ЛЮ ЧЖЕНЬ
“Амакиваччамга бағишлайман”
туркумидан
* * *
Қарағай[1] тебранар
Қояда ёлғиз,
Далада шамоллар эсар шитоб,
тез,
Нақадар
қаҳрли увуллар довул,
Синдирмоқчи бўлар
Қарағайни ул!
Қиш келар,
Бешафқат қиров ҳам, муз ҳам,
Қарағай барига
чидайди бардам.
У писанд қилмайди
аёзни нечун?
Қарағай сарв,
кучли бўлгани учун!
СЕ АН
Настарин чорбоғи
Қадимги донолар
давридагидек
Бизлар ҳам
навбаҳор сайри истадик.
Қирлар, адирларга
талпинди юрак,
Бойчечак қидирдик,
лола изладик.
Дарахтлар осмонга
бўй чўзди бирга,
Яйловлар тўшалди
яланғоч ерга2.
Булутлар ўрлади
кўкка тутундек,
Пилдираб музларни
эритди жилға.
* * *
Фаровон кунларга
айлаб шукрона,
Ёнма-ён ўтирдик
жам бўлиб яна.
Осмонни тўлдириб
булутлар кўчди,
Шамол қанотлари
қайиқни қучди.[2]
Чорбоғда биз
шароб ичиб қувондик,
Буюк Фу Си ҳамда
муҳтарам Тан1дек.
Дунёда ҳамманинг
қисмати бирдир –
Хоҳ гўдак боладир,
хоҳ қари чолдир.
[1] Қарағай – қарағай ва сарв образи қадимий Хитой шеъриятида кўп учрайди. Ирода, руҳий барқарорлик ва нуронийлик тимсоли ҳисобланади (изоҳлар таржимонники).
2 “Дарахтлар осмонга бўй чўзди бирга, Яйловлар тўшалди яланғоч ерга: Ушбу сатрда ҳавасларига берилган, нафс ботқоғига ботган, кўнгли кир, худбин кимсалар қарама-қарши қўйилиб тасвирланган.
[2] Буюк Фу Си ҳамда муҳтарам Тан: Фу Си – афсонавий қаҳрамон. Хитойликларнинг аждодларига овқат пиширишни, тўр билан балиқ овлашни ўргатган, никоҳ қоидаларини, мусиқий уйғунлик қонунини кашф этган. Хитой ёзувига иероглиф хатини жорий этган. Чэн Тан – Тан Ин сулоласининг (милоддан аввалги 1728 -1698 йилларда ҳукмронлик қилган) асосчиси. Афсоналарга кўра, Тан даврида мис қазиб олинган ва қайта ишлов берилган.
Етти йиллик қурғоқчиликда Тан ўзини қурбонликка келтирмоқчи бўлган.
Рус тилидан Турсун Али таржимаси
Ижтимоий тармоқларда ёйиш:
https://jahonadabiyoti.uz/2019/04/08/%d1%85%d0%b8%d1%82%d0%be%d0%b9-%d0%bc%d1%83%d0%bc%d1%82%d0%be%d0%b7-%d1%88%d0%b5%d1%8a%d1%80%d0%b8%d1%8f%d1%82%d0%b8%d0%b4%d0%b0%d0%bd/