Хатна қилишнинг тиббий аҳамияти

Статистик маълумотлар шуни кўрсатадики, охирги ўн беш йиллар мобайнида уй шароитида усталар томонидан хатна ўтказилган 587 та болада асоратлар кузатилган ва уларнинг ота-оналари болалар хирургик клиникаларига мурожаат қилишган. Аксариятида бевосита операциядан кейинги даврда қон кетиши, хусусан чала хатна ўтказилганлиги туфайли йирингли яллиғланишли жараёнлар кечганлиги оқибатида чандиқли фимоз келиб чиққан. Бемор болаларнинг кўпчилигида эса меатастеноз ривожланиши натижасида сийдик чиқишининг қийинлашуви кузатилган.

Бугунги кунда қон ивишининг ёмонлашуви, сепсис, гемофилия, камқонлик, жигар ёки буйрак фаолиятининг бузилиши, организмда яширин юқумли инфекциянинг мавжудлиги(гепатит, вич-инфекция), олатдаги йирингли – яллиғланишли жараёнлар (баланит, баланопостит, уретрит) ва аномал туғма нуқсон (гипоспадия, эписпадия) касалликларни инобатга олмасдан хатна қилиш оқибатида юзага келган асоратлар кўпайиб кетаётганлиги ташвишланарлидир.

Айтиш жоизки, гипоспадия (сийдик чиқариш йўлининг туғма нуқсони)нинг деярли барча турларида хатна қилиш мумкин бўлмасада, усталар томонидан хатна амалга оширилиб, бунда зарур бўлган кертмак варақлари олиб ташланиши кейинги пластик операция жараёнини қийинлаштиради.

Кўп йиллик тажрибага эга бўлган, болаларни хатна қилиш соҳасида илмий тадқиқотлар олиб борган жарроҳ сифатида айтмоқчиманки, хатна малакали уста томонидан амалга оширилмаса хатолик оқибатида жиддий нуқсонлар юзага келади. Демак, нафақат усталар, балки ота-оналар ҳам бу борада тиббий маълумотларга эга бўлишлари лозим.

Фойдали жиҳатлари кўп

Ўғил болаларни хатна қилиш туфайли фимоз ва унинг асоратлари бўлмиш сийдик тутилиши, баланит, баланопостит, уретра учининг торайиши(меатостеноз), туз смегмаларни кертмак ва олат бошчасининг эгатчасига йиғилиб колиши оқибатида битишма (синехия), тош касаллиги (уретра, қовуқ) ва катта ёшда учрайдиган ҳар хил кертмакка алоқадор онкологик касалликларнинг олди олинади.

Хатна қилдирилганларда кертмакнинг ички варағида, олат бошчасида, бошча ва бўйинча орасидаги тож эгатида пайдо бўладиган олат раки 5-8 баробар кам учрайди. Ракка олиб келувчи асосий сабаб – кертмак ички варағи билан олат бошчаси орасида тез-тез йиғилиб турувчи смегма бўлиб, олимлар унинг канцероген(ўсмага олиб келувчи) таъсирга эга эканлигини ўтган асрнинг 70- йилларидаёқ аниқлашган. Олат ўсмалари яхши ва ёмон сифатли бўлиши мумкин. Олат сўгаллари, папилломалар, лейкоплакиялар яхши сифатли ўсмаларга киради. Олат раки (саратони) эркаклардаги барча ёмон сифатли ўсмаларнинг 1 фоизини ташкил қилади. Олат ракининг 55-97 фоизи фимоз билан қўшилиб келади. Олат раки лимфа ва қон томирлар орқали жуда тез тарқалиб, чов ва қов соҳаларига тарқалади.

Маълумки, кертмак териси кесилмаганларда кертмак қопчаси ичида смегманинг тўпланиши, йирингли яллиғланишли жараёнларнинг тез-тез қайталаниши юқорига кўтарилувчи инфекциянинг ривожланишига олиб келади. Буларнинг барчаси сийдик чиқариш канали, простата бези, қовуқ ва юқори сийдик йўллари яллиғланишли касалликлари кучайишига шароит яратиб беради. Шунинг учун, эркакларда учрайдиган цистит хатна қилинганларда қилинмаганларга қараганда 3 баробар, сурункали простатитлар 2,5 баробар, простата безининг аденомаси эса 6 ,2 баробар кам учрар экан.

Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра хатна қилдирилмаган эркакларда жинсий ожизлик (импотенция) ўртача 45-50 ёшда, хатна қилдирилганларда эса 55-60 ёшда бошланар экан. Сексопатолог, профессор Г.С Васильченко томонидан 4000 дан ортиқ аёллардан анкета сўрови ўтказилганида, уларнинг 78 фоизи хатна қилинган эркаклар билан алоқа қилганида жинсий жиҳатдан тўлиқ қониқиш ҳис этишини билдирганлар.

Бугунги кунда эркаклари хатна қилдирилмайдиган аксарият Европа давлатларида, Россияда туғилиш кўрсаткичларининг кескин пасайиб кетиши, аҳолининг кексайиши ҳисобига демографик кўрсаткичлар ёмонлашаётгани сир эмас. Шунингдек, Голландия, Финляндия, Норвегия, Швейцария, Швеция, Австрия каби давлатларда ҳам туғилиш кўрсаткичлари жуда паст даражада бўлиб, табиий ўлим кўрсаткичлари ундан юқорилиги боис аҳоли сонининг камайиб кетиши кузатилмоқда. Туғилиш кўрсаткичларининг пасайиб кетишига бир қатор омиллар билан бирга, бу давлатлар эркакларининг жинсий ожизлиги кучайиб бораётганлиги сабабларидан бири сифатида хатнани болалик даврида урф-одат тариқасида қабул қилинмаганлигидан келиб чиқадиган касалликлар оқибати деб қараш мумкин.

Ўз вақтида даволамаса…

Ўғил болалардаги фимоз касаллиги кертмак тешигининг торайиши оқибатида сийдик чиқарилишининг қийинлашиши кузатилади. Фимоз ҳатна қилинмаган эркакларнинг 3 фоизга яқин қисмида учрайди. Бунда кертмак терисидан ҳосил бўлган қопча тешиги торайиб, олат бошчасини ташқарига чиқариш имкони бўлмай қолади. Оқибатда кертмак қопчаси билан олат бошчаси орасида туз ва йиринг тўпланиб, бемор аҳволини оғирлаштиради. Беморнинг кертмак сохасида каттиқ қичишиш ва ачишиш ҳислари пайдо бўлади, тана ҳарорати ошади. Кичкина болалар буни ота-оналарига айта олмайдилар, натижада ҳар гал бола сийганида қаттиқ безовталаниб йиғлайди.

Фимозни ўз вақтида даволамаса, кейинчалик тош касаллиги (уретра, қовуқ, сийдик найи, буйрак), уретра учининг торайиши – меатастеноз ва туз смегмаларни кертмак ва олат бошчасининг эгатчасига йиғилиб қолиши оқибатида битишма – синехия билан асоратланади. Фимоз аксарият ҳолларда баланит – кертмак териси ички варағининг яллиғланиши ёки баланопостит кертмак териси ички варағи ва олат бошчасининг бирваракайига яллиғланиши рўй беради. Ўз вақтида ташҳисланмаган ва тегишли даво ўтказилмаган баланит, ёки баланопостит тез орада сийдик чиқариш каналининг яллиғланиши – уретрит, қовуқнинг яллиғланиши – цистит, юқори сийдик йўлларини яллиғланиши – пиелонефрит, каттароқ ёшли хатна қилинмаган болаларда ва эркакларда эса простата безининг яллиғланиши – простатитни келтириб чиқаради. Бундан ташқари эркакларда тез-тез фимознинг хуружланиши ва унинг асоратланиб туриши оқибатида уларнинг маълум қисмида кейинчалик олат ва кертмакка оид ўсмалар ривожланиши мумкин.

Фимоз эрта ёшдаги ўғил болаларда жуда кўп учрайди ва кўпинча сийдикнинг ўткир тутилиши тариқасида кечади. Фимознинг бу ёшда туғма ва орттирилган, ёки атрофик ва гипертрофик турлари фарқланади.

 Гипертрофик фимозда кертмак териси яллигланиб унинг ўсиши оқибатида тешиги торайса, атрофик турида эса – кертмак териси чандикланиши оқибатида унинг тешиги торайиб битишади ва бола сийишга қийналади. Безовталаниш, сабабсиз тана ҳароратининг кўтарилиши, уйқу ёмонлашиши шикояти билан клиникага мурожаат қилаётган ўғил болаларни чуқур текширганимизда уларнинг 25 фоизида фимознинг асоратланиб баланопоститга айланганини кузатиш мумкин.

Фимоз агар ўз вақтида ташҳисланиб тегишли даво ўтказилмаса, инфекция табиий сийдик йўллари орқали тепага кўтарилиб боравериши оқибатида юқори сийдик йўллари ва буйракларга асорат беради. Агар қон ивишининг бузилиши, ёки умумий аҳволнинг ўта оғирлиги кузатилган бемор болаларда фимоз тез-тез қайталаб турадиган бўлса, хирургик муолажа ўтказилмасдан, дори-дармон билан (консерватив) даволаш мумкин. Бунинг учун, ҳар куни олат бошчаси кертмак қопчасидан мумкин қадар чиқарилиб, антисептик эритмалар билан ювилади, синтомицин, левомекол каби антибиотикли мазлар қўйилиши лозим бўлади. Ўтказилган даво наф бермаса, кичик ёшдаги беморларни стационар ва катта ёшдаги беморларни эса поликлиника шароитида, болалар хирурглари томонидан режалик хатна операцияси ўтказилиши мумкин.

Сийдик тутилиши билан кечадиган фимознинг барча турларида албатта бола шошилинч хатна қилинади. Қолган ҳолатларда ўғил болаларда 7 ёшгача миллий анъанага кўра тўйдан олдин хатна қилинади. Бунинг тиббиётда профилактик аҳамияти жуда катта бўлиб, ўғил боланинг жинсий соғлом вояга етишида муҳим роль ўйнайди.

Бугунги кунда тиббиётда фимозни оператив йўл билан бартараф қилиш, яъни хатна қилишнинг йигирмага яқин усуллари мавжуд. Болаларни мумкин қадар эрта ёшда, хатна қилишни ва унда 0,25 фоиз ёки 0,5 фоиз новокаин эритмасини қўллаш ёки умумий оғриқсизлантириш остида хатна қилиш мақсадга мувофиқдир. Чунки лидокаин билан оғриқсизлантириш остида бажарилган хатнадан кейин беморда анафилактик шок келиб чиққанлиги кўп кузатилган. Ўз тажрибаларимиздан келиб чиқиб, новокаиннинг 0,5 фоиз эритмасига агар бир томчи 0,1 фоиз адреналин эритмасини қўшиб, қўлланишни тавсия қиламиз. Бу эса, узоқ муддатда оғриқсизлантиришни таъминлайди ва асоратлар бермайди.

Фақат мутахассис бажаргани маъқул

Боланинг анатомо-физиологик хусусиятларидан бехабар, бевосита болалар мутахассиси бўлмаган айрим шифокорларнинг ҳам хатна қилиши учраб туради. Тажрибалар шуни кўрсатадики, ўғил болаларни фақат болалар хирурги операция қилиши лозим. Қўпол ва ўйламай бажарилган ҳар қандай хирургик муолажа оғир асоратларга олиб келиши шубҳасиздир. Улар орасида кертмак жароҳатидан қон кетиши, жароҳатнинг йиринглаши, чала кесилиш оқибатида чандиқли фимоз билан асоратланишлар кўп учраб туради.

Шуни алоҳида эътиборга олиш лозимки, кертмакда йирингли – яллиғланиш (баланит, баланопостит) жараёнлари кечаётган даврда хатна қилиш мутлақо мумкин эмас. Бундай пайтларда бир неча кун мобайнида олатни антисептик воситалар билан ювиш, антибиотикли мазлардан қўйиш, оғирроқ ҳолларда эса антибиотик ва уросептикларни қўллаш керак. Бутунлай йирингли – яллиғланишли жараёнлар бартараф бўлганидан кейингина хатна қилдириш лозим. Акс ҳолда хатнадан кейин яллиғланиб турган йиринг ўчоғидан инфекция қонга ўтиб, оғир септик ҳолатларни келтириб чиқариши мумкин.

Маълумки, операциянинг катта–кичиги бўлмайди. Баданга теккан тиғ албатта оғриқ ва қон кетиши билан кечади. Шунинг учун, ҳар қандай хирургик муолажадан кейин, антибиотиклар бериш, беморни яхши парваришлаш, ёғлар, углеводлар, оқсиллар, микроэлементлар, минерал тузлар билан тўлақонли озиқлантириш операциядан кейинги даврнинг асоратсиз ва силлиқ кечишига, жарохатни битиш жараёнларининг жадаллашишига олиб келади. Хатна операцияси ҳам бундан мустасно эмас.

Абдурашид ХАМРАЕВ,
олий тоифали болалар хирурги,
тиббиёт фанлари доктори, профессор.

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x