Федор ДОСТОЕВСКИЙ (1821–1881) АКА-УКА КАРАМАЗОВЛАР

Тўрт қисмли, эпилогли роман

Рус тилидан
Иброҳим Ғафуров
таржимаси

IV

ҚОРОНҒИДА

У қаёққа югуриб кетди? Борадиган жойи маълум: “У қаерда бўларди, Федор Павловичнинг олдида? Самсоновнинг уйидан тўғри унинг олдига чопган, бу ойнадай равшан. Барча ўйин, машмаша-ю алдоқчиликлар энди аён…” Бу ўйларнинг бари хаёлида қуюндай учарди. У Марья Кондратьевнанинг ҳовлисига ўтиб ўтирмади. “У ёққа бориш керакмас, сира керакмас… заррача шубҳа уйғонмасин… дарров етказишади ва сотишади… Марья Кондратьевна ҳойнаҳой тил бириктирган, Смердяков ҳам худди шундоқ, шундоқ, ҳаммаларини сотиб олган!” Унинг юрагида бошқа ният туғилди: у тор кўчадан мавзени, Федор Павловичнинг қўрасини айланиб ўтди-да, Дмитровский кўчасидан югургилаб, кейин кичик кўприкдан чиқиб, тўғри орқа томондаги хилват кўчага кирди, бу жой кимсасиз, одам яшамас, бир томони қўшни том орқали четан девор билан ўралган, бошқа томондан эса Федор Павловичнинг боғи баланд, мустаҳкам девор билан қуршалганди. Шу ерда тўхтаб девордан ошиб ўтиш учун жой танлади, бу ердан қачонлардир Лизавета Смердякова боққа ошиб ўтган ва бундан Митянинг хабари бор эди. “Агар ўша хотин бу ердан ошиб ўтолган бўлса, – худо билади негадир шу фикр унинг хаёлида чарх уриб айланди, – нега мен ўтолмас эканман?” Ҳақиқатан, у сакраб деворнинг юқорисидан чангаллаб ушлади-ю, шаҳд билан кўтарилди ва ўзини чаққон девор устига олиб у ерда ўтирди. Шу яқин ерда кичикроқ ҳаммом солинган, лекин девор тепасидан уйнинг ёришиб турган чироқлари ҳам кўринарди. “Рост чиқди, чолнинг ётоқхонасида чироқ ёқилган, қиз шу ерда!” – у девордан боққа сакраб тушди. Митя хизматкор Григорийнинг нотоблигини билар, эҳтимолки, Смердяков ҳам ётиб қолган, шунинг учун бу ерга тушганини ҳеч ким эшитмаслиги аниқ, шунга қарамасдан ғайришуурий тарзда бирпас қотиб турди ва қулоқ сола бошлади. Аммо ҳаммаёқни ўлик сукунат қамраган, атай қилгандай ҳаммаёқ жим-жит, ҳатто шамол ҳам эсмасди.
“Фақат шивирлар сукунат, – негадир фақат шу сатр хаёлидан липиллаб ўтди, – ишқилиб, девордан ошиб ўтганимни ҳеч ким эшитмаган бўлсин, эшитмади, шекилли”. Бир зум серрайиб тургач, у оҳиста майсалар устидан юриб кетди; буталар, дарахтларни айланиб ўтиб, ҳар бир қадамига қулоқ осиб, узоқ юриб борди. У ёруғ тушиб турган деразагача беш дақиқалар чамаси жуда эҳтиёткорлик билан қадам босди. У ўша ерда дераза тагида бужина маржон, бодрезакларнинг қалин, баланд, катта тўплари ўсиб ётишини биларди. Уйнинг олд томонида, чапда ичкаридан боққа чиқадиган эшик берк эди, у ўтиб бораётганида диққат қўйиб синчиклаб қаради. Ниҳоят, буталарга етиб борди ва улар орқасига биқинди. У ҳатто нафас чиқармасликка тиришарди. “Энди нафас ростлаш керак, – деб ўйлади у, – агар улар менинг қадам товушларимни эшитган-у ва энди тинглаб турган бўлсалар, кўнгиллари жойига тушсин… ишқилиб, йўталим қўзиб ё акса уриб юбормай-да…”
У икки дақиқача қилт этмади, аммо юраги даҳшатли гурсилларди, нафаси бўғзига тиқиларди. “Йўқ, юракнинг гурсиллаши ўтиб кетмайди, – ўйлади у, – бошқа кутолмайман”. У буталар орқасида қоронғида турарди; буталарнинг олд томонига ойнадан ёруғ тушарди. “Бодрезак маржонлари қип-қизил-а!” – пичирлади у негалигини ўзи ҳам билмай. У оҳиста, битта-битта, эшиттирмай қадам қўйиб, дераза олдига ўтди-да, оёқ учида тик турди, Федор Павловичнинг ётоқхонаси кафтдек кўз ўнгида гавдаланди. Бу унчалар катта бўлмаган хона бўлиб, ҳаммаси кўндалангига Федор Павлович “хитойи” дейдиган тўсиқлар билан бўлинган эди. “Хитойи, – миясидан лип этиб ўтди Митянинг, – тўсиқлар ортида эса Грушенька”. У Федор Павловичга бошдан-оёқ разм солди. Отаси йўл-йўл янги ипак халат кийган, буни илгари Митя ҳеч қачон унинг эгнида кўрмаганди, халатнинг белидан шокилали тизимча ўтказиб боғланганди. Халатнинг ёқалари остидан тоза, олифтанамо, нафис голландча кўйлак кўринар, тилла тугмалари ялтирарди. Федор Павловичнинг боши ўша қизил пешонабоғ билан боғланган, буни илгари Алеша ҳам кўрганди. “Ясаниб олибди”, – ўйлади Митя. Федор Павлович ойна яқинида ўй-хаёлга ботганча турарди, бирдан бошини юқорига силтади, бирозгина қулоқ солди-да, қулоғига ҳеч товуш чалинмай, стол олдига келди, графиндан қадаҳга яримлатиб қуйди-да, ичиб юборди. Кейин кўксини кўтариб хўрсинди, яна туриб қолди, хаёли паришон ҳолда девордаги ойна олдига борди, ўнг қўли билан манглайидан қизил боғични пича сурди-да, кўкарган жойлари, ғурраларини кўздан кечирди, улар ҳали босилмаганди. “Ўзи ёлғиз экан, – ўйлади Митя, – ҳар қалай ёлғиз”. Федор Павлович ойнадан нари кетди, бирдан деразага ўгирилиб тикилиб қолди. Митя дарҳол ўзини қоронғига тортди.
“У балки тўсиқлар орқасида ухлаб ётгандир”, – Митянинг юраги санчди. Федор Павлович деразадан нари кетди. “У қизни дарчада пойлаб турган экан-да, бундан чиқди қиз бу ерда эмас, қоронғига тикилиб ўтирармиди?.. Кутавериб тоби-тоқати қолмаган…” Митя яна писиб бориб ойнадан кузата бошлади. Қария кичик столча олдида мунграйиб ўтирарди. Ниҳоят, суяниб, ўнг кафтини юзига босди. Митя кўзларини катта-катта очиб ютоқиб томоша қиларди.
“Бир ўзи, бир ўзи! – ичида таъкидларди яна. – Қиз бу ерда бўлса, чолнинг башараси бошқача бўларди”. Қизиқ бир ҳол: қизнинг бу ерда эмаслигидан юрагида аллақандай бемаъни ва далли бир ғашлик қўзғалди. “Бу ғашлик ойимқизнинг бу ерда йўқлигидан эмас, – Митя ўзи фикрлаб жавобини дарҳол топди, – қизнинг бу ердами, бу ерда эмаслигини билолмаётганим кўнглимни хира қиляпти”. Митянинг кейинроқ бориб эслашига қараганда, унинг ақл-идроки ўша дамда фавқулодда тиниқ эди, ҳаммасини охирги тафсилоти, икир-чикиригача муҳокамадан ўтказар, барини эслаб қоларди. Аммо билмаслик, бетайинлик, беқарорликдан сиқилиб ўлай дерди ва бунинг охири кўринмасди. “Ойимқиз шу ердами ё шу ерда эмасми?” – қутуриб қўзғалди унинг юраги. Шунда у бирдан жазм қилди – қўлини чўзиб деразани оҳиста чертди. У чол Смердяков билан шартлашиб олгандай хабар берди: биринчи марта икки бор секин чертди, кейин уч марта тез-тез: тақ-тақ-тақ – бу демак, Грушенька келди, шу ерда дегани эди. Чол сапчиб тушди, бошини дик кўтарди, шарт ўрнидан туриб дераза томонга отилди. Митя ўзини қоронғига олди, Федор Павлович деразани очиб, бошини ташқарига суқди.
– Грушенька, сенмисан? Ўзингми? – ғўлдиради у қандайдир ғичиллаган қалтироқ товушда. – Ойимқизим, қайдасан, паривашим, қанисан? – У даҳшатли ҳаяжонга тушган, нафаси бўғилган эди.
“Бир ўзи экан!” – фаҳмлади Митя.
– Қанисан? Қаердасан? – қичқирди яна чол ва бошини яна кўпроқ ташқарига чиқарди, ҳатто елкаларигача чўзиб, ҳар ёққа аланглади, бир ўнгига, бир сўлига олазарак қарайди, – кел ахир мунда, мен совға олиб қўйдим, кел, кўрсатаман!
“Уч минг солинган пакетни айтяпти”, – Митянинг калласидан лип этиб шу фикр ўтди.
– Қаердасан ахир?.. Ё эшик томондамисан? Ҳозир очаман…
Шунда чол сал бўлмаса деразадан ташқарига тушиб кетай деб, ўнгга, чапга аланглади, боққа олиб чиқадиган эшикка тикилди, қоронғида аниқроқ кўриш учун кўзларини катта-катта очди. У бир сония ўтказмай, Грушеньканинг жавобини ҳам кутиб ўтирмай, албатта, эшикни очиш учун югурган бўларди. Митя ён томондан туриб қимирламай кузатарди. Чолнинг шу қадар унинг нафратини қўзғаган башараси, осилиб тушган кекиртаги, қайрилган бурни, лаззат иштиёқида илжайган лаблари, булар ҳаммаси чап томондан хона ичидан қиялаб тушаётган чироқ ёруғида равшан кўзга ташланарди. Шунда Митянинг юрагида даҳшатли қаҳру ғазаб қайнаб тошди: “Мана, унинг рақиби, азоб-уқубатларга солган, ҳаётини жаҳаннамга айлантирган ғаним!” Бу ўша кутилмаганда қайнаб-тошган, қутурган, қасоскор қаҳру ғазаб эди. У Алеша билан бундан тўрт кун аввал боғ шийпонида худди олдиндан кўриб билгандай башорат қилган ҳолат эди, Митя ўшанда Алешанинг: “Отамни ўлдираман деб айтишга қандай тилинг боради?” – деган саволига жавоб берганди.
“Мен ахир билмайман, билмайман, – деганди у ўшанда, балки ўлдирарман ё ўлдирмасман. Қўрқаманки, худди ўша дамда манфур башарасига қарасам, балки ўзимни тутолмай қоламан… Унинг кекиртаги, тумшуғи, ола кўзлари, номуссиз тиржайишларини кўришга заррача тоқатим йўқ. Жоним чиқиб кетади. Мана шундан қўрқаман, ўзимни тутолмай қолсам керак…”
Юрагида жирканиш тобора шиддатли тусга кирарди. Митя энди бутун эс-ҳушини йўқотганди ва бирдан чўнтагидаги мис дастага ёпишди…
………………………………………………………………………………………………
Митя кейинчалик шундай сўйлаб юрди: “Ўшанда мени худо қарғади”; худди мана шу сонияда касал Григорий Васильевич ўз хобгоҳида уйғониб кетди. У ўша куни кечқурун маълумингиз муолажани қилган, буни Смердяков Иван Федоровичга гапириб берганди, яъники, хизматкор бутун баданига араққа қандайдир сирли жуда ўткир ўсимлик шарбатини аралаштириб, қаттиқ ишқалаб суртган, албатта, хотинининг кўмагида, қолганини эса хотини “дуо ўқиб” турган ҳолда ичган ва уйқуга кетганди. Марфа Игнатьевна ҳам арақ ичмаслигига қарамай, бу малҳамни ичган ва эрининг ёнида донг қотиб уйқуга кетганди. Буни қарангки, Григорий тун қучоғида бирдан уйғониб кетиб, бирпас ўйланиб ётди ва яна шу ондаёқ белида сирқироқ бир оғриқ туйган бўлса-да, барибир ўрнидан қўзғалди. Кейин яна ниманидир хаёл қилиб, оёққа турди-да, апил-тапил кийинди. Балки “шундай хатарли вақтда” уй қоровулсиз қолиб, ўзи тўшакда ухлаб ётгани учун виждони оғригандир. Тутқаноқ касали тўшакка михлаб ташлаган Смердяков эса бошқа хужрада қимир этмай ётарди. Марфа Игнатьевна ҳам қимир этмасди. “Хотиннинг мажоли йўқ”, – деб ўйлади Григорий Васильевич унга қараб ва “қиҳ-пих” қилиб эшик олдига чиқди. Албатта, у фақат хабар олиш учун эшикдан ташқарига бошини суқди, чунки қадам босишга ҳозир мажоли йўқ, бели ва ўнг оёғи чидаб бўлмас даражада оғрирди. Аммо айни шу асно у боққа чиқадиган эшикни кеча қулфламаганини эслади. Бу ғоятда саранжом-саришта, тартиб-интизомга кўп йиллардан бери қаттиқ ўрганиб, риоя қиладиган одам эди. У оқсай-оқсай, оғриқдан етти букилиб остонадан тушди ва амаллаб боққа юрди. Ҳақиқатан, боғ эшиги очиқ қолганди. У беихтиёр боғ ичига қадам қўйди: балки ниманидир сезгандай бўлдими ё бирон бир бехос товуш қулоғига чалиндими, ҳарқалай сўл томонга қараб, хўжайиннинг очилиб қолган деразасига кўзи тушди, дераза бўм-бўш, ҳеч кимнинг қораси кўринмасди. “Нега дераза очиқ, ҳозир ёз эмас-ку!” – ўйланди Григорий ва айни шу сонияда ўзининг тўғрисида боғда фавқулодда бир нима липиллагандай бўлди. Ундан қирқ одимлар нарида қоронғида одам қораси чопиб ўтаётгандай эди, шарпа жуда тез югургилаб борарди. “Вой, худойим!” – ғудранди Григорий ва ўзини унутиб, белидаги ёмон оғриққа қарамасдан қочиб бораётганнинг йўлини тўсиб чиқа бошлади. Чамаси, боғ унга яхши таниш бўлса керак, йўлни қисқа олди, шарпа ҳаммом орқасига ўтди, ўзини деворга отди… Григорий унинг қорасини йўқотмасликка ҳаракат қилиб, жон ҳолатда югурарди. Қора деворга осила бошлаган пайтда ниҳоят етиб борди. Григорий ўзини йўқотиб бор кучи билан додлади, шиддат билан отилиб, иккала қўли билан шарпанинг оёқларига ёпишди.
Унинг кўнгли алдамаган экан, у таниди, бу худди ўша “ваҳший падаркуш” эди!
– Падаркуш бадбахт! – қичқирди қари хизматкор чор атрофни зириллатиб. Аммо бошқа овози чиқмади, шу ондаёқ у худди чақмоқ ургандай ерга қулади. Митя яна боққа сакраб тушди ва қулаган хизматкор устига энгашди. Митянинг қўлида мис даста бор эди, уни беихтиёр ўтлар ичига ирғитди. Даста Григорийдан икки одим нарига, аммо ўтлар ичига эмас, сўқмоқнинг ўртасига бориб тушди. Митя бир неча сония олдида ётган одамга қараб турди. Хизматкорнинг боши қонга беланганди. Митя қўлини чўзиб уни пайпаслай бошлади. У кейин шуни аниқ эсладики, ўша дамда чолнинг бошини “мажақлаб ташладими” ёки даста билан уриб энсасини “пўла” қилиб юбордими, шунга ишонч ҳосил қилишни билмоқчи эди. Аммо қон тинмай оқар, бирпасда Митянинг қалтираган қўллари қайноқ қонга бўялди. У чўнтагидан оппоқ янги рўмолчасини, уни Хохлакованикига бораётганда ҳар эҳтиёт ёнига солиб қўйганди, чолнинг бошига босди, пешонаси ва юзига оқаётган қонни артишга уринди. Бироқ рўмолча бир зумда жиққа қон бўлди. “Худойим, бундан нима фойда? – сергак тортди шунда Митя, – бошини ёрган бўлсам, энди нима… Барибир эмасми энди?! – қўшиб қўйди яна умидсиз аҳволда, – ўлдими, ўлди… Кунинг битган экан, энди ётавер!” – овозини баланд қўйиб деди у ва бирдан девор томонга ўзини отди, ундан ошиб ўтиб боғ кўчага тушди ва қоча бошлади. Қонга ботган рўмолча ўнг қўлида ғижимланган, уни югуриб кетатуриб камзулининг орқа чўнтагига суқди. У орқа-олдига қарамай чопар, қоронғи шаҳар кўчаларида шу тобда сийрак учраган ўткинчилар ўша кеча жонҳолатда қочаётган кимсани эслаб қолдилар. У яна Морозованинг уйини мўлжаллаб югурарди. Боя ходима қиз Феня у кетгандан кейин дарҳол катта қоровул Назар Ивановичнинг олдига югургилаб, худони ёлвориб ўртага солиб, бугун яна капитан келиб қолса, уни бугун ҳам, эртага ҳам уйга қўймасликни тайинлади. Назар Иванович бунга қулоқ солди, аммо таассуфки, кутилмаганда уни юқорига бегойим ҳузурига чақириб қолишиб, у йўл-йўлакай яқинда қишлоқдан келган йигирма яшар қариндошини учратиб, унга ҳовлига қараб туришни уқтирди, аммо капитанни таъкидлаб айтишни унутди. Митя халлослаб келиб дарвозани тақиллатди. Йигитча дарров уни таниди: Митя унга аввал бир неча марта чой-чақа берганди. Зумда унга дарвозани очди, чақ-чақ кулиб дарҳол унга: “Аграфена Александровна уйдан чиқиб кетдилар-ку”, – деб огоҳлантирди.
– У қаерда, Прохор? – сўради бирдан тўхтаб Митя.
– Боя кетди, икки соатча бўлди, Тимофей билан Мокроега жўнади.
– Нега? – қичқирди Митя.
– Бунисини билолмадим, қандайдир зобит ўша ёқдан чақирибди ва от-арава юборибди…
Митя бирдан уни қўйиб, эси оғганча Феняга югурди.

(Давомини журналдан ўқийсиз)

2019/10

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x