Элбек (1898-1939)

DO`STLARGA ULASHING:

Қатағонлик даври ўзбек адабиётининг кўзга кўринган вакилларидан бири Элбек (Машриқ Юсупов)дир. У 1898 йилда Тошкент вилояти, Бўстонлиқ туманининг Хумсон қишлоғида таваллуд топган. «Мен,— дейди шоир ўз таржимаи ҳолида,— 1905 йилда эски қишлоқ мактабига кириб ўқидим. Бу мактабда тўрт йил ўқиб, ўқув, ёзувни ўргандим… 1910—1911 йилларда жуда қийналдик ва шунинг натижасида бошқа ака-укаларим қатори мен ҳам уйни ташлаб кетишга мажбур бўлдим».

Ниҳоят, ўша 1911 йили у Тошкентга келиб, бир бойга қарол бўлиб ёлланади. Айни пайтда Тошкентнинг Эски шаҳар мавзесидаги Девонбеги маҳалласида жойлашган «Хоний» мактабида, кейинроқ 1914 йили эса Шайхонтоҳур маҳалласидаги «Намуна» номли мактабда ўқишни давом эттиради. Шу билан бирга босмахонада ишлаб, газеталар сотиш билан кун кўради.

Элбек 1919 йили саккиз ойлик муаллимлар курсини битириб, ўқитувчилик қилади. 1921 йилдан бошлаб Туркистон Халқ маорифи комиссарлиги қошидаги илмий муассасаларда фаолият кўрсатади. Ўша даврда нашр этилган «Маориф ва ўқитувчи», «Инқилоб», «Билим ўчоғи» каби журналлар билан ҳамкорлик қилади.

Элбекнинг дастлабки шеърлари «Эл байроғи», «Турон», «Турк сўзи», «Улуғ Туркистон» каби газеталарда босилиб чиққан. 1922 йилга келиб, унинг «Бир сўроқ», «Ўксизнинг ўлими», «Қарға», «Бибихоним мадрасаси», «Туркистон» каби шеърлари «Ўзбек ёш шоирлари» тўпламида Фитрат ва Чўлпон шеърлари билан бирга эълон қилинган.

Шоирнинг илк тўплами «Армуғон» 1921 йили нашр этилган бўлиб, у асосан масаллардан иборат эди. Унинг дастлабки шеърларида кўзга ташланган мавҳумлик бу тўпламдаги «Қайси бири бўри» масалида ҳам сезилиб туради. Аммо «Кучсизлар дунёси» масалида шоирнинг ният ва мақсади хийла ёрқинлик касб этганки, бу ҳол муаллиф ижоди шаклланиб бораётганидан дарак беради. Мазкур масалда тасвирланишича, энди азоб чеккан эл қонхўрликдан ўч олиш учун курашга киришади. Шундай қилиб, шоир босқичма-босқич маҳорат сари кўтарила борди.

Ўз ижодининг тетапоя ҳолатида эканини сезган Элбек «Менинг ҳикоям» шеърида «Мен ҳали битта ҳам шеър айтмадим, фақат шеър йўлидан қайтмадим»,— деб бежиз айтмаган.

Элбекнинг кейинчалик яратган «Меҳнат куйлари», «Ғунчалар», «Чирчиқ бўйларида» (1935), «Ашулалар тўплами», «Болалар кўшиғи», «Шеърлар тўплами» (1936) каби китобларидаги шеърларида шоир дунёқарашидаги, бадиий маҳоратидаги такомил «манаман» деб туради. Айниқса, шоирнинг «Сезгилар» тўпламига кирган қатор шеърлари ўзининг даъваткорлиги билан ажралади.

Элбек қатор шеърий тўпламлар яратибгина қолмай, ўнлаб достонлар ҳам ижод этган. Унинг «Гўзал қиз» (1927), «Бизники», «Пахта» (1929), «Ўтмишим» (1929), «Чирчиқ» (1929), «Батрак колхози» (1930), «Тозагул» (1934), «Ўзбекистон» (1934), «Боғбон» (1935), «Этик» (1935), «Мерган» (1935) асарлари шулар жумласидандир.

Элбек — болалар шоири сифатида ҳам анча баракали ижод қилди. Унинг ўша «Армуғон» тўпламидаги бир қатор шеърлари қатори «Ғунчалар», «Чирчиқ бўйларида» ҳамда «Камбағал йигит ва пардастурхон», «Омонат», «Эрксиз полчи», «Она», «Болалар қўшиғи» каби бир қатор шеърлари, достонлари, баллада ва эртаклари фикримизнинг далилидир. Айни чоғда адиб «Ёзув йўллари», «Ўрнак», «Бошланғич мактаб она тили», «Гўзал ёзғичлар» (1934) каби қатор дарслик ва қўлланмалар муаллифи сифатида ҳам маълумдир.

Элбек ҳикоянавис сифатида ҳам адабиётимиз тарихида из қолдирган. Унинг «Дадамат» (1936) тўпламига кирган «Чирчиқ», «Мен ким бўламан», «Ана», «Аноргул», «Қаҳҳорхўжа», «Дадамат» каби ҳикоялари адибнинг дурустгина носир бўлганлигидан ҳам далолат беради.

Элбек бор-йўғи қирқ йил яшади. У ҳам 1937 йилда «халқ душмани» сифатида қамоққа олинган ва Магадандаги лагерларнинг бирида 1939 йил 11 февралда вафот этган.

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x