Ичакларнинг меъёрдагидан кенгайиб ёки узайиши гиршпрунг касаллиги ҳисобланади ва асосан ёш болаларда туғма ҳолда учрайди. Гиршпрунг кўпроқ ўғил болаларни безовта қилади.
Ичаклар фаолияти Мейснер ва Ауэрбах нерв чигаллари томонидан бошқарилади. Ана шу нерв чигаллари ҳужайралари меъёрда ўсиб етилмаслиги (ёки мутлақо мавжуд бўлмаслиги) она қорнидаги боланинг гиршпрунг билан хасталаниб туғилишига шароит яратади.
Чақалоқнинг гиршпрунг билан дунёга келишига бир нечта омиллар сабаб бўлади:
- аёлнинг ҳомиладорлик даврини ёмон ўтказиши;
- бўйида бўлган дастлабки ойларда авитаминозга чалиниши;
- ҳомиладорликнинг бошланғич ойларида ўткир юқумли касалликлар билан оғриши;
- бўлажак онага ва ҳомилага В гуруҳидаги витаминлар етишмаслиги.
Гиршпрунгга учраган гўдакнинг ичакларида перистальтика (тўлқинсимон ҳаракат) жараёни рўй бермайди, қабзият (ич қотиш) ривожланади, болани қорин дам бўлиши безовта қилади.
Беморнинг ичи икки-уч кунда бир марта келиши мумкин. Натижада йўғон ичакда нажас (ахлат) йиғилиб қолади ва ичаклар катталаша боради.
Кенгайган ва узайган ичаклар қўшни аъзолар (қон-томирлар, юрак, ўпка)ни қисиб қўйиши натижасида боланинг нафас олиши қийинлашади, юраги тез-тез уради.
Баъзан йиғилиб қолган ахлат ўз вақтида ташқарига чиқарилмагани туфайли ичакларга қайта сўрилади ва организм заҳарлана бошлайди. Бундай заҳарланиш давомида боланинг иштаҳаси йўқолади, беҳолланиб, боши оғрийди.
Гиршпрунг билан оғриган бола озиб кетади, териси қуруқлашиб, кўз косаси чуқурлашади, ҳатто, оёқлари ҳам нозиклашиб қолади.
Касалликни даволаш икки хил (консерватив ва жарроҳлик) усулда олиб борилади.
Енгилроқ турида консерватив усул қўлланилиб, болага дори-дармон буюрилади, ичаклари ҳуқна ёрдамида тозаланади, ич юриши таъминланади. Шундан сўнг унинг умумий аҳволи яхшиланади.
Гиршпрунг ташҳиси қўйилган ва бу касаллик ривожланган болаларда жарроҳлик амалиёти ўтказилади. Кенгайган ёки узайган ичакларнинг зарарланган қисми олиб ташланади, издан чиққан нерв чигаллари, шунингдек, фаолияти сусайган нерв тизимининг симпатик ва парасимпатик бўлимлари яхши ишлашига имкон яратилади.
Унутмаслик керакки, операциядан кейин бемор болалар колит (йўғон ичак касаллиги)га мойил бўлиб қолишади. Шунинг учун улар жарроҳликдан сўнг парҳезга амал қилишлари лозим, қаттиқ қовурилган ёғли овқатлар зарар, буғда пиширилган таомлар ва юмшоқ бўтқалар ҳамда суюқ шўрвалар ичишлари фойдалидир.
Шифокор назоратида бўлиб, овқатланиш ва дам олиш тўғри ташкил этилса, бемор бола соғайиб кетади.
Фотима НОРБОЕВА, шифокор, педагог.