Эдмон РОСТАН (1868-1918)

СИРАНО ДЕ БЕРЖЕРАК

(Беш пардали қаҳрамонлик комедияси)

Рус тилидан
Иқбол МИРЗО
таржимаси

ИККИНЧИ ПАРДА

Бешинчи кўриниш

Сирано, кейин Роксана ва оқсоч қиз

Сирано: Умид учқунларин пайқаганим он,
Хатни бериб, ишқим айлайман аён!
Ойнаванд эшик ортида ниқоб таққан Роксана оқсоч қиз билан кўринади. Сирано зудлик билан эшикни очади, қизлар киришади.
Жон нисор этмоққа тайёрман, ё раб!
(Оқсоч қизга)
Қулоқ солинг, бор бир оғиз гап.
Оқсоч қиз: Икки оғиз бўлса ҳам майли.
Сирано: Ширинликка тобингиз қалай?
Оқсоч қиз: Жони дилим!
Сирано: Жуда соз!
Этмасангиз рад,
Муҳтарам Бенсерад
Сонетидан келтирсам иқтибос.
Оқсоч қиз: Вой!
Сирано: Чўчиманг, бу сизга мукофотдир нақд,
Сонет ўрамида бир ҳовучча қанд.
Оқсоч қиз (юз қиёфаси ўзгаради): Оҳ!
Сирано: Пармуда емоққа борми иштиёқ?
Оқсоч қиз: О жаноб! Бўлганда қандоқ.
Сирано: Бир… икки… йўқ, иккитаси кам:
Сент Аман шеърига учта бўлди жам.
Манов оғир роман тубига, сингил,
Бисквит соламиз пар каби енгил.
Хўжағат қиёмли ширин кулча нон!
Шаплен шеърига кетар бегумон.
Манов вафлилар‑чи? Сизга ёқарми?
Оқсоч қиз: Мафтунман, саволнинг ҳожати борми?!
Сирано (оқсочга ўрамларни тутқазиб):
Эшитинг, азизам, шошмасдан буткул,
Кўчада бемалол айланг тановул.
Оқсоч қиз: Лекин, жаноб…
Сирано (уни эшик томон кузатиб):
Озроқ семирсангиз ярашар сизга,
Еб бўлгач, шошилмай қайтарсиз изга.
Оқсоч қиз    (эшикни ёпиб Роксанага яқинлашади ва шляпасини ечиб, масофа сақлаб туради).

Олтинчи кўриниш

Роксана, Сирано, кейин бир лаҳза оқсоч қиз

Сирано: Изн беринг менга ушбу дақиқа,
Дил тўла шукронам айлайин баён.
Майли, тасодифан, муҳими, фақат
Дунёда борлигим эслаб, мен томон –
Сиз қадам ранжида қилиб… кейин… ҳа…
Роксана (юздан ниқобини олиб): Ҳа,
Сизга миннатдорлик билдирмоқчиман,
Кеча қутқардингиз.
Сирано: Йўғ-э, нимадан?
Роксана: Кеча кўз олдимда у сатанг банда
Адабини еди, бўлди шарманда.
Мени мажбур қилиб унга турмушга…
Сирано: Де Гишга?
Роксана (кўзларига ғам чўкиб):
Лекин менинг айбим йўқ зинҳор.
Майлим ҳам йўқ, аммо у маккор
Таъқиб қилар. У – хавфли ошиқ!
Сирано: Айтдим, кеча маза бўлди жанг!
Равшан бўлди барчаси бугун.
Мен кулгили бурним сабабмас,
Олишибман қўш юлдуз учун!
Менга боққан мағрур бу кўзлар…
(Чуқур таъзим қилади).
Роксана: Кейин истардимки… Ё раб! Бу сўзлар…
Йўқ! Эсламасам бўлмас хотиротларни,
Сиз ҳам ёдга олинг маъсум пайтларни,
О, бизлар қанчалар эдик қадрдон!..
Акамдек эдингиз менга меҳрибон.
Сирано: Аллақачон мени тарк этган баҳор…
Ҳозир сиз туфайли таратди ифор.
Роксана: Бизнинг кўҳна боғча…
Сирано: Кўл бўйида сайр…
Роксана: Кўл суви ярақлаб турарди қувноқ,
Сирано: О, бебош шўхликлар! Сўлим ҳаммаёқ!
Хўжағат мевасин юлардик қандоқ!..
Роксана: Қилич ясардингиз қамишни кесиб,
Сирано: Олтин маккасоқол қўғирчоққа соч…
Мадлена дер эдим сизни эркалаб…
Жажжи либосларда…
Роксана: Ярашармиди
Ўша кийимларим, ростини айтинг?
Сирано: Жудаям…
Лекин барибир… балоғат… балоғат!..
Роксана: Бажо айлардингиз истасам нени.
Сизга қонун эди менинг хоҳишим.
Эслайсизми… кириб келардингиз гоҳ
Тилинган, шилинган… қаҳрамонга хос,
Сизга катталардек берардим дакки,
Сўзларимга бериб таҳдидли оҳанг,
Бармоғим кўтариб, ниқтаб ўша дам:
“Қайда яраландинг? Бу ишинг чакки?”
(Унинг қўлини олади ва ҳайратланиб, сўздан тўхтайди).
Йўқ! Бу нимаси? Қандай? Яна ўша ҳол?
Ҳали‑ҳануз?
(Сирано қўлини тортиб олмоқчи бўлади).
Йўқ! Қани кўрсатинг, жаноб!
Қайдан орттирдингиз?
Сирано: Арзимаган гап…
Кеча тасодифан… ўйнаб.
Роксана (стол ёнига ўтириб рўмолчасини стакандаги сувда ҳўллайди):
Нель минораси ёнида, а?
Сирано: Ҳа, Нель минораси ёнида.
Роксана: Қўлингизни беринг.
Қонни ювгунимча то
Кеча не бўлганин айланг ҳикоя.
Сирано (ўтиради):
Нақадар меҳрибон, латиф бу хилъат!
Роксана: Улар юзтамиди?
Сирано: Менимча, камроқ.
Роксана: Қани, бошланг.
Сирано: Рости, арзимаган гап.
Яхшиси, сиз сўйланг ташвиш боисин,
Пинҳона шарҳи дил… Бу қандай асрор?
Роксана (унинг қўлларини қўйиб юбормай):
Журъатим етмайди… мен уяламан…
Лекин олис хотира берди менга куч,
Энди мен айтаман сизга рўйирост:
Мен севиб қолдим.
Сирано: Оҳ!..
Роксана: Жисму жоним билан.
Сирано: Оҳ!
Роксана: Лекин у
Мутлақо бехабар муҳаббатимдан.
Сирано: О, худойим!
Роксана: Ҳа… аммо тез орада бўлгайдир воқиф.
Сирано: О!
Роксана: Бечора олисдан ташлайди нигоҳ,
У ҳам муҳаббатин этолмас изҳор.
Сирано: Оҳ!
Роксана (унинг қўлини боғлашда давом этиб):
Титрашингиз қаранг! Худди ваража!..
Лек мовий кўзидан ҳаммаси аён!
У мени севади.
Сирано: Оҳ!
Роксана: Биласизми, дўстим…
У хизмат қилади сизнинг қўшинда.
Сирано: Оҳ!.. Роксана!..
Роксана: У ёш ва мағрур… ва жасур қаҳрамон,
Шунчалар яхшики!
Сирано (ранги оқариб ўрнидан туради):
Яхши?
Роксана: Нега рангингиз ўчди?
Сизга не бўлди?
Сирано: Ҳеч нарса… шунчаки…
(Қўлини кўрсатиб мажбуран кулади).
Манави яра…
Роксана: Танишганимиз йўқ, фақат беш марта
Томошада кўрдим.
Сирано: Гаплашдингизми?
Роксана: Нигоҳлар билан.
Сирано: Қаёқдан билдингиз унинг кимлигин?
Роксана: Сўрадим танишлар, дугоналардан,
Биласиз-ку, гап турмас бизнинг даврада.
Сирано: Гвардиячими у?
Роксана: Ҳа, яна гаскониялик.
Сирано: Исми шарифи не?
Роксана: Барон де Невилет.
Сирано: Бунақаси йўқ бизнинг қўшинда…
Роксана: Ҳа, тўғри, йўқ эди, бугундан бошлаб
Бўлинмага кирди капитан бўлиб.
Сирано: Демак, шу шербачча олдими асир
Менинг Роксанамни? Лек…
Оқсоч қиз (эшикдан мўралайди):
Жаноб! Увоқ ҳам қолмади,
Барин еб бўлдим.
Сирано: Ўрамлардан олаверинг марҳамат,
Достон, сонетлардан бўлинг баҳраманд.
(Оқсоч қиз чиқиб кетади).
Менинг соддагинам, сиздай қиз наҳот
Туйғуда, фикрда, ҳуснда якто
Кимлиги бетайин одамга ҳайҳот
Бутунлай беряпсиз юрагингизни.
Эҳтимолки, унда қиёфа гўзал,
Лекин арзирмикан тирноғингизга?
Сизга муносибми қалбан ва ақлан?
Сизга арзимайди!..
Роксана: Ёлғон! Тушунинг
Кўзи ва сочлари шаҳзодалардек.
Сирано: Кўзи ва сочлари… шуларми асос
Унинг ақли расолигига?
Роксана, балки у эшшакдан баттар?
Роксана: Асло! Менинг кўнглим сезиб турибди аниқ,
Сурати, сийрати гўзал бегумон.
Ҳамма хушсуратлар аҳмоқ бўларми?
Сирано: Лекин барибир… аҳмоқ бўлиб чиқса-чи?
Роксана (ер тепиниб):
О, Яратган эгам!
Унда тобутимга тайёрланг даҳма!
Тентак бўлиб чиқса алалоқибат,
Гар гўзал вужудда бўлмаса кўнгил,
Ўзим айланаман руҳсиз жасадга.
Ўламан.
Сирано: Ҳм, шунақа денг… Ростданми?
(Сукут сақлаб)
Кечирасиз, фақат тушунмаяпман
Не мақсадда менга қиляпсиз ҳасрат?
Роксана: Сизга юрагимни рўйирост очаман.
Кеча қўрқиб кетдим жуда ҳам ёмон.
Одамлар айтдики, Гаскон қўшини
Янги келганларни эзаркан қийнаб…
Сирано: Шунгамиди? Тўғри, бу бор гап.
Ҳа, биз янгиларга бергаймиз адаб.
Қуруқ олифталар, сохта ботирлар
Кўрар гаскончилар нега қодирлар.
Ҳа! Асло осонмас бу сафда турмоқ!
Роксана: Мен ҳам хавотирга тушдим шу боис.
Сирано (тишлари орасидан):
Асос бор!
Роксана: Лек кеча жангингиз кўриб
Тан бердим: дуэлда тенги йўқ, зўрсиз.
Бирдан англадимки, мана сиз борсиз,
Довюрак, кучлисиз… мана ҳимоя.
Сизга бўйсунар гасконлар бари…
Сирано: Хўп, масала ҳал:
Ранжитиб қўймаймиз баронингизни!
Роксана: Ростданми? Хайрият, тинчиди кўнглим,
Доим ҳис қилардим дўстлигингизни.
Сирано: Ҳа, ҳа!..
Роксана: Демак, оғирини енгил қиласиз?
Сирано: Ҳа!
Роксана: Демак, ўзингизга дўст деб биласиз?
Сирано: Ҳа! Ҳа! Не десангиз айлайман бажо.
Роксана: Уни дуэлларга қўймайсиз асло?
Онт ичинг! Қани! Истагим шундай.
Илтимос қиламан.
Сирано: Онт ичаман!
Роксана: О! Сизни севаман қандай!
Лекин кетишим шарт.
(Яна ниқобини тақиб, пешонасига тўр рўмолини туширади.
Сўнг иккиланади).
Дарвоқе, кечаги жасоратингиз,
Нималар қилдингиз минор ёнида?
Кейинроққа қолди ҳикоятингиз…
Сирано: Ҳа, ҳа.
Роксана: О, сиз қаҳрамонсиз, фахримсиз!
Айтгандай… Кристианни кўрганингиз вақт
Етказинг мен ундан… кутаяпман хат.
Айтасиз-а унга?
Сирано: Албатта, Роксана.
Роксана: Зўрсиз-да! Гар ўзим билмасам сизни
Асло ишонмасдим: юз рақиб! Даҳшат!
Бу ҳақда кейинроқ қургаймиз суҳбат.
Вақт тиғиз. Қаердан шунча куч-қудрат?
Менимча, хўп қўллаган худо!
Сирано: Булар қуруқ гаплар, Роксана, аммо
Буюк қаҳрамонлик кўрсатдим ҳозир…
(Таъзим қилади).
Роксана: Кейин гаплашамиз, мен кетдим, хайр!
Оқсоч кутиб-кутиб бўлгандир адо!..
(Кулиб чиқиб кетади).

Сирано кўзаларини ерга тикиб ҳаракатсиз туриб қолади. Сукунат. Эшик очилиб Рагнонинг боши кўринади.

Еттинчи кўриниш

Сирано, Рагно, шоирлар, Карбон де Кастель-Жалу, гвардиячилар, оломон, кейин де Гиш.
Рагно: Мумкинми кирсам?
Сирано (қарамасдан): Ҳа.
Рагнонинг ишораси билан шоирлар киришади. Шу вақтнинг ўзида орқа эшикдан гвардия капитани кийимида Карбон де Кастель-Жалу киради; Сиранони кўриб қучоқларини очганча у томон юради.

Карбон: Мана у! Мана бизнинг қаҳрамон!
Сирано (бошини кўтариб): Капитан!
Карбон (тантанали): Тўхта! Бир бағримга босай!
Энди айш қиламиз, қурамиз базм.
Дўстларинг ғурур‑ла қилурлар таъзим.
Сирано: Лекин мен…
Карбон (уни чалғитишга уриниб):
Рўпарада қовоқхона кутмоқда сени.
Сирано: Ҳозир иложим йўқ.
Карбон (эшикни очиб ташқарига гулдуракдек овозда бақиради):
Йигитлар, бу ёққа!
Боргиси йўқ бизнинг қаҳрамон!
У ҳасратга кўмилмиш ёмон!
Овоз (кўчадан): Нима?
У аскар шаънига туширмоқда доғ!

Ташқаридан яқинлашиб келаётган қадамлар товуши, шпорлар жаранги, қиличлар шақирлаши эшитилади.

Карбон (кафтларини ишқалаб): Келишяпти.
Гаскон гвардиячилари (қандолатхонага кириб):
А! Жин урсин! Мингта жин урсин!
Икки минг жин, уч минг жин урсин!
Рагно (қўрқиб чекинади):
Жаноблар, барчангиз гасконлар, демак?
Гвардиячилар: Ҳеч шубҳасиз, миллион жин урсин!
Нега аҳмоқ қиляпти Сирано бизни?
Ўйна! Кул! Ирғишла! Хурсанд қил дўстни!
Биринчи гвардиячи (Сиранога): Виват!
Сирано: Барон!
Иккинчи гвардиячи (Сиранога): Виват!
Сирано: Мен хурсандман!
Учинчи гвардиячи: Офарин!
Сирано: Барон!
Тўртинчи гвардиячи: Уни қучоқланг!
Сирано (кимга жавоб қайтаришни билолмай):
Барон!.. Барон!.. Барон!..
Рагно: Барон билан тўла тўрт томон!
Ҳаммангиз баронми?
Гвардиячилар: Ҳаммамиз!
Рагно: Йўқ, ростдан?
Гвардиячи: Бу ишонмаяптими? Тожимиз тахласак агар,
Бир минора ҳосил бўлар кўк қадар!
Ле Бре (кириб, Сиранонинг ёнига югириб келади):
Сен томон оломон келяпти, ҳамма
Қутламоқчи сени шу дамда.
Ичларига кирволганми жин!
Бақир-чақир қилишар бетин.
Сен – бугуннинг қаҳрамонисан!
Сирано (даҳшатга тушиб):
Менинг қайдалигим айтгандирсан-да?
Ле Бре (кафтларини ишқалаб): Албатта!
Сирано: Изтироб нелигин билмаган банда…
Шаҳарлик (бошқа шаҳарликлар билан бирга киради):
Бутун Париж сизга ошиқар шу тоб,
Деразадан назар ташланг-а, жаноб!

Кўча халқ билан тўлиб-тошган. Аравалар ва отлиқлар тўхтаб қолган.

Ле Бре (кулимсираб, Сиранодан секин сўрайди):
Роксана нима бўлди?
Сирано (жонланиб):
Жим бўл, бемаъни!
Оломон (эшик ортида бақириб):
Сирано қани?

Қандолатхонага одамлар ёпирилиб киради. Тиқилинч, ўзаро салом-алик.

Рагно (столга чиқиб):
Тўлиб тошди дўконим! Аъло!
Жиҳозлар синмоқда, ўмарилмоқда!
Илоё, кам бўлманг, бахтлиман жуда!
Кирганлар (Сиранонинг атрофини ўраб):
Дўстим! Дўстим! Қаҳрамон танҳо!
Сирано: Кечагина бари эди бегона!
Ле Бре (ҳаяжонда):
Музаффарият!
Маркиз (қўлларини чўзиб югуриб келади):
Қаҳрамонсан ўзинг ягона!
Рухсат эт, дўстим!..
Сирано: Сенсирайсиз мени… бемалол, гўё
Ёшликдан ош-қатиқ бўлганмизми ё?
Бошқа маркиз: Таништирай, жаноб, бир ойимқизни.
Каретада интиқ кутмоқда сизни.
Сирано (совуққина):
Аввал таништиринг сиз ўзингизни…
Ле Бре (ҳайратланиб):
Сенга нима бўлди?
Сирано: Ўчир.
Ле Бре: Унинг айби нима?
Литератор (қўлида сиёҳдон билан):
Бу жанг тафсилотин сўйлангиз, жаноб?
Сирано: Илтимос, кўнглимга бермангиз азоб…
Ле Бре (Сиранони тирсаги билан туртиб):
Бу, ахир, Ренодо – биласан, Теофраст –
“Газета”ни ўйлаб топган шу чапдаст.
Битта катта варақ – ғиж-ғиж ҳангома!
Ҳали машҳур бўлиб кетар рўзнома.
Сенинг жасоратинг айлагай ошкор…
Сирано: Керакмас, Теофраст, шов-шув не даркор?!

Шоир яқинлашади.

Яна нима керак?
Шоир: Ҳамкасбим, туйғулар кўтариб туғён,
Сизнинг шаънингизга битарман достон…
Яна кимдир (яқинлашиб):
Рухсат этинг, жаноб…
Оломон орасидан бири: Жаноб, мумкинми?..
Сирано: Бас!

Оломон ҳаракатланиб, саф тортади. Офицерлар қуршовида де Гиш пайдо бўлади. Кейин биринчи кўриниш охирида Сирано билан саҳнадан бирга чиқиб кетган Кюижи, Брисайль ва бошқа офицерлар кириб келишади. Кюижи Сиранонинг ёнига илдам яқинлашади.
(Давоми бор)

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:

https://jahonadabiyoti.uz/2017/11/02/%d1%8d%d0%b4%d0%bc%d0%be%d0%bd-%d1%80%d0%be%d1%81%d1%82%d0%b0%d0%bd-1868-1918/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x