DO`STLARGA ULASHING:
Фурқат (тахаллуси; асл исм-шарифи Зокиржон Мулло Ҳолмуҳаммад ўғли) (1859, Қўқон —1909, Ёркенд) — тараққийпарвар шоир, мутафаккир, публицист. Маҳалласидаги мактабда савод чиқарган, мударрис ва котиблардан хаттотлик, араб тилини ўрганган. Мадрасада ўқиган (1873—76). Алишер Навоий ижодини, форс адабиёти намояндалари меросини чуқур ўрганган, форс тилини мукаммал ўзлаштирган.
1876 йилда Янги Марғилон (ҳозирги Фарғона) шаҳридаги савдогар тоғасининг илтимосига кўра у ерга бориб, савдо ишларида унга ёрдамлашган, кейинчалик ўзи ҳам кичик дўкон очган. Айни пайтда билимдон зиёли сифатида кишиларнинг арз ва илтимосларини расмий маҳкамаларга аризалар шаклида битиб, мирзалик ҳам қилган.
Фурқат Янги Марғилонда ижодкор сифатида тўла шаклланди, ўз ғазалларига «Фурқат» тахаллусини қўйиб, шуҳрат қозона бошлади. Бу ерда ўтказилган йиллар Фурқатнинг халқчил дунёқараши, илғор адабий-эстетик тушунчаларининг шаклланишида ҳам муҳим бир босқич бўлди.
80-йилларнинг бошларида Фурқат Қўқонга қайтиб, оила қуради ва, асосан, ижодий иш билан шуғулланади. Муқимий ва Муҳйи етакчи бўлган Завқий, Нодим, Нисбат, Муҳаййир каби ижодкорлар гуруҳи билан бевосита мулоқотда бўлади, улар уюштириб турадиган адабий мажлислар, шеърият кечаларининг фаол иштирокчисига айланади.
Фурқатнинг Қўқондаги бу давр ижоди тур ва мавзу, мазмун ва шакл ранг-баранглиги жиҳатидан ҳам, сермаҳсуллиги жиҳатидан ҳам диққатга сазовор. У мумтоз шеърият анъаналари руҳида кўплаб ишқий ғазаллар, мухаммаслар яратган. Алишер Навоий асарларига гўзал назира ва тахмислар боғлаган, унинг шеърларида ижтимоий руҳ ва замонавийлик тобора кенг ўрин эгаллай бошлаган (масалан, «Бўлди» радифли мухаммаси ва бошқа шеърларида). Фурқат халқнинг сиёсий ҳуқуқсизлиги ва иқтисодий ночор аҳволидан қайғирган («Не журм ўттики биздин, бунчалик Фарғона танг бўлди?…»)
Қўқон хонлигининг узил-кесил тугатилиб, батамом мустамлакага айлантирилиши воқеасига боғлиқ ҳолда яратилган: «Демиш хон бир куниким, давру давронлар қаён қолди?» мисраси билан бошланувчи мухаммаси ҳам Фурқатнинг шу даврдаги ижоди маҳсулидир. Тожу тахтдан, шаъну шавкат ва аъёнлардан маҳрум бўлган Худоёрхон номидан битилган бу асар ҳам шоир ижодида замонавий ижтимоий мавзу кенг ўрин эгаллаганининт исботидир.
Фурқатнинг ижодий меросида анъанавий шеърий турлар, ўзбек мумтоз адабиётидаги асосий мавзулар етакчи ўрин эгаллайди. Унинг ғазал ва мухаммаслари, боғлаган тахмислари узининг ҳаётийлиги, мусиқийлиги, ниҳоятда самимийлиги билан ўқувчини мафтун этади.
Фурқат шеърларида она юрт табиати ва баҳор гўзаллиги, жўшқин севги-муҳаббат ва чин инсоний фазилатлар, ҳаёт шодликларидан қувониш ва турмуш ташвишларидан шикоят қилиш, умуман, одам ва олам, кишиларнинг маънавий дунёси, меҳри ва қаҳри яққол тасвирланган. Macалан, «Баҳор айёмида гулгашт этарга бир чаман бўлса», «Умр хуш ўтмас баҳор айёми саҳро бўлмаса», «Сурмадин кўзлар қаро, қўллар хинодин лоларанг», «Жаннатнинг гулларидан гулзорингиз чиройлик», «Кўнгул дардиға топмай бораман ҳаргиз даво истаб», «Фасли навбаҳор ўлди кетубон зимистонлар» каби мисралар билан бошланувчи ғазаллари, «Этти фалак», «Бири», «Истар кўнгул», «Дўст», «Кокулунг» радифли мухаммаслари, Навоий ғазалларига тахмислари давр шеъриятининг ҳам ғоявий, ҳам бадиий жиҳатдан етук намуналари ҳисобланади.
Фурқат шеъриятида мустамлака тузумининг иллатларини қоралаш, жорий адолатсизлик ва зўравонликдан, ҳуқуқсизлик ва ночор ҳаётдан, нодонларнинг замонада эътибор топиб, доноларнинг хорзор этилишидан норозилик эсда қоларли бадиий бўёқларда тасвирланган.
«Чархи кажрафторнинг бир шевасидан доғмен: Айшни нодон суруб, кулфатни доно тортадур»каби баркамол мисралар шоир ижодидаги ижтимоий йўналишни акс эттиради. «Бормасмиз» радифли шеърида эса ўзбек миллий руҳияти бадиий ифодаланган. Машҳур «Сайдинг қўябер, сайёд…» мусаддасида эса шоир шахснинг эркин яшаш ҳуқуқини ҳимоя қилади, зулм ва истибдодни қатъий қоралайди.
Фурқат худди шу йилларда «Хаммоми хаёл» рисоласини ёзади. «Чор дарвеш» ҳикоятини форсчадан таржима қилади. «Нуҳ манзар» номли шеърий китоб яратади. «Булардин бўлак ҳар хил ғазалиётим Фарғона музофотиға (яъни, ён-атроф қишлоқ-шаҳарларига) ва дигар мамлакатларга мунташир (машҳур) бўлди», деб ёзади шоир. Худди шу йилларда Фурқат илк бор шеърларини тўплаб, мажмуа ҳолига ҳам келтирган. Афсуски, шоирнинг ўзи қайд этган рисола, манзума ва таржималари каби бу мажмуа ҳам шу кунга қадар топилган эмас.
Фурқат тахминан 1886—87 йилларда Марғилонга бориб, у ердаги Масжиди жоме ҳужрасида истиқомат қилган, ёру биродарлари кўмагида кичик дўкон очган бўлса-да, асосан, шеърият билан шуғулланган, шаҳарнинг зиёлилари, жумладан, Хўжажон Рожий, Муҳаммад Умар Умидий-Ҳавоий, Мулла Тошболту Ройиқ каби ижодкорлар билан танишиб, адабий суҳбатлар қурган.
Фурқат илк бор газета билан танишиб, унинг «Тошкент шаҳрида босма бўлғон»лигини шу ерда билади. Янгиликка чанқоқ, тараққийпарвар шоирда ижтимоий ҳаётда юз берган ўзгаришларга, секин-аста ёйила бораётган фан ва техника намуналарига қизиқиш уйғонади, янгиликлар билан бевосита танишиш, ўз кўзи билан кўриш иштиёқи зўраяди. 1889 йил бошларида Тошкент сафарига чиқади, Хўжандда тўхтаб, Тошхўжа Асирий бошлиқ шоирлар, адабиёт мухлислари билан учрашади, адабий кечаларда иштирок этади. Ниҳоят, 1889 йилнинг июнида Тошкентга келади. Тошкентдаги Кўкалдош мадрасаси ҳужраларидан бирида яшайди. Кўзга кўринган олим, фозиллар билан танишади. Шарифхўжа эшон тавсияси билан маълум муддат «Фарҳат» (шодлик, хурсандлик) тахаллусида шеърлар ёзади, лекин кўп ўтмай, эски тахаллусига қайтади.
Фурқат Тошкентда рус зиёлилари, европача ҳаёт тарзи билан танишди. Чор маъмурлари шоирнинг театр, гимназияга, турли концертларга киритишни уюштирдилар, кўргазмаларга олиб бордилар. Янги тарихий шароит туфайли юз берган ўзгаришларни мушоҳада этиш натижасида Фурқат дунёқарашида жиддий ўзгариш бўлади ва бу ҳол унинг ижодида ўз бадиий ифодасини топади — маърифатпарварлик, европача илммаданият, фан-техникага хайрихоҳлик шоир шеърларининг етакчи ғоясига айлана боради. Бу эса Фурқатнинг кўп асрли ўзбек адабиётига янги мавзулар, янги ғоялар олиб киришига замин бўлди. Тошкентда очилган эрлар гимназияси, маориф муассасалари, маданият ва санъат ўчоқларини, тобора кўпроқ кириб келаётган фан-техника янгиликларини кузатиш оқибатида унинг «Илм хосияти», «Гимназия», «Виставка хусусида», «Акт мажлиси хусусида», «Тошкент шахрида бўлғон нағма базми хусусида», «Суворов» ва бошқа асарлари майдонга келди ва уларнинг барчаси 1890 йилларда «Туркистон вилоятининг газети»да чоп қилинди.
Бу туркум асарларида Фурқат янгилик ва тараққиётнинг, илм-фан ва европача маориф-маданиятнинг тарғиботчиси сифатида намоён бўлади; ўз ватандошларини замонавий билимларни пухта эгаллашга ва илғор халқлар қаторидан ўрин олишга даъват этади. Бироқ Фурқат айрим замондошлари сингари рус истилочилик сиёсатининг асл моҳиятини бирданига англай олмади. Рус, Европа маданиятпарварлиги орқасида маҳаллий руслаштириш сиёсати пинҳон эканлигини сўнгроқ тушуниб етди. Худди шу йилларда яратилган «Шоир аҳволи ва шеър муболағаси хусусида» асарида Фурқат ижодкор ва бадиий адабиёт хусусида гап очиб, шеъриятда реалистик тасвир масаласини кўтарди.
Фурқат ҳакли равишда ўзбек публицистикасининг асосчиларидан бири хисобланади. Фурқатнинг публицист сифатидаги фаолияти 1890 йилдан бошланди. «Туркистон вилоятининг газети»га расман ишга кирди, газетани тайёрлашда бевосита қатнашди. Бир йилдан кўпроқ вақт мобайнида Сатторхон каби илғор маърифатпарварлар билан ҳамкорликда ишлаб, газета саҳифаларида ўз мақолаларини эълон қилди. Масалан, 1891 йил 1-ярмида «Хўқандлик шоир Зокиржон Фурқатнинг аҳволоти. Ўзи ёзгони» публицистик асарини ёзиб, шу газетада эълон килди.
1891 йил майда Самарқандга борди, осори-атиқалар билан танишди, газетага хабарлар йўллади, кейин Бухорода бўлди. Июлда эса чет эл саёҳатига чиқди. Унинг чет элга саёҳати ҳақида турли тахминлар бор. Айрим маълумотларга қараганда, у атайин қайтиб келмайдиган қилиб ўз юртидан чиқариб юборилган. Хуллас, 1891 йилнинг июлида Марв —Ашхобод—Боку—Батуми орқали Истанбулга борди. Дўстларига ёзган мактубларида, воқеаларни олдиндан билгандек, ватанидан бир умр ажралиб қоладиган одамнинг кайфиятини акс эттирди. Масалан, Истанбулдан ёзган «Сабоға хитоб» шеърий мактубида Ватан иштиёқи, дўстлар соғинчи, ғурбат азоблари ва ёлғизлик мотивлари биринчи ўринга чиққан.
Фурқат Истанбулдан Булғория ва Юнонистонга ўтди. Болқон ярим оролининг қатор шаҳарларида бўлди. 1892 йилнинг мартида Истанбулдан Ўрта денгиз орқали Арабистонга — Макка, Жидда, Мадина шаҳриларига борди. Маккадаги ҳаж зиёрати муносабати билан «Ҳажнома» асарини яратди. Сўнг Бомбайга келди, Ҳиндистоннинг қатор вилоятларига саёҳат қилди. Унинг бу даврда ёзган насрий ва назмий мактубларида тушкунлик, она юрт соғинчи ва изтироблари акс этган. «Адашганман» радифли ҳамда «Кашмирда», «Булбул» деб номланувчи лирик шеърлар туркуми шу жиҳатдан ўзига хос ҳижронномадир.
1893 йил мартида Фурқат Кашмир ва Тибет орқали Шарқий Туркистонга бориб, Ёркендда турғун яшаб қолди. Оила қурди. Табибликдан хабардор бўлган шоир доривор ўсимликлар билан савдо қилувчи дўкон очди, ижодий иш ва хаттотлик билан шуғулланди. Фурқат доимо Ватанига қайтиш умиди билан яшади. Аввал бошлаган «Саёҳатнома» асари устидаги ишни Ёркендда давом эттирди. Лекин бу асар ҳануз топилгани йўқ. У ердан Тошкентга публицистик асарлар, турли мавзудаги хат-мақолалар, Фарғона ва Тошкентдаги ёр-дўстларига мактублар йўллаб турган. Фурқат ўзбек матбуоти тарихида фельетон жанрини бошлаб берди («Ҳинд найрангбози Ёркендда», 1905).
Баркамол лирикаси, жозибали насри ва ггублицистикаси билан 19-аср охири ва 20-аср бошларидаги миллий адабиётимиз ривожига улкан ҳисса қушган Фурқат она ватанидан узоқда вафот этди. Унинг жасади Ёркенднинг Донгдор қабристонига кўмилган. 1990 йил шоир қабри устига мақбара қурилган.
Фурқатнинг шеърлари китоб ҳолида дастлаб 1913 йилда Муқимий шеърлари билан бирга баёз ҳолида тошбосмада босилган эди, 50—80-йилларда кўп бор нашр этилди. Шоир ҳаёти ва ижоди ҳақида қатор илмий асарлар ёзилди, диссертациялар ёқланди, опера либреттоси, киносценарий ва бошқа яратилди. Ўзбекистондаги бир қатор қишлоқ, туман, мактаб, кўча ва хиёбонлар, боғлар унинг номи билан аталади.
Абдурашид Абдуғафуров, Бегали Қосимов