Ҳанс-Райнҳард Ҳёрл,
адабиётшунос
Муҳтарам жаноб бош муҳаррир!
Матбуот ва оммавий ахборот воситалари доимий тарзда ўзгариб турган бугунги тезкор, шиддатли бир даврда адабий журналингиз талабчан ва айни чоғда нафақат олмон адабиёти, Гёте, Ҳайне ёки Ҳессе, балки Бреҳт ва Гюнтер Грасс ҳамда XX асрнинг бошқа кўплаб адиблари учун ҳам замонавий дунёвий адабиёт минбари бўлиб хизмат қилиб келмоқда. Ўзбек китобхонларига, ўзбекистонлик муштарийларга кенг кўламли, серқирра дунё адабиётини оғишмай, сабот билан мунтазам равишда тақдим этиб келаётган экан, журнал таҳририяти ва нашриётининг бу борадаги ижтимоий-сиёсий жасорати, бадиий ижодкорлиги юксак эътирофга сазовордир. Муваффақиятларга бой, қизғин кечган йигирма йил давомида “Жаҳон адабиёти” журнали кўплаб миллий адабиётлар эшигини очиб берди. Яъни, адабиёт бугунги кунда ўзининг тенг ҳуқуқли шакл-шамойилида фақат Жаҳон Адабиёти деб тушунилишга муносиб эканини амалда исботлади. Бу – тамаддунимизнинг умумий қадриятлари ва бадиий ижод учун ҳам ҳеч бир чекловларсиз, бирдек дахлдор тушунчадир. “Жаҳон адабиёти” журнали ҳам тарихий, ҳам замонавий олмон адабиётига қизиқадиган жуда кўплаб ўзбекистонлик ўқувчилар қалбини забт эта олди. Иккала мамлакат ўртасидаги бундай маданиятлараро алмашув, шубҳасиз, жуда катта хизмат, тақдирланишга лойиқ ишки, буни охиригача баҳолаб бўлмайди. Бас, шундай экан, айнан шу маънода Ғарбдан Шарққа ўз самимий ташаккурларимизни изҳор этамиз!
Мен “Жаҳон адабиёти” журналига бундан кейин ҳам яна жуда кўплаб муваффақиятли 20 йилликларни чин дилдан тилаб қоламан! Адабий асарларга бўлган қатъий ишонч уни ҳеч қачон тарк этмасин. Келгусида ҳали яна кўпгина тарихий асарлар ёзилади ва ёзувчи ҳамда адабиётшуносларнинг навқирон авлоди оламшумул диққат-эътиборга сазовор бўлишга арзигулик. Ўзига хос, янгича ифодавий шакл ва услубларни пухта эгаллаганликларини исботлайди. Ва мен “Жаҳон адабиёти” журнали ҳам бу синовдан мардонавор ўта олишига ишонаман. Сизларга ҳамиша омад ёр бўлсин дўстларингиз давраси тобора кенгаяверсин!
Фелдафинг, Германия, 2017 йил, июнь
Хайриддин СУЛТОНОВ,
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Давлат маслаҳатчиси
Ўтган даврда журнал таҳририяти атрофида моҳир ва фаол таржимонлар жамоаси шаклланди. Уларнинг орасида айниқса бевосита хорижий тиллардан таржима қиладиган истеъдодли ёшларнинг сони ортиб бораётгани одамни қувонтиради.
Бугунги кунда Ўзбекистоннинг асосий адабий нашрларидан бирига айланган “Жаҳон адабиёти” журналининг ижодий жамоаси ўз вақтида Озод Шарафиддинов асос солган анъана ва принципларни изчил давом эттириб келаётгани ҳам эътиборлидир. Хусусан, журналнинг ҳар бир сонини тайёрлашда дунёни тобора кўпроқ билишга интилаётган халқимиз талабларини ҳисобга олиш, мавзулар қамрови ва ранг-баранглиги, муаллифлар жуғрофиясини шакллантириш, теран мазмун ва юксак бадииятни биринчи ўринга қўйиш борасида бу жамоанинг аниқ мезонларга амал қилиб келаётганини барчамиз яхши биламиз.
* * *
Муҳаммад АЛИ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси,
Ўзбекистон халқ ёзувчиси
“Жаҳон адабиёти” журнали нафақат таржима майдони, балки таржима санъатини тарғиб этиш, шунинг натижасида уни ривожлантириш, таҳлилни чуқурлаштириш, таржима-ю таҳрир қирраларини очишда катта мактаб вазифасини ўтайди. Таржимачилигимизнинг нодир намуналари, устоз таржимонларимизнинг маҳоратини кўрсатиб берадиган мазмунли мақолалар уюштириш, маҳорат сирларига бағишланган ижодий баҳслар ташкил қилиш, уларни мунтазам бериб бориш, бу қутлуғ ишга атоқли ва ёш таржимашунос олимларимизни жалб этиш, албатта, доимий вазифаларимиздан бўлиб қолиши керак. Бу ёш таржимонларимизга мактаб вазифасини ўтайди.
* * *
Умарали НОРМАТОВ,
Ўзбекистон фан арбоби,
филология фанлари доктори, профессор
“Жаҳон адабиёти”нинг илк сонида журнал таҳририяти ўз дастур – манифестини баён этар экан, жумладан, “Журналдан турли адабий-фалсафий мактаблар, йўналишлар, оқимларга мансуб ёзувчи, файласуф, санъат намояндаларининг сара асарлари жой олади. Бу асарлар бизнинг миллий адабиётимиз учун янги тасвир ҳамда услуб имкониятларини очади, ёш ёзувчиларимиз учун ўзига хос дорилфунун вазифасини ўтайди”, деб эълон қилган эди. Дарҳақиқат, журнал мазкур йиллар мобайнида фақат ёш ёзувчиларимиз учун эмас, республикамиз таълим тизими, хусусан, олий ўқув юртларида жаҳон адабиёти, айниқса, жаҳон адабиёти равнақидаги янги жараёнлар билан танишиш, уни ўрганиш, ўқитиш ишларида ҳам янги бир даврни бошлаб берди, бу борада ҳам ўзига хос дорилфунун вазифасини ўтади.
* * *
Иброҳим ҒАФУРОВ,
таржимон, адабиётшунос
1997 йили Ўзбекистонда “Жаҳон адабиёти” журналининг нашр этилиши биз, адабиёт ўқувчилари ва бутун маданий жамоатчилик учун хира тортган кўзларнинг бирдан ярқ этиб очилиб кетиши билан баробар воқеа бўлганди. Унга атоқли танқидчи Озод Шарафиддиновнинг муҳаррир қилиб тайинланганлиги эса дунё адабиётини ўқиб олам маданиятидан бохабар бўлишдек орзу-аъмолларимизга қанот бағишлаган, ёруғ умидлар ила лиммо-лим тўлдирганди… Журнал танқиднинг ранг-баранг усулларидан унумли фойдаланиб, жаҳондаги миллий адабиётлар, маданиятлар, санъатлар, оқимлар, йўналишлар, усуллар манзараларини ёритмоқда. Дунё халқлари тафаккури хазиналари ичидан жавоҳирларни олиб чиқиб ўз ўқувчиларига қўшқўллаб худди ҳовучдаги дурлардай тақдим этаётир.
* * *
Қиём НАЗАРОВ,
фалсафа фанлари доктори, профессор
Мана, йигирма йилки, “Жаҳон адабиёти” журнали бизни дунё алломалари ва адибларининг энг сара асарлари билан таништириб келмоқда. Ўтган йиллар даврида журнал ўз ўқувчиларига инсоният тафаккури дурдоналарини туҳфа этар экан, бирор-бир соҳа ёки йўналишни атайлаб мутлақлаштирмагани каби, бошқасини камситмагани ва унга эътиборсизлик қилмагани, балки ҳақиқат ва холислик мезонларига амал қилиб келаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Худди шундай, журнал фаолиятида дунё ҳудудларига мансуб, турли сиёсий тизимлар шароитида ва хилма-хил мамлакатларда яшаган адибларга муносабатда ҳам ушбу тамойиллар устуворлиги сезилиб туради. Ҳаммага баробарлик, оқни оқ, қорани қора дейиш, ҳаётни ва адабиётни бўямасдан кўрсатиш учун куч ва журъат мавжудлиги журнал таҳририяти ишининг асосий мезонларидан биридир.
* * *
Абдулла ШЕР,
шоир, таржимон
Дунёдаги ҳар бир воқеа-ҳодиса, токи мавжуд экан, у ўз хусусиятларидан вужудга келган тараққиёт жараёнига мос равишда ҳаракат қилади. Бу жараён эса ҳеч қачон бир томонлама бўлолмайди. У муайян шарт-шароитда гоҳ равнаққа, гоҳ таназзулга қараб кетади. Яъни ривожланиш жараёни доимо спирал шаклида рўй беради. Ҳамма гап спиралнинг пировард натижада равнаққа қараб бориш ёки бормаслигида. Севимли “Жаҳон адабиёти” журнали ҳам бу ҳаётий қоидадан мустасно эмас. Ўзбек китобхони шу вақтгача ўзига номаълум бўлган ўзга маънавий дунёлар борлигини ҳарфлар воситасида кўра олди ва бу ҳодиса уни аввалги ҳолатидан бир бош баланд савияга кўтарди. Айни пайтда ушбу нашр туфайли адабиётимизда ва, умуман, мамлакатимизда бадиий таржимадек ва таржимашуносликдек муҳим соҳаларнинг равнақи учун мисли кўрилмаган даражада кенг йўл очилди – журнал таржимон-ёзувчилар, таржимон-шоирлар, таржимашунослар ва файласуфлар кўпдан кутган минбар эди.
Биз, афсуски, жуда кўп ҳолларда бадиий адабиётнинг бу миқёсийлигини англаб етавермаймиз. Ваҳоланки, айнан ана шу “англаб етиш” зиёлиликнинг маънавий асосини ташкил этади. Шундан келиб чиқиб, айтадиган бўлсак, “Жаҳон адабиёти” журнали ўз ўқувчисига адабиётнигина эмас, балки адабиётнинг эстетик эврилишлари орқали вужудга келадиган бошқа санъат турлари ҳақида ҳам керакли маълумот бериб, уни ҳар бир маънавий ҳодисага фалсафий-эстетик даражадан туриб баҳо бера оладиган замонавий зиёли инсонга айлантириш борасида улкан хизмат қилмоқда.
* * *
Аҳмаджон МЕЛИБОЕВ,
публицист, ёзувчи
Жалолиддин Румий дафн этилган шаҳар – Қўниёда яшовчи бир киши қадимий китобларни йиғар, савдогарлар унга Онадўлидан қоп-қоп китоб келтирар экан. “Ҳар гал қопларни очаётганимда, ажабо, энди қандай китоб чиқаркан, “Қутадғу билиг” каби нодир қўлёзмами ёки “Девони луғатит-турк” сингари қўҳна бир асарми, худди шу хаёлда чимилдиққа кираётган куёвдек ҳаяжонланар эдим”, дер экан у зот. Биз ҳам ҳар гал “Жаҳон адабиёти” журналини қўлга олганимизда, яна қандай янги асар таржима қилинди экан, адабий бисотимиз яна қандай дурдона билан бойиди экан, дея ўша қўниёлик китоб муҳибидан кам ҳаяжонланмаймиз. Конфуцийнинг “Билим олишга интилганларга эргаш, билмаслигини англамаганларнинг кўзини оч, билмаслигини билгувчиларга ўргат, билмаслигини била туриб, билим олишни ихтиёр қилмаганлардан қоч”, деган ўгити бор. Бу ҳикматни қалбига чуқур нақшлаб олган “Жаҳон адабиёти” аҳли, 20 йилдирки, дунё сўз санъатининг сара-сара асарларини ўзбек тилида чоп этиб, бизга олам ва одамнинг янги-янги қирраларини англатиб келаётир.
Икки ўн йилликда 250 та йирик бадиий ва мемуар асарнинг она тилимизда эълон қилиниши ҳазилакам иш эмас! Бебаҳо адабий бойлик, беқиёс маънавий хазина эгаси бўлганимиз шу-да!
Жаҳонга бўйлашаётган мажалланинг бош вазифаси муттасил ижодий изланиш ва таржима маҳоратини ошириш орқали журналхонларнинг бадиий эстетик дидини ўстиришдан иборат. Устоз Озод Шарафиддиновнинг йўлини давом эттиришга бел боғлаган таҳририят бугун зиммасидаги вазифа нечоғли шарафли, айни чоғда залворли эканини яхши англайди, назаримизда.
XXI аср инсониятга бағоят чигал жумбоқларни “туҳфа” этмоқда. Йилдан-йилга мураккаблашиб, ўзидан, моҳиятидан узоқлашиб бораётган дунёни қутқариш – инсоннинг ўзини асраш, курраи заминда тирикликни сақлаб қолиш муаммоси олдида ҳеч гап бўлмай қолди. Бундай шароитда эса сўз, адабиёт, тафаккур ва идрок халоскор кучга, нажотбахш воситага айланади. Навқирон йигит ёшидаги мажаллада ана шундай оғир юкни елкага олмоққа иштиёқ ҳам, шижоат ҳам бор.
* * *
Баҳодир КАРИМОВ,
филология фанлари доктори
Маълумки, жаҳон адабиётшунослигида адабий-фалсафий пафос, санъатнинг бошқа турлари билан уйғунлашиш, бадиий асарга гўзаллик ҳодисаси, семиотик белгилар сифатида ёндашиш ҳолатлари етакчилик қилади. Журналда соф адабиётшунослик манбалари билан бир қаторда, адабиётшунослик ва санъатшунослик, адабиётшунослик ва фалсафа, адабиётшунослик ва психология фанлари кесимида уйғунлашган-синтезлашган мақолалар босилди. Ҳатто математика билан бадиият гўзаллигини қиёсан ўрганган мақолалар ҳам ёзилди. Зеро, бундай фанлараро интеграция ўзбек адабиётшунослгиги учун янгилик бўлиши табиийдир. Шунга мос равишда олимлар ўз назарий-методологик концепциялари ва турли адабий-илмий манифестларини ишлаб чиқишди. Биз буларнинг барчасини асосан “Жаҳон адабиёти” журналидан ўқиб билиб олмоқдамиз.
* * *
Нурбой ЖАББОРОВ,
филология фанлари доктори, профессор
Севимли журналимиз “Жаҳон адабиёти” бу йил ўзининг навқирон 20 ёшини нишонлаётир. Ўтган йигирма йиллик фаолияти давомида журнал жаҳон адабиётининг энг сара асарларини ўзбек китобхонига, ўзбек адабиётининг мумтоз намуналарини жаҳонга танитиш борасида чин маънода баракали фаолият олиб борди. Халқимизни дунё халқлари адабиётидаги, адабиётшунослигидаги ижодий методлар, адабиёт оламига кириб келаётган янги йўналишлар билан таништирди. Буюк мутафаккир аждодларимизнинг жаҳонга ибрат қилишга арзийдиган ижодий кашфиётлари, бадиий-эстетик идеаллари, асарларидаги умрбоқий ғояларнинг оҳорли талқинларига доир теран тадқиқотларни чоп этиш орқали ёш авлоднинг бадиий дидини, адабий идрокини ўстириш ишига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Умид қиламизки, бу хайрли ишлар изчил давом этади. “Жаҳон адабиёти” журнали истиқболда ҳам ўзбек ва дунё халқлари адабий алоқаларини янги босқичга кўтаришда ижодий тафаккур карвонбошиси бўлиб қолаверади.
* * *
Ҳалима АҲМЕДОВА,
шоира
ҚУТЛОВ ХАТИ
Ҳаво майин, елар саболар дилкаш,
Таратиб анвойи гул нафасини…
Тургенов Толстой ёнида борар –
Нурга тўлдирганча шляпасини.
Хаккулар парвози баланд қушлардай
Уйғотиб сайрайди Такубокуни.
Чақириб олади Акутагава
Умр дарахтига қўнган каккуни…
Аёл мактубларин кўнглига жойлаб –
Цвейг йўлга тушар бўлгани меҳмон.
Машъум милтиғини улоқтирганча
Эрнест юрагида мавжланар уммон.
Пўрим фойтунларда Мопассан, Генри,
Байронлар
Викторни чорлашади: “Тез,
Тезроқ бўлгин, ахир, китобингни ол,
Бизни кутаяпти Навоий-30!”
…Дала ҳовлисида настарин гулнинг –
Тушини шеърига солиб Эмили.
Аста одимлайди илк бор жилмайиб,
Шодликдан жаранглаб кетганча дили.
Фаррухзот қалбида чайқалади ишқ,
Дейди: “Жунун томон бошлайман сани”.
Сафарга тадорик кўраркан Суҳроб,
Шошиб ҳайқиради: “Ковушим қани?”
Ғарбу Шарқ
Ва яна уммун ортидан,
Даҳо ижодкорлар келар изма-из.
Уқтириб боради бири-бирига:
“Қандай гўзал маскан Навоий-30”.
Тандирдан узилган нон ҳиди янглиғ,
Дунё тўлиб борар китоб тотига.
Улардан сўраймиз: “Йўл бўлсин қайга?”
Жавоб тайёр: “Жаҳон адабиёти”га”!
Навоий кўчаси – табаррук маскан,
Бормикан ундан нур ичмаган кўнгил,
“Жаҳон адабиёти” кучга тўлган пайт,
Йигирма яшарлик навқирон бир дил.
Туйғулари ёруғ, тафаккури кенг –
Шуҳрат ака бунда саркор, албатта.
Меҳмон кўп,
Ижоднинг зиёфати ҳам
Жуда катта бўлсин, жуда ҳам катта.
Улуғлар назми-ю насридан тотиб,
Пойгакда турибман қалб тўла ҳайрат.
“Жаҳон адабиёти”, минг йил яша деб,
Сизга ҳурмат билан Ҳалима Аҳмад.
Ижтимоий тармоқларда ёйиш:
https://jahonadabiyoti.uz/2017/10/24/%d1%8d%d1%8a%d1%82%d0%b8%d1%80%d0%be%d1%84/