Фарзанд туғилгандан сўнг…

Боланинг дунёга келиши оила ва жамият учун жуда қувонарли ҳол. Бироқ энди катталар бу “жажжи инсон”нинг ҳаётдаги ўрнини белгилашлари зарур. Масалан, унинг илк ҳужжатларини тайёрлаш ва гўдакнинг меъёрий яшаши учун барча ҳатти-ҳаракатларни қонун доирасида бажармоқ керак. Ёш оналар бу хусусда етарлича маълумотга эга бўлганлари маъқул.

ФҲДЁ (фуқаролик ҳолатлари далолатномаларини ёзиш) идоралари томонидан туғилганликни қайд этишда махсус қонун ҳужжатлари, масалан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодекси, Ўзбекистон Республикаси Оила кодекси, Ўзбекистон Республикасининг “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги қонуни, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 12 апрелдаги 171-сонли қарори билан тасдиқланган “Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш қоидалари”, “Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларида иш юритиш тартиби тўғрисида”ги йўриқнома, ҳамда амалдаги бошқа қонунлар ва меъёрий ҳужжатларга асосланиб иш кўрилади.

Туғилишни қайд этиш

Бунинг учун туғилганлик ҳақидаги тиббий маълумотнома, ота-оналарнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар, никоҳ тузилганлиги ҳақидаги гувоҳнома ёки оталикни белгилаш ҳақидаги ариза ёҳуд никоҳда бўлмаган онанинг аризаси тақдим этилади.

Кўрсатилган ҳужжатлар тақдим этилмаган ҳолларда ФҲДЁ органи томонидан ариза берувчига далолатнома ёзувини қайд этиш рад қилинганлиги ҳақида асослантирилган маълумотнома берилади.

Туғилишни қайд этиш учун бир ойлик муддат ўтказиб ёки бола ўн олти ёшга тўлгунга қадар мурожаат этилган ҳолларда туғилишни қайд этиш рад қилинмайди ва умумий асосларда амалга оширилади. Бола бир ёшга тўлганидан сўнг, унинг туғилиши бола туғилган жойда ёки ота-онасидан бирининг доимий яшаш жойида қайд этилади.

Туғруқхонадан ташқари жойларда ва тиббий ёрдамсиз туғилган боланинг туғилишини қайд этиш унинг шу онадан туғилганлигига гувоҳлик берувчилар имзолаган ва ҳудуд шифокори ёки фельдшерининг имзоси билан тасдиқланган далолатнома асосида амалга оширилади.

Туғруқхонадан ташқари жойларда ва тиббий ёрдамсиз туғилган боланинг туғилганлигини тасдиқловчи далолатнома тузилмаган ва туғилишни қайд этиш учун етарли асослар мавжуд бўлмаган тақдирда, боланинг у ёки бу онадан туғилганлик фактини аниқлаш қонун ҳужжатларига мувофиқ суд томонидан амалга оширилади.

Туғилишни қайд этиш билан бир вақтда, никоҳда бўлмаган ота-онадан туғилган болага оталикни белгилаш ота ва онанинг ФҲДЁ органига биргаликда берган аризаси асосида амалга оширилади. Агар боланинг онаси бошқа шахс билан қонуний никоҳда турган бўлса, оталикни белгилаш тўғрисидаги аризага никоҳда турган эрнинг у билан қонуний никоҳда бўлган онадан туғилган болага нисбатан оталикни белгилашга ёки боланинг туғилишини ёлғиз она аризаси асосида қайд этилишига нотариал тасдиқланган розилиги илова қилиниши ёки у ФҲДЁ органига келиб бунга ёзма равишда ўз розилигини билдириши лозим. Бундай розилик ФҲДЁ органи раҳбари томонидан тасдиқланади.

Туғилганлик ҳақида далолатнома ёзуви тўлдирилгач, ариза берувчи томонидан ўқиб чиқилиб имзоланади ва унга шу вақтнинг ўзида туғилганлик ҳақида гувоҳнома ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимига топшириш учун “Туғилганлик ҳақида маълумотнома” берилади.

Туғилганлик ҳақидаги тиббий маълумотнома ёки туғруқхонадан ташқари жойларда ва тиббий ёрдамсиз туғилган боланинг туғилганлигини тасдиқловчи далолатнома туғилганлик ҳақидаги далолатнома ёзуви биринчи нусхасининг орқа томонига тикилади ва у билан бирга сақланади.

Ёлғиз онадан туғилган боланинг туғилишини қайд этиш

Туғилишни қайд этиш учун ёлғиз (қонуний никоҳда бўлмаган) она томонидан ФҲДЁ органига онанинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат ва ёзма ариза тақдим этилади. Агар туғилган боланинг онаси вояга етмаган бўлса, туғилишни қайд этиш боланинг туғилганлиги ҳақида тиббий маълумотнома ҳамда васийлик ва ҳомийлик органининг аризасига асосан онанинг яшаш жойидаги ФҲДЁ органи томонидан қайд этилади. Бунда болани туққан онанинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси, шунингдек яшаш ва ўқиш жойидан расми елимланган ҳолдаги маълумотномалар тақдим этилиши лозим.

Ёлғиз онанинг аризасида бола, она ва отанинг фамилияси бир хилда — онанинг фамилияси бўйича кўрсатилиши лозим.

Туғилганлик ҳақида далолатнома ёзувини қайд этишда ёлғиз она шахсан иштирок этолмаган тақдирда онанинг аризадаги имзоси тиббий муассаса ёки жазони ижро этиш муассасаси мансабдор шахсининг имзоси ва ушбу муассасанинг гербли муҳри билан ёхуд нотариал тартибда тасдиқланган бўлиши шарт.

Ёлғиз онага фарзандининг туғилганлиги ҳақида далолатнома ёзуви қайд этилганлиги тўғрисида маълумотнома берилади.

Туғилишни қайд этишнинг алоҳида ҳолатлари

Ўн олти ёшгача бўлган боланинг туғилишини қайд этиш учун ФҲДЁ органига туғилишни қайд этиш муддатини ўтказиб юборганлик сабаблари кўрсатилган ариза ва қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

  • боланинг туғилганлиги ҳақида тиббий маълумотнома ёки боланинг туғруқхонадан ташқари жойларда ва тиббий ёрдамсиз туғилганлигини тасдиқловчи далолатнома;
  • боланинг соғлиғи тўғрисида маълумотнома;
  • боланинг таълим олаётганлиги тўғрисида маълумотнома;
  • тегишли ФҲДЁ архивидан ушбу болага нисбатан туғилганлик ҳақида далолатнома ёзуви қайд этилмаганлиги тўғрисида маълумотнома.

Чет элда туғилган, лекин туғилиши ўша давлатларда белгиланган тартибда қайд этилмаган боланинг туғилишини қайд этишда ҳам юқорида кўрсатилган ҳужжатлар талаб этилади.

Топиб олинган (ташлаб кетилган) боланинг туғилганлигини қайд этиш учун ички ишлар органи, васийлик ва ҳомийлик органлари, бола парваришланаётган муассаса маъмурияти ёки тиббий муассаса томонидан бола топиб олинган (ташлаб кетилган) жойдаги ФҲДЁ органига қуйидаги ҳужжатларни илова қилган ҳолда ариза берилади:

  • ички ишлар органи ёки васийлик ва ҳомийлик органининг боланинг топиб олинган вақти, жойи ва топиб олинган пайтдаги ҳолати тўғрисидаги далолатномаси;
  • тиббий муассасанинг топиб олинган ёки ташлаб кетилган боланинг ёши ва жинсини тасдиқловчи маълумотномаси.

Оталикни белгилаш

Оталикни белгилаш ҳақидаги ариза ФҲДЁ органига бола туғилгунгача, боланинг туғилишини қайд этиш билан бир вақтда ёки боланинг туғилиши қайд этилгандан сўнг берилиши мумкин. Ариза ФҲДЁ органининг масъул ходими томонидан ундаги маълумотларни ота-онанинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари билан солиштириб қабул қилинади.

Оталикни белгилашда ота-онадан бири иштирок этмаган тақдирда, унинг аризадаги имзоси белгиланган тартибда (тиббий муассаса, ФҲДЁ органи, ҳарбий қисм, жазони ижро этиш муассасаси раҳбари имзоси ва гербли муҳри билан ёки нотариал тартибда) тасдиқланиши зарур.

Оталикни ишончнома орқали белгилашга йўл қўйилмайди.

Суднинг оталикни белгилаш ҳақидаги ҳал қилув қарорига асосан боланинг туғилганлиги ҳақидаги далолатнома ёзувига отаси тўғрисидаги маълумотларни киритиш мазкур ҳал қилув қарори қонуний кучга киргандан кейин амалга оширилади.

Туғилганлик ҳақидаги далолатнома ёзуви ёлғиз онанинг аризасига асосан қайд этилгандан кейин боланинг ота-онаси қонуний никоҳдан ўтиб, она эрининг фамилиясига ўтган бўлса ва улар оталикни белгилаш ҳақида биргаликдаги ариза билан мурожаат этса, далолатнома ёзувининг она устунидаги онанинг фамилияси ҳақидаги ёзувга ўзгартириш киритилади. Бу ҳақда онадан қўшимча ариза олиш талаб этилмайди. Оталик белгилангандан кейин ариза берувчи(лар)га оталик белгиланганлиги ҳақида маълумотнома берилади.

Оталикни белгилаш туғилишни қайд этиш билан бир вақтда расмийлаштирилмаган ҳолларда, туғилганлик ҳақидаги далолатнома ёзувининг иккинчи нусхасига тегишли ўзгартиришларни киритиш учун ФҲДЁ архивига етти кун ичида оталик белгиланганлиги ҳақида хабарнома юборилади.

Наргиза ТУРСУНОВА,
Тошкент шаҳар Адлия бошқармаси
«Нотариат, адвокатура ва ФҲДЁ органлари» бўлими бош маслаҳатчиси.

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x