Хавотирли хасталиклар

Тиббиёт фанлари доктори, профессор Мирзағолиб Тиллашайхов билан суҳбат:

– Эркакларда кўп учрайдиган простатит касаллигини хирургик даволашда қандай янгиликлар амалиётга киритилди?

– Статистик маълумотларга кўра сурункали простатит 25 ёшдан кейин эркакларнинг 25-80 фоизида учрайди, охирги вақтларда касаллик кўрсаткич жиҳатдан ўсиши кузатилмоқда. Айтиш жоизки, палапартиш жинсий ҳаёт кечириш, камҳаракат турмуш тарзи, спиртли ичимликлар, тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш, дори воситаларини текширувсиз ва шифокор рухсатисиз истеъмол қилиш простатит пайдо бўлишининг асл сабаблари ҳисобланади. Одатда сурункали простатит секинлик билан клиник белгиларсиз ривожланади, простата бези, кичик чаноқда қон айланишининг димланиши асосида яллиғланиш жараёни юзага келади. Аввал простата безининг қон томирлари кенгаяди, кейинчалик чандиқли-склеротик ўзгаришлар юзага келади, бунинг натижасида пешоб ажралиши бузилади, жинсий қобилият сусаяди, чарчоқ, асабийлашиш кузатилади.

Простатит инфекцион ва ноинфекцион турларга бўлинади. Инфекцион простатитда простата бези микроблар, вируслар, бактериялардан зарарланади. Ноинфекцион простатит инфекция қўзғатувчиларисиз юзага келади. Бу касалликни бошланишига простата безида қон димланиши, камҳаракатлилик, совуққотиш сабаб бўлади. Қуйидаги омиллар ҳам простатитни юзага келтиради:

Простата безининг анатомик тузилишининг ўзига хослиги, гормонлар алмашинувининг бузилиши, ёш билан боғлиқ ўзгаришлар, шунингдек сийдик йўллари ҳамда буйрак ва сийдик қопининг яллиғланиши касалликлари (уретрит каби), ич қотиши, сийдик йўлларида пешобни йиғилиб қолиши, доимий ўтириб ишлаш, кўпинча ҳайдовчиларда, қуёш тиғи остида узоқ вақт қолиш, сурункали бел-думғаза радикулити ва иммун тизимининг сусайиши каби ҳоллар шулар жумласидандир.

Простатитни даволаш учун антибактериал терапия, простата безини массаж қилиш, физиотерапия, иммун тизимини мустаҳкамлаш ва ҳаёт тарзини ўзгартириш керак бўлади. Фақат бу муолажалар биргаликда қўлланилганидагина кутилган натижага эришиш мумкин.

– Калькулёзли простатит (простатада майдо тошлар бўлиши)да операция ижобий натижа берадими? Беморда кейинчалик асоратлар кузатилмайдими?

– Калькулёзли простатит сурункали простатитнинг бир тури бўлиб, узоқ вақт давомида простата безининг яллиғланиши оқибатида келиб чиқади ва турли ёшли эркаклар орасида 8,4 фоиз ҳолатларда УТТ текширувида аниқланади. 30-39 ёшли эркаклар орасида калькулёзли простатитнинг учраши асосан простата безининг турли инфекцион яллиғланишли касалликлари (хламидиоз, трихомониаз, гонорея, уреаплазмоз, микоплазмоз ва бошқалар) оқибатда келиб чиқади. 40-59 ёшли эркаклар орасида эса калькулезли простатит простата бези аденомаси туфайли келиб чиқади.

Калькулёзли простатит асосан консерватив усулда даволанади. Бу даволаш жараёни антибактериал, ностероид, фитотерапияни, физиотерапевтик (магнитли терапия, ультратовушли терапия, электрфорез) муолажаларни ўз ичига олади. Простата тошларини ноинвазив майдалаш учун охирги пайтларда паст интенсив лазер қўлланилмоқда. Калькулёз простатит билан оғриган беморларга простата бези массажи қатъиян ман этилади.

Тошли простатит касаллигини хирургик усулда даволаш асосан асоратланган ҳолатларда ва простата бези аденомаси билан бирга учраган ҳолларда ўтказилади. Ушбу касаллик асорати натижасида абсцесс ҳосил бўлса жарроҳлик амалиёти бажарилади ва йиринг билан биргаликда тошлар ҳам олиб ташланади. Баъзан ҳаракатчан экзоген тошлар махсус асбоблар ёрдамида сийдик пуфагига туширилади ва литотрипсия амалиёти ўтказилади. Йирик ҳажмдаги тошлар оралиқ соҳасидан ва ёнбош кесмалар билан олиб ташланади. Простата бези аденомаси билан биргаликда учраган тақдирда аденомэктомия, простата ТУР амалиёти, простатэктомия жарроҳлик амалиётлари бажарилади.

– Простата бези аденомасининг қайси босқичларида беморни операциясиз даволаса бўлади?

– Простата бези аденомаси клиник кўриниши 3 босқичдан иборат. Биринчи босқичда беморда тез-тез пешоб ажратиш, ёлғон чақириқлар кузатилади. Бу босқич беморлар учун шифокор қабулига мурожаат учун бирламчи сигнал ҳисобланади. Иккинчи босқичда бемор тўлиқ пешоб қилишга қийналади ва сийдик пуфагида қолдиқ сийдик қолиши кузатилади ва натижада шиллиқ қаватларнинг инфекцион яллиғланиши содир бўлади. Учинчи босқичда пешоб ажралишидан кейинги қолдиқ-сийдик миқдори 1,5-2,0 литргача кўпаяди.

Простата бези аденомасида даволаш усуллари медикаментоз ва хирургик турларга бўлинади. Биринчи ва иккинчи босқичларда простата бези аденомаси консерватив даволанади. Афсуски учинчи босқични даволашда консерватив терапия ёрдам бермайди ва жарроҳлик амалиёти бажарилади.

– Уретра ўсмасини оператив даволаш кейинчалик уретра фаолиятига салбий таъсир кўрсатмайдими?

– Биламизки, ҳар қандай жарроҳлик амалиётидан кейин турли хил катта ва кичик асоратлар кузатилиши мумкин. Беморларда учрайдиган сийдик йўлидаги полиплар ва кичик ўлчамлардаги хавфсиз ўсмаларда оператив даво ўтказилгандан сўнг уретра фаолияти бутунлай тикланади ва чандиқланиш ҳисобига фаолиятининг қисман бузилиши кузатилади.

– Азооспермия касаллигида хирургик муолажа наф берадими?

– Азооспермия уруғ суюқлигида сперматозоидларнинг умуман йўқлиги ёки жуда кам миқдорда бўлиши билан ифодаланадиган касаллик ҳисобланиб, эркаклар бепуштлигининг оғир турларидан биридир.

Азооспермиянинг икки тури фарқланади.

Обструктив азооспермия уруғ йўлларининг ўтказувчанлиги бузилиши оқибатида келиб чиқади.

Секретор азооспермия маълум бир сабаблар оқибатида моякларда сперматозоидлар ишлаб чиқарилиши бузилишидир. Азооспермияни даволаш биринчи навбатда касалликни келтириб чиқарган сабабни бартараф этиш билан боғлиқ.

Консерватив (дорилар билан даволаш) ва яллиғланишга қарши махсус муолажалар ҳамда гормонлар дисбалансини йўқотиш мақсадида гормонал терапия буюрилади.

Беморга хирургик даво уруғ йўллари ўтказувчанлигини тиклашга қаратилган жарроҳлик амалиёти қўлланади.

Ҳозирги кунда сперматозоидларни ажратиб олишнинг қуйидаги турлари мавжуд:

ТЕЗЕ – сперматозоидларни мояк тўқимасидан ажратиб олиш;

МЕЗА – Биопсия йўли билан уруғ йўлларидан сперматозоидларини аспирация қилиш;

ПЕЗА – сперматозоидларни тери орқали уруғ йўлларидан аспирация қилиш.

Уруғ йўллари ўтказувчанлигини тиклашга қаратилган жарроҳлик амалиётидан кейин беморларда бепуштлик бартараф этилади. Натижа бермаган тақдирда сунъий уруғлантириш усуллари қўлланилади.

– Варикоцеле (уруғ тизимчаси вена қон томирлари кенгайиши)нинг қайси босқичида операцияга кўрсатма берилади?

– Варикоцеле касаллигининг 4 босқичи фарқланади. Биринчи босқич – варикоз кенгайган вена томирлари УТТ ёки доплерография текширувлари орқали аниқланади. Иккинчи босқич – кенгайган вена томирлари бемор тик турганда пайпасланади. Учинчи босқич – кенгайган вена томирлари бемор ҳолати қандай бўлишидан қатъий назар пальпация (бармоқ билан пайпаслаш)да сезилади. Тўртинчи босқич – кенгайган вена томирлари ва уруғ йўллари визуал кўринади.

Агар беморда ёрғоқ соҳасида оғриқлар ёки бепуштлик бўладиган бўлса касалликнинг қандай босқичда эканлигидан қатъий назар, қисқа вақт ичида жарроҳлик амалиёти бажарилиши лозим. Агарда варикоцеле касаллиги беморни безовта қилмаса насл қолдиришга муҳтожлик бўлмаган тақдирда жарроҳлик амалиётисиз даво олиш мумкин. Асосан варикоцелени даволашнинг 3 тури фарқланади.

Одатий жарроҳлик йўли амалиёти (Иваниссевич операцияси).

Эндоскопик жарроҳлик йўли.

Уруғ йўллари кенгайган вена қон томирларини қотириш (склерозлаш).

– Чов-ёрғоқ чурраси олиб ташланганда у кейинчалик қайтадан пайдо бўлмайдими?

– Чов ёрғоқ чурралари эркаклар ва йигитларда консерватив ва оператив йўллар билан даволанади. Консерватив усул, яъни махсус бандаж тақиб юришдан иборат бўлса, оператив–радикал усул эса чов ёрғоқ чурраларида кўпроқ қўлланилади.

Асоратлардан бири – жарроҳлик амалиётидан кейин чурранинг қайтадан пайдо бўлишидир. Лекин бу беморнинг операциядан кейинги яшаш тарзига боғлиқ, бемор жарроҳлик амалиётидан кейин шифокор кўрсатмаларига қатъиян риоя қилган тақдирда бундай асоратларнинг кузатилиш эҳтимоли ўз-ўзидан камаяди. Беморлар ўзларини жисмоний ва физик юкламалардан чеклаши, жарроҳлик амалиётидан кейин белгиланган вақтгача махсус бандаж тақиб юриши ва ич қотишининг олдини олишлари керак.

– Эркаклардаги таносил аъзолари ўсмаларини даволаш билан боғлиқ хирургик муолажалар бугунги кунда илгариги йиллардагидан нимаси билан фарқ қилади?

– Ҳозирги кунда нафақат Ўзбекистонда, балки дунёнинг барча давлатларида ҳам тиббиёт илдам қадамлар билан юксалиб, йилдан йилга мукаммаллашиб бормоқда, янги замонавий диагностик асбоблар ва жаҳон андозаларига мос келувчи ҳамда янгича талабларга жавоб берувчи махсус жарроҳлик анжомлари бугунги кунда бекаму кўст мавжуд. Ҳатто малакали мутахассисларимиз томонидан бажарилаётган кўплаб жарроҳликлар ривожланган давлатларда ўтказиладиган мураккаб операциялардан қолишмайди. Ўсма касалликларини барвақт аниқлаб, тез ва асоратсиз даволаш имконияти юзага келган. Бундан қувонишимиз керак, албатта.

Ўз мухбиримиз суҳбатлашди.

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x