Федор ДОСТОЕВСКИЙ (1821–1881) АКА-УКА КАРАМАЗОВЛАР

Тўрт қисмли, эпилогли роман

Иккинчи қисм

Бешинчи китоб

PRO ВА CONTRA

I

ТИЛ БИРИКТИРИШ

Хохлакова хоним Алешани ўзи қарши олди. У шошилиб турарди, бир кори ҳол рўй берганга ўхшарди: Катерина Ивановна иситмалаши охирида “ҳушидан кетиб қолди, ундан кейин жуда қаттиқ ҳолдан тойди, у узала тушиб ётди ва алаҳлай бошлади. Ҳозир иситмаси яна кўтарилди, Герценштубега одам жўнатишди, холаларига хабар беришди. Холалар дарров етиб келишди, Герценштубедан ҳали дарак йўқ. Ҳамма унинг хонасида кутяпти. Нимадир бўладиганга ўхшайди, у эса ўзига келгани йўқ. Ортиқ иситмада!”
Буларни Хохлакова хоним жуда қўрқиб кетгандек бўлиб айтди: “Бу жуда жиддий, жуда жиддий!” – деб қўшиб қўярди у ҳар бир сўзига, худди илгари қизнинг бошидан кечган воқеалар гўё унчалик жиддий бўлмагандай. Алеша унинг сўзларини қайғуриб эшитди, унга ўзининг бошидан кечирганларини баён қилмоқчи бўлиб оғиз жуфтлаганди, аммо у бошданоқ эшитгиси келмади, вақтим йўқ деб баҳона қилди, Liseнинг олдида ўтириб туринг, мени ўша ерда кутинг, деди.
– Lise, жондан азиз Алексей Федорович, – Алешанинг қулоғига яқин келиб шивирлади у, – Lise мени ҳозир қаттиқ таажжубга солиб қўйди, бир чеккаси ийдирди ҳам, аммо қалбим уни кечиради. Тасаввур қилинг, кеча сиз кетишингиз билан у чин дилдан пушаймон бўла бошлади, кеча ва бугун унинг устидан кулдим деди. Аммо ахир у кулгани йўқ, фақат ҳазиллашди, холос. Аммо шунчалар қаттиқ пушмон бўлдики, йиғламоқдан ортиқ, мен ҳайрон бўлдим. У ҳеч қачон менинг устимдан кулганда ҳам бунақа ўкинмасди, ҳазил-ҳузулга оларди. Сиз биласизми, у менинг устимдан тинмай кулгани-кулган. Мана энди жуда жиддий бўлиб қолди, энди ҳаммаси жуда жиддий бўляпти. У сизнинг фикрингизни жуда қадрлайди, Алексей Федорович, агарда сизга қийин бўлмаса, ундан хафа бўлманг, таъна қилманг. Мен ўзим уни жуда қаттиқ аяйман, нега деганда, у бирам ақлли-ей – ишонасизми бунга? У менга ҳозир нима деди денг, сиз унинг болаликдаги дўсти бўлган экансиз – “болалик чоғларимнинг энг айрилмас дўсти” – буни ўзингиз тасаввур қиласизми, энг айрилмас дўстим дейди-я, унда мен-чи? Унинг бу борадаги ҳиссиётлари жудаям жиддий ва ҳатто хотиралари, вой, бунинг сўзлари, жумлаларини айтинг, ҳеч одамнинг ақлига келмайдиган сўзларни қаёқдан топади денг. Кеча яқинда қарағай ҳақида айтган сўзини қаранг: боғимизда унинг илк болалик пайтлари бир қарағай бўларди, балки ҳозир ҳам тургандир, ўтмишга айланмаган. Қарағайлар одам эмас, Алексей Федорович, улар узоқ ўзгармайдилар. “Ойи, дейди, тушимда қарағай менга қарагай”, – яъни у қарағай-қарагай деб бошқача қилиб айтди, бу ерда чалкашлик бор, “қарағай” бемаъни бир сўз, аммо у менга бу тўғрида шунчалар ҳайратомуз сўзларни айтдики, буни сизга ифодалаб ҳам беролмайман. Эсимдан ҳам чиқариб қўйдим. Хўп, яхши қолинг, кўришгунча, мен ҳеч ўзимга келолмаяпман, нима бало, эсим оғяптими. Оҳ, Алексей Федорович, мен умримда икки маротаба эс-ҳушимни йўқотганман, мени даволашган. Liseнинг олдига боринг. Унинг кўнглини кўтаринг, сиз чиройли қилиб бунинг уҳдасидан чиқасиз. Lise, – деб чақирди у эшикка яқинлашиб, – мана, сен хафа қилиб қўйган Алексей Федоровични топиб келдим, у ҳечам хафа эмас, ишон менга, аксинча, у нега бундай деб ўйлаганингга ҳайрон!
– Mersi, maman, келаверинг, Алексей Федорович.
Алеша ичкарига кирди. Lise қандайдир хижолат чеккандай кўринар ва бирдан дув қизариб кетди. У, чамаси, нимадандир уялар ва доим шундай пайтларда бўладигандек, тез-тез бутунлай бошқа нарса ҳақида гапира кетди, худди ушбу дамда айни ана шу бошқа нарса бутун ўй-хаёлини банд қилгандай.
– Ойим менга ҳозир бирдан икки юз рубль пул билан сизга берилган топшириқни… гапириб берди, Алексей Федорович… шўрлик қашшоқ зобит… уни жуда ёмон таҳқирлаган, камситган эканлар… биласизми, ойим жуда тушуниб бўлмайдиган қилиб, узуқ-юлуқ гапиради… аммо мен эшитиб ўтириб йиғладим. Нима бўлди, қандай бўлди, ўша пулни бердингизми, нима кечди энди ўша бечоранинг аҳволи?..
– Ҳамма гап шунда-да, беролмадим, энди бунинг тарихи узун жуда, – жавоб берди Алеша, ўз томонидан айни шу пулни беролмагани учун ташвишга ботгандай бўлиб, ҳолбуки, Lise Алешанинг ҳам шу тобда бошқа томонга боқаётганлиги ва афтидан, у ҳам бутунлай бошқа нарса ҳақида сўйлашга уринаётганлигини яхши сезди. Алеша стол ёнига ўтирди-да, ҳикоя қилишга тушди, аммо биринчи сўзлариданоқ тортинишни бас қилди ва ўз навбатида Liseнинг бутун диққат-эътиборини тортди. У фавқулодда таассуротларини жуда кучли ҳиссиёт таъсирида, аён ва батафсил ҳикоя қилди. У илгарилар ҳам Масковда бўлган чоғларида, Liseнинг болалик пайтларида унинг олдига боришни яхши кўрар, унга ўзининг бошидан ўтганларни, ўқиган китоблари, ўтмиш болалик воқеаларини сўйларди. Гоҳида ҳатто икковлари биргаликда орзу-хаёлларга берилишар, биргаликда бутун-бутун қиссалар тўқишар, улар кўпинча қувноқ ва кулгили бўларди. Мана шу тобда икковлон бирдан бундан икки йил аввалги Масков ҳаётига шўнғиб кетгандай бўлдилар. Lise унинг ҳикоясидан жуда қаттиқ таъсирланди. Алеша қайноқ бир меҳр билан унинг кўз ўнгида “Илюшечка” сиймосини гавдалантирди. Анави афтода инсон пулларни ерга улоқтириб, қандай уларни жон-жаҳди билан топтаганлигини батафсил, бир бошдан гапириб берганида, Lise қўлларини бир-бирига қарсиллатиб уриб, ортиқ ҳаяжон ичида қичқириб юборди:
– Сиз бермадингизми пулларни, қочиб кетишига йўл қўйдингизми! Вой худойим-ей, орқасидан чопмадингизми, унга етиб олмадингизми?..
– Йўқ, Lise, орқасидан бормаганим қайтага яхши бўлди, – деди Алеша, ўрнидан туриб хона ичида ташвишга ботганча юра бошлади.
– Нимаси яхши, қанақасига яхши? Энди улар очликдан ҳалок бўлишади!
– Ҳалок бўлишмайди, чунки бу икки юз рубль барибир уларнинг қўлига бориб тегади. У барибир уни эртага олади. Эртага, албатта, олади, – деди Алеша ўйга ботиб хонани айланаркан. – Буни қаранг-да, Lise, – бирдан қизнинг қошида тўхтаб деди у, – мен ўзим бу ерда битта хато қилдим, аммо хато қилганим ҳам хайрли бўлди.
– Қанақа хато ва нимаси хайрли?
– Гап шундаки, бу қўрқоқ, бўшанг ва иродасиз одам. Уни турмуш абгор қилган, аммо ўзи оқкўнгил. Мен ҳозир ўйлаб ўйимнинг охирига етолмайман: у нимага бирдан хафа бўлиб қолди-ю, нимага пулни оёғи остига ташлаб тепкилади, нега деганда, гапимга ишонинг, у охирги сониягача пулни топтаб ташлайман деб асло ўйламаганди. Назаримда, у бу ерда жуда кўп нарсалардан қаттиқ озор чеккан… Унинг аҳволида бундан бошқача бўлиши ҳам мумкин эмасди… Биринчидан, у менинг олдимда пулни кўриб жуда суюниб кетди ва буни мендан яширолмади. Агар пулга унчалик хурсанд бўлмаганда, буни кўрсатмасди, бошқаларга ўхшаб олифтагарчилик қилар, пулни оларкан турли нағмалар кўрсатар, унда пулни ерга отиб урмасди, ҳозир эса жуда хурсанд бўлганини ошкор қилиб қўйди. Кейин бундан ёмон ўкинди. Оҳ, Lise, у ростгўй ва яхши одам, бунақа ҳолларда бутун ишкал мана шунда! Ўшанда у гапираётганда, овози зўрға-зўрға чиқди, худди ич-ичига тушиб кетгандай, яна лаби-лабига тегмай сўзлайди, доим ҳиқиллаб шундай бир кулади, балки ҳиқиллаб йиғлагандир… рост, у йиғлади, у шунчалар хурсанд бўлиб кетган эди… қизларини гапирди… бошқа шаҳарда унга иш беришларини айтди… Юрагини очиб олдимда ёзди, кейин бирдан менга юрагини бутунлай очиб кўрсатгани учун қаттиқ уялиб кетди. Ўшанда мени жуда ёмон кўрди. У жуда ориятли камбағаллардан. Яна хафа бўлганининг бир чеккаси, мени ўзига дарров дўст деб билгани, менга жуда тез ишонгани бўлди, унгача дам менга ташланиб, дўқ-пўписа қилиб турганди, кейин бирдан пулга кўзи тушгач, мени яхши кўриб қучоқлай кетди. Бағрига босиб, қўллари билан силаб, пайпаслади. Худди айни мана шундай ҳолда бутун хўрликни ҳис қилиши керак эди, мана шунда мен бир хато қилиб қўйдим бехосдан: унга агар бу пул етмаса, яна беришади, бошқа шаҳарга кетишга ҳам етади, мен ўзим ҳам сизга хоҳлаганча пул бериб тура оламан дедим. Мана шу уни бирдан лол қилиб қўйди: нега мен ҳам ёрдам бераман деб бурнимни тиқдим? Биласизми, Lise, хўрланган одам учун энг ёмон яна бир хўрлик – ҳамманинг унга ўзини валинеъмат деб кўрсатиши… мен буни эшитганман, устозим менга гапириб берган. Мен буни қандай ифодалашни билмайман, аммо буни кўпинча ўзим ҳам кўрганман. Мен ўзим ҳам ахир шундай сезаман. Энг муҳими, у энг сўнгги дамгача, пулни топтайман деб ўйламаган эса-да, лекин барибир буни ҳис қилган, бунга шак-шубҳа йўқ. Шунинг учун ҳам, хурсандчилиги жуда шоён эди, бу ҳис қилишдан, олдиндан ҳис қилишдан… Мана, бу ҳаммаси шунчалик чатоқ бўлмасин, лекин барибир яхшиликка. Мен ҳатто шундай ўйлаяпманки, энг яхши деганда ҳам, бундан яхши барибир бўлмайди…
– Нега, нега бундан яхши бўлмайди? – хитоб қилди Lise Алешага жуда ҳайрон бўлиб қараб.
– Чунки, Lise, у агар тепкиламаганда ва пулни олганда эди, уйга боргач, бир соат ўтар-ўтмай хўрлиги келиб йиғларди, албатта, шундай бўларди. Йиғлаб-йиғлаб эртасига ҳали тонг ёришмай олдимга етиб келарди ва эҳтимол, пулни олдимга улоқтириб, сўнг боягидай топтаган бўларди. Энди эса, гарчи ўзини “хароб” қилганини билса ҳам, ғоятда мағрур ва тантанавор ҳолда кетди. Бундан чиқадики, энди эртадан қолдирмай унинг пулни олишига ҳеч қандай монелик қолмади. Чунки у ўзининг номусли одам эканлигини исботлади, пулни улоқтирди, оёғи остига олиб тепкилади… У тепкилаётган пайтида, мен яна пулни қайтариб олиб келишимни билгани йўқ. Ҳолбуки, унга пул ҳаддан ташқари керак. У жуда ҳам мағрур бўлгани билан барибир ахир қандай ёрдамдан маҳрум бўлганини ўйлаб ўкинади. Кечаси буни янада қаттиқ ўйлайди, тушига кириб чиқади ва охири эртага эрталабдан менинг олдимга югуради ва узр-маъзур сўрайди. Мен эса шунда унга дейман: “Сиз жуда мағрур одам экансиз, сиз буни исботладингиз, энди буни олинг ва бизни кечиринг”. Ана шунда у олади!
Алеша қандайдир тўлиқиб: “Ана шунда у олади!” – деб айтди. Lise чапак чалиб юборди.
– Оҳ, рост, мен энди тушундим! Оҳ, Алеша, сиз бунинг ҳаммасини қаердан биласиз? Ҳали ёшсиз, аммо юракда нима борлигини биласиз… Мен ҳеч қачон бунақасини ўйлаб тополмасдим…
– Энг, муҳими, энди уни ишонтириш керак, унинг биздан пул олганига қарамасдан биздан ҳам, ҳеч кимдан ҳам кам жойи йўқ, – тўлиқиб-тошиб сўзида давом этарди Алеша, – кам жойи бўлмаса ҳам, ҳатто ортиқ жойи бор…
– “Ортиқ жойи бор” – жуда гўзал, Алексей Федорович, аммо гапиринг, гапираверинг сиз!..
– Яъни мен ундай демоқчи эмасдим… ортиқ жойи ҳақида… аммо ҳечқиси йўқ, чунки…
– Оҳ, ҳечқиси йўқ, ҳечқиси, ҳечқиси, ҳечқиси! Кечиринг, Алеша, азизим… Биласизми, мен шу пайтгача сизни ҳурмат қилмагандим… яъни, ҳурмат қилганман ўзимга тенг кўриб, энди энг олий даражада ҳурмат қиламан… Азизим, жаҳлингиз чиқмасин бу сўз ўйинларига, – туйғуси жўшиб деди у. – Мен кулгили кичкина қизчаман, аммо сиз, сиз… Қулоқ солинг, Алексей Федорович, бизнинг, йўқ, яхшиси, сизнинг, йўқ, бизнинг бу мулоҳазаларимизда… ўша бечора, бахтсиз кимсага нисбатан ижирғаниш, камситиш йўқми… ахир биз сўрамасдан унинг ички дунёсига кириб боряпмиз, гўё ўзимизча баланддан келгандай бўляпмиз, а? Энди у пулни қабул қилади деяпмиз, а?
– Йўқ, Lise, камситиш йўқ, – худди бу саволни кутгандай қатъият билан жавоб берди Алеша, – бу ёққа келаётганимда буни ўзим ҳам ўйлаган эдим. Ўзингиз ўйланг, бу ерда қандай камситиш бўлиши мумкин биз ўзимиз худди унга ўхшаган бўлсак, ҳамма худди унга ўхшаган бўлса. Чунки ахир биз худди шундоқмиз, яхшироқ эмасмиз. Агарда яхши бўлганимизда ҳам, барибир унинг ўрнида шундай бўлардик… Мен, Lise, сизни билмайман-у, ўзимча, мен кўп томондан жуда майда одам бўлсам керак деб ўйлайман. У эса майда эмас, аксинча, жуда нозик, назокатли… Йўқ, Lise, уни ҳеч қандай камситиш йўқ! Биласизми, Lise, менинг устозим бир гал айтганди: одамлар кетидан худди болаларнинг кетидан юргандай юриш керак, баъзилар кетидан эса худди касалдек, худди касалхонада юргандек юриш керак…
– Оҳ, Алексей Федорович, оҳ отагинам, келинг, одамлар кетидан улар касалдек юрайлик!
– Келинг, Lise, фақат менинг ўзим унча тайёрмасман, мен гоҳида жуда сабрсизман, бошқа бир пайтларда кўзим ҳам яхши илғамайди, одамларни ажратолмайман. Сиз эса бошқачасиз.
– Оҳ, ишонмайман! Алексей Федорович, мен нақадар бахтлиман!
– Сизнинг шундай дейишингиз қандай яхши, Lise.
– Алексей Федорович, сиз жудаям яхшисиз, аммо баъзан жуда ҳам назокатли… ҳолбуки, бошқа бир ёқдан қаралса, назокатлига ҳам ўхшамайсиз. Боринг, эшикка қаранг-чи, астагина қия очиб қаранг-чи, ойим қулоқ солиб турмаганмикин, – шивирлади тўсатдан Lise қандайдир жонсарак бўлиб шоша-пиша.
Алеша бориб эшикни қия очди-да, ҳеч ким йўқ, деб жавоб берди.
– Бу ёққа келинг, Алексей Федорович, – давом этди Lise тобора қаттиқроқ қизариб, – қўлингизни беринг, ана шундай. Қулоқ солинг, мен сизга юрагимдаги гапни айтишим керак: кечаги хатни мен ҳазиллашиб эмас, жиддий ёзгандим…
У шунда кўзларини юмди. Бу дил изҳоридан у жуда уялаётгани кўриниб турарди. У бирдан шаҳд билан Алешанинг қўлини ушлади-да, уни уч марта ўпди.
– Оҳ, Lise, қандай яхши! – хитоб қилди Алеша. – Сиз уни жиддий ёзганингизга ишончим комил эди.
– Ишончи комил экан, қаранг! – қиз унинг қўлини нари сурди, бироқ ўз қўлидан қўйиб юбормади, у лоладай қизариб кетган, қисқа-қисқа, бахтиёр қиқирларди, – мен унинг қўлини ўпармишману у кишим фақат “қандай яхши!” дер эмиш. – Аммо унинг бу таънаси ўринсиз эди, Алешани қаттиқ ҳаяжон чулғаган эди.
– Мен сизга доим ёқсам дердим, Lise, аммо буни қандай қилишни билмайман, – амал-тақал ғўнғиллади у ва батамом қизарди.
– Алеша, азизим, сиз совуққон ва журъатлисиз. Буни қаранг-ей. У мени ўзига қайлиқ қилиб танлармиш-да, кейин парвойи фалак юраверармиш! Жиддий хат ёзганимга ишончи комил эмиш, вой ўргилай-ей. Аммо бу бетамизлик, холос!
– Ишонганим, нима, ёмон бўлибдими? – бирдан кулиб юборди Алеша.
– Оҳ, Алеша, аксинча, қандай яхши, – нафис бир бахтиёрлик билан боқди унга қиз. Алеша ҳамон қўлини қиз қўлида тутиб турарди. Тўсатдан у эгилди ва қизнинг дудоқларидан ўпди.
– Бу нима қилганингиз? Сизга нима бўлди? – чинқирди Lise. Алеша бутунлай ўзини йўқотиб қўйди.
– Мени кечиринг, мен… ёмон тентакман-да… Мени совуққон дедингиз, шунга… тентаклик қилдим…
Lise кулиб юборди ва юзини қўллари билан ёпди.
– Яна шунақа чопонда! – кулги аралаш деди у, аммо бирдан кулишдан тўхтади ва ўта жиддий тортди.
– Бўпти, Алеша, биз ҳали бўсаларни бир чеккага йиғиштириб турамиз, чунки буни ҳали иккаламиз ҳам билмаймиз, ҳали узоқ кутишга тўғри келади, – хулосага келди у бирдан. – Яхшиси айтинг, менга ўхшаган тентак жиннини, касал варамни нимага оляпсиз, ахир сиз шундай ақлли-ҳушли, ўйлайдиган, фикрлайдиган зийрак киши бўлсангиз? Оҳ, Алеша, мен жудаям бахтлиман, нега деганда, мен сизга ҳечам арзимайман!
– Тўхтанг, Lise. Мен яқинда монастирдан бутунлай кетаман. Ундан кейин уйланиш керак бўлади, мен буни биламан. Ул устоз ҳам шуни буюрган. Сиздан яхшиси бормикин? Сиздан бошқаси менга тегармикин? Мен буларни хўб ўйлаганман. Биринчидан, сиз мени болалик пайтларимдан биласиз, иккинчидан, менда бўлмаган қобилиятлар сизда тўлиб-тошиб ётибди. Кўнглингиз ҳам менинг кўнглимдан қувноқроқ, асосийси, сиз мендан маъсумроқ, тозароқсиз, мен эса нималарга дучор бўлмадим… Оҳ, сиз билмайсиз, мен ҳам ахир Карамазовман! Нима бўпти, сиз куласиз, ҳазиллашасиз, менинг устимдан ҳам куласиз, майли, кулаверинг, мен бундан жуда хурсандман… Аммо сиз худди жажжи қизчадай куласиз, ўзингизча эса кўп азоб чеккансиз…
– Нима азоб чекибман? Бу нимаси?
– Шундай, Lise, мана бояги саволингиз: анави бахтсиз кишига биз мабодо камситиш назари билан қарамаяпмизми, нега ўзимизча унинг юрагини ковлаб ётибмиз, ана шу саволнинг ўзи азобдан туғилган… биласизми, мен буни яхши ифодалай олмайман, аммо кимда шундай саволлар туғиларкан, у дард чекишга қобил. Сиз бундай аҳволда ўзингиз ҳам кўп нарсаларни ўйласангиз керак…
– Алеша, қўлингизни менга беринг, нега тортиб олаверасиз, – деди Lise бахтиёрликдан овози қандайдир ичига чўкиб кетган кўйи. – Қулоқ солинг, Алеша, монастирдан чиққанингиздан кейин қандай кийим киясиз, қандай костюмда юрасиз? Кулманг, жаҳлингиз чиқмасин, бу мен учун жудаям, жудаям муҳим.
– Костюмни ҳали ўйлаганим йўқ, Lise, лекин қандай десангиз шундай кийинаман.
– Мен қорамтир-мовий барқут пиджак, оқ пике нимча, юмшоқ кулранг тивит шляпа кийсангиз дегандим… Айтинг-чи, боя сизни яхши кўрмайман деганимда, кечаги хатимни тан олмаганимда бунга ишондингизми?
– Йўқ, ишонмадим.
– О, бемаза одам, тепса тебранмас.
– Буни қаранг, мен чамаси… мени яхши кўришингизни биламан, аммо мени яхши кўрмаслигингизга ўзимни ишонгандек қилиб кўрсатдим, сизга ўнғайроқ, қулайроқ бўлсин дедим…
– Ундан ҳам ёмон! Энг ёмони ва энг яхшиси шуки, Алеша, мен сизни жуда яхши кўраман. Боя сиз келишингиздан олдин ўзимга фол очдим: ундан кечаги хатни сўрайман, агар у ёнидан бемалол чиқариб берса (ундан буни доим кутиш мумкин), унда мени бутунлай яхши кўрмайди, ҳеч нарсани сезмайди, шунчаки тентак, валакисаланг бир бола, унда мен ўлдим. Аммо сиз хатни ҳужрада қолдирибсиз, бундан кўнглим жойига тушди, сиз мени сўрайди деб хатни ҳужрада қолдиргансиз, тўғрими, хатни қайтариб бергингиз келмаган, тўғрими? Шундайми? Ахир тўғрими?
– Оҳ, Lise, асло ундай эмас, ахир хат доим ёнимда, ҳозир ҳам, боя ҳам ёнимда, мана чўнтагимда, мана, мана.
Алеша кулиб хатни чиқарди ва узоқдан кўрсатди.
– Фақат уни сизга бермайман, мана қўлимда, кўринг.
– Вой? Сиз боя алдадингизми, роҳиб бўла туриб ёлғон гапирдингизми?
– Балки, алдагандирман, – куларди Алеша ҳам, – сизга хатни бермаслик учун алдадим. У мен учун жуда азиз, – деб қўшиб қўйди у жўшиб ва қизариб кетди, – бу абадулабад, уни ҳеч қачон ҳеч кимга бермайман!
Lise унга завқ-шавқ билан тикилиб турарди.
– Алеша, – тилёғламалик қилди яна қиз, – эшикка қаранг-чи, ойим тинглаб турмаганмикин?
– Яхши, Lise, мен қарайман, лекин қарамаган яхшироқ эмасмикин, а? Онангиздан шубҳаланиб ўтирсак яхши бўладими?
– Нега шубҳаланиб? Нимаси шубҳаланиб? Қизининг гап-сўзларига қулоқ солиб турган бўлса, бу унинг ҳақи, пасткашлик эмас, – гезариб деди Lise. – Ишончингиз комил бўлсин, Алексей Федорович, мен ўзим она бўлганимда ва менинг ҳам шундай қизим бўлса, унда, албатта, кўз-қулоқ бўлиб тураман, гап-сўзларига ҳам қулоқ соламан.
– Наҳотки, Lise? Бу яхшимас-ку?
– Оҳ, худойим-ей, бунинг нимаси ахир пасткашлик. Агар киборларнинг оддий суҳбати бўлса-ю, мен уни яширинча эшитсам, бу албатта пасткашликдир, бу ерда ўзининг туққан қизи бир йигит билан хонада ёлғиз қолади-ю… Қулоқ солинг, Алеша, биз никоҳдан ўтканимиздан кейин, билиб қўйинг, мен ҳам сизни тергаб юраман, яна шуни ҳам билиб қўйингки, мен барча хатларингизни очиб, ҳаммасини ўзим ўқийман… Буни олдиндан айтиб қўйяпман…
– Ундоқ бўлса, албатта… – ғўлдиради Алеша, – фақат бу яхшимас…
– Оҳ, намунча ижирғанасиз! Алеша, жоним, ҳали ҳеч нарса бошланмасдан дарров жанжаллашиб ўтирмайлик, яхшиси, мен сизга бир ҳақиқатни айтай, бировнинг гапини пойлаб эшитиш жуда ёмон, албатта, бунда мен ноҳақман, сиз ҳақсиз, аммо фақат мен барибир пойлаб эшитаман.
– Эшитаверинг. Менинг нимамни ҳам кўриб, эшитардингиз, – кулди Алеша.
– Алеша, менга бўйсунасизми? Буни ҳам олдиндан ҳал қилиш керак.
– Жоним билан, Lise, сиз айтганча бўлади, аммо бу энг муҳим нарсаларга тегишли бўлмайди. Энг муҳим нарсаларда агар сиз рози бўлмасангиз, унда мен бурчим нимани буюрса, шуни адо этаман.
– Шундай бўлиши керак. Яна билиб қўйингки, мен энг асосий нарсаларда сизга бўйсунишга тайёрман, аммо бошқа ҳаммасида сизга риоя қиламан, буни ҳозир қасам ичиб айтаман. Ҳамма вақт ва бир умр сизнинг айтганингизни қиламан, – деб қичқирди шавқ билан Lise, – ўзимни бахтли санайман, бахтли санайман! Буям камлик қилса, сизга қасам ичаманки, мен ҳеч қачон гап пойламайман, ҳеч қачон, бирон марта ҳам, биттаям хатингизни очиб ўқимайман, чунки сиз ҳақсиз, мен ноҳақман. Лекин мен пойлаб гап тинглашни жуда яхши кўраман, буни ўзим ҳам биламан, лекин барибир буни қилмайман, чунки сиз буни пасткашлик деб ҳисоблайсиз. Сиз менинг ҳомий фариштамсиз… Менга қаранг, Алексей Федорович, нега сиз шу кунларда, кечаям, бугунам бунчалар маъюссиз, мен биламан, сизнинг ташвиш, югур-югурингиз кўп, аммо яна кўриб тураманки, сиз яна бошқача бир тарзда маъюс бўлиб юрасиз, бунинг бир сири борми, а?
– Ҳа, Lise, сири ҳам бор, – ғамгин деди Алеша. – Буни сезганингизга қараганда, ростданам мени яхши кўрасиз, шекилли.
– Нимадан бу маъюслик? Нима ҳақда? Билса бўладими? – ботинмайгина илтижо қилди Lise.
– Кейин айтаман, Lise… кейин… – хижолат чекди Алеша. – Ҳозир балки тушуниш ҳам қийин бўлади. Эҳтимол, ўзим ҳам тушунтириб беролмасман.
– Сизни яна акаларингиз, отангиз ҳам қийнашса керак дейман?
– Ҳа, акаларим, – деб қўйди Алеша ўйга ботиб.
– Мен акангиз Иван Федоровични ёқтирмайман, Алеша, – деди бирдан Lise.
Бу сўз Алешани бироз ҳайрон қилиб қўйди, аммо бунга тўхталиб ўтирмади.
– Акаларим ўзларини нобуд қилишяпти, – гапни улади Алеша, – отам ҳам шундай. Ўзлари билан бирга бошқаларни ҳам тортиб кетишяпти. Яқинда Паисий ота айтмоқчи, “карамазовча заминий куч, заминий, шиддатли, бебошвоқ”. Бу куч-қувватнинг устида худойимнинг иродаси ҳокимми, йўқми, билмайман. Фақат шуни биламанки, мен ҳам Карамазовман… Мен роҳибман, роҳибманми? Мен роҳибманми, Lise? Сиз ҳозиргина мени роҳиб демадингизми?
– Ҳа, айтдим.
– Мен эса, мана, худога балки ишонмасман.
– Сиз ишонмайсиз, нима бўлди сизга? – оҳиста, эҳтиёткорлик билан деди Lise. Аммо Алеша бунга жавоб бермади. Унинг тўсатдан айтилган ушбу сўзларида алланечук сирли ва ҳаддан ташқари шахсий, эҳтимолки, унинг ўзига ҳам ноаён, аммо ҳозир уни жуда қийнаётган алланарса мавжуд эди.
– Мана энди, булар бари оздек менинг дунёдаги энг яқин кишим ёруғ оламни тарк этяпти. Мен бу одам билан қандай боғланганим, юрагим қандоқ туташлигини агар билсайдингиз, агар билсайдингиз, Lise! Мана мен энди ёлғиз ўзим қоляпман… Мен олдингизга келаман, Lise… Бундан сўнг бирга бўламиз…
– Ҳа, бирга, бирга! Энди доим бир умр бирга бўламиз. Бу ёққа қаранг, мени ўпиб қўйинг, сизга майли, рухсат.
Алеша уни ўпиб қўйди.
– Бўлди, энди боринг, худо ёрингиз бўлсин! (Қиз уни чўқинтирди). Тезроқ унинг қошига боринг, жони узилмасдан. Мен сизни кўп ушлаб қолдим. Мен бугун сиз билан унинг учун ибодат қиламан. Алеша, биз бахтли бўламиз! Бахтли бўламизми, бўламизми?
– Бўламиз, шекилли, Lise.
Алеша Lise олдидан чиқиб Хохлакова хонимга учрамай ва у билан хайрлашмай уйдан кўчага юрди. Аммо эшикни очиб пиллапояга чиққан ҳам эдики, аллақаёқдан Хохлакова хонимнинг ўзи пайдо бўлди. Оғзидан чиққан биринчи сўзиданоқ атай уни шу ерда кутиб турганини Алеша фаҳмлади.
– Алексей Федорович, бу жуда ёмон. Болаларча бемаъни гаплар ҳаммаси, беҳуда. Сиз бунга жиддий эътибор бермассиз ахир… Бемаънилик, бемаънилик, бемаънилик! – ташланди у Алешага.
– Фақат буни унга айтманг, – деди Алеша, – у қаттиқ ҳаяжонга тушади, бу унга ҳозир зарарли.
– Ақлли одамдан ақлли сўз эшитяпман. Уни касал деб аяб, раҳмингиз келиб айтган сўзларини маъқуллаб турдингиз, тўғрими, уни қийнамаслик учун қарши бормадингиз, шундайми, сизни шундай тушунсам бўладими?
– О, ундаймас, йўқ, ундаймас, мен у билан бутунлай жиддий гаплашдим, – қатъият билан деди Алеша.
– Бу ерда жиддийликка ўрин йўқ, ақлга тўғри келмайди, кейин биринчидан, мен сизни энди сира ҳам уйимда қабул қилмайман, иккинчидан, мен бу ердан кетаман, уни ҳам ола кетаман, билиб қўйинг.
– Нима кераги бор, – деди Алеша, – ахир бунгача ҳали узоқ, балки ҳали бир ярим йиллар кутишга тўғри келади.
– Оҳ, Алексей Федорович, бу гапингиз тўғри, албатта, бир ярим йил ичида сиз ҳали неча-неча марта у билан уришиб, ярашасиз. Аммо мен жуда бахтсизман, жуда бахтсизман! Майли, бу бемаъниликдир, аммо миямга урди, жоним чиқиб кетди. Энди мен охирги кўринишдаги Фамусовга ўхшайман, сиз Чацкийсиз, у эса Софья, тасаввур қиласизми, мен атай бу ерга, пиллапояга келиб сизни кутиб турибман, анави асарда ҳам ҳамма мудҳиш нарсалар пиллапояда рўй берганди. Мен ҳаммасини эшитдим, зўрға чидадим. Анов васвасалару бу кеча рўй берган алаҳсирашларнинг бутун сабаби мана қаерда экан! Қизига севги, онасига ўлим. Тобутга кириб ёт. Энди, иккинчи, ҳаммадан муҳими, у сизга қандай хат ёзди, уни менга ҳозир кўрсатинг, ҳозир!
– Йўқ, қўйинг. Катерина Ивановнанинг соғлиғи яхшими, айтинг, мен билишим керак.
– Алаҳлаб ётибди, кўзини очгани йўқ, холалари шу ерда оҳ-воҳдан бўшамаяптилар, менга қойил қолишяпти, Герценштубе келиб жуда қўрқиб кетди, уни нима қилишни билмадим, чорасини тополмадим, доктор чақиртирсаммикин деб турувдим. Уни менинг каретамда олиб кетишди. Энди буларнинг ҳаммаси қолиб, устига манави хат ҳақидаги гап. Рост, ҳали яна бир ярим йил вақт бор экан. Барча азизу авлиёлар, пиру муршиду устозлар ва жон талвасасида ётган авлиё чол ҳурмати менга ўша хатни кўрсатинг, Алексей Федорович, мен онаман ахир! Шундай қўлингизда тутиб туринг, мен ўқиб оламан.
– Йўқ, Катерина Осиповна, кўрсатмайман, қизингиз рухсат берса ҳам кўрсатмайман. Мен эртага келаман, агар хоҳласангиз сиз билан кўп нарсалар ҳақида гаплашиб оламиз, энди – яхши қолинг!
Алеша пиллапоядан кўчага отилди.

II

ГИТАРА ЧАЛГАН СМЕРДЯКОВ

Унинг вақти йўқ эди. У боя Lise билан хўшлашаётгандаёқ бир фикр миясидан ярқ этиб ўтди. Аёнки, акаси Дмитрий ундан яшириниб қочиб юрибди, уни қандай қилиб усталик билан қўлга туширса экан? Вақт алламаҳал бўлиб қолган, соат тушдан кейинги учлар эди. Алеша бор вужуди билан жони талвасада ётган валийнинг қошига, монастирга интилар, аммо биродари Дмитрийни кўриш иштиёқи бошқа ҳамма нарсадан устун чиқди: тобора яқинлашиб келаёган муқаррар ҳалокат Алешанинг бутун ақли-ҳушини эгаллаб олганди. Бу фалокатнинг ўзи нималиги-ю шу дамда акасига айтмоқчи бўлган гап-сўзларини, эҳтимол, унинг ўзи ҳам билмасди. “Майли, валинеъматимнинг жони узилганда мен ёнида бўлмай, аммо ҳар ҳолда ўзимдан бир умрга қутқариш керак бўлганда қутқармадим, шундоқ ёнидан ўтиб кетдим, уйимга шошилдим, деб хафа бўлиб юрмайман, ич этимни емайман. Шундай қилсам, унинг улуғ ўгитини адо этган бўламан…”
Унинг режаси биродари Дмитрийнинг устидан бехосдан чиқиш эди, бунинг тадбири эса айнан бундай эди: у кечагидек ўша четан девордан ошиб ўтади, боққа киради ва шийпонда ўтириб кутади. “Агар у ерда бўлмаса, – хаёл қиларди Алеша, – Фомага ҳам, уй бекаларига ҳам билдирмай шийпонда кечгача ҳам яшириниб ўтиради. Агар у ҳамон Грушеньканинг келишини пойлаётган бўлса, шийпонга ҳам қадам ранжида қилса ажабмас…” Алеша режасининг тафсилотлари тўғрисида ҳар қалай узоқ ўйлаб ўтирмади, лекин бугун монастирга боролмайдиган бўлиб қолса ҳам, уни амалга оширишга аҳд қилди…
Ҳаммаси хамирдан қил суғургандай осон рўй берди: у четан деворнинг кеча ошиб ўтган жойидан ичкарига кирди ва биқиниб-писиб шийпонга жойлашди. Уни кўриб қолишларини хоҳламасди: уй бекалари ҳам, Фома ҳам (агар у шу ерда бўлса) акасининг тарафини олишлари, унинг тайинлаганларини бажаришлари ва оқибатда, Алешани боққа киритмасликлари ёхуд акасини унинг сўраётганидан огоҳлантириб қўйишлари мумкин эди. Шийпонда ҳеч ким йўқ эди. Алеша кечаги жойига ўтирди-да кута бошлади. У шийпонга назар солди, у кўзига кечагидан кўра эскироқ ва қандайдир ғоятда кўримсиз бўлиб туюлди. Кун кечагидек очиқ эди. Кўк стол устида, афтидан, кеча ичилган коньякдан тўкилган доғ қолганди. Кутиш дамлари ҳар қачонгидай зерикарли, бундай пайтда каллага арзимаган ва пуч хаёллар пайдар-пай келади, мисолига, нима учун у бу ерга кириб айнан худди кечаги жойига ўтирди, нега бошқа жойга эмас? Охири у жуда маъюс бўлиб қолди, ноаёнлик хавотирга соларди. Лекин чорак соат ўтмай шу яқин атрофда бирдан гитара овози эшитилди. Ундан йигирма қадамча нарида, шундан узоқ эмас, бутазор орасида аллакимлар ўтирар ё энди келиб ўтиришганди. Бирдан Алешанинг лип этиб эсига тушди, у кеча акасининг олдидан шийпондан чиқиб кетаётганида деворнинг сўл томонида – буталар орасида эски, пастак, кўкка бўялган боғ ўриндиғига кўзи тушгандай бўлганди. Бундан чиқди, ҳозир ўша ўриндиқда аллакимлар ўтирарди. Кимикин улар? Бир эр киши гитара чалиб, баланд ширали овозда қўшиқ айта бошлади:

Жондан ортиқ оҳанрабоси
Мен ёримга бўлдим мубтало
Худойим, раҳм айла бизга
Менга ҳам унга!
Менга ҳам унга!
Менга ҳам унга!

Овоз тинди. У қаролча ингичка ва қаролча эшилиб-буралиб чиқди. Бошқа бир аёл овози ботинмай ва эркаловчи овозда карашмали қилиб деди:
– Нега ҳеч биз томонларга келмайсиз, Павел Федорович, нега биз бечораларга тескари қарайсиз?
– Наилож, – деб жавоб берди эркак овози ўзига ярашган, пишиқ-пухта виқор билан, афтидан, эркак баланддан келар, аёл ноз-фироқ қиларди. “Эркак – бу Смердяковга ўхшайди, – ўйланди Алеша, – ҳар ҳолда овоз ўшаники, аёл эса боғ эгасининг қизимикин Масковдан келган, этаги суд­ралиб юрадиган узун кўйлак кияди, суюқ ош пишганда Марфа Игнатьевнанинг олдига боради…”
– Оҳанги ширин бўлса ўлгудай шеърни яхши кўраман, –  давом этарди аёл овози. – Давомини айта қолинг?
Эркак овози яна куйлади:

Шоҳона бу тожу тахтим –
Ёрим бўлгай саломат доим.
Худойим, раҳм айла бизга
Менга ҳам унга!
Менга ҳам унга!
Менга ҳам унга!

Ўтган гал янаям чиройлироқ чиқувди, – деди аёл овози. – Сиз тожу тахт ҳақида куйловдингиз: “Жононам бўлгай саломат доим”. Шундай ширин эшитилувди, бугун унутганга ўхшайсиз.
– Шиғир бемаъни, – шарт деди Смердяков.
– Оҳ, ундаймас, мен шеърни яхши кўраман.
– Шиғирни дейсизми, мутлақо бемаъни. Ўзингиз ўйлаб кўринг, ким дунёда қофияли қилиб гапиради? Агар биз бошлиқларнинг буйруғи билан қофияли қилиб сўйлай бошласак, нималарни ҳам сўйлай олардик? Шиғир ҳеч нарса эмас, Марья Кондратьевна.
– Ҳамма нарсага ақлингиз етади, қаердан бунча ақлли бўлгансиз? – эркаланарди борган сари аёл овози.
– Сабий эканимдан пешанамга ёзилган бўлсайди, нималар қилмасдим, нималарга улгурмасдим. Мен тўппончадан шартта отиб ташлардим кўзимга қараб туриб мени аблаҳ деган одамни, чунки мен отасиз Лизадан туғилдим, улар менга Масковда ҳам юзимга солишарди, омон бўлгур Григорий Васильевич бутун дунёга достон қилган-ей. Григорий Васильевич менга сен мавлудга қаршисан деб дашном қилади: “Сен унга бўҳтон ёғдирдинг”, дейди. Майли, бўҳтон бўлса бордир, аммо мен ўзимни она қурсоғидаёқ ўлдирсалар минг бора рози эдим, фақат ёруғ дунёга келмасам кошкийди. Бозорда қулоғимни қоқиб қўлимга беришади, сизнинг онангиз ҳам ёмон фаросатсизлик қилиб, онасининг сочлари бошида чигал думалоқ бўлиб юрарди, бўйи ками-и билан икки газга етмасди, деб юради менга. Нега энди албатта ками-и билан дейиш керак, икки газдан камроқ деб қўя қолса бўлмайдими? Содда, ҳаммага ўхшаб айтса тили кесиладими? Кўзимда ёшим билан юрагимни бўшатсам дейман, ахир бу эр одамнинг кўз ёши, эр одамнинг туйғулари. Рус мужиги маълумотли одамга қарши кек сақлай оладими? У саводсиз, оми бўлгани учун ҳеч қандай ҳиссиёти ҳам йўқ. Мен энг сабий болалигимдан бери шу “ками-и” деган сўзни эшитсам, бошимни деворга ургим келади. Мен бутун Россияни ёмон кўраман, Марья Кондратьевна.
– Агар сиз ёш ҳарбий юнкер ё ёш гусар суворий бўлганингизда, ҳеч қачон бундай гапирмасдингиз, қиличингизни қинидан суғурардингиз-у бутун Россияни ҳимоя қилишга отланардингиз.
– Мен ёш ҳарбий гусар бўлишни асло истамасдим, Марья Кондратьевна, бироқ барча аскарларнинг йўқотилишини хоҳлайман.
– Душман бостириб келса, ким бизни ҳимоя қилади?
– Э, умуман кераги йўқ. Ўн иккинчи йилда французлар императори Наполеоннинг Россияга буюк босқини бўлган, у ҳозиргисининг отаси бўлади, ўшанда ана шу французлар бизни ўзларига тобе қилсалар яхши бўларди: ақлли миллат бу аҳмоқ халқни ўзига бўйсундириб ва қўшиб оларди. Унда бутунлай бошқа тартиб-интизомлар бўларди.
– Уларнинг ўзларида, нима, биздан яхши эмишми? Мен бизнинг битта олифта йигитимизни уларнинг учта ёш инглиз йигитига алиштирмайман, – жуда майинлик билан деди Марья Кондратьевна, чамаси, кўзларини жуда ҳам хумор сузиб.
– Кимга нима ёқади.
– Сизнинг ўзингиз ҳам худди муҳожирга ўхшайсиз, жуда олийжаноб мусофир киши, уялиб кетаётган бўлсам-да барибир буни сизга айтяпман.
– Агар билмоқчи бўлсангиз, бузуқчиликда улар ҳам, бизникилар ҳам бир-бирларидан қолишмайдилар. Ҳаммаси муттаҳам, фақат у ердагилари локланган амиркон этик кийишади, бизнинг аблаҳ эса қашшоқликда сасийди ва буни яхши деб билади. Кеча Федор Павлович тўғри айтди, рус халқини калтаклаш керак. Барча болалари билан бирга жуда жиннисанғи одам-да.
– Сиз ўзингиз айтувдингиз, Иван Федоровични ҳурмат қиламан деб.
– Ҳолбуки, у киши мени сассиқ қарол деди. У кишим мени исён кўтаради деб ўйлайди, у кишим бу борада хато қилади. Агар ҳамёнимда етарли пул бўлсайди, аллақачон мен бу ерда қорамни кўрсатмасдим. Дмитрий Федоровичнинг ахлоқи ҳам, ақл-идроки ҳам, қашшоқлиги ҳам ҳар қандай қаролдан баттар, қўлидан ҳеч бир маънилик иш келмайди, шунга қарамай иззат-ҳурматда. Майли, мисолига мен фақат шўрва пиширишни эпларман, аммо омадим чопса, Масковда Петровкада қаҳвахона-ресторан очишим мумкин. Чунки мен махсус тайёрлайман, Масковда хориждан келганларини ҳисобга олмаганда, уларнинг биронтаси махсус тайёрлай олмайди. Дмитрий Федорович иштонсиз, ширлатон, ҳолбуки, у энг зўр графнинг ўғлини мабодо дуэлга чақирса, у албатта, чиқади, ҳолбуки, нимаси бор, мендан нимаси ортиқ? Унинг мендан фарқи шуки, ўлардай аҳмоқ. Қанча пулларни бефойда ҳавога совуриб юборди-я-ей.
– Дуэлда жуда мароқли бўлса керак, – деб қўйди бирдан Марья Кондратьевна.
– Нимасини айтасиз?
– Жасоратига қойил қоласанда киши, айниқса, жўжахўроз зобитчалар юзма-юз туриб бир-бирларини парақлатиб тўппончадан отиб турсалар-ей. Ана, томоша. Оҳ, қанийди қизларни томоша қилгани қўйсалар, бирам хоҳлайманки томоша қилишни.
– Ўзи тўппонча тўғрилаб турса-ку, баҳарнав, унинг ўзининг башарасини мўлжалга олиб турсалар-чи, аҳмоқликнинг бундан ортиғи бўлмайди. Тирақайлаб қочиб кетасиз, Марья Кондратьевна.
– Наҳотки сиз қочиб кетардингиз?
Бироқ Смердяков жавоб беришни лозим кўрмади. Бир дақиқа жимликдан сўнг яна нағма овози келди, яна жарангдор овоз охирги байтларни куйлади:

Қанча елиб-югурмай бетин,
Ташлаб кетгум барибир бир кун,
Лаззат олгил ҳаётдан бутун!
Ва пойтахтда яшагил, зотан,
Ўпка қилма бу ўгитни тут!
Афсус ема, бу ўгитни тут!
Ҳеч бош эгма, бу ўгитни тут!

Тўсатдан кутилмаган иш содир бўлди: Алеша бирдан аксириб юборди, скамейка жимиб қолди. Алеша ўрнидан туриб ўша томонга борди. Ҳақиқатан, Смердяков экан: ясанган-тусанган, упа-элик сурган, сочлари жингалакланган, оёқда локланган ялтироқ ботинка. Гитара скамейкада ётарди. Нозанин эса боғ соҳибининг қизи – Марья Кондратьевна, у оч мовий кўйлакда, этаклари икки газ узунликда, нозанин жуда ёшгина кўринар, ўзи кўркамгина бўлса ҳам юзи кулчадай дум-думалоқ, унга ҳуснбузарлар тошганди.
– Биродар Дмитрий тезда келиб қолармикин? – иложи борича хотиржамлик билан сўради Алеша.
Смердяков скамейкадан оҳиста қўзғалди, Марья Кондратьевна ҳам ўрнидан турди.
– Нима, мен Дмитрий Федоровичдан хабардор бўлишим керакмиди, агар у кишимнинг қоровули бўлиб ишлаганимда бошқа гап эди? – оҳиста, дона-дона қилиб, менсимагандай жавоб берди Смердяков.
– Мен шундай ўзим сўрадим билмасмикинсиз деб? – тушунтирди Алеша.
– Мен у кишимнинг қаердалигини билмайман, билишни ҳам истамайман-ей.
– Уйда нималар бўлаётганидан хабар қилиб туришингизни акам менга ўз оғзи билан айтганди, Аграфена Александровна келса, унга етказишга ваъда берган экансиз.
Смердяков кўзини унга оҳиста, тап тортмай тикди.
– Сиз ўзингиз бу ерга қандай кириб қолдингиз, нега деганда, бу ернинг дарвозаси бир соат олдин лўкидонга беркитилган? – сўради у Алешага тик боқиб.
– Мен эса тор кўчадан девор ошиб шийпонга келдим. Бунинг учун сиздан кечирим сўрайман, – Марья Кондратьевнага қараб деди у, – тезлик билан акамни кўрмоқчи эдим.
– Оҳ, сиздан хафа бўлишнинг ўрни йўқ, – чўзилиб деди Алешанинг узрхоҳлик қилганидан мамнун бўлиб Марья Кондратьевна. – Дмитрий Федоровичнинг ўзлари ҳам ҳар маҳалда худди шундай қилиб шийпонга келиб ўтирадилар, биз билмай ҳам қоламиз, у киши шийпонда ўтирган бўладилар.
– Мен уни зарур иш билан қидириб юрибман, уни албатта кўришим керак, қаерда бўлиши мумкинлигини сиздан билсам девдим. Унга керакли жуда муҳим бир иш чиқиб қолди.
– У киши бизга ҳеч нарса демайдилар, – тамтамланди Марья Кондратьевна.
– Мен бу ерга танишлар олдига келаман, – яна гапга тушди Смердяков, – лекин у кишим тўхтамай хўжайин ҳақида сўрайвериб, суриштиравериб юрагимни сиқиб юбордилар: нима бўляпти, нима қиляпти, ким келяпти, ким кетяпти, яна айтадиган нима гапларинг бор? Икки марта мени ўлдираман, деб дўқ қилдилар.
– Нега энди ўлдирар экан? – ҳайрон бўлди Алеша.
– У кишимдан ҳамма нарсани кутиш мумкин, кеча ўзингиз ҳам кўрдингиз. Агарда, дейдилар, Аграфена Александровнани ўтказиб юборсам ва у киши бу ерда ётиб қолсалар, – аввало, сени тирик қўймайман, дейдилар. Мен ул кишимдан ёмон қўрқаман, агар ундан ҳам баттарроғидан қўрқмасам, шаҳар ҳокимларига арз қилардим. Худо билади, нималар қилмайдилар-ей.
– Ҳали уларга айттилар: “Сени ҳовончага солиб янчаман”, дедилар, – қўшиб қўйди Марья Кондратьевна.
– Ҳовончада бўлса, унда бу қуруқ гап, холос… – деди Алеша. – Агар уни ҳозир учратсам, шу тўғрида унга айтардим…
– Айтишим мумкин бўлган ёлғиз бир нарса шулки, – бирдан ўйланиб қолди Смердяков. – Мен бу ерда қўни-қўшничилик, таниш-билишчилик важидан бўлиб тураман доим, келмаслигимнинг ҳам иложи йўқ, қандай қилиб келмайин? Бошқа бир тарафдан, Иван Федорович бугун ҳали тонг ёришмасдан мени у кишимнинг Кўлбўйидаги уйига жўнатдилар, оғзаки айтадиган гаплари бор экан; Дмитрий Федорович бугун майдондаги қовоқхонага албатта келсин, бирга тушлик қиламиз, дедилар. Бордим, Дмитрий Федорович уйда йўқ эканлар, соат саккиз бўлиб  қолганди. “Яқинда шу ерда эди, чиқиб кетди”, – дейишди уй эгалари. Улар худди тил бириктирганга ўхшайдилар ўзаро. Мана ҳозир, балки худди мана шу пайтда улар Иван Федорович билан қовоқхонада ўтирган бўлсалар керак, зеро, Иван Федорович овқатланиш учун уйга келмадилар, Федор Павлович эса бир соат илгари ёлғиз бир ўзлари овқатландилар ва ҳозир дам олиб ётибдилар. Аммо сиздан қаттиқ ўтиниб сўрайман, уларга бу гапларни мен айтганимни ва умуман, мени асло айта кўрманг, зеро, илло-биллога келтирмай ўлдириб қўядилар-ей.
– Биродарим Иван Дмитрийни бугун қовоқхонага чақирибдими? – тез сўради Алеша.
– Худди шундай-ей.
– Майдондаги “Пойтахт шаҳар” қовоқхонасигами?
– Худди ўзи.
– Бўлиши мумкин! – хитоб қилди Алеша қаттиқ ҳаяжонланиб. – Сиздан миннатдорман, Смердяков, бу муҳим янгилик, ҳозир ўша ёққа бораман.
– Айтиб қўйманг-ей, – деди унинг изидан Смердяков.
– О, йўқ, мен қовоқхонага худди бехосдан боргандай бўламан, хавотир олманг.
– Ийе, қаёққа кетяпсиз, шошманг, сизга эшикни очиб берай, – қичқириб қолди Марья Кондратьевна.
– Йўқ, бу ер яқинроқ, девор ошиб ўтаман.
Хабар Алешани ларзага солди. Шитоб билан қовоқхонага йўл олди. Унинг уст-бошида қовоқхонага кириш одобдан саналмасди, аммо ичкарига кирмай сўраш, чақиртириш мумкин эди. Бироқ у қовоқхонага яқинлашиши билан деразалардан бири очилди-да, акаси Иваннинг боши кўриниб, пастга қараб қичқирди:
– Ҳой, Алеша, ҳозир менинг олдимга кириб кетолмайсанми? Жуда хурсанд бўлардим.
– Майли, кираман, фақат манави кийимда билмайман қандай…
– Мен алоҳида хонадаман, ичкарига кир, мен ҳозир тушаман…
Бир дақиқадан сўнг Алеша акасининг ёнига ўтирди. Иван ёлғиз ўзи овқатланаётган экан.

 

Рус тилидан Иброҳим Ғафуров таржимаси

2018/11

(Давоми бор)

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:

https://jahonadabiyoti.uz/2019/04/08/%d1%84%d0%b5%d0%b4%d0%be%d1%80-%d0%b4%d0%be%d1%81%d1%82%d0%be%d0%b5%d0%b2%d1%81%d0%ba%d0%b8%d0%b9-1821-1881-%d0%b0%d0%ba%d0%b0-%d1%83%d0%ba%d0%b0-%d0%ba%d0%b0%d1%80%d0%b0%d0%bc%d0%b0/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x