Фаррухбек ОЛИМ МУТОЛАА МАКТАБИ

 

Болалигимизда ҳар биримизни кучли таъсирлантирган, ажойиб фантазия ва хаёлот оламига чорлаган китоблар бўлган. Кимдир Ойбекнинг “Болалик”, Ғафур Ғуломнинг  “Шум бола”асарлари билан улғайган бўлса, яна биров Марк Твен қаламига мансуб “Том Сойернинг  саргузаштлари”, Жонатан Свифтнинг “Гулливернинг саёҳатлари”ни мутолаа қилиб воя­га етган. Энг муҳими, болалигимизда ўқиганларимиз бизнинг тасаввур оламимизни шакллантириб, мурғак қалбимизни тарбиялаган. Шунинг учун ҳам болаликда ошно бўлган китобларимизнинг мазмуни, сюжети ва қаҳрамонлари ҳеч қачон  эсимиздан чиқмайди.

Улуғ бобокалонимиз Алишер Навоийнинг ҳам кичиклигида Фаридуддин Атторнинг “Мантиқ ут-тайр” (“Қуш тили”) асарига жуда қаттиқ меҳр қўйгани, уни ёд олганини яхши биламиз. Муҳими, шоир ўлимидан икки йилча олдин,1499 йили шу асарга жавоб тариқасида “Лисон ут-тайр” (“Қуш тили”) достонини қоғозга туширишга улгурган. Демак, қалам соҳибини болаликда мафтун этган асар таъсири бутун умрга татиган. “Мантиқ ут-тайр” – Навоий  бадиий олами шаклланишининг тамал тоши. Бироқ шоирнинг етук мутафаккир ва мутасаввиф бўлиб етишишига омил бўлган бошқа талай асарлар ҳам бор. Тан олиш керак, уларнинг кўпчилигидан хабаримиз йўқ. Ҳазрат Навоий қайси китобларни ўқиган экан? Албатта, бу саволга жавобни уларнинг ўзидан қидирамиз.

Навоий устози Абдураҳмон Жомий вафотидан икки йил ўтиб, яъни 1494 йили у ҳақда махсус “Хамсат ул-мутаҳаййирин” асарини яратди. Асар таркибий жиҳатдан “Муқаддима”, уч мақолат ва “Хотима”дан, жами беш қисмдан иборат[1]. “Хотима”да муаллиф  Жомий ҳузурида ўқиб, таълим олган китоблари рўйхатини бирма-бир келтиради: Жомийнинг “Қофия”, “Аруз”, “Лавоеҳ”, “Лавомеъ”, “Ашиъа” рисолалари, “Шарҳи рубоиёт”и, “Нафаҳот ул-унс…”, “Шавоҳид ун-нубувват” асарлари; Хожа Муҳаммад Порсонинг “Қудсия” рисоласи, Ироқийнинг “Ламаъот” асари, Ҳазрати Хожа Убайдуллоҳнинг отаси тавсияси билан ёзган асари[2] ҳамда Хожа Абдуллоҳ Ансорийнинг “Илоҳийнома”си.

 

Бундан ташқари, Навоий Ҳазрати Жомий “Хамса” билан “Ҳафт авранг”ни қиёслаш йўли орқали овоз чиқариб ўқиганида тинглаганини, шунингдек, баъзи рисолалар улар олдида ўқилмаган бўлса ҳам, улардаги айрим мураккаб жойларни  устоздан сўраб турганини ёзади.

Келтирилган рўйхатга эътибор берилса, Навоий ўрганган китоб ва рисолаларнинг аксарияти бевосита Жомийнинг ўзи ёзган асарлар экани маълум бўлади. Бу Жомийнинг Навоийга қай даражадаги муаллим, мударрис, йўлбошчи ва устоз эканини кўрсатади. Албатта, Навоийдек серқирра ижодкор жуда кўп мутолаа қилмаслиги мумкин эмас. Унинг бошқа қалам соҳиблари асарлари билан ҳам яқиндан танишиб чиққани аниқ. Аммо устозидан ўқиб-ўрганганларининг аҳамиятини кўрсатиб бериш учун ҳам муаллиф  бу асарларни эринмай санаб чиқади.

“Хамсат ул-мутаҳаййирин”даги “Аввалги мақолат”нинг биринчи ҳикоятида мутолаа билан боғлиқ ғаройиб бир воқеа тилга олинади. Кунлардан бир куни Шайх Абдуллоҳ котиб Хожа Абдуллоҳ Ансорийнинг “Илоҳийнома”га қарашли “Муножот” рисоласини Навоийга келтиради.  Шоир аввалига асарнинг бир­-икки саҳифасинигина  шунчаки варақлаб кўрмоқчи бўлади. Бироқ “сўзнинг хўблуғ ва равонлиғидин” икки жузвдан ортиқроқ бу асарни бошлаганича бир ўтиришда охирига қадар ўқиб чиқади. Бунга гувоҳ бўлганлар каттагина ҳажмдаги асарни бир зарб билан бошдан­оёқ мутолаа қилган шоирга қойил қолишади. Эртаси куни Жомий Навоийнинг уйига ташриф буюрганида кечаги гувоҳлар бу ғаройиб воқеани пири комилга гапириб беришади. Шунда у мулойим табассум билан: “Ажаб амри иттифоқий бизнинг ва сизнинг оралиқда воқеъ бўлғон эрмиш: икки ё уч кун бурунроқ Мавлоно Шайх Абдуллоҳ ушбу рисолани бизнинг қошимизға келтуруб эрди, биз доғи аввалдин бунёд қилдук, охириға дегинча ҳеч ерда турмоқ бўлмай туганди”, – дейди. Эртасига эрталаб котиб китобни ёки унинг пулини олиб кетиш учун Навоийникига келганида, одамлар унга шоир китобни бир ўтиришда тўхтамай ўқиб чиққанини айтиб беришади. У таажжуб билан Жомий ҳам китобни қўлига олган заҳоти мутолаага киришиб, бир бошлаш билан ўқиб тугатганини айтади. Бу мисолдан устоз ва шогирднинг бадиий дид ва савиялари, мутолаа маданияти жуда яқин бўлганини билиб олиш қийин эмас.

Жомий Навоийга ўзи ўқиган форсийдаги тасаввуфий китоб ва рисолалардан сабоқ беради. Бинобарин, “Хамсат ул-­мутаҳаййирин”нинг “Учинчи мақолат”ида шундай дейилади: “Ул вақтдаким, фақир алар хизматида суфия рамузу ишорот ва алфозу иборот истилоҳин ўткарур эрдим, ҳазрати қутб ус-­соликин Шайх Фахруддин Ироқий қуддиса сирриҳунинг “Ламаъот”и орзуси хаёлға кўп эврулур эрди. Бир кун тақриб била бу маънини изҳор қилдим. Алар дедиларким: “Тариқат машойихининг форсий кутуб ва расоили оз мутолаа қилилибдур, аммо чун ҳавасинг бор, андоқ бўлсун”. То улким, ул шариф китобни фақирға сабақ айтурға муртакиб бўлдилар, ҳар кун сабақда хушҳол бўлуб, таъриф қилурлар эрди”.

Юқоридагилардан маълум бўладики, Навоий Жомийдан ҳақиқий маънода, содда қилиб айтганда, юзма-юз ўтириб таълим олган. Ўрганилган асарларнинг баъзилари бадиий, айримлари илмий бўлгани ҳолда, уларнинг аксарияти тасаввуф масалаларига бағишланган эди. Пир муридига кўпроқ ана шундай асарлардан таълим беради. Турли шарҳларга мурожаат қилади. Бу талқинлардан кўнгли тўлмаса, Жомийнинг ўзи уларга махсус шарҳлар битади.

Ҳатто, Навоий мусиқа илмини эгаллашни ният қилганида Жомий шогирди  учун шу соҳага доир асар ҳам ёзиб беради. Буни у шундай ифодалайди: “Ул ердинким, аларнинг бу фақир сори иноят ва илтифотлари бор эрди, мусиқий ва адвор рисоласин битидиларким, бу фанда андоқ мунаққаҳ ва муфид рисола йўқтур”.

Янги-янги асарлар мутолааси ҳақидаги суҳбатлар, уларнинг мазмун-моҳияти тўғрисидаги муҳокамалар икки қаламкашни янада завқ-шавқ билан ижод қилишга чорлаган. Ўзаро адабий таъсир натижасида эса иккала қалам соҳиби тарафидан ҳам тенгсиз бадиий ва илмий дурдоналар яратилди.  Қуйидаги ҳикоят ҳам фикримизга асосли далил бўла олади.

Кунларнинг бирида устоз ҳузурида Мир Хусрав Деҳлавийнинг “Дарёйи аброр” қасидаси ҳақида сўз боради. Навоий бу асарни ҳаяжон билан мақтай кетади. У шунча гапиради-ю, устоз ҳеч муносабат билдирмайди. Шогирд бу жимликдан  хижолатга тушиб: “Қасида шунча мақтовга лойиқ бўлса ҳамки,  улуғ зот олдида уни ҳаддан зиёд таърифлаб, ошириб  юбордиммикан?” – деган хаёлга боради. Орадан бироз вақт ўтгач, Навоий сафарга отлана туриб, устозидан фотиҳа олишга борганида, Жомий кутилмаганда унга ўзининг “Дарёйи аброр” жавобида битилган “Лужжат ул­-асрор” қасидасини беради. Бояги сукутнинг сири энди очилади. Навоий сафарда от устида қасидани ўқиб, беҳад хурсанд бўлади. Шунда илҳомланган шоир хаёлига “Туҳфат ул­-афкор” асарининг матлаъси келади. Манзилга етгач, шогирд матлаъни қоғозга тушириб: “Агар асар тугатишга лойиқ, деб топилса, яъни устозга маъқул бўлса, уни давом эттираман”, – деган мазмунда хат ёзиб, бир бекдан жўнатади. Жомийдан эса: “Албатта,  тугатсун”, –  деган жавоб келади. Бу ривоятдан устоз-шогирднинг яна бир асар яратилишига сабабчи бўлганлари аён бўлади. Аслида, Жомий нимаики ёзса, унинг биринчи ўқувчиси Навоий бўлган. Навоий ниманики қоғозга туширса, у билан биринчи Жомий танишган. “Хамсат ул-мутаҳаййирин”нинг “Учинчи мақолат”идан сўзимизга исбот бўладиган кўплаб мисоллар топишимиз мумкин. Бу мақолатда Навоий ёзилишига ўзи бевосита сабабчи бўлган Жомий асарлари ҳақида батафсил тўхталади.

Хожа Абдуллоҳ Ансорий сўфий шайхларни беш табақага бўлиб, уларнинг ҳар йигирма нафарини бир табақа қилиб, “Табақоти машойихи сўфия” (“Сўфий шайхлар табақалари”) деган тазкира ёзади. Унда жами юз киши тилга олинади. Шу йўлда Шайх Фаридуддин Атторнинг “Тазкират ул-авлиё”, Шайх Абу Абдураҳмон Сулламийнинг “Табақоти Сулламий” асарлари битилди. Бироқ Навоий улардан кейинги тўрт юз-беш юз йил ичида яшаган авлиё зотлар ҳақида батафсил бир китоб йўқлигидан афсус чекиб, бундай улуғ ишни фақат Жомий ҳазратларигина амалга ошириши мумкинлигини тушунади. Қайта-қайта ўйлаб, минг хижолат билан ўз таклифини устозига айтади. Қизиғи, устоз ҳам аллақачон шу фикрда бўлиб, фақат ишни турли сабаблар туфайли пайсалга солиб юрган бўлади. Шогирднинг турткиси билан қисқа муддатда “Нафаҳот ул-унс мин ҳазарот ул-қудс” деб номланган катта ҳажмли тазкирасини ёзиб тугатади. Жомий асарнинг ҳар бир битган қисмини Навоийга беради ва улар биргаликда матнни кўриб чиқишади.

Кейинроқ Навоийнинг таклифи билан Жомий “Шавоҳид ун-нубувват ли тақвияти яқини аҳл ил-футувват” (“Пайғамбарлик шоҳидлари, эътиқод аҳлининг художўйлиги”) китобини ёзади. Бу мавзуда ҳам бир китоб таълиф этиш аввалдан Жомийнинг режасида бўлган. Бироқ шогирднинг даъвати билангина у бу улуғ ишга киришган. Энг муҳими, устоз ва шогирд жамият учун қандай китоб зарурлигини англашган ва улар шу бўшлиқни биргаликда тўлдиришга интилган.

Алишер Навоийни етукликка йўллаган манба ҳам айнан у мутолаа қилган китоб ва рисолалар эди. Буюк Шогирд ўзидан аввалги ва ўзи мансуб бўлган адабий давр ижодкорларини ўрганиш асносида ўз иродасини шакллантирди, тарбиялади. Шунинг учун ҳам Навоий салафлари Низомий Ганжавий, Хусрав Деҳлавий, Абдураҳмон Жомий ва бошқа шоирлар таърифига ўз асарларида алоҳида ўринлар ажратиб, уларни мадҳ этишдан ҳеч чарчамайди.

Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоий номи, аввало, китоб номи билан боғлангандир. Орзуимиз – биз ҳам китоб мутолаасида уларга издошлик қилсак.

 

* Фаррухбек Олим – тадқиқотчи.

[1] Алишер Навоий. Мукаммал асарлар тўплами. 20 жилдлик. 15-­жилд. Хамсат ул­-мутаҳаййирин.  – Тошкент, Фан, 1999.

[2] “Хамсат ул-мутаҳаййирин”нинг Суйима Ғаниева нашрга тайёрлаган табдил матнида бу асар Хожа Аҳрорнинг “Волидия” рисоласи экани айтилган. Қ а р а н г : А. Навоий. “Хамсат ул-мутаҳаййирин”. – Тошкент, ТошДШИ нашриёти, 2004. – Б.69.

 

2018/2

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:

https://jahonadabiyoti.uz/2018/04/26/%d1%84%d0%b0%d1%80%d1%80%d1%83%d1%85%d0%b1%d0%b5%d0%ba-%d0%be%d0%bb%d0%b8%d0%bc-%d0%bc%d1%83%d1%82%d0%be%d0%bb%d0%b0%d0%b0-%d0%bc%d0%b0%d0%ba%d1%82%d0%b0%d0%b1%d0%b8/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x