(Пьеса)
Рус тилидан
Ҳикоят МАҲМУДОВА
таржимаси
Венгриялик таниқли болалар ёзувчиси, сценарийнавис, режиссёр, актёр. У 1963 йили Прагадаги Карлов университетини тамомлаган. “Ҳаворанг кучукча” эртаги муаллифга катта шуҳрат келтиради. Ушбу асар асосида 1976 йил режиссёр Ефим Гамбург суратга олган мультфильм ҳам болажонларнинг севимли томошасига айланади.
Журналимиз ўқувчилари эътиборига ҳавола қилинаётган “Пишлоқхўрлар” пьесаси ҳам жаҳон болалар адабиётида эътироф қозонган асарлардан бўлиб, унда тимсоллар воситасида ғоят ибратли, эзгу ғоялар илгари сурилганки, айни жиҳати билан асар нафақат болалар, балки катта ёшдаги ўқувчиларни ҳам бефарқ қолдирмаслиги аниқ. Пьеса қаҳрамонлари оқ ва кулранг сичқонлар ўртасида адоват бор, бу эса худди инсоният орасида кенг тарқалган ирқчилик муносабатларини ёдга солади. Аммо уларнинг фарзандлари Шома ва Фружи бир-бирига кўнгил қўяди, муҳаббатнинг кучи боис бу икки сичқон тусини ўзгартиради, яъни Шома оқ, Фружи эса кулранг сичқонга айланади. Асар якунида Сеҳргар Мушук айтганидек, барча сичқонларни икки жиҳат бирлаштириб туради: биринчидан, уларнинг бари мушукдан қўрқади, иккинчидан, пишлоқни бирдек севишади. Демак, оқ ё қоралигидан қатъи назар барча сичқонлар ўзларининг “жамият”ида бир хил “мақом”га эга.
Таҳририятдан
ИШТИРОК ЭТУВЧИЛАР:
Лиди, Мартон – кулранг сичқонлар.
Шома – уларнинг ўғли.
Альбин, Виолетта – оқ сичқонлар.
Фружи – уларнинг қизи.
Паскаль – яъни Буюк Сеҳргар Мушук.
Биринчи кўриниш
Пишлоқхона бурчаги: плита, пишлоқ пишириладиган қозонлар ва бошқа шу каби асбоб-анжомлар. Барча ашёлар бу ерда яшовчи сичқон оиласига нисбатан жуда катта туюлади.
Лиди – семиз, бесўнақай, лекин жудаям серҳаракат сичқон – у бурчакдан-бу бурчакка безовта югуриб юрибди. Унинг бошида оқ қалпоқча.
Мартон – устига калта адёл ёпилган, адёл тагидан шиппакли оёқлари кўриниб турибди, хуррак отганча каттакон пишлоқ бўлаги устида роҳатланиб ухлаб ётибди. У ҳаддан ташқари семиз, қўпол. Табиатан “танбал”нинг нақд ўзгинаси.
Лиди. Мартон!
Мартон ҳуррак отади.
Мартон деяпман! Қачонгача ухлаш мумкин, ахир? Мартон!!
Мартон (чўчиганча, уйқусираб). Вой мушук! (устидаги адёлни бошига тортиб олади.)
Лиди. Қанақа мушук?! Бу ерда мушукка бало борми? Эсингизни йиғинг, боқибеғам. Бу мен, хотинингизман.
Мартон (адёл тагидан бошини чиқариб). Э-э-э, сенмидинг? Мен ўйлабманки…
Лиди. Ўйламай қўя қолинг! Туринг ўрнингиздан!!
Мартон. Ҳозир, ҳозир…
Лиди. Мартон! Туринг деяпман! (устидан адёлни тортиб олади.)
Мартон. Лиди… ҳали тонг отмади-ку!
Лиди. Тонг отишига бало борми? Ҳозир кечқурун, Мартон, алламаҳал бўлиб қолди. Кечки овқат вақтиям ўтиб кетди.
Мартон. Кечки овқат. Нега мени олдинроқ уйғотмадинг? Шунда даҳшатли тушни охиригача кўришга мажбур бўлмасдим…
Лиди. Ана, холос! Кун бўйи бошини уйқудан кўтармайди-ю, яна мени айблайди. Бунақасини қулоқ эшитмаган! Ош-овқат тайёрлайман, кир юваман, уйларни супуриб-тозалайман, у бўлса… Хўш, нега индамаяпсиз? Яна қанақа даҳшатли туш экан?
Мартон. Оҳ, сўрамай қўя қол!
Лиди. Ҳа, йўқ, бунақаси кетмайди, бир гапнинг учини чиқардингизми, энди гапиринг!
Мартон. Ҳай, қўймадинг-қуймадинг-да… (хўрсинади.) Тушимда, гўё кичкинагина стол атрофида ўтирганмишман. Столчага топ-тоза дастурхон солинганмиш, бўйнимда эса оппоқ сочиқча эмиш… Бирдан…
Лиди. Нима бўлди?
Мартон… сен кириб келдинг!
Лиди. Кейин-чи, кейин!
Мартон. Каттакон швейцарь пишлоғини думалатиб келаётганмишсан.
Лиди. Шундай тушни даҳшатли деяпсизми?
Мартон. Шошмай тур, охиригача айтишга қўясанми-йўқми?! Нима деяётгандим?
Лиди. Пишлоқ деяётгандингиз.
Мартон. Оҳ-ҳо!.. У шундай катта, дум-думалоқ пишлоқ эдики, унинг ҳар бир ғовагига бутун бошли сичқон оиласи жойлашса бўларди.
Лиди. Вой-бў, жуда зўр-ку!
Мартон. Пичоқчамни тўғрилаб, энди пишлоқдан бир бўлак кесиб олмоқчи бўлувдим ҳамки, бирдан…
Лиди. Нима бирдан?..
Мартон. … олдига баҳайбат пахмоқ мушук чопиб келса бўладими!
Лиди. Вой!
Мартон. У сенга ўқрайиб қараб, шу заҳотиёқ чангаллади…
Лиди. Меними?!
Мартон. Сени чангаллаб бошига урадими? Бундан ҳам баттари бўлди.
Лиди. Баттари бўлди деяпсизми?!
Мартон. У пишлоққа чанг солди-да, олиб кетди!
Лиди. Роса зўр бўпти-да! Сизнинг кўзингиз қаёқда эди?
Мартон. Менда нима айб? Қўлимдан нимаям келарди.
Лиди. “Қўлимдан нима келарди?” деганингиз нимаси? Шундай дейишга уялмайсизам-а!.. Оғзидаги ошини олдириб ўтирган манави ландовурга қаранглар-а! Нақд бурнининг тагидан пишлоғини олиб кетишармиш-у, бу кишим кўзларини лўқ қилиб ўтирармишлар!.. Оиланинг ғамини еганингиз ҳали шуми?!
Мартон. Ҳой, Лиди…
Лиди. Нима, “Лиди?” Хўш, нима, “Лиди?” Эртадан-кечгача фақат ухлашни биласиз…
Мартон. Қулоқ сол!..
Лиди (у бурчакдан-бу бурчакка югуриб). Гапингизни эшитишни ҳам хоҳламайман. Сиздан нима фойда? Ҳамма нарсага ўзим балогардон бўлсам. Мен бўлмаганимда аллақачон очликдан ўлиб кетган бўлардик.
Мартон. Жа-а ҳаддингдан ошиб кетмадингми…
Лиди. Шунақами? Бу ерга, мана шу пишлоқхонага кўчиш фикри кимдан чиққанди? Балки, сиздандир?
Мартон. Йўқ сендан.
Лиди. Балли. (тўхтайди.) Вой, тўхтанг! Бола қани?
Мартон. Шомами?
Лиди. Шома-да! Албатта, Шома! Нима, бизнинг бошқа болаларимиз ҳам борми?
Мартон. Йўқ.
Лиди. Ҳатто ёлғиз ўғлимизни ҳам тарбиялаш қўлингиздан келмади. Мана бугун ҳам кечки овқатда йўқ.
Мартон. Ахир, мен…
Лиди. Иккаланг ҳам бошга битган бало бўлдинглар. Сиз ухлашдан бошқасини билмайсиз, Шома эса қаерлардадир тентирагани-тентираган… Вой-вуй! Ўлмаган менинг жоним! Чордоққа чиқиб кетмаган бўлсин тағин, боласи тушмагур?
Иккаловлари чордоққа олиб чиқадиган зинапояга қўрқа-писа қараб, аста тисланишади.
Мартон. Чор-чор-доққа!
Лиди. Тўппа-тўғри мушукнинг домига-я!
Мартон. Вой! Нафасингни иссиқ қил-эй!
Лиди. Бечора Шома! Нима қилиш керак? Вой-вой-эй!..
Мартон. Шошма, тинчлан…
Лиди. “Тинчлан” дейсизми! Ёлғизгина ўғлимни фалокат…
Мартон. Кўп вайсама, нима бўпти унга?
Лиди (умидсиз аҳволда ўзини ҳар ёнга уриб). Бечора Шома! Бечора ўғлим! Шома!..
Эшик туйнукчасидан норғул, бесўнақай Шома кириб келади.
Шома. Шу ердаман! Нима ғалва?
Лиди. Қаерда эдинг?
Шома. Қаерда бўлишим керак бўлса ўша ерда. Шаҳарда ўйнаб юрувдим.
Мартон. Мана кўрдингми, Лиди! У шунчаки сайр қилиб юрган экан…
Лиди. Шомажоним! (уни қучоқлайди.) Тағин, Худо кўрсатмасин-у, чордоққа чиқмадимикан деб, ўтакам ёрилиб ўтирувди…
Шома. Хотиржам бўлинг, ойижон! Ҳеч қачон чордоққа яқин йўламайман.
Мартон. Тўғри қиласан, болажоним. Буюк Сеҳргар Мушук раҳм-шафқат нималигини билмайди.
Лиди. Бу дунёдаги энг даҳшатли мушук!
Мартон. У сеҳргар!
Лиди. У ҳамма нарсага қодир!
Шома. Биламан, биламан. Бу ҳақда минг марта айтгансизлар…
Лиди. Сен бу гапни қулоғингга қуйиб олгин.
Мартон. Унинг дастидан титраб-қақшаб яшашимизга тўғри келади.
Шома. Ҳаммаси тўғри. Мен фақат бир нарсага тушунмайман.
Лиди. Нимага?
Шома. Агар Сеҳргар Мушук ҳақиқатдан ҳамма нарсага қодир бўлса, нега бирор мартаям бизнинг пишлоқхонамизга тушмайди?
Мартон. Билмайман, болажоним, билмайман. Бизга, ҳар куни овозини эшитиб турганимиз ҳам етарли.
Лиди. Даҳшатли овоз! Эслаган заҳотим энг мазали пишлоқ ҳам томоғимга тиқилиб қолади.
Мартон. Тинчлан, Лиди, ҳаяжонланма!
Лиди. Ҳа-ҳа, ваҳимали гапларни бас қилайлик! Келинглар, овқатланамиз. Шома, дастурхонга ўтир!
Шома. Ойижон, биласизми…
Лиди. Ҳа, гапира қол!
Шома. Шаҳримизда жудаям ғалати сичқонлар пайдо бўлишипти.
Лиди. Сичқонлар дейсанми?
Шома. Тағин оддий сичқонлар эмас, балки…
Лиди билан Мартон. Нима?..
Шома. Оқ сичқонлар!
Лиди билан Мартон (бараварига). Оқ сичқонлар?!
Шома. Ҳа-ҳа, оппоқ, худди…
Лиди. Давом эттирмай қўя қол. Ёлғонни ҳам ямламай ютасан-да! Оқ сичқонлар бўлмайди.
Шома. Жуда бўларкан-да!
Лиди. Мартон!
Мартон. Лаббай?
Лиди. Оқ сичқонлар бўладими?
Мартон. Йўқ!
Лиди (ўғлига). Айтмадимми?
Шома. Ҳар ҳолда мен уларни кўрдим. Уларнинг орасида шунақанги чиройли қизлари бор эди…
Лиди. У ҳам оқми?
Шома. Худди янги пиширилган пишлоқдек. Йўқ-йўқ! Худди янги ёққан қордек оқ.
Лиди. Оқ сичқонлар! Янги ёққан қор!.. жудаям ҳаддингдан ошиб кетдинг. Қани, овқатга ўтир-чи!
Шома. Ҳа, лекин…
Лиди. Столга ўтир, дедим-ку! (ликопларни стол устига қўяди.) Рокфор, бринза, голланд пишлоғи…
Мартон. Колбасасимон пишлоқ, сузмали пишлоқ…
Лиди. Нонга сариёғ суртиб, сариёғ устига пишлоқ қўйиб енг!
Мартон. Пишлоқ устига пишлоқ қўйилса янаям зўр.
Ҳаммалари биргаликда куйлашади.
Уйда мўл бўлса пишлоқ
Кўнгиллар тўқ бинойи.
Уйда мўл бўлса пишлоқ –
Зиёфат зўр-киройи!
Дилгирмиз-эй, чи-чи-чи!
Илгирмиз-эй, чи-чи-чи!
Эҳ, пишлоқ ғовагида-
Ёш ўйнар маржон-маржон…
Биз толеъ ардоғида
Дилда йўқ зарра армон.
Дилгирмиз-эй, чи-чи-чи!
Илгирмиз-эй, чи-чи-чи!
Югурган етар тезроқ,
Дунё – бир стадион.
Пишлоқ ёш тўкар, бироқ –
Сичқонлар кулар шодон.
Дилгирмиз-эй, чи-чи-чи!
Илгирмиз-эй, чи-чи-чи!
Иккинчи кўриниш
Қор босган майдонда жойлашган уйнинг қуйи қавати кўринади, унинг атрофида оқ сичқонлар оиласи пайдо бўлади. Альбин – озғин, тик қоматли, хушбичим, қора фракда, аслзода. Унинг хотини Виолетта– чўпдай озғин, ўтакетган такаббур, бурмали тўр кўйлак кийган. Уларнинг қизи– Фружи жуда ёқимтой, лекин ўлгудек эрка-тантиқ.
Альбин. Тезроқ бу ёққа келинглар! Мана бу ердан пишлоқ ҳиди келяпти.
Виолетта. Оҳ, Альбин, бунга чидаб бўлмайди! Уч соатдан бери бизни мана шу ифлос шаҳар бўйлаб сарсон қилиб судраб юрибсиз.
Альбин. Кўзланган жойга етиб келдик, деяпман-ку. Ҳид мана шу ердан келяпти. Эшик ҳам шу ерда экан.
Виолетта. Хойнаҳой у беркдир.
Альбин. Ҳозир қараб кўрамиз-да.
Виолетта. Қандай бехосият кун бўлди-я! Нимагаям Закариашникидан қочиб кетдик?
Фружи. Балки, қайта қолармиз?
Альбин. Ҳеч қачон! (эшикни текшириб кўради.) Аҳа, манави ерда туйнукча бор экан. Қани, нима борлигини бир кўриб қўяйлик-чи…
Виолетта. Эҳтиёт бўлинг, Альбин!
Альбин. Мени қўрқитишни ҳожати йўқ, Виолетта! Кетдим. (туйнукчадан сирғалиб ўтиб кетади.)
Виолетта. Альбин!
Фружи. Кетди.
Виолетта. Вой-вой-эй! Ҳолимиз нима кечади, қизалоғим, борди-ю…
Фружи. Нима борди-ю?
Виолетта. Борди-ю, отанг қайтмаса!..
Фружи. Нима сабабдан қайтмас экан? Нега?
Виолетта. Мана шунга ўхшаш эшиклар ортида қандай хавф-хатар кутиб турганлигини ким билиб ўтирибди дейсан… Фружи, шундай қўрқаяпманки.
Фружи. Тинчланинг, ойижон!
Альбин пайдо бўлади.
Альбин. Ажойиб! Мен нима дегандим? Ҳаммаси жойида!
Виолетта. Альбин, у ерда нима бор экан?
Альбин. Пишлоқ, Виолетта! У ерда бутун бошли пишлоқхона бор экан. Ракфор!
Виолетта. Ракфор?
Альбин. Колбасасимон пишлоқ…
Виолетта. Колбасасимон пишлоқ-а? Мен кетдим, Альбин!
Альбин. Бир оз сабр қилинг! Остонада диққатингларни мана шу қадамнинг аҳамиятига жалб этмоқчиман. Узоқ сарсон-саргардонликдан сўнг биз ниҳоят бўлажак маконимиз эшиги олдида турибмиз…
Виолетта. Ҳар қандай шароитда ҳам энг мос ва энг ажойиб сўзларни топа билиш хусусиятингизни жуда ҳам яхши кўраман, Альбин.
Альбин. Раҳмат, Виолетта! Сўзларимнинг қадр-қимматига яраша баҳо бера олиш қобилиятингиз менга ниҳоятда ёқади…
Фружи. Қани бўла қолинг, кирмаймизми? Нимага турибмиз?
Альбин. Ҳовлиқмай тур! Бу ерда битта ишкал жойи бор.
Виолетта. Қандай ишкал?
Альбин. Манови пишлоқхонада яшайдиган бир…
Виолетта. Мушукми?
Альбин. Мушук эмас, ҳурматли Виолетта, мушук бўлса кошкийди-я! Ундан баттарроқ!
Альбин. Иккита мушукми?
Альбин. Йўқ. Сичқон оиласи яшаркан.
Виолетта. Буни қандай даҳшатли жойи бор экан? Улар ҳам бизга ўхшаш сичқон-да…
Альбин. Ҳамма гап шундаки, бизга ўхшамайди. Улар кулранг, Виолетта, эшитяпсанми, кулранг!
Виолетта. Кулранг сичқонлар? Оҳ, ҳозир кўнгил беҳузур бўлиб қолади!.. Наҳотки улар анови тегирмондагиларга ўхшаш кулранг бўлса, ахир…
Альбин. Ҳамма гап шунда-да, Виолетта.
Виолетта. Ана шу сичқонлар билан бир уйда яшамоқчимизми-а, Альбин? Кулранг сичқонлар билан-а?
Альбин (хўрсиниб). Бошқа илож йўқ! Ахир бирон-бир жойда яшаш керак-ку… Юринглар!
Учовлари туйнукча орқали уйга кириб кетишади.
Учинчи кўриниш
Пишлоқхона. Ўша оқшом. Кулранг сичқонлар зиёфатларини давом эттиришяпти.
Лиди. Шома, яна бир бўлак пишлоқ егин!
Шома. Раҳмат, ойижон!
Лиди (тўсатдан овқат ейишдан тўхтайди). Вой, анави нима?
Мартон. Қаерда?
Лиди (қўли билан кўрсатиб). Ана, ҳув анави ерда. (сесканиб кетади.) Мартон! Бу оқ сичқонлар!
Мартон. Ўзингни бос, Лидико. Доим сенга ҳар хил қўрқинчли нарсалар кўринади-я. Бунинг ҳаммаси кам овқат ейишингнинг оқибати. Оқ сичқонлар бўлмайди.
Лиди. Агар мен оқ сичқонларни кўряпман деяётган эканман, демак, ростдан кўраётган бўлсам керак.
Мартон. Ахир ўзинг оқ сичқонлар бўлмайди дегандинг-ку. Энди бўлса, гапираётган гапингни…
Альбин (уларга яқинлашиб). Безовта қилганимиз учун кечирим сўрайман! Минг бор узр!.. Ош бўлсин!
Лиди (томоғига нимадир тиқилиб, йўталади). Сув!.. Тезроқ сув!
Шома унга сув узатади. Лиди сув ичади.
Шома. Қалай, ойижон, тузукмисиз?
Альбин. Ҳм!.. маъзур тутасиз, ҳар ҳолда ўзимни таништириб қўяй! Менинг исмим Альбин. Бу хотиним Виолетта.
Виолетта калондимоғлик билан бош ирғайди.
Бу эса қизимиз Фружи.
Фружи (тиззасини букиб таъзим қилади). Хайрли кеч!
Шома. Салом! Пишлоқ ейсанми, Фружи? Ўтир!
Фружи. Жоним билан.
Шома билан Фружи бир-бирларига қараб пишлоқ ея бошлашади. Катталар нима қилишларини билмай ланг қолишади. Орага ноқулай жимлик чўкади.
Лиди. Мартон!
Мартон. Лаббай, Лидико?
Лиди. Ахир бирон нарса десангиз-чи?
Мартон. Нима дейишга ҳайронман.
Лиди. Уларга айтингки, биринчидан оқ сичқонлар билан гаплашадиган гапимиз йўқ, иккинчидан, биз овқатланяпмиз…
Альбин. О-о, узр сўрайман! Марҳамат, овқатланишда давом этаверинг. Биз эса бу вақтда…
Лиди. Ҳали гапимни тугатганим йўқ.
Шома. Ойижон!
Лиди. Овозингни ўчир! Учинчидан эса, биз меҳмонларни, айниқса, чақирилмаган меҳмонларни ёқтирмаймиз.
Альбин. Сиз бизни нотўғри тушунибсиз. Биз, умуман, меҳмонга келганимиз йўқ.
Лиди. Бу нима деганингиз?
Альбин. Бу ерда жой бизга ҳам етади, деб ўйладик, ахир пишлоқхона анча-мунча кенг экан… Шу эрга кўчиб келишга қарор қилдик.
Лиди. Шу ерга?!
Альбин. Худди шундай.
Лиди. Нима ҳаққингиз бор? Қандай қилиб?
Альбин. Худди сизга ўхшаб, муҳтарама хоним. Сизни қандай ҳаққингиз бўлса, меники ҳам шундай.
Лиди. Мартон! Нимага серрайиб турибсиз? Қани, бир кор-ҳол бўлмасдан, ҳозироқ уларни ҳайданг!
Мартон журъатсиз томоқ қириб қўйди.
Альбин. Огоҳлантираман, тақсир: тишларим ўткирликда сизникидан қолишмайди, ўзимни ҳимоя қилишга қурбим етади.
Виолетта. Альбин, ўзингизни босинг. Яхшиси, бошқа жой қидира қолайлик. (уни кўча томонга тортқилайди.)
Альбин (қўлини тортиб олиб). Йўқ, қоламиз!
Виолетта. Мана шу кулранг сичқонлар олдида ўзингизни пастга урманг!
Лиди. Нима?! Ҳали, сенингча биз билан гаплашса, ўзини пастга урган бўладими? Вой йўнилмаган таёғ-эй!..
Виолетта. Ўзингни бил, охират тарнови.
Лиди. Мен сенга ҳали охират тарнови бўлиб қолдимми?! Ҳали менинг совунимга кир ювмабсан! Ҳозир пўстагингни қоқиб қўлингга бермасамми!
(Виолеттага ташланади.)
Шома. Ойижон!
Мартон (уни ушлаб қолишга уринади). Лидико!
Лиди. Қўйиб юборинг мени!
Альбин. Хўш деганда, шу гаплашиб олганимиз етар! Бўлар-бўлмас бемаъни гапларни эшитишга тоби-тоқатим йўқ. Тасаддуғинг кетади, шу бугундан бошлаб пишлоқхонанинг ўнг қисми бизники бўлади.
Лиди. Нима-а-а?!
Альбин. Агар қўни-қўшничилик ёқмаса, унда тўрт томонингиз қибла.
Оқ сичқонлар пишлоқхонанинг бурчагида турган каттакон бочка ортига йўналишади, кулранг сичқонлар эса уларнинг орқасидан ҳанг-манг бўлганча қараб қолишади.
Лиди. Мартон! Наҳотки қўлингиздан ҳеч нарса келмаса?
Мартон. Ҳозирми? Ярим кечада-я? Бундай вақтда қўлимдан келадигани фақат ухлаш. (ётиб олади.)
Лиди. Эсингизни йиғинг! Ҳадемай тонг отади.
Мартон (уйқуга кета туриб). Тонг отади?.. Жуда яхши… Тонг отса отаверсин… (қаттиқ ҳуррак ота бошлайди.)
Тўртинчи кўриниш
Ўша жойнинг ўзи. Деразадан ой нури тушиб турибди. Ҳамма ухлаяпти. Пишлоқхонанинг ўнг бурчаги тўсиқ билан ажратилган. Ўз бурчагидан Шома пайдо бўлади-да, тўсиққа яқинлашиб, оҳиста чертади.
Шома. Фружи, хой, Фружи!
Фружининг овози. Ким чақиряпти?
Шома. Бу мен, Шомаман.
Фружининг овози. Шошмай тур, ҳозир чиқаман.
Шома. Уйғотганим учун жаҳлинг чиқмасин…
Фружи (тўсиқ ортидан пайдо бўлиб). Хўш, демак, сенинг исминг Шомами?
Шома (қизга тикилиб). Ҳа, шунақа шекилли.
Бўғиқ миёвлаш эшитилади.
Фружи. Вой, бу ким?
Шома. Мушук.
Фружи. Сен бу ҳақда шундай осойишта гапиряпсан-а? Қочдик!
(беркинмоқчи бўлади.)
Шома (уни тўхтатиб қолади). Ҳеч қаёққа қочишнинг ҳожати йўқ!
Фружи. Лекин ойим билан дадам ҳар қанақа мушуклардан иложи борича нарироқ юриш керак, дейишганди.
Яна миёвлаш эшитилади.
Эшитяпсанми? Вақт ўтказмай беркинайлик!
Шома. Ҳадеб бесаранжом бўлиб, диркиллайверма! Сен ахир бурга эмас, ҳар ҳолда сичқонсан-ку.
Фружи. Худди шунинг учун ҳам қўрқаяпман-да. (Пауза.) Шома сендан ҳам қўрқа бошлаяпман, чунки мушукдан қўрқмас экансан!
Шома. Қўрқмайман, деб сенга ким айтди? Ўлгудек қўрқаман-да.
Фружи. Ундай бўлса, юр, қочамиз!
Шома. Агар қўрқсам ҳам, бу ҳали орқа-ўнгимга қарамай қочавераман деган гап эмас-ку.
Фружи. Тушунмадим.
Шома. Ҳозир тушунтираман. Бу мушук чордоқда яшайди ва ҳеч қачон…
Яна миёвлаш эшитилади.
Фружи. Вой!
Шома. Ҳар дақиқада гапимни бўлмай тур!
Фружи. Нима бало, пастга тушолмайдими?
Шома. Бу ерда қачондан бери яшаётганимизга қарамай, у бирор марта ҳам пастга тушмаган.
Фружи. Ғалати мушук экан-ку!
Шома. Жудаям ғалати. Оти нималигини биласанми? Буюк Сеҳргар Мушук. Қисқача айтганда, у сеҳргар!
Фружи. Сеҳргар дедингми? Қўлидан нима иш келади?
Шома. Ҳамма нарса. Агар, масалан, у иккаловимизни пишлоқ қобиғига айлантиришни хоҳлаб қолса, унда…
Фружи. Нима-а?
Шома … Унда манави ерда аллақачон икки бўлак қуруқшаган пишлоқ пўстлоғи ётган бўларди.
Фружи. Вой!
Шома. Бўлар-бўлмасга титрайверасанми? У ҳали-ҳозиргача ҳеч кимга тирноқчалик зарар етказган эмас.
Фружи. Лекин етказиши мумкин-ку…
Шома. Ким билади тағин! Ҳар эҳтимолга қарши қулоғингга қуйиб ол: манави нарвон… бу нарвон ўша ёққа… яъни чордоққа олиб чиқади.
Фружи. Мана шу нарвон-а?
Шома. Худди шу. Ҳеч қачон, асло манави нарвонга оёқ қўймайман, деб ваъда бер.
Фружи. Ваъда бераман. Менинг ваъдам нима учун сенга керак бўлиб қолди.
Шома. Чунки… чунки сен менга жудаям ёқасан-да.
Фружи. Сен ҳам менга ёқасан.
Шома. Фружи!..
Фружи. Нима?
Шома. Кел, рақсга тушамиз!
Фружи. Эсингни еганмисан? Ҳамма ухлаяпти-ку.
Шома. Нима бўпти. Ойга қарагин!
Фружи. Хўш, нима қипти?
Шома. Ой жилмаяпти.
Оҳиста куй янграйди. Шома билан Фружи рақс туша бошлашади.
Шома (куйлайди).
Пишлоқхўрман,
Жон-таним пишлоқ.
Бу юракни
Изҳори бироқ:
Ёқтирмасанг,
Майли, тек турай.
Қўлим артиб-
Қўлтиққа урай?!
Фружи (куйлайди).
Пишлоқхўрман,
Жон-таним пишлоқ,
Уялмасдан
Айтаман бироқ:
Пишлоқдан воз
Кечаман, аммо-
Сени дейман,
Дейман доимо!
Виолеттанинг овози. Фружи!
Фружи. Лаббай, ойижон?
Виолетта (тўсиқ ортидан чиқиб). Сен… вой ўлай… сен манави билан…
Шома. Маъзур кўринг, қўлчангизни ўпаман!
Виолетта. … манави кулранг сичқонча билан ўйнаяпсанми!
Фружи. Нима қипти, ойижон…
Виолетта. Агар бу манзарани бечора отанг кўрганда эди!..
Фружи. Ойижон, сиздан илтимос қиламан…
Виолетта. Овозингни ўчир! Уйга жўна!
Фружи. Кетяпман… Ҳозирча хайр, Шома!
Шома. Хайр, Фружи! Умидсизланма, кўнглингни чўктирма!
Виолетта. Вой-бўй, қандай беадаб экан! Дарвоқе, беадаб, омилиги шундоғам кўриниб турибди.
Фружи билан Виолетта тўсиқ ортига ўтиб кетишади. Шома ҳам ўз бурчагига равона бўлади. Бирмунча вақт саҳна бўш туради. Ой бўзара бориб, аста-секин ғойиб бўлади. Тонг ёриша бошлайди. Тўсиқ ортидан Фружи пайдо бўлади-да, саҳнадан биқингача юриб бориб, Шома ухлаб ётган бурчакдаги парда деворини тақиллатади.
Шоманинг овози. Ким тақиллатяпти?
Фружи. Жим-м! Бу мен, Фружиман.
Шома (ўрнидан туриб). Нима демоқчисан!
Фружи. Шундай ўзим… сенсиз зерикиб қолдим… Шунинг учун келдим…
Шома. Аҳир мен ҳатто пишлоқни ҳам пичоқ ва санчқисиз ейдиган оддийгина кулранг сичқончаман-ку.
Фружи. Аразлашни бас қил! Кел, яхшиси, ўйинга тушамиз.
Шома. Жоним билан!
Фружи билан Шома биргаликда куйлашади.
Пишлоқхўрман,
Жон-таним пишлоқ,
Уялмасдан,
Айтаман бироқ:
Пишлоқдан воз
Кечаман, аммо-
Сени дейман,
Дейман доимо!
Лидининг овози. Шома!
Фружи. Онанг! Қочдик!
Шома. Кечикдик.
Лиди (пайдо бўлиб). Шома! Бу ерда нима бўлаяпти?
Фружи. Ассалому алайкум!
Лиди. О-ҳо! Янги қўшнижонимизга бу ерда нима керак экан?
Фружи. Биласизми, Шома билан мен…
Лиди. Нима?! Нима дединг? “Шома билан мен…” Бир-бирларинг билан қандай алоқаларинг бор?
Шома. Ойижон!
Лиди. Овозингни ўчир, гапимни бўлма! Бу оқбилак ойимтиллани бошингга урасанми? Наҳотки сенга бирорта ақл-ҳушли кулранг сичқон топилмаса?
Шома. Лекин мен…
Лиди. Миянг айниб қопти, ўғлим. Мана шу ойимтилла ҳақиқий уй бекаси бўлоладими? Ундан нима фойда? У шунчалик нимжон ҳамда эрка-тантиқлигидан ҳатто ёнғоқни ҳам у бурчакдан-бу бурчакка думалатолмайди.
Шома. Ойижон, мен…
Лиди. Унинг кўзлари қандайлигига бир қарагин-а! Қип-қизил! Муштдай бошидан бўянса керак! Даҳшат!..
Шома. Ойижон, агар у билан шу алфозда гаплашадиган бўлсангиз, мен… нима қилишим мумкинлигини ўзим ҳам билмайман. Наҳотки тушунмасангиз?
Лиди. Ҳаммасини тушуниб турибман, ўғлим. Шунча чидаганим етар! Ҳозироқ уйга жўна!
Виолетта (кириб келади). Фружи! Сен яна бу ёққа келдингми?
Лиди. Қўшнижон, жуда вақтида келдингиз-да. Балки ўзингиз қизингизга кечалари йигитларникига меҳмонга келиш одобдан эмаслигини тушунтириб қўярсиз!
Виолетта. Нима, нима?! Менинг қизим ҳеч қачон бундай беодобгарчиликни ўзига раво кўрмайди! Агар билсангиз, сизнинг ўғлингиз биринчи бўлиб бизникига келди. Лекин… мен…мен ҳаммасини башарасига айтиб солдим!..
Лиди. Масалан, нимани?
Виолетта. Яъни… Йўқ, мен бошқа чидолмайман! Альбин! Қаердасиз, Альбин!
Альбин пайдо бўлади. Шома билан Фружи бир чеккага четланишади. Шома каттакон бўлак пишлоқни олади, иккаловлари атрофларида бўлаётган воқеаларга тариқчаям эътибор бермай иштаҳа билан пишлоқ ея бошлашади.
Альбин. Нима бўлди. Виолетта?
Виолетта. Қизимиз…
Альбин. Қизимизга нима бўпти?
Виолетта. Манави кулранг беҳаё қизимизга шилқимлик қилгани-қилган.
Лиди. Ким кимга шилқимлик қиляпти, аввал шуни аниқлаб олиш керак. Беҳаё ўзингизни қизингиз. Муштдай бўлатуриб кўзларини бўяб олганига ўлайми!
Виолетта. Менинг қизим беҳаёми?! Сиз эса…сиз бароқ думли ашир тановсиз!
Лиди. Сен бўлсанг-вио-вио-виолончелсан!
Виолетта. Ҳали шунақами? У ҳолда, сиз… сиз…
Мартон (киради). Нима ғалва?
Лиди. Келганинг жуда яхши бўлди, Мартон. Уларни тартибга чақириб қўйгин… менинг ҳоли жоним қолмади.
Мартон. Эртангиз хайрли бўлсин!
Лиди. Жуда соз. Улар мени бу ерда ҳақоратлашсин-да, сиз бўлсангиз саломлашиб ўтирибсиз. Ҳайдаб солинг буларни!
Альбин. Сизни огоҳлантираман: бу оппа-осон иш эмас. Мен ўзимни ҳимоя қила биламан.
Лиди. Буни биз ҳозир синаб кўрамиз! (унга ташланади.)
Виолетта. Оҳ, Альбин, у ярамас сизни урди-ку! (Лидига ташланади.)
Лиди. Мартон, нимага худди полиз қўриқчисига ўхшаб турибсиз? Хотинингизни дўппослашяпти-ю, сиз бўлсангиз оғзингизни очиб…
Мартон. Нима? Ҳозир, ҳозир… (қовушмайроқ муштлашувга аралашади-да, шу заҳоти ўзини четга олади.) Вой-вой, лаънати тишлаб олди-ку!
Лиди. Сиз ҳам уни тишланг! Чаққонроқ!
Умумий муштлашув давом этади. Бир-бирига чирмашган таналардан ҳосил бўлган копток даҳшатли чийиллаганча йўлида учраган кастрюлкаларни ағдариб, деворларга урилиб саҳнада у ёқдан-бу ёққа думалай бошлайди.
Иккинчи парда
Бешинчи кўриниш
Чордоқ. Эшик тагида йиғлаб, бир бўлак пишлоқни кемирганича, Фружи ўтирибди.
Фружи. Бошқа чидолмайман! Чидолмайман, тамом-вассалом! Бундай ҳаётга минг лаънат! Ҳозироқ Буюк Сеҳргар Мушукнинг олдига бораман, нима бўлса пешонамдан кўрдим!.. Вой!.. Балки бу еяётган охирги бўлак пишлоғимдир… энди бундай яшолмайман ахир! Йўқ-йўқ, орқага йўл йўқ. Кечир мени, Шома! Ёмонлаб тилга олмасанг, бас…
миёвлаш эшитилади.
Вой, бу Буюк Сеҳргар Мушук-ку… (жазм этиб). Ҳай, нима бўлса бўлди! Вой!
Сеҳргар Мушук (киради). Ҳой, сен бу ерда нима қиляпсан? Ҳалигача бирорта сичқон бу ерга киришга журъат этмаган-ди.
Фружи. О меҳрибон, қудратли Сеҳргар Мушук! Мен… мен олдингга келдим.
Сеҳргар Мушук. Олдимга келганингни кўриб турибман. Бўлмаса бу ерда нима ҳам қилардинг? Қулоғим сенда, Фружи?
Фружи. Менинг исмим сенга қаёқдан маълум бўлди?
Сеҳргар Мушук. Буюк Сеҳргар Мушук ҳамма нарсани билади. Бемаъни саволларни беришни бас қил, жаҳлим чиқса ямлаб ютиб юборишим ҳам мумкин, ҳолбуки бундай иш менинг одатимга кирмайди. Одатда мен аввалига сичқонлар билан ўйнайман.
Фружи. Мени ейишинг ҳам мумкин, менга барибир… (йиғлайди.) Мен бошқа бундай яшолмайман!
Сеҳргар Мушук. Бўлди-бўлди, қизалоқ, хафа бўлиш керакмас. Балки сен учун бирор нарса қилишни уддасидан чиқарман.
Фружи. Шунинг учун ҳам олдингга келишга жазм қилдим-да. (ҳиқиллаганча.) Ё мени егин, ё менга ёрдам бер! Бўлмаса ўзимни бир бало қилиб қўйишим ҳеч гапмас.
Сеҳргар Мушук. Тинчлан! Бунчалик куйиб-пишиш яхшимас. Албатта, сичқоннинг мушукка ёрдам сўраб мурожаат қилиши, жуда ғалати ҳол, лекин ҳозирги вақтда ҳаётда нималар бўлмайди дейсан!.. Хўш, қандай қайғу сени бу ҳолга солди?
Фружи (ҳиқиллаб). Шома.
Сеҳргар Мушук. Кулранг Шомами?
Фружи. Кулранг … Ҳамма гап шунда-да.
Сеҳрли Мушук (тоқатсизланиб). Қулоғим сенда.
Фружи. Сен ростдан ҳам менга ёрдам бероласанми?
Сеҳргар Мушук. Ҳа, рост, рост…
Фружи. Сен ростдан ҳам шундай қудратлимисан?
Сеҳргар Мушук. Сен ўзи мендан нима истайсан?
Фружи. Оҳ, Буюк Сеҳргар Мушук, мени кулранг сичқонга айлантириб қўй!
Сеҳргар Мушук. Кулранг сичқонга?
Фружи. Ҳа-да.
Сеҳргар Мушук. Яхшилаб ўйлаб кўрдингми буни?
Фружи. Бўлмасам-чи.
Сеҳргар Мушук. Нима ҳам дердим, хоҳишинг. Фақат шуни унутма: бу тусланиш сенга шодлик келтириши даргумон. Оқ сичқондан кўра кулранг сичқон бўлиш яхшироқлигига ишончим комил эмас.
Фружи. Оҳ, менга энди барибир. Мен ҳамма нарсага розиман. Фақат тезроқ!
Сеҳргар Мушук. Хўп, яхши. Кўзингни юм! Қаттиқроқ!.. (гапирганча сеҳрли ҳаракатлар қилади.)
Бир-икки-уч,
Учдан кейин пуч.
Жоду қилдим
Воҳ буткул.
Оқ ранг эди
Бўлди кул.
Ҳамма ҳайрон
Олам гулистон.
(Фружи кулранг сичқонга айланади.)
Бўтам! Кўзингни очишинг мумкин.
Фружи. Сенга каттакон раҳмат, Буюк Сеҳргар Мушук!
Сеҳргар Мушук. Ҳожати йўқ. Қани энди фикрим айниб қолмасидан бу ердан чаққон жўнаб қол-чи!
Фружи. Мени бу ерда йўқ деб ҳисоблайвер.
Сеҳргар Мушук. Тўхта! Хайрлашиш олдидан мушукларнинг қадимий ҳикматини эслаб қол: “Мушук иккинчи бор сичқонни чангалидан чиқармас!” Ана энди жонинг борида бу ердан жўна!
Фружи. Соғ бўлинг! (чопиб чиқиб кетади.)
Сеҳргар Мушук (куйлайди).
Сичқонларнинг сардори,
Соҳибқирон, шопмўйлов;
Жодугармиз,
Соҳирмиз,
Бошдан-оёқ,
Мову-мов!
(Кимдир эшикни тирнагани эшитилади.)
Бу сенмисан, Шома? Сен ҳам эртами кечми олдимга келишингни билардим. Кир!
Шома (титраб-қақшаб киради). Муҳтарам Буюк Сеҳргар Мушук, илтимос, мени егин!
Сеҳргар Мушук. Бундай бемаънилик билан шуғулланишга вақтим йўқ. Агар хоҳласанг, кел, сени кўз очиб юмгунингча оқ сичқонга айлантириб қўяман, кейин яхшиликча хайр-хўшлашамиз.
Шома. Шундай қилиш мумкинми?! Оҳ, мурувватли Буюк Сеҳргар Мушук, нақд дилимдагини топдинг! Тезроқ мени оқ сичқонга айлантиргин, умримнинг охиригача сендан миннатдор бўламан.
Сеҳргар Мушук. Миннатдор бўлмай қўя қол. Яхшиси, айт-чи: сен шундай ишга қатъий қарор қилдингми?
Шома. Қарорим қатъий ва узил-кесил!
Сеҳргар Мушук. Ҳар ҳолда кулранглигингча қолсанг яхши бўларди.
Шома. Йўқ-йўқ!.. Ҳеч қачон!
Сеҳргар Мушук. Тағин ўзинг биласан… Ундай бўлса, кўзингни юм, қаттиқроқ! (яна гапирганча сеҳрли ҳаракатлар қилади.)
Бир-икки-уч-
Учдан кейин пуч.
Мана, жоду
Қилдим воҳ.
Кулранг эди
Бўлди оқ.
Ҳамма ҳайрон,
Олам гулистон!
(Шома оқ сичқонга айланади.)
Бўтам! Кўзингни очишинг мумкин.
Шома. Буюк Сеҳргар Мушук! Чексиз миннатдорман…
Сеҳргар Мушук. Бўлди, бас, етар! Сичқонлар билан беъмани сафсата сотиб ўтиришга вақтим йўқ. Муродинг ҳосил бўлдими, туёғингни шиқиллат!
Шома. Хайр!
Сеҳргар Мушук. Бир оз сабр қил! Яхшилаб ёдингда тут: мушук иккинчи бор сичқонни чангалидан чиқармас! Уқдингми?
Шома. Уқдим. (чопиб чиқиб кетади.)
Сеҳргар Мушук (хўрсинади). Оббо бефаросат сичқонлар-эй!
Олтинчи кўриниш
Пишлоқхонанинг оқ сичқонлар эгаллаб турган қисми. Виолетта кир юваяпти. Альбин тебранма креслода ўтириб газета ўқияпти. Фружи кириб келади.
Фружи. Хайрли кеч!
Альбин (газета ортидан). Ҳовва…
Виолетта. Вой шўрим, бу нимаси?! Альбин, қизимизга бир қаранг-а!
Альбин (газета ортидан). Унга қарашдан бошқа ишим йўқми?
Виолетта. Лекин у бошдан-оёқ кулранг бўлиб қолибди!
Альбин. Балки, болалар майдончасида ифлослангандир. У ер шунақанги ифлос-ки! Уни чўмилтиринг!
Фружи. Ҳеч қаерим ифлос бўлмаган. Чўмилишни хоҳламайман!..
Виолетта. Қани юр-чи! (уни совун кўпикли тоғорага солиб, чўтка билан ишқалай бошлайди.)
Фружи. Вой, совун!.. Кўзим ачишяпти… Бўлди, кўйворинг!
Виолетта. Қаерда шунчалик ифлос бўла қолдинг? Яна анови Шома билан…
Фружи (пишиллаб, бақиради). Шома! Шомажон!..
Виолетта. Бизнинг уйда бу номни тилингга олма! Қани, бир афти башарангга қараб кўрай-чи… (Фружини тоғорадан олади.) Вой, вой тавба! Альбин! Қизимиз чўмилтирмасимдан аввалгидан ҳам кулрангроқ бўлиб қолибди.
Альбин. Кир ювадиган порошок билан ювиш керак.
Виолетта. Ёрдамлашворинг, Альбин! Менинг кучим етмаяпти?
Икковлашиб Фружини яна тоғорага тиқишади-да, сувга кир ювадиган порошок солиб, қизни мочалка билан ишқаб чўмилтира бошлашади.
Фружи. Мени қўйиб юборинг!.. Қўйворинг!..Бас!..(Панжалари билан сувни шалоплатиб, ота-онасига сачратади, улар ўзларини четга оладилар.)
Альбин билан Виолетта. Вой ярамас! (этакларини қоқишади.)
Альбин. Даҳшат! Бу нима қилиқ! Худди тарбия кўрмаган кулранг сичқонга ўхшаб қопти-я. Мана шу бизнинг қизимизми-а!
Виолетта (уни бир чеккага тортиб). Альбин, менга қаранг!
Альбин. Қулоғим сенда, Виолетта.
Виолетта. Альбин, балки адашаётгандирман, лекин менда негадир бу Фружи эмас деган фикр пайдо бўляпти.
Альбин. Бу нима деганинг? Ақл бовар қилмайди!
Виолетта. Албатта, ақл бовар қилмайди, лекин у сира кетказиб бўлмайдиган кул рангида-ку. Бунинг устига қилиқларини…
Альбин. Ҳа, қилиқлари, айтишим лозимки… Майли, ҳечқиси йўқ, ҳозир ҳаммасига ойдинлик киритаман. Менга ишонаверинг, жонгинам. (Фружи ўтирган тоғорага яқин келади.) Катта бобонгни исми нима эди?
Фружи. Билмайман ва билишни ҳам истамайман.
Альбин. Ярамас! Билмасмиш ва билишни ҳам истамасмиш… Эндиликда кўриб турибманки, бу бизнинг қизимиз эмас. Фружи ҳеч қачон бундай аҳмоқликни ўзига раво кўрмаган бўларди… Хонимча, ҳозироқ бизнинг уйимизни бўшатиб қўйинг!
Фружи. Ҳой, дадажон…
Альбин. “Дадажон!” Энди кулранг сичқон мени дадажон, деб аташи камлик қилиб турувди! Йўқол бу ердан!
Фружи (апчириб ҳамда пишиллаб тоғорадан чиқади). Ҳали ўзинглар бунга пушаймон бўласизлар!
Еттинчи кўриниш
Пишлоқхонанинг кулранг сичқонлар яшайдиган бошқа қисми.
Саҳнада Лиди билан Мартон.
Лиди. Ҳаммасига сиз сабабчисиз, Мартон… Ҳаммаси сизнинг касофатингиз!..
Мартон. Ҳой, Лидико…
Лиди. Агар бемаъни сафсатангиз билан анови лаънати оқ сичқонларга тирғалмаганингизда, ҳаммаёқ тинч-осойишта бўларди ҳамда ўғлимиз Шома ҳам ҳеч қаёққа кетмасди.
Мартон. Лекин ўзинг биринчи бўлиб анови Виолетта билан жанжаллаша бошладинг-ку, ахир. Мен кейин келдим…
Лиди. Ҳаммасига бари бир сизнинг касофатингиз урди! Мен билан талашманг, илтимос!.. Ҳар қанча гапирсангиз ҳам ҳеч нарсани исботлаб беролмайсиз.
Мартон. Менга ишон, Лидико…
Шома (пайдо бўлади). Хайрли тун! Менга кўзларинг учиб турмаганмиди!
Мартон. Лидико, анавини қара! Ким бу?
Лиди. Оқ сичқонча! Энди шу кам эди… Мартон, нега уни киритдингиз?
Мартон. Уни мен киритмадим, ўзи кирди.
Лиди. Қандай сурбетлик! Жўна бу ердан!
Мартон. Кетяпман, Лидико, кетяпман!
Лиди. Ҳой, сизга эмас, анови оқ сичқонга айтаяпман.
Шома. Ҳой, ойижон, бу мен, ўғлингиз Шомаман.
Лиди. Шома?! Бўлмаган гап… Мартон, уни ҳидлаб кўр-чи!
Мартон (Шомани ҳидлайди). Пишлоқ ҳиди келяпти.
Лиди (у ҳам Шомани ҳидлайди). Ҳм!.. Пишлоқ ҳиди деярли сезилмаяпти. Ўзим ҳам ўйловдим-а! Ундан бисквит печеньесининг ҳиди келяпти. Ҳамма оқ сичқонлардан бисквит ҳиди келади, чунки улар ҳар доим тегирмонда ўралашгани ўралашган.
Шома. Ойижон, нима фарқи бор…
Лиди. “Ойижон?!” Мени ойижон дейишга қандай журъат этдинг?! Ярамас! Мартон, менга швабрани узатиб юборинг! Швабрам қани?
Шома. Хўп, майли, яхшиси, мен ҳозир кетаман. Лекин ҳали пушаймон ейсизлар.
Лиди. О-ҳо, таҳдид солишини қаранг-а!.. Йўқол бу ердан, кимга айтаяпман!
Саккизинчи парда
Шома билан Фружи пишлоқхона орқасидаги подвалда учрашишади.
Нимқоронғилик.
Шома. Фружи!
(Фружи алам билан ҳиқиллайди.)
Мана ниҳоят сени топдим! Нега йиғлаяпсан?
Фружи (ҳиқиллаганча). Мени уйдан ҳайдаб юборишди.
Шома. Мениям. Ҳой йиғламасанг-чи! Асосийси, иккаламиз яна биргамиз.
Фружи. Шуни айтгин-а…
Шома. … Энди ҳеч қачон ажралмаймиз!
Фружи. Ростданми?
Шома. Бўлмасам-чи? (ниҳоят Фружи кулранг тусдалигини сезиб қолади.) Фружи! Сенга нима бўлди?
Фружи. Ўзингга-чи, Шома?
Шома. Мен… мен оқ сичқончага айланиб олдим. Сен туфайли.
Фружи. Мен ҳам, худди кўриб турганингдек…
Шома (ғамгин). Кўряпман…
Фружи. Шома, нега менга бунақа ажабтовур қараяпсан?
Шома. Ўзинг-чи?.. Нега унақа ғалати қараш қиляпсан?
Фружи. Ҳечам ғалатимас-да. Шундай… сенга нима десамикин… Ахир мен сен билан танишганимда, кулранг тусда эдинг… энди бўлса…
Шома. Менга ҳам момиқдай оқлигинг жуда ёқарди, лекин… лекин бу унчалик даҳшатли эмас, Фружи… сен менга ҳозир ҳам жуда, жуда ёқасан…
(ғамгин куйлайди.)
Пишлоқхўрман,
Жон-таним пишлоқ.
Бу юракни
Изҳори, бироқ:
Ёқтирмасанг…
Негадир қовушмаяпти. Ҳамма сўзларини эсимдан чиқариб қўйибман…
Фружи. Мен ҳам эслолмаяпман.
Шома. Энди нима қилсак экан?
Фружи. Билмайман.
Шома. Панжангни бер-чи!
Фружи. Яна унинг олдига борамизми?
Шома. Ҳа.
Фружи. Ҳатто агар?..
Шома. Ҳатто агар “мушук иккинчи бор сичқонни чангалидан чиқармасаям”.
Фружи. Кетдик.
Тўққизинчи кўриниш
Чордоқда Шома билан Фружи пайдо бўлишади.
Шома. Сен уни кўряпсанми?
Фружи. Йўқ.
Шома. Балки, Мушук кўринмас қиёфага кириб олгандир.
Фружи. Балки у шунчаки яшириниб олгандир! Масалан, анови сандиқнинг ортида ўтириб, бизни пойлаётгандир…
Шома (бақириб). Мушук!
Фружи. Шовқин солма, бирдан эшитиб қолса-чи!
Шома. Уни ахтариб келдик-ку, ахир?!
Фружи. Барибир қўрқяпман.
Шома. Қўрқма! Бўлар иш бўлди! Кел, яхшиси, уни биргаликда чақирамиз!
Фружи билан Шома (биргаликда). Мушук!
Шома. Жавоб бермаяпти.
Фружи. Шома, ҳов анави ерда…
Шома. Қаерда?
Фружи. Сандиқнинг орқасида… ўша ерда нимадир қитирлаяпти.
Шома. А-ҳа. Ҳозир қараймиз.
Сандиқ устига кичкина Паскаль номли сичқон сакраб чиқади.
Фружи. Вой!
Шома. О-ҳо, бу ахир сичқонча-ку!
Паскаль. Сизларга ким керак?
Шома. Буюк Сеҳргар Мушук керак. Сен уни қаердан ҳам билардинг. У билан танишув сен учун фожиали тугаши мумкин-ку. Буюк Сеҳргар Мушук қўрқинчли ва қудратли.
Паскаль. Биламан.
Фружи. Қаердан биласан?
Паскаль. Менинг ўзим Буюк Сеҳргар Мушукман.
Шома билан Фружи. Сен-а?!
Паскаль. Нечун ажабланяпсизлар?
Шома. Ахир…
Паскаль. Бир оз сабр қилинг!.. Одамлар айтганидек, юз марта эшитгандан бир марта кўрган яхши… Қаранглар! (Мушукка айланади.)
Фружи. Оҳ… Тезроқ қочайлик!..
Сеҳргар Мушук. Тўхтанглар! (яна сичқончага айланади.) Қўрқувга ҳожат йўқ. Кўриб турибсизларки, Буюк Сеҳргар Мушук – бу оддийгина сичқонча Паскалнинг ўзгинаси. (таъзим бажо келтиради.) Хизматингларга тайёрман.
Фружи. Унда… нега шунча вақтдан бери мушукка айланиб юрувдинг?
Паскаль. Жўяли савол. “Уйда битта мушук етарли” деган қадимги мақолни эшитганмисизлар? Бошқа мушукларни зада қилиш учун Сеҳргар қиёфасига киргандим. Тушунарлими?
Шома. Демак, сен бизларни ҳимоя қилиш учун буларнинг ҳаммасини тўқиб чиқардингми?
Паскаль. Шунга ўхшашроқ. Лекин, асосан, ўзимнинг тинчимни ўйлаб қилганман. Ширин хаёлларга берилганимда мушукларнинг халақит беришини жинимдан баттар ёмон кўраман… Дарвоқе ишга киришиш вақти бўлди.
Фружи. Азизим Паскаль… мен сени шундай деб атасам майлими?.. Биз яна хоҳлардикки…
Паскаль. Мен ҳам худди шу ниятдаман. Қани, кўзларингни маҳкам юминглар-чи! Бошладик.
Сеҳрли куй янграйди.
Бир-икки-уч-пуч,
Ел қовуч…
Ел қовуч…
Шома яна
Кулранг воҳ,
Воҳ, воҳ, воҳ!
Фружи ҳам
Бўлди оқ.
Оқ, оқ, оқ!
Бир-икки…
Бир-икки-тамом,
Вассалом!
Ҳаммалари ҳайратланганча оҳ уришади.
Паскаль. Энди кўзингларни очишларинг мумкин.
Шома. Фружи!
Фружи. Шома!
Шома билан Фружи бир-бирларига яқинлашишади. Куй эшитилади. Шома билан Фружи биргаликда куйлашади.
Бодроқ-бодроқ
Юлдуз-ёритқич.
Дунё нурли,
Сокин, гўзал кеч.
Бизга аён,
Осмон маёғи,
Бир карж пишлоқ-
Бу – Ой ўроғи!
Паскаль. Афтидан, ҳаммаси жойида шекилли… Эҳ-ҳа! Ҳали ота-оналарингиз ўртасидаги муносабатларни ҳам эпақага келтириш керак…
Фружи билан Шома (бараварига). Паскаль! Азизим, бизнинг жажжи Паскалимиз!
Паскаль. Хўп майли, ҳозироқ уриниб кўраман. Сизлар ҳозирча шу ерда тура туринглар!
Ўнинчи кўриниш
Пишлоқхона. Альбин, Виолетта, Лиди, Мартон ўзаро жанжаллашиб туришибди.
Альбин. Ҳаммасига сиз айбдорсиз, деб таъкидлайман. Кулранг сичқонлар умуман калтафаҳм бўлишади.
Лиди. Сиз сабабчисиз, фақат сиз, сиз! Тортишманг! Оқ сичқонлар фақат кўнгилсизлик келтиради. Сизлардан ўзи, ҳатто тилга олишга ҳам ирганаман… бисквит ҳиди келади. Фуф!
Виолетта. Сизлардан эса… сизлардан куйган жиззанинг ҳиди келади!
Лиди. Мартон, эшитдингизми?! Нега тек турибсиз?
Мартон. Мен… мен ниҳоятда ғазабга минганимдан, тилимга гап келмаяпти.
Лиди. Гапиришнинг ҳожати йўқ! Бу лаънати оқ сичқонлар гапга тушунишармиди? Улар билан бошқача оҳангда гаплашиш лозим.
Кулранг ва оқ сичқонлар таҳдидли қиёфада бир-бирларининг устига бостириб кела бошлашади. Шу вақт нарвонда Буюк Сеҳргар Мушук пайдо бўлади.
Мартон. Бу-бу-буюк Сеҳргар Мушук!..
Сичқонлар қўрққанларидан жойларида қотиб қоладилар.
Сеҳргар Мушук. Азиз қўшнижонлар! Нега қоққан қозиқдек туриб қолдинглар? Яқинроқ келинглар, саломлашайлик.
Сичқонлар дуч келган томонга қочишади, лекин Сеҳргар Мушук
уларни думларидан ушлаб олади.
Виолетта. Ёрдам беринглар! Қутқаринглар! Ёрдам беринглар!
Лиди. Мартон, бирор нарса десангиз-чи, ахир!
Мартон. Афтидан, адойи тамом бўлдик шекилли.
Альбин. Бу қонунга хилоф иш! Ҳаққингиз йўқ!.. Бизни ҳозироқ қўйиб юборинг!
Сеҳргар Мушук. Жим! Ундан кўра айтинглар-чи, нимани бўлишолмай жанжаллашяпсизлар?
Альбин. Биз… биз… яъни дегандек…
Сеҳргар Мушук. Дудуқланмай гапир! Хўш, нима гап?
Лиди. Гап шундаки, яъни биз ҳар ҳолда кулранг сичқонлармиз…
Виолетта … биз эса оқ…
Сеҳргар Мушук. Мушуклар учун ҳаммаси ҳам барибир.
Альбин. Бажонидил ишонаман… лекин биласизми… бизнинг қизимиз бор…
Виолетта. Фружи! У қаёқларда юрганикин, бечорагинам (йиғлайди.)
Лиди. Нима Фружи? Бу ерда Фружининг қандай алоқаси бор? Ўғлимиз Шома қани? У қаёққа кетди?.. Ҳаммасига анови лаънати оқ сичқонлар айбдор…
Сеҳргар Мушук. Бўлди, бас! Уялсаларинг бўларди! Фақат “оқ” у “кулранг”, “кулранг”у “оқ” деган сўзларни эшитяпман… Шахсан мен кулранг ва оқ сичқонларни бирдек севаман.
Альбин. Мени кечирингу, лекин сиз холис баҳо бермаяпсиз. Сиз бу масалага мушукка ўхшаб қараяпсиз.
Сеҳргар Мушук. Э-ҳе, мушукка ўхшаб денг?! Бўлмаса, мана, қаранглар! (сичқонча Паскалга айланади.)
Ҳаммалари ажабланганча оҳ тортиб юборишади.
Паскаль. Рухсат этсангиз, ўзимни таништирсам! Буюк Сеҳргар Мушук, тўғрироғи, жозибадор сичқонча Паскаль.
Лиди. Ким ўйлабди дейсиз!
Паскаль. Гапимга халақит бермаслигингизни ўтинаман, бирор кор-ҳол бўлмасин тағин. Қисқаси, шу ерда бирга, қўшни яшаётганларингдан бери сизлардан “кулранг”у “оқ”, “оқ”у “кулранг” дегандан бошқа гап эшитмаяпман…
Альбин. Лекин ўзингиз ўйлаб кўринг: оқ сичқонлар ёмон экан-да.
Паскаль. Бўлди, бас! Энди гапларимга қулоқ солинглар. Мен яхшию, сен ёмон деб баҳслашгунча, яхшиси, ўзаро ўхшашлигингиз, кўпгина умумий томонларингиз бўлиши керак.
Альбин (устамонлик билан). Балки сиз ҳақдирсиз. Шубҳасиз, қандайдир умумий томонимиз бўлиши керак.
Фружи (пайдо бўлади). Тўғри, дадажон! Мен ҳамиша сизни энг ақлли деб ҳисоблаб келганман.
Виолетта. Фружи, қизалоғим!
Шома (пайдо бўлади). Мана мен ҳам келдим.
Лиди. Шома, ўғлим! Қаерларда юрувдинг?
Ота-оналар шод-ҳуррамлик билан болаларини қучоқлайдилар.
Шома. Ойижон, сизга баъзи нарсаларни айтишим керак. (қулоғига пичирлайди.)
Лиди (Паскалга). Ёшлар бир-бирларини ёқтириб қолишган бўлса мен нима ҳам дердим… Лекин ҳар ҳолда…
Паскаль. Нима, ҳар ҳолда?
Лиди. Бизнинг нимамиз оқ сичқонларга ўхшайди?
Виолетта. Биз кулранг сичқонларга-чи?
Паскаль. Ҳозир тушунтираман. Диққат қилиб қаранглар-а! (мушукка айланади ва таҳдидли миёвлайди.)
Сичқонлар бақириб-чақирганча турли томонга қочишади. Сеҳргар Мушук яна сичқонча Паскалга айланади.
Хўш,қалай?
Виолетта. Вой-вой, юрагим чиқиб кетай деди-ку!
Паскаль. Мана шунақа. Биринчидан, оқу кулранг бўлсин, барча сичқонларни мушукдан бирдек қўрқишлари бирлаштириб туради.
Виолетта. Тўппа-тўғри.
Мартон. Иккинчидан-чи?
Паскал. Иккинчиданми? Ҳ-м!.. Ижозатингиз билан, мен аввал озгина тамадди қилволсам. Чордоқда негадир қорним очиб қолибди.
Худди кўз бойлоғичдай ҳар хил сеҳрли қилиқлар қилади, шу заҳотиёқ саҳна ортидан каттакон пишлоқ бўлаги думалаб чиқади. Паскаль унга ташланиб, ҳеч кимга қарамай апил-тапил ея бошлайди.
Лиди. Иштаҳаси карнай-ку!
Альбин. Вой-буй бирпасда ярмини еб бўлди-я!
Мартон. Лидико, мен ҳам очиққанга ўхшайман.
Паскаль. Пишлоқдан татиб кўришни хоҳлайсизми?
Ҳаммалари. Хоҳлаймиз!.. Албатта хоҳлаймиз!.. (биргалашиб пишлоққа ташланишади.)
Паскаль. Мана шундай қилиб, иккинчидан, бизни пишлоқхўр сичқонлар бўлганлигимиз бирлаштириб туради.
ПАРДА
Ижтимоий тармоқларда ёйиш:
https://jahonadabiyoti.uz/2017/11/28/%d0%b4%d1%8e%d0%bb%d0%b0-%d1%83%d1%80%d0%b1%d0%b0%d0%bd-1938-%d0%b9%d0%b8%d0%bb%d0%b4%d0%b0-%d1%82%d1%83%d2%93%d0%b8%d0%bb%d0%b3%d0%b0%d0%bd-%d0%bf%d0%b8%d1%88%d0%bb%d0%be%d2%9b%d1%85%d1%9e%d1%80/