Бу кун тараққиётнинг янги-янги чўққилари забт этилмоқда. Бироқ жаҳонда халқлар, миллатлар келажагига таҳдид солаётган хатарлардан бири – гиёҳвандлик батамом йўқолиб кетмаяпти.
Мутахассисларнинг аниқлашларича, айниқса ёшлар орасида қорадорининг бир неча турлари истеъмол қилинмоқда. Булар (марихуана – яъни наша ўсимлиги баргларидан қуритиб тайёрланадиган дори, героин – кўкноридан тайёрланадиган модда, шунингдек уйқу келтирадиган седатив наркотиклар, психостимуляторлар) чекувчиларга турлича таъсир кўрсатсада оқибати бир хил бўлади, яъни кишини зулмат исканжасида қолдиради. Алалхусус келажак наслларга зиён етказади, жамият соғлиғини ҳам издан чиқаради. Бу зарарли иллат аслида қандай пайдо бўлади ва унга қарши курашда нималарга аҳамият бериш лозим? Давра суҳбати иштирокчилари шу ҳақдаги фикр мулоҳазаларини билдирадилар.
Насл бузилишига йўл қўймайлик
Гулифар НОРМУРОТОВА, республика ОИТСга қарши кураш Марказининг “Профилактика ва эпидемияга қарши ишлар” бўлими мудири.
БМТнинг берган маълумотига асосан дунё бўйича 200 млн.нафар одам ёки 5%, 5 ёшдан 64 ёшгача бўлган аҳоли гиёҳванд моддаларни истеъмол қилади. Гиёҳвандликка боғланиб қолганлар эса 25 млн.нафарни ташкил этади, уларнинг аксарият қисми 30 ёшгача бўлганлардан иборат. Бунинг оқибатида ҳар йили 200 мингдан ортиқ киши ҳаётдан кўз юмади. Шу билан бирга, жаҳонда содир этилаётган жиноятларнинг 57 фоизи гиёҳвандлар ҳиссасига тўғри келар экан.
Статистик маълумотларга кўра Европа мамлакатларида рўйхатга олинган 14 миллион нафар гиёҳванднинг 2 миллион нафари ОИТС касаллиги билан ҳам касалланган. Гиёҳвандлар ўртасида битта шприц орқали бир неча киши наркотик воситани томирга жўнатиши ва айни шу йўл билан ОИТС тарқалаётгани хавфнинг нақадар ваҳимали эканлигини белгилайди. Қолаверса, Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти маълумотларига кўра, дунёда 450 миллион одамнинг руҳий ва ҳулқий бузилишга йўлиқиши ҳам айни шу иллат билан боғлиқ экан.
Гиёҳванд моддаларни томир орқали қабул қилувчи шахслар орасида ОИВ ва бошқа қон орқали юқувчи касалликларнинг тарқалиш тезлигини сусайтириш ҳамда мақсадли гуруҳларнинг барча даволаш профилактика муассасаларида тиббий ёрдам олишига имконият яратилиши мақсадида республика Соғлиқни сақлаш вазирлигининг саъйи ҳаракати билан юртимиз бўйлаб “Ишонч хона”лари ташкил этилган. Даволаш-профилактика муассасалари қошида ташкил этилган “Ишонч хона” лари гиёҳванд моддаларни истеъмол қилинишидан келган зарарни камайтириш бўйича дастурларни амалга оширади ҳамда гиёҳвандликка йўлиққан шахслар ўртасида ушбу иллат ва унинг оқибатида келиб чиқадиган касалликлар (ОИВ/ОИТС, гепатитлар)нинг профилактикаси бўйича ахборот-таълим материаллари, тиббий-психологик маслаҳат, бепул шприц ва игналар, шахсий ҳимоя воситалари ва дезинфекцияловчи моддалар билан таъминлайди, зарурат туғилганида мурожаат қилган шахсларни турли тиббий ва психологик хизматлар олиш учун бошқа соҳа мутахассисларига йўналтиради.
Ногирон фарзандларнинг дунёга келиши, наслнинг бузилиши, оилавий ажралишларнинг ортиши, жиноятчилик, фоҳишабозлик каби иллатлар асосида ҳам айни шу бало – гиёҳвандлик ётади. Демак, унинг салбий оқибатлари жамият учун жуда ҳам хатарлидир. Бир сўз билан айтганда, гиёҳвандлик моддаларини истеъмол қилиш инсоннинг нафақат соғлиғига, балки наслига ҳам катта зарар етказади. Ҳолбуки, инсон ўз наслининг давомчилари бўлган авлодларига яхши нарсаларни мерос қилиб қолдириши лозим. Гиёҳвандлар эса, ўз зурриётларини майиб-мажруҳ, ногирон, ақлан заиф, аҳлоқи бузуқ ҳолда дунёга келишларига сабабчи бўладилар.
Мамлакатимизда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш ва гиёҳвандликка қарши курашиш бўйича ёшлар ўртасида қатор тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда. Аҳолининг, айниқса ёшларнинг гиёҳвандлик масалалари бўйича хабардорлик даражасини ошириш бўйича республикамизда салмоқли ишлар қилинаётганлигини эътироф этиш жоиз. Гиёҳвандлар атрофидагиларнинг саломатлиги ва осуда ҳаётига ҳам хавф солади. Кенг аҳоли ўртасида мунтазам равишда тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилаётганини назарда тутиб, шуни айтиш муҳимки, энг аввало оилада бола тарбиясига, унинг юриш-туришига эътибор кучайтирилмас экан, ижобий натижага эришиш ниҳоятда қийин.
Абстиненсия ҳолати нима?
Жаббор ХУДОЙБЕРДИЕВ, Андижон Давлат тиббиёт институти “Умумий амалиёт шифокорлари малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш” кафедраси доценти.
Гиёҳванд ўз ихтиёри билан ёки мажбурий равишда наркотик қабул қилишни тўхтатса биринчи куннинг охири ва иккинчи куннинг бошида унда абстиненсия (дори хумори) ҳолати вужудга келади. Бу жуда оғир касаллик кўриниши бўлиб, оддий сўз билан айтганда гиёҳвандда кучли “хумор” тутиши рўй беради. Абстиненсия ҳолати қуйидаги белгилар билан характерланади:
Биринчи куни бемор тез-тез эснайди, кўзидан ёш оқади, сўлак ажралиши кўпаяди, бурундан сув келиб, тез-тез аксиради. Иккинчи куни беморнинг тана ҳарорати кўтарилади, у қалтирайди, кўп терлайди, оёқ-қўл бўғимлари қотиб қолгандай бўлиб, ҳаракатланиш қийинлашади. Учинчи куни беморнинг кўнгли айниб қусади, ичи кетади, жағ мускуллари тиришиб оғрийди, оғзини очиб-ёпиш қийинлашади, қўл-оёқ мушаклари тиришади ва оғрийди. Тўртинчи-бешинчи кунлари беморнинг руҳияти бузилади, кўзига қўрқинчли нарсалар кўринади, қулоғига қўрқинчли товушлар эшитилади. У бақиради, сўкинади, “дори” сўраб ялинади, қўлига тўғри келган нарсани отади, бошини деворга уриб йиғлайди.
Абстиненсиянинг олтинчи-еттинчи кунлари бемор руҳиятининг бузилиши юқори даражага етади. У фикрлаш қобилиятини бутунлай йўқотади, яъни савдойи одамга ўхшаб қолади. Шифохонада ёки уйида қамаб қўйилган бўлса, эшик-деразани синдириб қочишга ҳаракат қилади, йўлини тўсган ёки ушламоқчи бўлган одамни қўлига тушган нарса билан уради, ҳатто ўлдиришдан ҳам тоймайди. Шифохона ёки уйидан қочган гиёҳванд бемор наркотик топиш ва қабул қилиш учун ўзининг шериклари ёки наркотик сотувчининг олдига боради. Агар у наркотикни пулсиз ёки қарзга топа олмаса пул топиш учун ўғирлик қилади.
Иродаси кучли гиёҳванд абстиненсия ҳолатининг қийинчиликларига бардош беради, оғриқларга чидайди ва ниҳоят саккизинчи-ўнинчи кунлардан бошлаб аҳволи яхшилана бошлайди, яъни руҳияти тинчланади, фикрлаш қобилияти тикланади, атрофдагилар билан соғ одамдек муомала қилади. Жағ, қўл-оёқ мушакларининг тиришиб оғриши, кўнгил айниши, танасининг ҳарорати ортиши ва касалликнинг бошқа белгилари аста-секин барҳам топади.
Бемор абстиненсия ҳолатидан турли хил дорилар ёрдамида чиқарилади.
Абстиненсия ҳолатидан чиққан бемор руҳиятини тинчлантиришга қаратилган тадбирлар ўтказилади. Яъни беморнинг умумий қувватини тиклашга қаратилган тадбирлар, қувватни оширувчи дорилар, витаминлар қўлланилади:
Наркотикнинг заҳарли таъсири, уни қабул қилмасдан яшаш мумкинлиги ҳақидаги маълумотлар суҳбатлар ёрдамида беморга онгига сингдирилади.
Тиббий ёрдам кўрсатилса абстиненсия ҳолати енгилроқ ўтади, бемор тезроқ тузалади. Лекин уни мунтазам равишда парвариш ва назорат қилиш зарур. Бундан кейин ҳам бир йил давомида у назорат қилинади, унинг руҳиятини тинчлантиришга қаратилган суҳбатлар ўтказилади, олдинги шериклари ва наркотик сотувчи билан учрашмаслигига қаратилган чора-тадбирлар кўрилиши лозим.
Умрлар хазон бўлмасин
Зафар ОТАБОЕВ, Тошкент шаҳар Наркология диспансерининг амбулатория бўлими мудири.
Кўп йиллик кузатувларимга таяниб шуни айтмоқчиманки, гиёҳвандликка қарши курашда кўпчилик бўлиб иш олиб борилиши зарур. Аксарият мамлакатларда, шунингдек Ўзбекистонда ҳам бу борада тегишли чора-тадбирлар амалга оширилаяпти. “Сурункали алкоголизм, наркомания ёки токсикомания билан оғриганларни мажбурий даволаш тўғрисида” (1992 йил 29 август), “Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида” (1999 йил 19 август) қонунлари асосида иш юритилаяпти. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан 1998 йилда “Наркотик ва психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишга қарши кураш” тўғрисида халқаро конвенция қабул қилинган. Ушбу конвенцияни БМТ таркибига кирган деярли ҳамма давлатлар (шу жумладан Ўзбекистон Республикаси ҳам) ратификация қилган. Шунингдек, юқоридаги сингари қонунларнинг ҳуқуқий ҳимояси мустаҳкамланган. Яъни, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг баъзи моддаларида бевосита наркомания ва психотроп моддалар билан боғлиқ жавобгарликлар назарда тутилади.
Диспансеримизда гиёҳвандлик йўлига кирган беморларни даволаш ва ижтимоий реабилитация қилиш дастури ишлаб чиқилган. Беморларни нафақат дори-дармон ва психотрапия балки физиотерапия, фитотерапия ҳамда ижтимоий ҳимояни мустаҳкамлаш йўли билан ҳам даволаш йўлга қўйилган. Даволаниб чиққандан сўнг мутасадди идоралар (масалан маҳаллалар) томонидан уларнинг фаолияти кузатиб борилади, ҳаётдаги мавқеини тиклаб олишига кўмак берилади. Гиёҳвандлик иллатидан қутулишда оила аъзолари, атрофдагиларнинг ёрдами сабр-тоқати жуда муҳим.
Даво масканимизда даволаниш ихтиёрий, ўзи ёки яқинларининг розилиги билан амалга оширилади. Гиёҳвандликка берилиб яқинларига озор етказган шахсларни шикоятлар асосида олиб келиш ва даво чораларини қўллаш тартиби мавжуд. Ахир битта гиёҳванд инсон бир оиланинг, маҳалланинг, баъзан бутун жамият ҳаётига салбий таъсир кўрсатади. Демак, ҳар биримиз ҳушёр бўлайлик, зеро ёнгинамизда зарарли иллат илдиз отмасин, шу боис кўплаб умрлар хазон бўлмасин, азизлар.
Бола аҳволини кузатинг
Зулхумор АЗИЗОВА, болалар психологи.
Ҳар бир ота-она уйда боланинг кундалик ҳатти-ҳаракатини доимо кузатиб бориши зарур. Маслаҳат шуки, агар фарзандингизнинг ўзини тутиши бошқача тус олса албатта назоратни бўшаштирманг. Тўғри, баъзида ўсмирликнинг “ўтиш даври”да ҳам ўғил-қизлар феъл-атвори ўзгаради, қандайдир қизиққон ва асабий бўлиб қолади. Лекин сиз боланинг наркотик моддаларга алоқаси бор-йўқлигини аниқлашга уринсангиз, уни зимдан кузатинг. Масалан, бола феълидаги қуйидаги ҳолатларга аҳамият беринг:
- у сизга айтмасдан тез-тез уйдан ғойиб бўлиб қолади, қаерда бўлганини суриштирсангиз жаҳли чиқади;
- ёлғон гапиради, жўн ва содда ёки жуда мураккаб баҳоналар тўқийди;
- тезда янги танишлар орттиради, эски дўстларини унутади;
- телефонда шивирлаб гаплашишлар кўпаяди;
- оила ҳаётига қизиқмай қўяди, бирор муҳим нарсани гапирсангиз лоқайд ҳолда тинглайди, аслида бу вақтда бошқа нарсани ўйлаётган бўлади;
- гоҳида кун бўйи ухлайди, баъзан кечалари ухлолмай чиқади, қоронғуда уриниб-туртинади;
- аввалги қизиққан нарсаларига бефарқ бўлади;
- невроз ҳолатлари кузатилади: тез жаҳли чиқади, беихтиёр бақириб юборади;
- қарашлари маънисиз бўлади, сиздан кўзини олиб қочади, кўпинча хонасига беркиниб олади;
- уйдан тез-тез пул ва буюмлар йўқолади.
Боладаги бу ҳатти-ҳаракатлар аҳён-аҳёнда учраса, шубҳаларингиз ўринсиз. Бордию шунақа бўлаверса бола билан алоҳида гаплашинг, сизга сирини очмаса дарҳол мутахассисга олиб боринг.
* * *
Одамни залолатга етакловчи заҳри қотил ҳисобланган гиёҳвандликнинг ўта оғир оқибатлари ҳақида кўп эшитганмиз, китобларда ўқиганмиз, видеотасвирларда томоша қилганмиз. Ҳали-ҳануз баъзи ёшлар ҳаёти бу иллат туфайли барбод бўлаётгани, у биргина оиланинг эмас, балки бутун жамиятнинг муаммосига айланаётганини кўпчилик билади. Демак, жойларда зарарли одатларга оид суҳбатларга янада кенгроқ тус берилиши ва бу хусусдаги ахборотлар кўпроқ чоп этилиши фойдадан холи бўлмайди. Наркотик моддалар истеъмол қилишга қарши курашиш ва уни бартараф этишга нафақат мутахассис олимлар, балки ота-оналар, маҳалла ва ҳуқуқ идоралари мутасаддилари, шифокорлар, хуллас барча кишилар бирдек жон куйдирсалар натижа кутилганидан аъло бўлади, деб ўйлаймиз.