Конъюнктивит – кўз олмаси шиллиқ қаватининг яллиғланиши бўлиб, кўкрак ёшидаги болаларда кўп учрайди. Гўдаклардаги конъюнктивитнинг белгилари турлича. Қовоқ ва конъюнктива (шиллиқ қавати) нинг шишиб қизариши, кўзга қум тиқилгандек сезги бўлиши, кўзни ёшланиши, кўздан йиринг ёки шиллиқ ажралиши (яъни бола ухлаётганида киприклари бир-бирига ёпишиб қолиши) конъюнктивитга хос белгилардир. Шунингдек, болада ёруғликдан қўрқиш ва қовоқларни қисиш (блефароспазм) кузатилади. Агар бола кўзларини ишқалай бошласа, демак кўзларда қичишиш ва ачишиш пайдо бўлганидан далолат беради.
Болада конъюнктивит пайдо бўлганида уни дарҳол мутахассис шифокор кўригига олиб бориш зарур, кўп ҳолларда беморни изоляция килиш (ажратиб қўйиш) касаллик бошқа болаларга ўтиб кетишининг олдини олади. Чунки тегишли даво чоралари ўз вақтида бошланмаса, инфекция кўзнинг бошқа қисмларига ўтиб кетиб, оғир асоратларга олиб келиши мумкин ва кўриш ўткирлиги пасайишига сабаб бўлиши мумкин. Конъюнктивит бирор-бир инфекцион касаллик (масалан шамоллаш)нинг белгиси бўлиши ҳам мумкин. Шу сабабли, конъюнктивит пайдо бўлганда боланинг тана ҳароратини ўлчаб туриш ва шамоллашга карши даво чораларини қўллаш лозим.
Конъюнктивитнинг бир ёки иккала кўзда пайдо бўлиши инфекция қўзғатувчисига боғлиқ. Бактериялар чақирган яллиғланиш кўп ҳолларда бир кўзни зарарласа, вирусли ва аллергик жараёнлар одатда иккала кўзни ҳам зарарлайди.
Гўдакларда пайдо бўладиган конъюнктивитнинг сабаблари турли-туман. Кўпинча бактерия ва вируслар келтириб чиқарадиган инфекцион конъюнктивитлар кузатилади. Боладаги конъюнктивит ўсимликлар гуллаш даври дорини истеъмол қилиш, айрим шароитларга тушган вақтда ёки айрим озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилгандан сўнг пайдо бўлса, яъни ҳар мавсумда кузатилса, бу ҳол конъюнктивит аллергик табиатга эга эканлигидан далолат беради.
Қўзғатувчисини аниқлаш муҳим
Ўткир бактериал конъюнктивитни иммунитет пасайганида ёки организмда сурункали касалликлар бўлганида конъюнктивал халтачада доимо сапрофит холда учрайдиган микроорганизмлар фаоллашадиган стафилококк ва стрептококклар қўзғатади. Ҳаво-томчи орқали юқади. Касаллик ўткир ривожланади, белгилари бир неча соат ичида юзага чиқади, яллиғланиш жараёни бир кўзда бошланиб, тезда иккинчисига ҳам ўтади.
Пневмококкли конъюнктивитни пневмококк қўзғатади. Бошқа микроблар қўзғатадиган конъюнктивитлардан фарқи конъюнктивада пайдо бўладиган плёнкалардир. Бу плёнкалар шиллиқ қаватлардан осон кўчади. Бошқа конъюнктивитлардаги сингари кўз қизаради, ёш оқади, шиллиқ-йирингли ажралма келади.
Дифтерияли конъюнктивитни дифтерия таёқчаси қўзғатади. Болага дифтерия билан оғриган бемордан ҳаво-томчи орқали юқади. Дифтерия жуда юқумли ва махсус давони талаб қилгани сабабли, боладаги дифтерия тасдиқланганида у юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилади. Бу турдаги конъюнктивитга тўғри даво қилинмаса, кўз шох пардасининг яллиғланиши – кератит юзага келади.
Аденовирусли конъюнктивитни бемордан ҳаво-томчи орқали юқадиган аденовирус келтириб чиқаради. Касаллик ўткир бошланиб, кўз зарарланишидан олдин тана ҳароратининг 38-39 даражага кўтарилиши, бош оғриғи, жағ ости лимфа тугунларининг катталашиши, фарингит кузатилади. Конъюнктива остига майда қон қуйилишлари ва томирларнинг кучли кенгайиши ҳам конъюнктивитнинг аденовирусли тури учун хос белгилардир.
Герпетик конъюнктивитни оддий герпес вируси қўзғатади. Одатда герпес вируси бола организмига дастлаб герпес билан оғриган одамдан ҳаво-томчи билан тушади. Иммунитет пасайганида организмдаги герпес вируси фаоллашади ва касалликка туртки беради. Буруннинг ён қанотлари, қовоқлар териси ва конъюнктивада герпесга хос пуфакчалар пайдо бўлиши мумкин.
Аллергик конъюнктивит ривожланишига турли аллергенлар, яъни айрим ўсимликларнинг гуллаш давридаги чанги, шунингдек озиқ-овқат маҳсулотлари, дори воситалари, уй ҳайвонларининг жуни, уй чанги, маиший кимё воситалари, моғор ва замбуруғлар сабаб бўлади. Аллерген организмга тушгандан сўнг аллергик реакция тез ёки секин бошланиши мумкин. Бола истеъмол қилган озиқ-овқат тури аллергия қўзғайдиган характерга эга бўлса 8-24 соат ўтиб конъюнктивитни юзага келтиради. Ушбу холат аллергиянинг тез бошланиш турига киради. Секин бошланадиган аллергик турини аниклаш қийинроқ, чунки аллерген билан тўқнашув бир неча ойлар олдин бўлганлиги учун беморлар буни эсидан чиқариб юборадилар ва натижада касалликни қўзғатувчисини топиш мураккаблашади.
Гонобленнорея коньюнктивит касаллигини гонорея қўзғатувчиси келтириб чиқаради. Агар боланинг онаси гонорея билан оғриган бўлса, бола туғруқ пайти ёки туғруқдан сўнг онасидан инфекцияни юқтириб олади. Натижада конъюнктивитнинг хавфли тури ривожланади. Бу касалликда гўдакнинг кўз шох пардаси оғир зарарланиб, кўриш ўткирлиги пасайиши мумкин.
Хламидияли конъюнктивит хламидиоз билан оғриган она туғруқ пайти боласига хламидияларни юқтириши натижасида келиб чиқади. Янги туғилган чақалоқларда касаллик оғир ўтади, бирданига иккала кўзни ҳам зарарлайди. Кичик ёшдаги болаларнинг конъюнктивал бўшлиғига касаллик қўзғатувчиси бўлган инфекцияланган сув орқали бассейн, очиқ сув ҳавзаларида чўмилганда ҳам юқиши мумкин.
Даволаш ва олдини олиш
Болада конъюнктивит белгилари пайдо бўлса, уни иложи борича тезроқ офтальмолог шифокор кўригига олиб бориш зарур. Боланинг киприк, қовоқ ва конъюнктива бўшлиғини ажралмалардан тозалаш лозим – кўрикка бормасдан ҳам олдин бошлаш зарур. Бунинг учун 0,02 фоизли фурацилин эритмасидан фойдаланиш мумкин. Пахтани юмалоқлаб илиқ ҳароратдаги эритмага яхшилаб ҳўлланилади, сўнг бола кўзини ташқи чегарасидан ички томонга қараб (кўз тўлиқ тозалангунча) артиш лозим. Ҳар бир кўз учун алоҳида пахтали тампон ишлатилади. Тозалаш кунига 6-8 маҳал бажарилади. Иложи борича тоза стерилланган пахтадан фойдаланишни тавсия этилади. Айниқса эътибор бериш керак киприк, қовоқлар, конъюнктива бўшлиғида қотган ажралмалар умуман бўлмаслиги керак.
Боладаги конъюнктивитни бактериялар келтириб чиқарган бўлса, таркибида антибиотиклар ёки сульфаниламидлар бор кўз томчилари томизилади. Бундай дори воситаларини гўдакларда ҳаётининг илк кунлариданоқ қўллаш мумкин. Томчилар кунига 6-8 маҳал (ҳар 2-3 соатда конъюнктива бўшлиғи яхшилаб ювилгандан сўнг) томизилади. Яллиғланиш жараёни сўна бошлагач кунлик томчи томизишлар сони камайтириб борилади. Аввал кунига 3-4 маҳал, кейинчалик кунига 2 маҳал томизиб борилади. Даволаш шифокор назорати остида 7-14 кун давом этади.
Томчилардан ташқари, таркибида антибиотиклар бор суртмалардан ҳам фойдаланиш мумкин. Конъюнктивит шамоллаш билан бирга кечаётган бўлса офтальмолог педиатр билан бирга даволаш, яъни тизимли терапия (таблетка ҳолидаги антибиотиклар, яллиғланишга қарши препаратлар) буюриши мумкин.
Вирусли, аденовирусли, аллергик конъюнктивитлар ҳам бактериал конъюнктивитни даволашга ўхшаш тартибда даволанади, фақат антибиотиклар ўрнига вирусга ва аллергияга қарши таъсир кўрсатувчи дори воситалари қўлланади. Гўдакнинг кўзларини мунтазам равишда ювиб туриш лозим. Конъюнктивитда, агар кўп миқдорда ажралмалар чиқаётган бўлса ҳам кўзга боғлов қўйиш мумкин эмас.
Гўдакда конъюнктивит юзага келишининг олдини олиш учун гигиена қоидаларига амал қилиш, яъни боланинг кўзини ҳар куни тоза сув билан ювиб туриш керак. Уй-жойни озода сақлаш, хонадондаги ҳаво намлигини иложи борича 50-70 фоизда ушлашга ҳаракат қилиш лозим. Гўдакдаги иммунитетни яхшилаш учун унинг ёшига мос келадиган соғломлаштириш ва чиниқтириш тадбирларини амалга ошириш маслаҳат берилади.
Шунингдек, хонани шамоллатиб туриш, қўлларни тез-тез ювиб туриш, хонани нам латта билан артиб-тозалаш лозим.
Ботир БУЗРУКОВ,
Тошкент педиатрия тиббиёт институти
“Кўз касалликлари” кафедраси профессори,
тиббиёт фанлари доктори.