Геморрагик иситма: асоратлари билан хавфли

Қрим-Конго геморрагик иситмасини вирус қўзғатади. Йирик ва майда шохли ҳайвонларда учрайдиган иксод каналари ушбу касаллик вирусининг сақловчиси ва ташувчилари ҳисобланади. Кемирувчилар, йирик ва майда шохли моллар вирус манбаларидир.

Касаллик асосан чўл ҳудудларида фаолият юритувчи касб эгалари (чўпон, уларнинг оила аъзолари, мол боқувчилар, овчилар, қўйлар жуни қирқимига вақтинчалик ишга жалб этилганлар)да учрайди. Касаллик асосан йилнинг баҳор ва ёз фаслларида қайд этилади. Касалликдаги бундай мавсумийлик каналарнинг фаоллиги билан бевосита боғлиқ. Геморрагик иситма 20-60 ёшдаги эркакларда кўпроқ (80 фоиз) учрайди. Касалликнинг яна бир хавфли томони шуки, беморнинг қони орқали ҳам (гемоконтакт йўл билан) соғлом одамга юқади.

Республикамизнинг жуда ката майдони геморрагик иситма бўйича табиий ўчоқли ҳудудлар ҳисобланиб, бугунги кунда ушбу ҳудудларда касаллик тарқоқ ҳолатларда (спорадик) учраб туради. Ушбу касаллик вирус билан зарарланган каналарнинг тарқалишига боғлиқ бўлиб, табиий ўчоқли бўлмаган ҳудудларда ҳам учраши мумкин. Бундан ташқари, ушбу касалликнинг республикамиз ҳудудига четдан кириб келиши ва тарқалиш хавфи ҳам мавжуд.

Касалликнинг яширин даври ўртача 2-3 кун давом этади. Баъзида бу давр бир неча соатларгача қисқаради ёки 14 кунгача чўзилади. Касаллик ўткир бошланиб, тана ҳароратининг кўтарилиши (39-40°С), юз, бўйин, кўкрак қисми териларининг қизариши, баданнинг совуққотиб қалтираши, мушакларнинг оғриши, тошма тошиши, милк, бурун, ошқозон-ичаклардан қон кетиши, инъекция жойларида қон қуйилишлар каби аломатлар билан намоён бўлади. Баъзида касаллик оғир кечиб, ўлим ҳолатлари ҳам қайд этилади.

Касаллик геморрагик белгиларсиз шаклда ҳам кечиши мумкин. Бунда баданда тошмалар тошмайди, қонталашлар кузатилмайди, аъзолардан қон кетмайди, касаллик асосан иситма ва интоксикация аломатлари билан кечади. Бундай беморлардан лаборатория текшируви учун қон олиш ҳамда тери бутунлиги бузилиши билан кечадиган муолажаларни амалга ошириш жараёнларида эпидемияга қарши талабларга риоя қилмаслик натижасида тиббиёт ходимларига касаллик юқиши мумкин. Геморрагик иситма касаллигидан сақланиш учун қуйидагиларга риоя қилиш тавсия этилади.

Баданга кана ёпишганлиги аниқланса, яқин жойлашган тиббиёт муассасасига мурожаат қилиш керак. Агар ёш болага кана ёпишган бўлса, катталардан бири канани эҳтиёткорлик билан олиши мумкин. Зинҳор канани ҳимояланмаган қўллар билан олиб ташламаслик керак. Дастлаб кана ёпишган жойга 2-3 томчи ўсимлик ёғи томизиб, 10-15 дақиқа кутилади, шундан сўнг қўлларга резина қўлқоп кийиб, пинцет ёки ип ёрдамида секин-аста терига ёпишган кана олинади. Кана олинган жойга пахтали таёқча ёрдамида йод суртилади ва устига бактерицид пластир ёпиштирилади. Олинган кана пенциллин флаконига солиниб, оғзи тиқин билан бекитилади ва флакондаги кана ёқиб ташланади.

Қўлларга кийилган резина қўлқоплар ечилмасдан туриб 70°С ли этил спирти билан ишлов берилиб, сўнгра ечилади ва ёқиб юборилади. Кана чақишдан эҳтиёт бўлиш мақсадида тери юзаси имкон қадар кийимлар билан бекитилиш керак. Кана кўпинча оёқлар орқали киришини инобатга олиб, шим почалари маҳкам боғланиши керак.

Бирор кишини кана чақса, ёки баданига кана ёпишганини кўрса, қўллари кана қони билан ифлосланса, шунингдек иситмаси чиққан, бурундан, милклардан, ошқозон-ичаклардан, бачадондан қон кетган беморларга ёрдам кўрсатса, беморнинг қони тери ва шиллиқ қаватларига теккан бўлса, унда ёрдам кўрсатган одам ҳам тиббиёт муассасасига мурожаат этиши шарт!

Каналарни қўл билан эзиб ва қайчи билан кесиб ўлдирмаслик, қирқим мавсумига ёш болаларни, ўсмирларни ва ҳомиладор аёлларни жалб этмаслик, сут соғиш жараёнида сигирлардан канани қўл билан олмаслик, шунингдек, қирқим вақтида фақат махсус ҳимоя кийимларидан (қўлқоп, енг ва пойчалари мустаҳкам беркиладиган шим, камзул, резина этикдан) фойдаланиш, шахсий гигиена қоидаларига пухта амал қилиш касалликнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.

Баҳром АЛМАТОВ,
Республика Давлат санитария эпидемиология
назорати маркази бош врачи.

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x