ИЛМИЙ АНЖУМАН

(“Ўзбекистонда Мустақиллик даври маънавия­ти ривожида­ “Жаҳон адабиёти” журналининг ўрни ва аҳамияти”
мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция)

2017 йил “Жаҳон адабиёти” журнали тарихидаги алоҳида сана. Боиси йигирма йил аввал – 1997 йил 27 февралда Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан “Жаҳон адабиёти” журнали ташкил этилди. Дунёнинг барча давлатида ҳам учрайвермайдиган бу янгилик мамлакатимиз маънавий-маданий ҳаётида катта воқеа бўлди. Айни пайтда ҳар қандай иш изчил давом эттирилсагина, мева беради. Маънавий жасорат соҳиби Озод Шарафиддинов жонкуярлиги, таниқли таржимонлар, адиблар, мунаққидлар қўллаб-қувватлови натижасида “Жаҳон адабиёти” журнали нуфузли нашрга айланди. Бугун журналнинг йигирма йиллик хирмонига баҳо берсангиз, унинг мазмун-моҳияти бўлиқ, шаклу шамойили турфа эканлигига амин бўласиз. 1997–2017 йиллар мобайнида журналнинг 240 та сони нашр этилди. Уларда 100 дан ортиқ роман, 200 дан зиёд қисса, 1000 дан ортиқ ҳикоя ва новелла, 1000 га яқин ижтимоий-фалсафий, адабий-бадиий, илмий-назарий  мақола, эсселар  эълон қилинди.
“Жаҳон адабиёти” журнали бугун ҳам давлатимизнинг юксак эътиборида. Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 7 мартда  бўлиб ўтган йиғилишида Президентимизнинг 2017 йил 12 январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойишида белгиланган вазифалар ижроси доирасида “Жаҳон адабиёти” журнали ташкил этилганининг йигирма йиллигини муносиб нишонлаш масаласи кўзда тутилди.
Мажлисда “Ўзбекистонда Мустақиллик даври маънавияти ривожида “Жаҳон адабиёти” журналининг ўрни ва аҳамияти” мавзусида илмий-амалий конференция ўтказиш, “Жаҳон адабиёти” журнали кутубхонасидан” сериясида 30 жилдли китоблар нашрини бошлаш, “Жаҳон адабиёти” журнали библиографиясини чоп этиш, олий ўқув юртларида, вилоятларда талаба-ёшлар, кенг жамоатчилик билан ижодий учрашувлар ташкил этиш кўзда тутилди.
Тошкент шаҳридаги “Ўзбекистон” меҳмонхонасида “Ўзбекистонда Мустақиллик даври маънавияти ривожида “Жаҳон адабиёти” журналининг тутган ўрни ва аҳамияти” деб номланган халқаро конференция доирасида “Жаҳон адабиёти” журнали ташкил этилганининг 20 йиллигига бағишланган тадбирлар давом этди. Конференция ишида йигирмага яқин мамлакатларнинг Ўзбекистондаги элчилари ва дипломатлари, халқаро ташкилотлар вакиллари, маҳаллий ва хорижий ОАВ ходимлари, таниқли ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунос олимлар, таржимонлар ҳамда ёш ижодкорлар иштирок этишди.
Халқаро илмий анжуманни журналнинг Бош муҳаррири Шуҳрат Ризаев кириш сўзи билан очди. У ўз нутқида бугунги глобал дунё манзараларида халқимизнинг маънавий ҳаёти ҳар жиҳатдан тўкис бўлиши ва комил қиёфа касб этишида адабиётнинг ўрни ва роли ҳақида ҳамда жаҳон адабиётининг энг сара намуналаридан ўзбек китобхонларини баҳраманд этишда журналнинг аҳамияти хусусида фикр юритди.
Анжуманнинг маърузалар қисмига ўтишдан аввал йиғилганлар эътиборига “Жаҳон адабиёти журнали 20 ёшда” деб номланган видеофильм  намойиш этилди.
Илмий-амалий анжуманда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Муҳаммад Али табрик сўзи билан чиқиш қилиб, журнал фаолиятининг адабий ҳаётимиздаги ўрнига катта баҳо берди. ЎзФА академиги Бахтиёр Назаров “Бадиий тафаккуримиз эврилишида “Жаҳон адабиёти” журналининг ўрни” мавзусидаги маърузасида “Жаҳон адабиёти” ўз ўқувчиларини халқаро миқёсдаги адабий жараёнда рўй бераётган улкан ҳодисалар билан, хусусан, Нобель мукофоти совриндорларининг асарлари билан мунтазам равишда таништириб бориши, бу ўз навбатида, мамлакатимиздаги каттадан-кичик қалам аҳлининг, адабиёт ихлосмандларининг ҳам миллий, ҳам умумбашарий маънода дунёқарашини ривожлантиришга, ҳам гуманист инсон, ҳам гуманист ижодкорлик борасида қимматли сабоқлар бераётгани ҳақида сўзлади. Профессорлар – Наим Каримов “Жаҳон адабиёти” намуналарини ўзбек тилига таржима қилиш муаммолари”, Шуҳрат Сирожиддинов “Бугунги ижтимоий-маънавий ҳаётимизда “Жаҳон адабиёти” журналининг тутган ўрни”, Оқилхон Иброҳимов “Шашмақом” – жаҳон мусиқа маданияти нигоҳида” маърузаларида журнал ва адабиёт-санъатнинг ғоят муҳим муаммолари борасида фикр юритдилар.
Профессорлар Муҳаммаджон Холбеков, Баҳодир Каримов, Муҳаббат Тўлахўжаева маърузаларида ҳам журналда ёритилган муҳим материаллар ва ғоят долзарб масалалар тўғрисида мулоҳазалар билдирилди.
Анжуманда сўзга чиққан адабиётшунос олимлар, ёзувчи ва шоирлар ҳозирги глобаллашув жараёнида бадиий сўзнинг аҳамияти, сўз санъатининг ижтимоий ўрни, маънавияти юксак инсонни тарбиялашда бадиий адабиётнинг таъсири ва аҳамияти, ҳаётдаги улкан ўзгаришларни энг долзарб мавзулар асосида юксак бадиий маҳорат билан акс эттириши ва шу орқали келажак авлод маънавиятини бойитиши, Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашга хизмат қилиши ҳақида атрофлича  фикр юритдилар. Конференцияда халқлар ўртасида дўстлик ва ҳамкорликни янада кучайтиришда адабиётнинг ўрнини мустаҳкамлаш, мамлакатимизда таржимонларнинг янги авлодини шакллантириш, Тошкентда Халқаро ижод марказини ташкил этиш ва энг муҳими ёшларда китобхонлик маданиятини ўстириш ва маънавий ҳаётимизнинг бошқа масалалари юзасидан бир қатор таклиф ва ташаббуслар илгари сурилди.
Илмий-амалий анжуман доирасида “Жаҳон адабиёти” журнали таъсис этилганлигининг 20 йиллигига бағишлаб нашр қилинган “Жаҳон адабиёти” журнали библиографияси (1997 – 2016 йиллар)”, “Ўзбекистонда Мустақилиик даври маънавияти ривожида “Жаҳон адабиёти” журналининг ўрни ва аҳамияти” китоблари тақдимоти ҳам ўтказилди.
Анжуман давоми “Жаҳон адабиёти” журнали ташкил этилганининг 20 йиллигига бағишланган адабий-бадиий, маънавий-маърифий тадбирга уланиб кетди. Маросим “Ўзбекистон” Миллий симфоник оркестри ижросида П.Чайковскийнинг “Палонез” мусиқаси билан  тантанавор руҳда очилди. Сўнгра Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Муслимбек Йўлдошев ва дилбар сухандон Нилуфар Сотиболдиева олиб борган нафосат байрамида Ўзбекистон халқ артистлари – Аваз Ражабов, Рамз Усмонов, Муножот Йўлчиева, Абдуҳошим Исмоилов, Зулайҳо Бойхонова, Насиба Абдуллаева ҳамда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар – Ғиёс Бойтоев, Алишер Турдиев, Женисбек Пиязов,  Нодира Ҳамроева ва Маъсума Болтабоева каби санъаткорлар, “Мақом” ансамбли созандалари даврага янада файз киритдилар.

Жамила АСҚАРОВА

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:

https://jahonadabiyoti.uz/2017/11/13/%d0%b8%d0%bb%d0%bc%d0%b8%d0%b9-%d0%b0%d0%bd%d0%b6%d1%83%d0%bc%d0%b0%d0%bd/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x