DO`STLARGA ULASHING:
Илм аҳли Мавлавий ҳожи Ҳиндистонийни «Ҳожи Ҳиндистоний», «Мавлавий Ҳиндистоний», «Ҳожи домулло», «Ҳазрати Мавлавий» сингари номлар билан эъзозлаб тилга оладилар. Асли исми Муҳаммаджон мулло Рустам ўғли бўлган бу аллома 1892 йилда Қўқон музофотига қарашли Ҳожа Муҳаммад Валий қабристонига яқин Чорбоғ қишлоғида туғилган.
Унинг ота-оналари ҳам илмли, маърифатли кишилар бўлиб, фарзандларининг ёшликданоқ илм олишига жиддий эътибор беришган. Шунинг учун ҳам Муҳаммаджон ўн тўрт ёшида ҳофизи Қуръон бўлиб етишган. Дастлаб Қўқон ва Бухоро мадрасаларида, кейинчалик Афғонистоннинг Балх ва Мозори Шариф шаҳарларида сабоқ олган. Сўнгра улуғ устозларининг тавсияларига биноан Ҳиндистонга сафар қилади ва Ажмир шаҳридаги «Усмония» мадрасасида яна саккиз йил илм ўрганади. Унинг Ҳиндистоний тахаллусини олиши шундан бошланган.
Муҳаммаджон домла 1929 йил юртга қайтади. 1932 йили “синфий душман” сифатида бир йилга озодликдан маҳрум қиладилар. Муҳаммаджон домла 1933 йили қамоқдан қайтгач, фитналардан йироқ бўлиш учун тез-тез яшаш жойини ўзгартириб туришга мажбур бўлди. Домла Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманига қарашли Аблиғ қишлоғига, Тошкент шаҳар тасарруфидаги “Оқ йўл” колхозига кўчади. Домла илму салоҳияти ортидан яна тузоққа тушди. Унга бу сафар «хорижий давлатларда ўқиган» деган айб қўйилди ва уч йилга озодликдан маҳрум қилишди. Бу сафар у Россиянинг Свердловск вилоятидаги маҳбуслар лагерида қарағай кесишга маҳкум бўлди.
Навбатдаги жазо муддатини ўтаб қайтган Муҳаммаджон домла энди урушга сафарбар этилди. У 1942 йили урушда қаттиқ жароҳатлангач, Россиянинг совуқ меҳнат лагерларидан бирига юборилди ва бу маъшум жойларда 1946 йилгача қолиб кетади.
Урушдан кейинги йилларда диний эътиқод масаласида бироз юмшоқ сиёсат бошлангандек бўлди. Ўша пайтлар Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси Тошкентда жойлашган бўлиб, бутун минтақада диний ишлар шу ердан бошқариларди. Муҳаммаджон домла идоранинг муфтийси Эшон Бобохоновга иш сўраб мурожаат қилади. У киши домланинг илму одобини обдон синовдан ўтказгач, иш юритиш учун Тожикистонга юборишини айтадилар. Муҳаммаджон домла иккиланмай рози бўлади. Домла Тожикистонга боргач, яшашга уй-жойи бўлмаганидан Мавлоно Яъқуб Чархий қабристонидаги масжидда яшай бошладилар.
Муҳаммаджон домла 1949 йилда “мавжуд сиёсий тузумга қарши” деган айб билан йигирма беш йилга озодликдан маҳрум этилди. Бу сафар уни Қозоғистондаги меҳнат лагерларидан бирига жўнатишди. Умрининг тенг ярмини илм ўрганишга сарфлаган, мумтоз адабиёт, тарих, фиқҳ ва ақида илмларида тенгсиз аллома яна инсон зоти чидаб бўлмас оғир меҳнатларга мажбур этилди. Бироқ бу сафар домла шунчаки бўйин эгмади. У Москвага тинимсиз аризалар ёзди. Натижада домланинг барча илмий, ижодий фаолияти тафтиш этилиб, тўрт йилу уч ой деганда озодликка чиқарилди.
Муҳаммаджон домла навбатдаги сургундан қайтиб Тожикистон Фанлар академияси Шарқшунослик институтининг қўлёзмалар бўлимида таржимон бўлиб ишлай бошлади. Домла ана шу бўлимда икки йил араб тилидаги китобларни форс ва ўзбек тилларига ўгириш билан машғул бўлди. Хусусан, шу йилларда у Замахшарийнинг «Навобиғул калим» ҳамда «Мақомоти Замахшарий» асарларини араб тилидан форс тилига, Имом Барзанжийнинг «Мавлудун набий» асарини ўзбек тилига, Имом Бусирийнинг «Қасидаи Бурда» асарини форс тилига, араб шоири Фараздақнинг Имом Зайнул Обидинга бағишланган қасидасини ўзбек тилига таржима қилди.
Бироқ тинимсиз таъқиб ва тазйиқлар, меҳнат лагерларидаги оғир ҳаёт, машъум уруш балолари аста-секин ўз асоратларини намоён эта бошлаган эди. Домланинг кўзлари хиралашиб қолди. Шифокорлар у кишига мутассил китоб билан шуғулланиш зарарли деб ташхис қўйдилар. Шундан сўнг домла эндиликда тўплаган илмини бошқаларга бериш мавриди келганини англаб, бир қанча китоблар тасниф этишга муваффақ бўлди. Жумладан, домла Қуръони каримнинг маънавий таржимаси — «Баёнул Фурқон фи таржиматил Қуръон» китобини тасниф этди. Бу муборак китоб Ўзбекистон Фанлар Академияси илмий ходими, заҳматкаш олим Сайфиддин Рафиддинов томонидан 2006 йилда нашрга тайёрланиб “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилди. Бобомиз Имом Бухорийнинг “Ал-жомиъ ас- саҳиҳ” ҳадислар тўпламини, Бурҳониддин Марғинонийнинг “Ҳидоя”, Имом Аъзамнинг «Фиқҳи акбар», Абдураҳмон Жомийнинг “Шарҳи Мулло”, Муҳаммад Фазлул- имом Хайриободийнинг “Мирқотул-мантиқ” асарларини шарҳ қилдилар. «Усули Шоший», «Нурул анвор» ва «Мухтасари маоний» каби асарларни ўзбек ва форс тилларига таржима қилди. Айниқса, домланинг Абдулқодир Бедил ғазаллари шарҳи таҳсинга сазовор бўлди. Бундан ташқари, Муҳаммаджон домланинг илмий маърузалари юзлаб магнит тасмаларига шогирдлари томонидан ёзиб олинди. Бу маъруза ва суҳбатлар, тафсир, ҳадис, фиқҳ, ислом тарихи, тасаввуф, адабиёт ва одоб-ахлоқ ҳақидадир.
Муҳаммаджон Ҳиндистоний домла 1989 йил 97 ёшларида оламдан кўз юмдилар. У киши ўзи истаганидек Мавлоно Яъқуби Чархий мозорига дафн этилдилар.
Алишер Назар