Эрнест ХЕМИНГУЭЙ (1899–1961) БОРЛИҚ ВА ЙЎҚЛИК

(Роман)

Биринчи фасл

ГАРРИ МОРГАН

Баҳор

1-боб

Гавана тонгини, ҳатто муз ортилган машиналар барлар учун муз ташиб келишидан ҳам аввалроқ, кўча дайдиларининг бино деворларига суянганча ҳалиям уйқуни ураётганини бир тасаввур қилинг. Ана шундай эрта тонгда биз бандаргоҳдан “Сан-Франциско марвариди” қаҳвахонасига қаҳва ичиш учун майдондан ўтиб келаётгандик. Шу пайт фавворадан сув ичаётган бир гадойга кўзимиз тушди. Бироқ қаҳвахонага кириб келган чоғимизда у ерда бизни ўша уч киши кутиб турган экан.
Бироздан кейин, улардан бири ёнимизга келди.
– Хўш? – дея менга юзланди у.
– Бундай қилолмайман, –дедим унга. – Бу ишни жилла қурса савоб учун ҳам қилсаммикан, деб ўйлагандим. Бироқ оқибатини ўйлаб, фик­римдан қайтдим. Ахир, сенга ўтган тунда ҳам бу ишни қила олмаслигим сабабини тушунтирган эдим-ку?!
– Сен, оғайни, шошмасдан яхшилаб ўйла. Пулниям оғзингга сиққанича айтавер, қурбимиз етганича топиб берамиз.
– Гап пулдамас. Мен бундай қилолмайман, холос. Бор гап шу.
Сал нарироқда турган иккита муҳожир ҳам ёнимизга келди, улар умид сўнган кўзларини мўлтиллатганча менга қараб туришарди. Бу шўрликлар кўринишидан ёмон йигитларга ўхшамасди, уларга яхшилик қилишни ўзим ҳам хоҳлаб тургандим.
– Кел энди, йўқ дема, биродар, ҳатто минг доллар десанг ҳам бир илож қилиб топиб берамиз, – деб ялина бошлади улардан бири, унинг инглизча талаффузи ёмон эмасди.
– Қўй, одамни хижолат қилма, – дедим унга ўнғайсизланиб. – Сизларга аллақачон гапнинг пўсткалласини айтиб бўлганман: бу ишни қила олмайман!
– Яна бир ўйлаб кўр, балки биз берадиган пул сенга асқотиб қолар.
– Эҳтимол шундайдир, лекин гап фақат пулда эмас-да. Бу иш барибир менинг қўлимдан келмайди.
– Нега келмайди?
– Мен қайиқ билан тирикчилик қиламан. Ундан айрилиб қолсам, куним қандай ўтади?
– Биз берган пулга бошқасини сотиб олаверасан.
– Қамоқхонада бунинг иложи бўлмайди.
Улар мени барибир кўндирамиз деб ўйлашди чоғи, биттаси ҳеч гапдан қолгиси келмасди.
–  Сиз уч минг доллар оласиз ва бу қилган хизматингиз кейинчалик ҳам инобатга олинади. Бу ердаги сиз билган вазият узоққа бормайди.
– Қулоқ солинг, – дедим мен. – Кимнинг президент бўлишининг менга фарқи йўқ. Мен битта ақидага амал қиламан: тили узун бирорта жонзотни Штатга олиб ўтмайман.
– Бу билан бизни гуллаб қўяди, демоқчимисан? – деди шу пайтгача жим турганларидан бири. Унинг жаҳли чиқа бошлаганди.
– Мен тили узун жонзотни, дедим.
– Сен бизни “lenguas largas”га чиқараяпсанми?
– Йўқ.
– “Lengua larga” ким эканини биласанми?
– Ҳа. Тили узун, гуллаб қўядиганларни шунақа дейишади.
– Бундайларга қандай жазо беришимизни ҳам билсангиз керак?
– Қизишманглар, – дедим мен. – Саволингизга жавоб бераяпман, холос. Ортиқча ҳеч нарса деётганим йўқ.
– Жим бўл, Панчо, – жаҳли чиққанга юзланди биринчи гап бошлаган.
– У бизни гуллаб қўяди, деяпти, – деди Панчо.
– Қулоқ солинглар, – дедим, – мен тили узун бирорта жонзотни ҳам олиб ўтолмайман, дедим. Яшикдаги шароблар муаммо чиқармайди. Ичимлик идишлари алжирамайди. Яна гапирмайдиган нарсаларни айтиш мумкин. Одамларга эса ишонч йўқ.
– Хитойликлар-чи, уларнинг ҳам тили йўқми? – деди Панчо ғазабланиб.
– Тили бўлиши мумкин, бироқ уларнинг тилини мен тушунмайман. – жавоб қилдим мен.
– Демак, истамайсиз?
– Буни кеча ҳам айтгандим. Ҳечам иложи йўқ.
– Ишқилиб ўзингиз тилингизга маҳкаммисиз? – деди Панчо. У гапимни тушунмаётганди, шунга жаҳл қиларди. Шу сабабли ҳам ўзаро гапимиз қовушмасди. Саволига жавоб ҳам бериб ўтирмадим.
– Ўзинг “lenguas largas” эмасмисан мабодо? – сўроқларди у дарғазаб ҳолда.
– Ундай бўлишдан Худо асрасин!
– Сенинг-ча “lenguas largas” биз эканмиз-да?!
– Ҳой, Худо хайрингни бергур, гапимга яхшилаб қулоқ солсанг-чи, –дедим унга яна. – Каллайи саҳарлаб бунчалик жиғибийрон бўлма. Биламан, кўп одамларнинг додини бергансан. Лекин менга эрталабдан, оч қорнимга ҳадеб ҳунарингни кўрсатаверма.
– А-ҳа, демак сен бизнинг кимлигимизни биласан, шундайми?
– Йўқ, – деб, эътироз билдирдим. – Кимлигингизнинг менга қизиғи йўқ. Жаҳл қилмасдан гаплашишнинг имкони борми?
– Ҳа, жаҳлимни чиқараяпсан, – деб тутақди у. – Ҳозироқ жонингни олишим мумкин.
– Ҳой, жўжахўроз! – бақириб бердим унга. – Бунчалик ўзингдан кетма!
– Бас қил, Панчо, – деди биринчи мусофир. – Бу ерда туришдан фойда йўқ.
Кейин менга қараб: – Афсус. Бизларни олиб ўтиб қўясиз, деб умид қилгандик, – деди.
– Мен ҳам афсусдаман. Бироқ бу иш менинг қўлимдан келмайди.
Учала йигит ҳам ноилож эшик томон йўл олишди, мен эса уларнинг ортидан кузатиб турардим. Улар афт-ангори келишган, навқирон йигитлар бўлиб, пўрим кийиниб олишган, биронтасида ҳам шляпа йўқ, кўринишидан жуда пулдор одамларга ўхшашарди. Ҳеч нарсадан тап торт­май, хизматим учун бир дунё пул ваъда қилиб юборишди-я. Истамасам-да, беихтиёр эшитган гап-сўзларимдан шу нарса маълум эдики, улар кубалик бойваччалар каби инглизчани ҳам бузиб талаффуз қилишарди.
Афтидан ҳалиги иккиси – ака-укалар, Панчо эса, бўйи бироз новча бўлсаям, уларнинг тенгдошига ўхшарди. Унинг келишган қадди-қомати, бежирим уст-боши, силлиқ таралган сочларига тикилиб туриб, бу мен ўйлаганчалик ёвузга ўхшамайди, деган хаёлга бордим. Тўғри, у бироз асабийлашарди, холос.
Йигитлар қаҳвахонадан чиқиб ўнгга бурилган заҳоти майдон томондан бир зирҳли машина учовлон томон шитоб билан елиб келаётганига кўзим тушди. Машинадан кетма-кет отила бошлаган ўқлардан бири тўғри бориб дераза ойнасига тегди, яна бири ўнгдаги қатор терилган шишаларни чил-чил қилди. Ўқ овози қулоғимни тешиб юборгудай бўлар, шишалар синиғи эса бутун деворга сачраб, парча-парча бўлиб, ерга тушарди.
Мен тўсиқнинг ортига ўтиб, чап томондан мўралаб кузата бошладим. Машина тўхтаб, ундан иккита йигит сакраб тушди-да, ўтириб ота бошлади. Бирининг қўлида “Томпсон” автомати, бошқасида эса қўлбола кесма милтиқ бор эди. “Томпсон” автоматида отаётган йигит барзанги ҳабаш эди. Наригиси эса ҳайдовчиларнинг оқ кийимини кийиб олганди.
Кубаликлардан бири йўл четида, дераза синиқлари устида юзтубан чўзилиб ётарди. Қолган иккитаси эса қўшни қаҳвахонага эндигина муз олиб келган “Тропик ичимлик” ширкатининг араваси ортига беркинишга улгурганди.
Аравага қўшилган отларнинг бири ерда ётиб типирчилар, наригиси эса тинмай бошини қимирлатиб, безовталанарди.
Кубаликлардан бирининг арава ортидан узган ўқи йўлакка тегиб, йўналишини ўзгартирди. “Томпсон” автоматли ҳабаш ерга қапишиб олганча арава остига қарата тўхтовсиз ўқ узгани бесамар кетмади: арава ортидагилардан бири йўлакка юзтубан қулади. У қўллари билан бошини чангаллаганча, тинмай қалтирарди. Ҳабаш автоматга янги ўқдон жойлагунга қадар ҳайдовчи милтиқдан йиқилган кубаликка ўқ узиб турди. Мўлжал хато кетмади. Бутун йўлакда сочма ўқ ўз изини қолдирди.
Иккинчи кубалик ярадорнинг оёғидан тортиб, арава ортидаги панароқ жойга олиб ўтди. Мен эса ҳабаш яна эгилиб, унга тўхтовсиз ўқ узганини кузатиб турардим. Шу пайт бирдан ҳалиги таниш йигит ­– Панчо араванинг нариги томонидан айланиб ўтиб, безовталаниб типирчалаётган отга паналади. Кейин худди балчиққа булғанган чойшабга ўхшаб, кир бўлиб кетган оқ кийимида от панасидан чиқди-да, тўппончасини қўшқўллаб ушлаган кўйи ҳайдовчига қарата ўқ узди. Сўнг ҳайиқмасдан ҳабашнинг икки марта бошини, бир марта елкасидан пастроғини мўлжаллаб ўқ отди.
Ўқлардан бири машина ғилдирагига тегди, чунки ғилдиракнинг дами чиққанда атроф бирдан чангиб кетганини кўрдим. Ҳабаш Панчонинг яна ўн қадамча яқинроқ келишини кутиб, унинг қорнига қарата “Томми”дан сўнгги ўқи тугагунча тарриллатиб отди, кейин унинг автоматни итқитиб юборганини кўрдим. Панчо бўлса тош йўлга чўк тушиб, сўнгра юзтубан қулади. У қўлидан тўппончани қўйиб юбормасдан ҳадеб туришга уринар, бироқ бошини кўтара олмасди. Шунда ҳабаш машина ғилдираги яқинида, ҳайдовчи ёнида ётган милтиқдан отиб, Панчонинг миясининг қатиғини чиқариб юборди. Ҳабашга тенг келиб бўлмасди.
Мен шоша-пиша дуч келган оғзи очиқ шишалардан бирини олиб, ҳатто унда нима борлигига эътибор ҳам қилмасдан ютоқиб сипқордим. Бўлиб ўтган воқеа дилимни хижил қилганди. Тўсиқдан сакраб ўтиб, ошхонага, ундан сўнг яширин йўлак орқали кўчага отилдим. Бирор мартаям ортимга, қаҳвахонадан чиқиб, ўзини ҳар томонга ураётган оломонга қарамасдан, майдонни кесиб ўтдим-да, тўғри қайиқ турган бандаргоҳга елдек учиб келдим. Қайиқни ёллаган нусха сабрсизлик билан мени кутарди. Бўлган воқеларни унга гапириб бердим.
– Эдди қани? –деб сўради бизни кутиб турган ўша нусха. Унинг исми Жонсон эди.
– Отишма бошлангандан кейин уни қайтиб кўрмадим.
– Балки яралангандир?
– Бу нима деганингиз? Сизга айтаяпман-ку, ўқ деразага келиб тегди, деб. Машинадагилар уларга тўсатдан ҳужум қилишди. Биттасини қаҳвахонанинг шундоққина биқинида отиб ташлашди. Улар ён томондан бостириб келишди…
– Сиз буларни қаердан биласиз? – деб сўради у.
– Мен уларни кузатиб тургандим, – деб жавоб бердим.
Шу пайт бошимни кўтариб қарасам, бандаргоҳ томонга Эдди келаётган экан. У ҳар доимгидан ҳам дароз ва найновдек кўриниб кетди кўзимга. Худди оёқлари майишгандек истар-истамас қадам ташларди.
– Ана у.
Эддининг кўриниши ўта афтодаҳол эди. Тўғри, одатда у эрталаблари ланж кўринарди, бироқ ҳозирги аҳволи ҳар доимгидан ҳам баттар эди.
– Қаерларда қолиб кетдинг? – дея тергадим уни.
– Қимирламай полда ётгандим.
– Ҳаммасини кўрдингизми? – сўради Жонсон ундан.
– Жаноб Жонсон, илтимос бу ҳақида гаплашмайлик, – деди Эдди унга. – Ҳатто эсласам ҳам кўнглим айнийди.
– Бир қултум ичиб олинг, – далда берган бўлди унга Жонсон. Кейин менга юзланиб: – Хўш, бугун айланиб келамизми? – деди.
– Бу ёғи сизга боғлиқ.
– Оби-ҳаво қанақа бўлар экан?
– Худди кечагидек. Эҳтимол, кечагидан ҳам яхшироқ бўлар.
– У ҳолда бугун чиқамиз.
– Бўпти, балиқхўракни олиб келишсин-чи.
Уч ҳафтадирки бу нусхани биз балиқ овига олиб чиқаётгандик. Бироқ у Кубага келишидан олдин, бандаргоҳдан овга чиқиш учун консулдан рухсат олиш, ёқилғи жамлаш ва бироз озиқ-овқат учун менга берган юз долларидан бошқа бир чақа ҳам тўламаганди. Кунига ўттиз беш доллардан, ов анжомлари эса мендан, деб келишиб олгандик. У ҳар оқшом меҳмонхонада тунар, тонг пайти эса бандаргоҳга келарди. Бу кимсани менга Эдди топиб бергани учун уни ҳам бирга олиб юришга мажбур эдим. Эддига кунига тўрт доллар ҳақ тўлардим.
– Бир оз ёқилғи жамлашимиз керак, – дедим Жонсонга.
– Хўш, кейин-чи?
– Бунга пул керак.
– Қанча?
– Бир галлони йигирма саккиз цент туради. Бизга камида қирқ галлон керак. Бу ўн биру йигирма бўлади.
У ўн беш доллар чиқариб берди.
– Балки қайтимини пиво ва музга ишлатармиз? – деб сўрадим.
– Жуда соз, – деди у. – Майли, бу қарзим ҳисобидан бўла қолсин.
Ўйланиб қолдим: уч ҳафта – бу оз муддат эмас. Лекин агар унга ростдан ишонадиган бўлсак, муддатнинг нима аҳамият бор? Албатта, ҳисоб-китобни ҳар ҳафта қилганга нима етсин. Бироқ бир ойлаб қарзга олиб юриб, кейин бирваракай ҳаққимни ундирган пайтларим ҳам бўлган.
Бу менинг хатойим эди, лекин аввалига мижоз топилгани учун унинг шартига жон деб рози бўлар, фақат охирги кунларга келиб, ташвишга туша бошлардим. Доим мижознинг ранжиб қолишидан чўчиб, хавотиримни юзага чиқармасдим. Шундай экан, мижозга ишонганингдан кейин, ов муддати қанча чўзилса, шунча яхши, албатта.
– Пивога тобингиз қалай? –деб сўради у қутини оча туриб.
– Йўқ, раҳмат.
Шу пайт бизга хўрак келтирадиган ҳабаш бандаргоҳ томон кела бошлади ва мен Эддига қайиқни тайёрлаб туришини буюрдим.
Хўрак олиб келган ҳабаш қайиққа ўтириши билан биз сузиб кетдик ва бўғоздан чиқа бошладик. Ҳабаш эса хўракларни қармоққа илдира бошлади: у қармоққа макрелни илинтиргач, бир ёнбошини тилиб, қармоқ учини жабрасидан ўтказиб олди-да, сўнг оғзидан ўтказиб, қармоқ ипи билан чандиб, силтаниб чиқиб кетмайдиган қилиб, қулай ва мустаҳкам ўрнатди.
Бу кўкиш тумори кўйлаги остидан бўртиб турган, бошига эса сомон шляпа қўндириб олган бақувват ва жаҳлдор, чайир ҳабаш эди. Қайиқда унинг севимли машғулоти ухлаш ва рўзнома варақлаш эди. Бироқ у ниҳоятда абжир ва қармоққа хўрак илинтиришнинг ҳадисини олганди.
– Қармоққа хўрак илинтириш ўзингизнинг қўлингиздан келмайдими, капитан? – деб сўради Жонсон мендан.
– Келади, сэр.
– У ҳолда нега ҳабашни ёллагансиз?
– Катта балиқ илинса, ўшанда кўрасиз, – дея жавоб қилдим мен.
– Илинса нима қилибди?
– Ҳабаш мендан кўра абжирроқ.
– Эдди бунинг уддасидан чиқа олмайдими?
– Йўқ, сэр.
– Менимча, ҳабаш – ортиқча ҳаражат. – У ҳабашга кунига бир доллар берар, ҳабаш эса ҳар оқшом румба рақсига борарди. Мен унинг кўзлари юмилиб бораётганини кўрдим.
– Ҳабашсиз ишимиз битмайди, – дедим мен.
Бу пайтда биз Кабаньяс қаршисида, Морро қалъаси яқинида, туби тошлоқ жойда балиқ овлаш учун лангар ташлаган қайиқчиларнинг ёнидан ўтиб борардик. Мен ҳам қайиқни суви қорайиб турган Мексика кўрфази томон бурдим. Эдди иккита катта пўкак ҳозирлар, ҳабаш эса уч қармоққа хўрак илинтириш билан овора эди.
Қайиғимиз яқинлашганда кўрфазнинг саёз жойи бошланган, оқим кучли жойларда эса сув сиёҳрангга ўхшаб товланиб ётарди.
Шарқдан енгил шабада эсиб турар, бир талай йирик учар балиқлар биздан чўчиб, ўзини ҳар ёққа урар, қора қанотли бу балиқлар сувда сакрашаётганда худди Атлантикадан учиб ўтаётган Линдберг самолётининг расмига ўхшаб кетарди.
Бу учар балиқлар – ов бароридан келишидан нишона эди. Кўз илғайдиган жойда оқимнинг туби чуқур эканлигидан далолат берувчи сарғиш сув ўтлари кўринар, олдинда бўлса майда балиқлар тўдаси узра қушлар чарх урарди. Сувда икки-уч фунтлик балиқчаларнинг сакраши кўзга ташланарди.
– Энди қармоқ ташласангиз ҳам бўлади, – дедим Жонсонга.
У тасмани устига ташлаб олиб, олти юз ярдли ўттиз олтинчи ип ўралган “Гарди” ғалтакли катта қармоқни сувга солди. Ўгирилиб қарасам, қайиқ ортидаги иккала қармоқ аллақачон сувга отилган, пўкаклари эса сув юзида ўйноқларди. Биз меъёридагидек тезликда сузиб борардик ва мен қайиқни Гольфстримнинг асосий оқими томон бурдим.
– Қармоқ дастасини қайиқ четига боғланг, – дея маслаҳат бердим унга. – Шунда ушлаш осон бўлади. Балиқ хўракка илиниб тортганда, қийналамаслик учун тутқични сал бўшатинг. Бўшатмасангиз, балиқ сизни тортиб олиб кетиши мумкин.
Ҳар куни унга шу гапни такрорлашимга тўғри келарди. Бироқ бундан жаҳлим чиқмасди. Балиқ овига олиб чиққан мижозларимнинг элликтасидан биттасигина балиқ тута олиши мумкин. Шу биттаси учун ҳам бу шунчаки эрмак ва у бошқалар каби ҳақиқий балиқ овига ярамайдиган оддий қармоқ сотиб олган бўларди.
– Хўш, аҳволлар қалай? – деб сўради Жонсон.
–  Бундан яхшиси бўлмайди, – жавоб бердим унга.
Ростдан ҳам овимиз чакки эмасди.
Кейин чамбаракни ҳабашга бериб, Гольфстрим қирғоғи бўйлаб шарққа қараб сузишни буюрдим-да, ўзим қайиқ тўрида ўтириб, тўлқинда ўйноқлаган пўкакка тикилаётган Жонсон ёнига бордим.
– Балки иккинчи қармоқни ҳам ташлармиз? – деб сўрадим ундан.
– Йўқ, керак эмас, – деди у. – Қармоқни ўзим ташлаб, ўзим тортиб, балиқни ҳам ўзим тутсам, дейман.
– Яхши, – дедим мен. – Балки Эдди фақат қармоқ ташлар, балиқ илиниши билан, у дастакни сизнинг қўлингизга тутқазади, шунда ўзингиз тортиб оласиз?
– Йўқ, – деди у. – Битта қармоқ ҳозирча етарли.
– Бўпти.
Ҳабаш ҳамон қайиқни бошқариб борарди. Беихтиёр биздан илгарида, сувда сакраб ўйнаётган учар балиқлар тўдасига кўзим тушди. Ҳабаш ҳам буни сезди, чамамда. Ортимга ўгирилиб, қуёш нурига чўмилган Гаванага ва Морро томондаги бандаргоҳдан чиқиб келаётган кемага тикилиб қолдим.
– Жаноб Жонсон, ўйлашимча, бугун, албатта омадингиз чопади, – дедим мижозимга.
– Яхши бўларди, – деди у. – Овга чиққанимизга қанча бўлди?
– Бугун учинчи ҳафта.
– Бу балиқ тутиш учун етарли фурсат.
– Балиқ ови ўзи шунақа, – дея жавоб бердим унга. – Омадингиз келмаса, битта ҳам тутолмайсиз. Бироқ омад чопса, ўлжани уддалаб бўлмай қолади. Омад албатта келади. Лекин агар бугун омад чопмаса, умидни узсак ҳам бўлаверади. Ҳозир ой тўлишган пайт. Оқим овбоп, енгил шамол эсиб турибди.
– Биринчи чиққанимизда майда балиқлар учраб турганди.
– Шундай, – дедим мен. – Сизга айтгандим-ку, майда балиқ бир кўриниб сўнг дарров ғойиб бўлади. Кейин эса катталари келади.
–  Сиз қайиқчиларнинг доим баҳонангиз тайёр. Ё вақтли бўлади, ёки кеч. Ё шамол панд беради ёки ой тўлмаган. Бироқ пулни қуртдай санаб олаверасизлар.
– Нима десам экан, – дедим унга тайинли бир сабаб қидириб, – муаммо ҳам шунда-да. Одатда ҳаммаси худди сиз айтгандай кечади: ё жуда эрта, ёки жуда кеч бўлади, шамол ҳам бемаврид эсиб қолиши мумкин. Ҳаммаси худди биз орзу қилгандек, рисоладагидек кунда эса, мижоз кутиб қирғоқда бекор ўтирган бўламиз.
– Хўш, бугун-чи, сизнингча, яхши кунми?
– Нима десам экан, – дея ўсмоқчиладим яна, – бугун кўп нарсани бошдан ўтказдик. Бироқ ишончим комил, бугун, албатта, овингиз бароридан келади.
– Айтганингиз келсин, – деди у.
Биз ҳушёр тортиб, қармоққа тикилдик. Эдди қайиқ тумшуғига ўтиб, ёнбошлаб олди.
Мен бирор балиқ думи кўриниб қолмасмикан, деб сувдан кўз узмасдим. Ҳабаш уйқусираб, кўзлари юмилиб, мизғиб кетаётгани учун унга ҳам кўз- қулоқ бўлиш лозим эди. Баҳс бойлашни ёмон кўраману, аммо унинг туни билан мижжа қоқмаганига ишончим комил эди.
– Бир шиша пиво узатиб юбориш сизга малол келмайдими, капитан? – деб қолди Жонсон бир пайт.
– Йўқ, сэр, – дедим мен ва пиво олиш учун музли идишга қўл солдим.
– Ўзингиз ичмайсизми? – сўради у.
– Йўқ, сэр, – дедим яна. – Кечгача сабр қиламан.
Шиша оғзини очиб унга узата туриб, қўққисдан бурнида бир қулоч найзаси бор сўлоқмондай балиқнинг сувдан бошини чиқариб, бизнинг хўракка ташланганига кўзим тушди. У қучоққа сиғмайдиган йирик балиқ эди.

Инглиз тилидан Қандилат Юсупова таржимаси

2020/1

(Давомини журналдан ўқийсиз)

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x