Меланома – меланоцитлар (меланин пигментини ишлаб чиқарувчи тери ҳужайралари) дан пайдо бўладиган ўсма бўлиб, сўнгги ўн йиллар давомида бу касаллик билан оғриш ҳолатлари кўпайди. 75 фоиздан ортиқ меланомалар терида жойлашган холлар ёки сепкиллар ўрнида ривожланади. Шу сабабли мутахассислар танадаги холларни доимо назорат қилиб боришни ва улардан бирортасининг кўриниши шубҳа уйғотса дарҳол онколог шифокорга кўринишни маслаҳат берадилар.
Хол (невус) – теридаги хавфсиз ўсмасимон ўзгариш бўлиб, пигментланмаган, яъни рангсиз бўлиши ҳам мумкин. Асосий диққатни жигарранг холларга – меланоцитар невусларга қаратиш лозим. Чунки улар меланома ривожланишига туртки бериши мумкин.
Катта ёшдаги одамларнинг кўпчилигида бир нечтагача хол бўлади. Баъзи холлар (одатда энг катталари) бола она қорнида эканлигида юзага келиб, қолганлари ҳаёт давомида пайдо бўлади. Агар одамнинг танасида холлар жуда кўп ёки оиласидагиларда тери раки билан оғриганлар бўлса, демак бундай одам хавфлилик гуруҳига киради ва у мунтазам равишда мутахассис шифокор кўригидан ўтиб туриши ҳамда терисини қуёшнинг ультрабинафша нурларидан ҳимоя қилиши лозим. Бугунги кунда оммалашиб бораётган солярий ва қуёш ванналаридан фойдаланишда меъёрдан четга чиқмаслик талаб этилади.
Холлар ўзгаришига гормонал тебранишлар (масалан, ҳомиладорликда) ва ультрабинафша нурлар сабаб бўлади. Шу сабабли, ёзнинг жазирама қуёшли кунларида терини мутахассис тавсиясига кўра парвариш қилган маъқул. Ўлчами 6 миллиметрдан ошган, кучли пигментланган, теридан кўпроқ бўртиб турган холларга алоҳида эътибор қаратиш лозим.
Холлар (невуслар) меланома касаллигини келтириб чиқариш хусусиятига қараб икки турга бўлинади.
Меланомани келтириб чиқармайдиган невуслар: Ички эпителиал невус, папилломатоз невус, веррукоз невус (папилломатоз невуснинг бир тури), галоневус (Сеттон невус), тери ичи невуси, мўғул доғи.
Меланомани келтириб чиқарувчи невуслар: Чегарали невус, кўкимтир невус, отаневус, Ито невуси, катта гигант пигментли невус, диспластик невус, терининг пигментли керодермияси, дюбрейл мелонози.
ФРИДМАН ҚОИДАСИНИ ҚЎЛЛАНГ
Меланомани иложи борича эрта аниқлаш жуда муҳим. Хавфли холларни аниқлаш учун ўз-ўзини кўрикдан ўтказиш ҳам фойда беради. Бу асосан Фридман қоидаси (шунингдек, ABCDE қоидаси деб ҳам номланади) ёрдамида амалга оширилади:
A (asymmetry) – асимметрия. Хавфсиз хол симметрияга эга бўлади. Яъни, ҳолнинг ўртасидан хаёлан ўтказилган тўғри чизиқ уни бир хил шаклдаги икки паллага ажратиши керак. Агар хол симметрик бўлмаса, уни расмга олиб, вақти-вақти билан ўзгаришлар содир бўлмаётганлигини текшириб туриш керак.
B (border) – чегара. Хавфсиз хол бир текисдаги, аниқ, яққол чегарага эга. Агар хол чегараси бир текис бўлмаса, ноаниқ бўлса, бу хавотирланиш ва шифокорга кўриниш учун асос бўлади.
C (color) – ранг. Хавфсиз холнинг ранги бир хилда, одатда жигарранг тусда бўлади. Агар холнинг пигментацияси камайса ёки кескин кучайса (қора ранггача бўлиши мумкин), ранги бир текис эмас, аксинча баъзи жойларида бошқа ранглар (қора, қизил, кўк) пайдо бўлса, дарҳол онколог шифокорга кўриниш керак.
D (diameter) – диаметр. Диаметри 6 миллиметрдан кам холлар камдан-кам ҳоллардагина меланомага айланадилар. Ўлчамларнинг катталашиши, қалинлашув, шунингдек хол ўз чегарасидан ташқарига “оқиб кетаётгандек” туюлиши яхши белгилар эмас.
E (evolution) – эволюция. Холдаги ҳар қандай ўзгаришлар – қичишиш, пўст ташлаш, ачишиш, санчиқ, таранглашиш, ундаги тук ва сочларнинг тўкилиши, ёриқ пайдо бўлиши, ярачалар пайдо бўлиши, қон оқиши, хол атрофида яллиғланиш ареоласи пайдо бўлиши мутахассис шифокор кўригини талаб этади.
АНИҚ САБАБЛАРИ НОМАЪЛУМ
Меланомани келтириб чиқарувчи сабаблар номаълум бўлсада, унга туртки берувчи омиллар аниқланган:
– ультрабинафша нурлар таъсирида териси куйган одамлар кўпроқ меланомага чалинадилар;
– холларнинг жароҳатланиши (уриб, тирнаб, кесиб олиш), холлар кийим билан ҳам жароҳатланиши мумкин;
– холларнинг кўплиги (50 тадан ортиқ);
– тери, сочлар, кўзлар ранги ёрқин эканлиги;
– ионизацияловчи радиация ва электромагнит нурланиш;
– спиртли ичимликларни ичишда меъёрдан ошиш;
– узоқ муддат давомида гормонал контрацептивлар қабул қилиш.
Бутунжаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти ультрабинафша нурланишни ҳам канцероген, яъни хавфли ўсма ҳосил қилиши мумкин бўлган омил деб тан олган. Офтобда қанча муддат туриш безарарлиги ҳақидаги аниқ тавсиялар йўқ. Бу борадаги умумий маслаҳат шуки, соат 11 дан 17 гача (баъзи жойларда 10 дан 16 гача) қуёшнинг энг фаол вақти ҳисобланиб, бу пайтда офтобда тобланмаслик керак. Ҳатто эрталаб ва қош қорая бошлаганда ҳам терини қуёшда куйишдан асраш лозим. Саломатлик учун эрталаб ва кеч тушишига яқин юз ва қўлларни қуёшга 10-15 дақиқа тутиш етарли.
ДЕРМАТОСКОПИЯ – ИШОНЧЛИ ТЕКШИРУВ
(ва даволаш усуллари)
Шифокор кўрик пайтида аввало визуал текширувни амалга оширади. Бунинг учун махсус лупалардан фойдаланиб, невуснинг тузилиши, ўзгариши, томирлар ҳолати, меланоцитлар пайдо бўлишининг бузилиши ўрганилади.
Дерматоскоп (кичик қўл микроскопи) ёрдамида холнинг ичи ўрганилиб, у хавфсиз эканлигини аниқлаш мумкин. Шунингдек, цитологик ва гистологик таҳлил ҳам ўтказилади.
Бирламчи меланома (касалликнинг эрта босқичи) жарроҳлик йўли билан даволанади. Бунда нафақат пигментли ўсма, балки 2-5 сантиметр атрофдаги тўқималар ҳам (касаллик босқичи, ўсма бор жойдан келиб чиқиб) олиб ташланади.
Кўзга ташланиб турадиган жойларни камроқ жароҳатланишига эътибор қаратилади.
Олиб ташланган тўқиманинг гистологик таҳлилига кўра иммунотерапия буюрилиши мумкин. Аввалги жойда янги меланома пайдо бўлиши хавфи мавжудлигича қолаверади. Шу сабабли, теридаги ўзгаришларни ўз вақтида пайқаш жуда муҳим. Агар одам танадаги хавфсиз холни олдириб ташламоқчи бўлса, аввал мутахассис шифокор кўригидан ўтиши ва унинг кўрсатмасига биноан ҳаракат қилиши лозим.
Холларни ультрабинафша нурдан ҳимоя қилиш лозим. Бунинг учун:
– қуёшдан ҳимоя қилувчи кремлардан фойдаланиш лозим;
– соат 11 ва 16 оралиғида иложи борича қуёшда камроқ бўлиш керак.
– солярийдан умуман фойдаланмаслик лозим. Хавфлилик гуруҳига кирувчилар қуёш ванналаридан умуман воз кечганлари маъқул;
– кенг айвонли бош кийим, қуёшдан ҳимояловчи кўзойнак ва танани ёпиб турадиган кийим кийиш зарур;
– болалар 3 ёшгача қуёшда тобланиш ва қорайишдан сақланишлари керак, чунки қуёшда куйиш болада келажакда меланома ривожланиши хавфини оширади.
Мирза-Али ҒОФУР-ОХУНОВ,
Тошкент шаҳар онкология диспансери
бош шифокори, тиббиёт фанлари доктори, профессор.