммал тадқиқотларни тақозо этади. Мазкур тадқиқот муаммонинг ечимини топишга бир уриниш сифатида майдонга келган. Муаллиф навоийшуносликдаги қарашларга муносабат билдиради ва дастлабки хулосасини баён этади: “Демак, шоир ёр деганида, аввало Оллоҳ, сўнгра тариқат аҳлини, унинг муршиди ва халифаю мусоҳибларини тушунади” (11-бет). Бир қарашда, ушбу хулосадан қаноат ҳосил қилиш мумкин. Бироқ, унинг замирида севимли аёл – маҳбуба назарда тутилмаганини англаш қийин эмас.
Китобнинг “Улуғ раҳнамо, муқаддас давлат ва жамият” деб номланган иккинчи бобидан бошлаб, Навоий ижодидаги ёр образига муносабат ошкора бирёқлама тус олади. Навоийнинг муҳаббат руҳида битилган лирик шеърлари Мирзобек, Мир Иброҳим, Мирдарвеш ва Ҳожи Муҳаммадга бағишланган, деган ғоя изчил ёритилади. Мирзобек шоирнинг дўсти ва шогирди, Мир Иброҳим, Мирдарвеш ва Ҳожи Муҳаммад эса фарзандлари, ўғиллари сифатида талқин этилади. Гўёки, Навоийнинг “Кеча келгумдур дебон, ул сарви гулрў келмади” ғазали ёзилишига “Мирдарвеш ҳар хил фитналар таъсирида нафақат кундузги, балки кечки машғулотларга ҳам қатнамай қўйиши” сабаб бўлган эмиш (18-бет). Муаллиф иқрорича, “Тун оқшом бўлди-ю, келмас менинг шамъи шабистоним” ғазали ҳам кечки машғулотга келмаган Мирдарвешга бағишланган” (19-бет). Биз навоийшуносликка оид мавжуд илмий ишларда Навоийнинг махсус мактаби бўлганлиги, унда кундузги ва кечки машғулотлар олиб борилганлиги, шоир мударрис сифатида мазкур ёшларга дарс ўтганлиги ҳақида ўқимаган эканмиз. Агар шу маълумот илмий асосланганида, хўб янгилик бўларди, назаримизда.
“Қаро кўзум” ғазали ҳам Мирдарвешга бағишлаб ёзилган, деган фикр муаллиф томонидан дадил, аммо далиллар билан илмий асослантирилмаган равишда баён этилади: “Машғулотларга мунтазам қатнашмаган Мирдарвеш сайру саёҳатга тез-тез чиқадиган ва сафарда узоқ қолиб кетадиган одат чиқаради. Сўнгра сафар жуда узоқ давом этади. Шоир унинг қаердалигини аниқлагач, орқага қайтишини сўраб, унга нома ва “Қаро кўзум” ғазалини йўллайди” (19-бет). Навоий асарларидаги “ёр” тимсолида назарда тутилган шахслардан Мирзобек Навоийнинг дўсти ва дилбар бир инсонлиги, шоир унинг истеъдоди ва инсоний қиёфасига юксак баҳо берганлиги, унинг “Кўзунг не бало қаро бўлубдур Ким, жонға бало қаро бўлубдур” матлаини давом эттириб, ғазал ёзганлиги навоийшунослик илмида эътироф этилган. Мир Иброҳим ҳам Навоийнинг асраб олган, аммо унга вафо қилмаган ноқобил фарзанди эканлиги тадқиқотларда етарли баён этилган. Ҳатто, навоийшунос олим Қ. Эргашев “Ўзбек насрида иншо” номли янги тадқиқотида ушбу “ноқобил фарзанд” Мир Иброҳим эмас, балки Шоҳқули исмли ғижжакчи бўлганини исботлаб берди. Шу боисдан, китобхон улар ҳақида Муҳаммаджон Маҳмуддан ортиқча изоҳ кутмаслиги мумкин. Бироқ, Мирдарвешнинг тарихий шахс эканлиги ва Навоийга нечоғлиқ яқинлиги тўғрисида навоийшунослик асарларида батафсил маълумот учрамайди. Муаллиф эса уни китобнинг барча ўринларида ҳеч бир изоҳсиз Навоийнинг катта фарзанди сифатида талқин этади. Унингча, Навоийнинг икки фарзанди бўлган: каттаси – Мирдарвеш, кичиги эса – Мир Иброҳим. Бундан ташқари, Мирдарвеш қачон, қаёққа, қандай сафарга чиқади, нима сабабдан узоқ қолиб кетади – ноаён. Муаллиф талқинича, Навоий “сафарда қолиб кетган катта фарзандига “Қаро кўзум” ғазалида, “Қаро кўзум, келу мардумлуғ эмди фан қилғил”, яъни, “азиз фарзандим, келу энди одамийликни ўргангин, қилган хизматларимга яраша сен ҳам хизмат қилгин ва инсоний бурчингни бажар. Ахир, сен менинг мусоҳибимсан, ҳар доим кўз олдимда, ҳузуримда бўлишинг керак-ку”, дейди” (48-бет). Шу туфайли, бу “Қаро кўзум” ғазалининг ўнлаб талқинлари орасида ишончсизларидан бирига айланиб қолган. Китоб муаллифи Навоийнинг иккита фарзанди бўлган, дейиш билан ҳам чекланмайди. Учинчи бир фарзанди ҳақида бундай маълумот беради: “Ҳожи Муҳаммад Навоий хонадонида шоирнинг энг севимли фарзанди ва билимдон мусоҳиби сифатида ғоят қадрланган. Меҳрибон ота ва ғамхўр пиру устоз уни бир кун кўрмаса, жуда соғиниб, бетоқат бўлган. Севимли фарзанд ҳарбий хизматда бўлганида, шоир шаҳарни тарк этиб, у билан саҳрода яшайди” (53-бет). Ушбу фикрларига қатор-қатор шеърий парчаларни мисол келтирадики, улардаги ёр образи Ҳожи Муҳаммад эканлиги англашилмайди. Ҳарқалай, Навоийнинг ўзи асарларида уларни “фарзандимдек эди” ёки “фарзандим қатори эди” дея лутф этгани, уларни шоирнинг ҳақиқий фарзанди эди, деб илмий талқин этишга асос бермаса керак.
Шоирнинг таҳлилга тортилган барча асарлари бир хилда – асослантирилмаган ҳолатда мазкур шахсларга бағишланганлиги қайд этилаверади: “Навоий Мирзобекнинг вафот этганини, Мирдарвешнинг эса қора кучлар домига тушганини эшитиб, қаттиқ дард-алам чекади:
Ёшунғон эмиш қаро булутға моҳим,
Гардунни совурмоғлиғ эрур дилхоҳим,
Кирмиш қаро туфроққа қуёшдек шоҳим,
Невчун қора қилмасун қуёшни оҳим.
Шоир шоҳим деганида комил шоҳ, комил давлатни, моҳим деганида, комил инсон, комил жамиятни ҳам назарда тутади. Шоир Мирзобек, Мирдарвеш вафотидан сўнг, Ҳожи Муҳаммад ва Мир Иброҳимни ҳам шоҳиму моҳим деб атайди” (25-бет). Илмий асосларсиз бу гапларга қандай ишониш мумкин? Қайси асосларга кўра, бу шеър таҳлилини давлат ва жамият масалаларига йўналтириш мумкин?
Навоий шеърларидаги рашк туйғусини ҳам муаллиф Мирзобекка тегишли талқин этади ва: “Бизнингча, Абу Сайид Мирзо Навоийга Равосийдан кўра Мирзобекни кўпроқ рашк қилган” (29-бет), деб ёзади. Бу фикрига шоирнинг:
Ёрдин эл рашкидин бўлдум жудо, бўлғай эди,
Илтифотин ғайр ила кўрмакка тоқат кошки, – байтини асос қилиб келтиради.
“Ёр – меҳрибон Оллоҳ ва тариқат аҳли” бобининг мақсад-моҳияти Навоий асарларидаги ёр образи замирида Оллоҳ назарда тутилганини ёритишга қаратилган. Бироқ, бу ғоя муваффақиятли амалга ошмаган. “Навоий Оллоҳни кўрганми – кўрмаганми”, деган савол навоийшуносликда мутлақо кўтарилмаган. Ушбу бобда эса дабдурустдан шундай фикрлар баён этилади: “Навоий меросининг зукко тадқиқотчиси Алибек Рустамий ҳам “Қаро кўзум ким?” номли мақоласида Тангри ўзини яқин дўстларига бу дунёда ҳам турли қиёфада кўрсатади, деган қадимий ақиданинг тўғрилигини тасдиқлайди. “Қаро кўзум”ни от миниб, камон ва ит билан овга чиққан йигит тарзида талқин этади. Афсуски, айрим адабиётшунослар Навоийнинг Оллоҳ висолига мушарраф бўлганини инкор қиладилар” (47-бет). Бундан англашиладики, кўпчилик адабиётшунослар Навоий Оллоҳни кўрганлигини эътироф этганлар. Қачон, қаерда? Асос келтирилмайди. Алибек Рустамий мақоласи ҳам қачон, қайси манбада чоп этилгани кўрсатилмайди. Бу тарзда далил, исботсиз айтилган гап ҳақиқатга яқин келмайди ва у илмий фикр ҳисобланмайди. Аввало, агар Навоий Оллоҳ висолига мушарраф бўлиб, У қайсидир қиёфада кўринган бўлса, шоирнинг ўзи буни ифтихор билан иқрор этган бўларди, назаримизда.
Навоий асарлари мазмуни билан уларнинг талқини мувофиқ эмаслиги яққол кўзга ташланиб боради. Мана бу байт ва унинг талқинига эътибор беринг:
“Янги ой хуршид аро бўлмоқ аён маъхуд эмас,
Ваҳ, недур айлаб ғазаб солмоқ жабининг узра чин.
Бу ерда мазкур ғазалдаги хуршид (қуёш) ва зулф қўйган мўйлабли йигитнинг маъшуқа эмас, маъшуқ эканлиги аён бўлади” (54-бет). Байтда “зулф қўйган мўйлабли йигит” тасвири йўқ-ку? Муаллиф бу маънони қаердан олди? Агар у “жабининг узра чин”ни назарда тутган бўлса, буткул адашган, шеърни тушунмаган. “Жабин узра чин” – манглайдаги ажинни англатади. Бинобарин, у асардаги ёр “маъшуқа эмас, маъшуқ” эканлигини асослаёлмайди.
Шеърлардаги ёр образи ҳақида: “… жуда чаққон, яъни, уйдан тез ғойиб бўлувчи маслакдош маъшуқи – дўсти бўлган. У пиру устознинг рухсатисиз уйдан кетиб қолади. Ҳозир эса бир ойдан бери зиёфатларда товусдай товланиб, наҳс босган бойқушлар (“буми манхус”), одам қиёфасидаги девлар ва ноасл (“бадмеҳр”) кишилар билан улфатчилик қилиб юрмоқда… Ғамхўр ота ва пиру устоз мусоҳиб фарзандининг ичкиликка тобора берилаётганига ғоят ачинади. Шоир севимли фарзанди фироқида қон йиғлайди, дарду алам чекади… Хуллас, Навоий мазкур шеърий парчада маъшуқа эмас, балки ёрнинг яқин маънодоши – маъшуқ, аниқроғи, икки фарзандидан бири ҳақида фикр юритади… мазкур фарзандини маъшуқ, маҳбуб, деб аташи ҳам бу борадаги яна бир мўътабар далилдир” (55,56,57-бетлар) каби фикрлар ҳам илмий асосга эга эмас. Муаллиф талқинидаги ичкиликка берилган, халқнинг доимий фитнасига дучор бўладиган, дам-бадам аллақаёқларга дайдиб кетадиган, тутуриқсиз ва беқарор кимсаларни Навоий ўзига фарзанддек яқин тутгани ва ёр тимсолида уларни куйлаганига ақл бовар қилмайди. Агар Навоийдай улуғвор шахсият бундай майда кимсалар билан элакишиб юрганида, ўз обрўйини йўқотган ва умри мобайнида бажарган улкан вазифаларини амалга ошира олмаган бўларди.
“Шоир “Йиғлармен” радифли ғазалида ёзишича, фарзанди фироқида муттасил йиғлаш, дард-алам чекиш натижасида ўз-ўзи билан гаплашадиган бўлиб қолади”(65-бет). Бундан қандай маъно чиқади?..
Илмий асосланмаган ва Навоийнинг шаънига тўғри келмайдиган хулосалардан яна бири қуйидагича: “Навоийнинг душманлари уни уйланмай, ахлоқсизлик қилиш ва фаҳш шеърлар ёзишда айблаб, фитналар тарқатадилар. Шоир эса мухолифларига – Мен ҳам Исодек уйланмасдан замондошларимни ҳақ йўлга бошлаб, хайрли ишлар қилдим. Бинобарин, Тангри менинг ҳам хизматларимни тақдирлаб, осмон сирларидан воқиф этди. Менинг йигитларни мадҳ этишдан мақсадим, улар орқали илоҳий ишқни тараннум этишдир, деб жавоб беради” (67-бет).
Муаллиф Навоийдаги “йигитлар ишқи” заминида илоҳий ишқ ётибди, демоқчи бўлади, аммо талқин ниҳоятда жўн ва мантиқсиз чиқади. Мана бу жумлаларга диққат қилинг: “Мусоҳиблари висолига етиш орқали Оллоҳ жамолига мушарраф бўлиш ҳақида ўйлар экан, яна ўшалар воситасида Тангрининг сочи, зулфу юзи, қаду қомати (?), фавқулотда гўзаллиги каби хилма-хил сифатларига ишора қилади…” (70-бет). “У ўз орзуси ушалганида, қўлини Тангри бўйнига (?) қўйиб, қулоғига (?) дил розини, Ҳақ йўлда чеккан азиятларини изҳор қилмоқчи бўлади… Шоир Тангри юзини гулга, унинг ўзини гул хирмонига ўхшатади ва уни бир тун қучоқлаб, ҳидига маст бўлиб ётишни (?) улуғ бахт деб билади” (103-бет). Мана, ишқи ҳақиқий тўғрисидаги муаллифнинг тасаввури. Қизиғи шундаки, Навоийнинг сўфиёна ғазаллари қолиб, навоийшуносликда дунёвий муҳаббатнинг гўзал талқини сифатида тадқиқ этилган:
Не хуш бўлғай икавлон маст бўлсақ васл боғинда,
Қўлум бўлса анинг бўйнидаву оғзим қулоғинда, – матлали ғазал таҳлилга тортилган.
Китобнинг Навоий ижодидаги ёр ҳақида узил-кесил хулосаси бундай: “Биз ёр борасидаги баҳсни ҳар қанча давом эттирмайлик, битта ҳақиқат аён бўлади. Навоий “Хазойин ул-маоний”да ёрнинг маъшуқ, маҳбуб, дўст, йигит, қуёш, ой, маҳваш, маҳжабин, гул, гулъузор, гулбарги хандон, сарвиноз, сарви гулрў, сарвқомат, пари, малаксиймо, шоҳим, моҳим, чобуксувор, чобук, шаҳсувор каби хилма-хил маънодошлари ҳақида бот-бот фикр юритса-да, маъшуқа, маҳбубани умуман тилга олмайди ва назарда ҳам тутмайди” (97-98-бетлар). Бугунги навоийшуносликдаги умумий нуқтаи назарга бу хулоса батамом тескари ва ўта баҳсли. Муаллиф услубидаги асослантирилмаган мушоҳадаларни қандай баҳолашга ақл ҳайрон.
Адабиётшуносликда “бадиий тўқима” термини мавжуд, лекин “илмий тўқима” тушунчаси йўқ. Илм мавжуд манба ва маълумотлар асосида иш юритади. Шу нуқтаи назардан қараганда, мазкур китоб қўлёзмасидаги камчиликлар жамоатчилик ёрдами билан нашргача бартараф этилганида маъқул бўларди. Китобга филология фанлари доктори, профессор Ҳамиджон Ҳомидий масъул муҳаррир, филология фанлари доктори, профессор Алибек Рустамий ва филология фанлари номзоди Султонмурод Олим тақризчи этиб белгиланганлар. Китобда Султомурод Олимнинг “Иштиёқи ёр” сарлавҳали кириш мақоласи берилган. Ундаги айрим жумлалар эътиборимизни тортади: “Муаллиф ёр деганида, аввало, муршид Навоийни, сўнгра унинг фарзанд мақомидаги халифаю мусоҳибларини назарда тутади”. Қандай қилиб муаллиф Навоийда ёр деганда, Навоийнинг ўзини назарда тутиши мумкин? Китобдаги асосий нуқсонлардан биттаси, асарлардан ҳеч бир заруратсиз қулоч-қулоч мисол келтирилишидир. Мисра, байт кифоя бўлган ўринларда ҳам ғазалларнинг тўлиқ матни қалаштириб ташланган. Китоб ҳажмининг катта қисмини асар матнлари ташкил этган. Муаллиф умуман илмий аппарат қўлламайди, асарлар олинган манбани кўрсатмайди, иштибоҳли матнларни манба билан қиёслаш имконияти йўқ. “Бундан ҳам аҳамиятли томони эса, бу мисолларнинг таҳлил этилгани, уларнинг тадқиқотчи олдига қўйган мақсадларга бўйсундирилгани”. Таассуфки, таҳлил жуда саёз, мисолларнинг муаллиф мақсадига бўйсундирилгани эса хато. Дунёвий мазмундаги ғазални асоссиз равишда тасаввуфий талқин этишга уриниш ана шу усул оқибатида вужудга келган. Матнлардаги Навоий нуқтаи назари муаллиф мақсадига эмас, балки муаллиф матн мантиқига бўйсуниши лозим. “Баҳонада, рисолада Навоийнинг таржимаи ҳоли билан боғлиқ кўп янги ва қизиқарли маълумотлар илгари сурилган”. Афсуски, муаллифнинг шахсий тахмин, фараз ва тўқималари “қизиқарли маълумот” сифатида тавсия этилган бўлиб чиққан. Савияни юксалтириш осон эмас. Бу натижага юқори савияли бадиий, илмий асарлар яратиб, уларнинг моҳиятини таълим-тарбияга сингдириш билан эришиш мумкин.
Нусратулло ЖУМАХЎЖА,
филология фанлари доктори
“Шарқ юлдузи”, 2012–4
https://saviya.uz/ijod/adabiyotshunoslik/ilmiy-toqima-masuliyati/