DO`STLARGA ULASHING:
Фозилов Эргаш Исмоилович (1933.10.3, Янгийўл шаҳри — 2014) — тилшунос-туркийшунос олим. Ўзбекистон Фанлар академияси академиги (2000), филология фанлари доктори (1967), профессор (1976).
Москва университети филология факултетини ва айни пайтда шу университет қошидаги Шарқ тиллари институтини тугатган (1957). Ўзбекистон Фанлар академияси Тил ва адабиёт институтида кичик ва катта илмий ходим (1960-68), тарихий-этимологик луғатлар бўлими мудири (1968 — 82), айни пайтда директор ўринбосари (1974-82), Берлин университети шарқ тиллари факултети профессори (1982-86), Тошкент вилояти партия комитети котиби (1987-89), Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг ўринбосари (1990-92) бўлиб ишлаган.
Эргаш Фозиловнинг илмий ишлари туркий тиллар, жумладан, ўзбек тилининг шаклланиш тарихи, тараққиёт йўллари, эски ўзбек тили грамматикаси, лексикаси тадқиқига, 14—15-аср ёзма ёдгорликларини ўрганишга бағишланган.
Эргаш Фозилов 4 жилдли «Алишер Навоий асарлари тилининг изоҳли луғати» (1983— 85) тузувчиларидан бири.