Мусулмон дунёси адабиётида рамзийлик анъанаси Қуръони каримга бориб тақалади. Ҳали тасаввуф адабиёти ўз такомилига етмасдан, яъни Х асрдаёқ Ибн Синонинг асарлари Қуръони карим услубида мажозий тил билан ёзилишининг ўзи мусулмон Шарқи адабиётида образли фикрлаш ва сўзлашнинг ўрни нечоғлик аҳамиятли бўлганлигини кўрсатиб беради. Бироқ Ибн Синонинг “Ҳайй ибн Яқзон” (“Уйғоқ ўғли Тирик”) ва “Тайр қиссаси” (“Қуш қиссаси”), “Саломон ва Ибсол” каби фалсафий қиссалари зоҳиран шарқона қиссалар эса-да, ботинан юнон фалсафий тафаккури таъсирида эди. Юнон фалсафасини жуда эрта ўрганганлигини у таржимаи ҳолида ҳам таъкидлайди. Ибн Синонинг шундай асарларидан бири “Тайр қиссаси” (“Қуш қиссаси”), деб номланади.
Қушлар тимсоли бошқа кўпгина халқлардаги сингари туркий халқлар мифологиясида ҳам илоҳий олам билан мулоқот қилувчи восита сифатида ифодаланган. Одам ўлганидан кейин ёки уйқусида руҳи қушга айланиб учиб кетиши ҳақидаги тасаввурлар халқ одатлари ва фольклорда, эртакларда ўз аксини топган. Ҳақиқатан ҳам халқимизнинг энг қадимги анимистик тасаввурларига қараганда, одамнинг жони қуш ёки чивин кўринишига иниш хусусиятига эга эмиш. Бу каби тасаввурлар ёзма адабиётга таъсир қилмай қолмади, албатта.
Ибн Сино “Тайр” қиссасида мана шу каби халқ фольклори мотивларидан таъсирланган ҳолда инсонларнинг руҳларини қушлар шаклида тасвирлайди. Бу ифода унинг тиббиётдаги билимларига ҳам асосланган бўлиши мумкин. Зеро, замонавий тиббиёт ҳам инсон руҳининг ўлимдан кейин қуш каби парвоз қилиши фикрини илгари суради. (Бу ҳақда Р. Моудининг “Ўлимдан кейинги ҳаёт ҳақида мулоҳазалар” китобига қаранг. – Тошкент: Меҳнат, 1992.)
Бизнингча, ушбу қиссанинг тўлиқ ва аниқ изоҳини Ибн Синонинг диний, илмий ва фалсафий қарашларидан излаш керак. Демак, юнон фалсафасининг Ибн Сино илмий дунёқарашига таъсиридан келиб чиққан ҳолда қуйидагича хулоса чиқаришимиз мумкин: қиссадаги қушлар – инсонларнинг руҳлари, уларнинг Подшоҳ олдига бориши – Тангри сари сафари ёки кўнгил (қуши)нинг Роббисига илтижоси десак, тўғрироқ бўлади. Асар сюжетидаги қушларнинг сафари Қуръони каримдаги “Ал-Исро” сураси ва меърож ҳақидаги ҳадислар асосида яратилган. Ундаги қушлар ошиб ўтган водийлар – пайғамбаримиз меърож кечаси босиб ўтган осмоннинг саккизта қаватига ишорадир. Ундан кейинги серўт, серсув водий – жаннатга, кейинги икки сарой – малакут ва жабарут оламларига муқояса қилинади. Бу оламлар бевосита юнон фалсафаси, янада аниқроқ айтадиган бўлсак, неоплатончи Плотин таълимотига бориб тақалади. Унинг таълимотига биноан, олам Бирликдан – Илоҳий Ибтидодан, унинг тошиб, ўз чегарасидан чиқиб кетишидан пайдо бўлган. Ундан кейин ақл, сўнг эса руҳ яралган. Худди мана шу оламлар билан боғлиқ фикрлар Форобий орқали мусулмон Шарқи фалсафасига кириб келган ва юқоридаги тартибда ўзгаришга учраган. Водийда донлаб юрган қушлар эса фаришталар оламидаги малаклар тасвиридир. Ниҳоят, қушлар – кишилар подшоҳ ҳузурига – Тангри даргоҳига етиб борадилар. Ундан оёқларидаги тузоқдан халос бўлиш йўлини сўрайдилар. Шунда подшоҳ оёғингиздаги тузоқни уни қўйган овчидан бошқа еча олмайди, дейди ва овчига элчи жўнатади. Асардаги овчидан мурод бу дунё, ундаги тузоқ – дунёвий орзу-ҳаваслар, элчи эса – ақл тимсолидир. Яъни ўзлигини маълум маънода англаган кишилар дунёвий орзу-ҳаваслардан бизни қутқар, деб Тангрига илтижо қиладилар. Уларга жавобан Тангри Ақлни юборади. Бу асар ўз маъно-мазмуни билан ақл ва мантиқни аввалги ўринга қўйиб, рационалликни оқласа-да, услуб жиҳатидан шарқоналиги сабаб тасаввуф адабиётининг ривожига катта таъсир кўрсатди.
Тасаввуф адабиётининг бу даврдаги вакили, Ибн Синонинг кичик замондоши Абу Ҳомид Муҳаммад Ғаззолийдир. Уни тасаввуф оламида ҳам ислоҳотчи сифатида билишади. Сабаби, у тасаввуф фалсафасини ислом динининг калом ва тафсир илмлари билан яқинлаштирди. Бу ҳақда нафосатшунос олим Абдулла Шернинг қуйидаги фикри ўринлидир: “… Тасаввуф назариясини фалсафа даражасига кўтарган аллома Ҳужжат ул-ислом Абу Ҳомид Муҳаммад ал-Ғазоллийдир… у сўфийлик ғояларини тарғиб қилар экан, уларни шариат аҳкомлари билан уйғунлаштириб юборишга ҳаракат қиларди”. (Шер Абдулла. Тасаввуф, Ғаззолий ва гўзаллик фалсафаси. // Соғлом авлод. – Тошкент, 2002. – №2. – Б. 12-21).
Ғаззолийнинг илмий асарларида образли фикрлаш, тимсоллар тили билан сўзлаш унсурларини кўплаб учратишимиз мумкин. Имом Ғаззолий Ибн Синонинг “Тайр қиссаси”га раддия-жавоб тарзида битган “Рисолат ут-тайр” асари ҳам шу услубда ёзилган.
Адабиётшунос олим Ш. Шариповнинг фикрича, “… унинг (Ғаззолийнинг – таъкид бизники – З. М.) “Рисолат ут-тайр” асари ўз ғоявий мазмуни билан ва фалсафий концепцияси жиҳатидан Ибн Синонинг шу номли рисоласида илгари сурган фикрларига зид бўлиб, унга раддия сифатида вужудга келган,” (Шарипов Ш. Алишер Навоий “Лисон ут-тайр” достонининг генезиси ва ғоявий-бадиий хусусиятлари. – Тошкент: Фан, 1982. – Б. 15). Ш. Шариповнинг бу фикрида жон бор. Зеро, ҳар иккала асар сюжетига назар ташлайдиган бўлсак, бу фарқни яққол кўрамиз. “Тайр қиссаси”да қушлар овчидан қочадилар ва тасодифан подшоҳ даргоҳига бориб, Уни учратадилар. Подшоҳдан ҳам улар ўзлари учун керакли нарсани – овчи тузоғи қолдиғидан қандай қутулишни сўрайдилар. Ғаззолийнинг асарида эса қушлар подшоҳнинг ўзини талаб қилиб борадилар. Демак, Ғаззолий бу асарда тасаввуфий фикрни – қушлар – инсонларнинг руҳлари Ўз подшоҳи (Оллоҳ)га интилиши керак, Уни излаб, тасаввуф водийлари узра сафар қилмоқлари лозим, деган фикрни илгари суради.
Ибн Сино “Тайр қиссаси”ни қамоқда шогирдларига юборган нома таркибида битган. У бу рисолаларни фақат шогирдлари ва яқин кишилари учун ёзган бўлиб, уни омма тушунишини зарур, деб ҳисобламаган. Ибн Синонинг бу фалсафий рисолаларида рамзий тимсоллар, асосан, муаллиф фикрини “ёмон кўздан” яшириш учун хизмат қилади. Имом Ғаззолийнинг асарларида эса тимсоллар, аскинча, ўқувчининг асарни яхшироқ тушуниши учун хизмат қилган. Биз таҳлил қилган рисолада Ғаззолий Ибн Сино асарининг сюжети ва образларини мутлақо янги ғояга хизмат қилдирди – тасаввуфий қисса яратди. Бироқ бу қиссалар орасида яна бир ўхшашлик бор эди, у ҳам бўлса – ҳар икки файласуфнинг рамзий қиссаларида бадиийлик омили иккинчи даражали ҳисобланади, яъни у асарда етакчилик қилмайди. Образлар фақат муаллифнинг фикрини баён этиш учун хизмат қилди. Яъни бу асарлар бадиий-фалсафий асарлар эмас, балки фалсафий-бадиий рисолалардир.
Тасаввуф оламида “Ишроқ шайхи Яҳё Суҳравардий” яъни “Нурни алқовчи олим” деб ном олган (1153–1191) эронлик тасаввуф олими ҳам Ибн Синонинг “Тайр” қиссасини форсчага таржима қилади. Ушбу қиссанинг форсча шарҳи деб қараладиган мазкур асар ҳам рамзий услубда битилган бўлса-да, ҳамон тўлиқ бадиий асар шаклига кўтарилмаган эди.
“Тайр” туркумидаги қиссаларни илк марта юксак бадиият пардаларида куйлаган ижодкор улуғ форс шоири ва мутафаккири Шайх Фаридуддин Аттор Нишопурийдир. У қушларни бир мақсад билан – қушлар подшоси Семурғга интилган ҳолда маълум бир жойга – Қоф тоғи сари йўллайди. Уларга муносиб йўлбошчи – Сулаймоннинг Билқийсга юборган элчиси Ҳудҳудни лойиқ кўради. Йўлдаги машаққатлар, қушларнинг турфа характерлари ва уларнинг йўлбошчиси Ҳудҳуднинг бу йўлдаги қатъияти, сабр-бардошини тасвирлайди. Энг муҳими, юқорида зикр этилган ҳикоятни қолипловчи ҳикоят тарзида қолдирган Фаридиддин Аттор ҳикоят ичида ҳикоят усулидан фойдаланган ҳолда асарга юздан ортиқ ҳикоятлар киритиб, ушбу фалсафий қиссани юксак бадиий-тасаввуфий достон даражасига олиб чиқади. Достон сўнггида етти водий аро ўзларини поклаб, камолотга эришган ўттиз қуш Семурғ ўзлари эканликларини англаб етадилар. Атторнинг ушбу асари ўзининг улуғвор ғоя ва мазмуни, бадиий ва фалсафий қудрати билан нафақат оддий китобхонларнинг, балки кўпгина улуғ ижодкорларнинг юракларига чўғ ташлайди. Улкан шоир Гулшаҳрий унга жавобан биринчи марта туркий тилда “Мантиқ ут-тайр” достонини битади. Алишер Навоийнинг “Лисон ут-тайр” достони эса бундай жавобларнинг энг мукаммали саналади.
Зуҳра МАМАДАЛИЕВА,
филология фанлари номзоди
“Шарқ юлдузи” журнали, 2015–1
https://saviya.uz/ijod/adabiyotshunoslik/ibn-sino-va-gazzoliy-anana-va-oziga-xo/