Дино БУЦЦАТИ (1906–1972)

Атоқли ёзувчи, мусаввир, журналист. Насрий асарларида тақдир жумбоқларини ечишга маҳкум ёлғиз, нотавон инсон образига кўп мурожаат қилади. “Татар саҳроси”, “Муҳаббат”, “Кўҳна ўрмон синоати”, “Тоғлик Барнабо” романлари, “Олтмиш ҳикоя”, “Коломбр”, “Етти чопар” каби ҳикоялар тўплами кўп тилларга ўгирилган.    

Итальян тилидан
Аброр Умаров таржимаси

КЎЧКИ

Ҳикоялар

Жованни телефон қўнғироғи товушидан уйғониб кетди. Гўшакни кўтарса, бош муҳаррир экан.
– Дарҳол Ортика водийсига жўна! У ерда кўчки рўй берган. Горо ҳудуди яқинида. Бутун бир қишлоқ кўчки тагида қолган эмиш, қурбонлар бўлиши ҳам мумкин. Қолганини борганда билиб оласан. Вақтни бекорга кетказма. Шошмасанг бўлмайди.
Бу унга юкланган биринчи жиддий топшириқ бўлиб, Жованни масъулиятдан бироз чўчирди. Аммо ўзини қўлга олиб, сафар вақтини чамалаб кўрди. Бу ёқдан икки юз километрлик йўл, тахминан уч соатда етиб олади. Пешинда у ерда тафтиш олиб боради ва мақола тайёрлаш учун маълумот йиғади. Бу иш унга ҳали катта шуҳрат келтиради.
Жованни февралнинг совуқ тонгида машинада йўлга чиқди. Кўчада ҳеч зоғ йўқлигидан фойдаланиб қўрқмай газни босди. Йўлнинг ён томонидан уни тепаликлар қарши олди, сўнг енгил туман орасидан қор билан қопланган чўққилар кўринди.
Жованнининг хаёли тоғ кўчкиси хабарида эди. Балки бу фалокат юзлаб одамларнинг ёстиғини қуритгандир? Агар шундай бўлса, ҳар куни икки устундан хабар ёзса бўлади. Жованни аслида бағритош эмас, лекин шунча одамнинг бошига тушган кўргиликдан қалби сира ўртанмади. Бошқа газета мухбирларининг рақобатлашиши мумкинлиги ҳақида ўйлаганида эса хаёлига ёқимсиз фикрлар келди. Унинг айёр ва ишбилармон рақиблари аллақачон фалокат содир бўлган ерга бориб, қимматбаҳо маълумотларни йиғиб улгуришгандир. Жованни олдинда кетаётган машиналарни кўздан кечирди. Ҳойнаҳой, улар Горога, ҳалокат содир бўлган ерга кетишаётгандир. Йўлдаги барча машиналар унга шубҳали кўринар, уларга етиб олиш ва ичидаги одамни кўриш учун газни босарди. Ҳозир қандайдир мухбирни кўраман, деб турганида, улар қишлоқ аҳолиси, ижарачи, даллол ёки руҳоний ҳам бўлиб чиқарди. Уларнинг юзи ғамгин ва мудроқ, худди бу даҳшатли офат улар учун заррача аҳамиятга эга эмасдек.
Жованни машинани равон йўлдан чап томонга, тор ва чанг босган Ортика водийсининг йўлига бурди. Аллақачон тонг отганига қарамай, атрофда кулфат аломати кўринмайди: у тасаввур қилган аскарлар ҳам, тез ёрдам машиналари ҳам, ёрдамга етиб келган юк машиналари ҳам кўринмаcди. Ҳамма қишки уйқуда, фақат қишлоқдаги баъзи уйларнинг мўрисидан тутун чиқиб турарди.
Йўл четидаги устунларга “Горогача йигирма километр, ўн тўққиз километр, ўн саккиз километр қолди” деб ёзилган, аммо ҳеч қандай фожиа аломати кўринмасди. Жованни кўчки бошланган ерни топиш учун тоғнинг тик ёнбағирларини кўздан кечирди, аммо ҳеч нимани илғамади.
У Горога пешинга яқин етиб келди. Бу ғалати қишлоқ тараққиётдан юзлаб йиллар орқада қолиб кетгандай. Қаровсиз ва абгор бу маскан тоғлар чангалида қолган, дов-дарахт кўринмайди, фақат яккам-дуккам уйларгина кўзга ташланарди, холос.
Марказий майдон бўм-бўш. Қизиқ, деб ўйлади Жованни таажжубланиб, одамлар ҳойнаҳой ҳалокатдан ваҳимага тушиб, тумтарақай қочиб қолишган ёки уйларига беркиниб олишган. Ёки кўчки четроқда бўлгани учун ҳамма ўша ёққа кетдимикан? Қуёшнинг хира нури меҳмонхонанинг ташқи деворини ёритиб турарди. Жованни машинадан тушди, меҳмонхонага бориб ойнали эшикни очди, ичкаридан баланд овозлар қулоғига чалинди, худди қувноқ одамлар стол атрофида чақчақлашиб ўтиргандек.
Меҳмонхона эгаси ҳақиқатан катта оила даврасида нонушта қилаётган эди. Бундай мавсумда мижозлар афтидан келишмаса ҳам керак. Жованни ичкарига киришга изн сўради ва ўзини журналист деб таништирди ва кўчки ҳақида суриштиришни бошлади.
– Кўчки? – деди чорпаҳилдан келган, бақувват меҳмонхона эгаси хушмуомалалик билан. – Бу ерда ҳеч қандай кўчки бўлган эмас. Балки бир пиёла чой ичарсиз? Марҳамат, келинг, уялманг! Биз билан бирга ўтиринг, азиз меҳмон! Зал бироз совуқроқ.
У Жованнини даврага қўшилишга ундади столдаги икки ўсмир бола, оила аъзоларининг гапидан кулиб, даврани қиздириб ўтирарди. Хўжайин Жованнига ўтиришни астойдил сўради, бу мавсумда водийда иссиқ овқат ва уй топиш қийин эканлигини уқтирди. Жованни эса безовта эди, албатта, овқатланишни истайди, аммо унинг мақсади кўчкининг қаерда бўлганини билиш. Нега гороликлар кўчки ҳақида ҳеч нима билишмайди? Бошлиғи унга аниқ кўрсатма берди-ку?
Стол атрофидаги иккала бола отаси билан тортишиб, Жованнининг саволига жавоб бермоқчи бўлишди.
– Кўчки? – деди ўн икки ёшли болакай гап нима ҳақда кетаётганини англагандай. – Ҳа-да, кўчки, билишимча, у юқорироқда, Сант-Эльмода содир бўлган, – болакай отасидан кўра жўяли гап айтгинидан қувониб кетди. – Сант-Эльмода, бу хабарни кеча Найнов айтди.
– Найнов ниманиям биларди, – эътироз билдирди отаси. – Жимгина ўтирсанг-чи. Охирги кўчки болалигимда, Городан анча пастда содир бўлганди. Балки жаноб ўша кўчкини кўргандир, бу ердан ўн километр нарида, йўл яқинида.
– Дада, ахир айтдим-ку, кўчки Сант-Эльмода бўлган деб!
Агар Жованни гапни бўлмаганда, улар тортишишда давом этишарди.
– Майли, мен Сант-Эльмога уни кўргани кетяпман, – деди Жованни.
Меҳмонхона хўжайини ва болалар янги русумдаги машинасини томоша қилиш учун уни майдонгача кузатиб қўйишди.
Горони Сант-Эльмодан бор-йўғи тўрт километрлик масофа ажратиб турибди, аммо шу масофа ҳам Жованнига жуда узоқдек туюлди. Илонизи йўл тик ва шунчалик тор эдики, машинани тез-тез орқага ҳайдаб, бурилишга тўғри келди. Водий борган сари қоронғи ва ваҳимали кўрина бошлади. Фақатгина олисдан жаранглаган қўнғироқдан у енгил тортди.
Сант-Эльмо Городан ҳам кичкина экан, ташландиқ ва аянчли бир қишлоқ. Соат ўн бештакам бир, аммо атрофга қараса, қоронғи тушаётгандек туюларди; балки осмонўпар тоғларнинг сояси водийга тушаётгандир. Бу ерлар кўчкилар туфайли ташландиқ бўлиб қолганмикан?
Жованни яна безовталана бошлади. Кўчки қаерда бўлган, ахир? Балки бошлиғи шошиб қолиб, хабарнинг тўғрилигини билолмагандир ёки манзилнинг номини айтишда адашгандир? Вақт аёвсиз ўтмоқда, у эса газетадаги ишидан қуруқ қолиши мумкин.
Жованни машинани тўхтатди ва бир боладан кўчки ҳақида сўради, бола уни дарров тушунди.
– Кўчки? Анави ерда! – деди болакай ва қўли билан юқорини кўрсатди. – У ёққа йигирма дақиқада етиб олса бўлади.
Бола Жованнидан машинадан тушишини сўради ва огоҳлантирди:
– У ерга машинада боролмайсиз, пиёда юриш керак, у ёққа фақат бир сўқмоқ олиб боради.
Бола уни бошлаб боришга рози бўлди. Улар қишлоқдан ўнг томондаги тоғ сўқмоғи бўйлаб тепага кўтарилишди. Жованни болага эргашиб, ҳаллослаб қолди ва ундан бироз нафас ростлаб олишни сўради. Озгина юрса, кўчкини ўз кўзи билан кўради ва бу ҳақида биринчи бўлиб газетасида хабар чиқаради. Ҳамкасбларидан ҳеч ким ҳали кўчки бўлган ерга келмаган. Фақат одамларнинг у ёққа шошилмаётгани ғалати. Демак, жабрдийдалар йўқ, ҳеч ким ёрдам сўрамаган экан-да? Кимсасиз, ҳувиллаган иморатларгина бузилган шекилли.
– Мана шу ер, – деди бола ниҳоят ва тоғ тизмасида туриб, бармоғи билан кўчки бўлган ерни кўрсатди. Ён томондаги қизғиш ер кўчки бўлганидан далолат берарди. Чўққидан ер бўлаги ажралиб, водий ичкарисигача тушган, пастда йирик харсангтошлар йиғилиб ётибди, улар тахминан уч юз метрдан ўпирилган. Аммо пастда қишлоқ ёки уй борлигига ишониш қийин эди. Фақат тик қояда илдиз отган ўсимликлар бор.
– Жаноб, кўприкни кўряпсизми? – сўради бола, харсанглар орасида, водийнинг ичкарисида ётган кўприк харобаларини кўрсатиб.
– Бу ерда ҳеч ким йўқми? – ҳайратланди Жованни атрофга қараб. Ҳеч ким кўринмайди. Фақат бўртиб чиққан қоялар, жилғадан намланган қияликлар, аллақандай деворлар қолдиғи ва тошлар уюми бор, ҳаммаёқ қўнғир рангда, осмонни эса аста-секин булутлар қопламоқда.
Бола унга анграйиб қаради.
– Бу кўчки қачон содир бўлган? – уни саволга тутди Жованни.
– Ким билади! – деди бола. – Баъзилар уч юз йил, баъзилар тўрт юз йил илгари содир бўлган дейди. Аммо ҳозир ҳам ер ўпирилиб-ўпирилиб туради.
– Жин урсин! – бақириб берди Жованни ғазабдан. – Буни нега бошида айтмадинг?
Уч юз йиллик кўчки, қара-я, буларни қанча одамлар кўрган, ҳатто Сант-Эльмонинг диққатга сазовор геологик ерлардан бири сифатида саёҳат китобчаларида ҳам кўрсатилгандир! Тор водийдаги деворлар қолдиғи эҳтимол римликлар давридаги кўприк харобаларидир. Қандай бемаънилик, ҳадемай кеч тушади. Кўчкидан эса ҳалиям дарак йўқ.
Жованни сўқмоқдан шошиб пастга тушди, болакай йиғламсираб, чойчақадан қуруқ қолганидан чўчиб унга эргашди: бечора бола Жованнининг нимадан жаҳли чиқаётганини тушунмасди ва кўнгли юмшашига умид қилиб, ялинганнамо югурарди.
– Жаноб кўчкини қидиряпти! – дерди ўтган-кетганга Жованнини кўрсатиб. – Мен жаноб анави эски кўприкни қидиряпти деб ўйлагандим. Бизда яна қаерда кўчки бўлган?
– Тўхтанг, тўхтанг! – деди ниҳоят уйининг эшиги ёнида нарса сотиб ўтирган, бир кампир унинг гапини эшитиб.  – Ҳозир эримни чақирман!
Бир зум ўтиб, ёғоч бошмоқларнинг тўқиллашидан сўнг эшик бўсағасида эллик ёшлардаги, хунук ва ғамгин киши пайдо бўлди.
– Воҳ, кўчкини кўргани келишибди-да! – деди у баланд овозда. – Саёҳатга келишгани етмагандек, яна текин томошани кўришга ҳам келадиган бўлишибди-да! Марҳамат, келсинлар, кўрсинлар!
Бу кинояли гаплар Жованнига қарата айтилган бўлса-да, бошқаларга ва ҳатто сўзловчининг ўзига ҳам дахлдор.
У Жованнининг қўлидан ушлади ва тор йўлакдан судраб кетди. Бу йўл ҳам боягисига ўхшайди, фақат қизғиш тошлар билан тўсилган. Жованни пальтога яхшироқ ўраниш учун чап қўлини кўтарди-ю  (совуқ тобора кучайиб борарди), соатига кўзи тушди: соат бешу қирқ беш, кеч тушаяпти, кўчки ҳақида эса заррача ҳам маълумотга эга эмас, қаерда бўлганини ҳам билмайди. Ишқилиб, манави ёқимсиз кимса уни керакли жойга олиб борсин-да.
– Энди кўнглингиз жойига тушдими? Мана қаранг! Ўша лаънати кўчкингизни тўйиб томоша қилинг! – деди деҳқон тўхтаб, ташландиқ ерга нафрат билан қараб. Жованни бир неча юз метр квадратли майдончанинг четида турарди. Бу тик тоғ этагида машаққатли меҳнат эвазига қаричма-қарич  текисланиб, ёввойи табиатдан тортиб олинган заминнинг кичик бир бўлаги эди, холос. Мана шу очиқ ернинг тахминан чорак қисмини тупроғу-тош уюми босиб қолганди. Балки ёмғир, нам мавсум ёки бошқа сабаб туфайли тоғнинг бир бўлаги пастга, майдонга сирғалиб тушгандир.
– Кўрдингизми, энди кўнглингиз жойига тушдими? – деб койинди деҳқон. Шунча меҳнат қилиб текислаган ерини кўчки босиб қолганидан унинг фиғони фалакда эди.
Жованни бу арзимас кўчкига тикилиб қолди. Ҳолбуки вақт ўтар ва қош қораяётганди, у эса журналга қўнғироқ қилиши керак.
Жованни деҳқонга қарамай, ундан узоқлашди ва машинани қолдирган жойга югура кетди, у ерда машинасининг ғилдирагини пайпаслаётган уч чўпонни кўриб, “кўчки қаерда ўзи?” деб аламидан бақирди, бунга худди улар айбдордай. Ғира-ширада тоғлар кўринмай қолди.
Бинойидек кийинган бир новча эркак нарироқдаги черков зинасида тамаки чекиб ўтирарди, ўрнидан туриб, Жованнининг ёнига келди:
– Сизга буни ким айтди? Бундай хабарни ким етказди? – ўша кимса Жованни билан саломлашиб ўтирмай, уни сўроққа тутди. – Кўчки ҳақида гапириб юрган ким экан?
Худди кўчки ҳақидаги хабар жаҳлини чиқаргандек у дағдаға билан савол берарди. Ҳа, деб ўйлади Жованни. Бу тушунарсиз воқеада қандайдир сир борга ўхшайди. Маъмурият ҳам огоҳлантирилмаган, қутқарувчилардан ҳам дарак йўқ. Агар оддийгина офат тафсилотини билиш ўрнига, дунёдан четдаги овлоқ ерларда, қандайдир ғаройиб ва ҳайратли фитнани фош қилса-чи?
– Кўчкимиш! – Жованнининг жавобини кутиб ҳам ўтирмай бояги дароз ижирғаниб ўзи яна гап қотди. – Қандай сафсата! Биров айтган чўпчакка лаққа тушибсиз-да!
Гапини гапириб, у ортига бурилди-да, нари кетди.
Унинг важоҳатидан чўчиб, Жованни бирор нима сўрашга жазм этолмади.
– Анави киши нималар деяпти ўзи? – Жованни чўпонлардан бирига юзланди.
– Э-э… – деди-да, чўпон йигит кулиб юборди, – бунга анча бўлган. Яхшиси, гапирмай қўяқолай. Бошимга ғалва орттириб оламан.
– Ундан қўрқасанми? – деб эътироз билдирди шериги. – У ёлғончи-ку, сен буни яширмоқчимисан? Кўчкини кўчки деб аташ керак-да!
Жованни воқеани билишга ошиқди, чўпон тушунтира бошлади. Анави кимсанинг Сант-Эльмодан сал нарида сотиш учун икки уйи бор экан, аммо у ерларда тупроқ юмшоқ, эртами-кечми деворлар ўпирилиб тушаркан, аллақачон ёриқлар пайдо бўлибди, уларни таъмирлаш учун анча меҳнат, харажат керак эмиш, бунинг устига исталган вақтда кўчки босиб қолиши мумкин экан. Бу ҳақда авваллари кўпчилик билмас экан, аммо миш-миш тез тарқалибди, шу сабаб энди ўша уйларни ҳеч ким сотиб олишни хоҳламай қолибди. Шунинг учун ўша дароз киши кўчки ҳақида ким гапирса энсаси қотармиш.
Шунча сир-синоат нима учун керак? Аҳмоқ ва сирли одамлар орасидаги ғамгин оқшом. Салқин шамол эсяпти. Одамлар тарқала бошлади, ғариб уйларнинг эшиклари ғичирлаб ёпилади, уч чўпон машинани томоша қилишдан чарчаб, йўларига равона бўлишди.
Кўчки ҳақида энди сўраб-суриштириш бефойда, деб ўйлади Жованни. Ҳамманнинг жавоби шундоғам маълум, кимдир уни яна арзимас жойга олиб боради, йўқ, булар газета учун янгилик эмас. Ҳар ким кўчкини ўз қаричи билан ўлчайди, кимнингдир ерига тоғдан ҳарсангтош ўпирилиб тушган, кимнингдир ўрасига тупроқ тўлиб қолган, хуллас, ҳар кимнинг ўз “кўчки”си бор, аммо булар Жованнини заррача қизиқтирмайди, унга газетанинг уч устунини тўлдирадиган шов-шувли ва обрў келтирадиган хабар керак.
Чексиз сукунатни олисдан эшитилган кўнғироқ жаранги бузди. Етар, бас. Жованни машинага миниб, моторни ўт олдирди-да, чироқларни ёқиб, тушкун кайфиятда йўлга тушди.
Тутуриқсиз машмаша, деб ўйлади у. Кимнингдир кафтдек экин майдонигами, уйиганми раҳна солган арзимаган кўчки ҳақидаги миш-миш тоғдан шаҳаргача ёйилиб, улкан фожеа тусини олибди-я. Ҳаётда шунақасиям бўларкан-да. Ишда эса ҳамма айбни Жованнига юклашади. Унинг заррача айби йўқ, ишига қуруқ қўл билан қайтяпти.
Машина Сант-Эльмодаги кулбалару, эгри-бугри йўлларни ортда қолдириб, нишабдан пастлай бошлади. Атрофда ҳеч зоғ йўқ. Уловнинг остида шағал ғичирлайди, унинг икки чироғи зулмат қўйнидаги тор водийни ёритиб бораётир, ғамгин қоялар, жонсиз дарахтларнинг қораси кўриняпти. Жованни худди ниманидир кутаётгандек ҳеч қаёққа шошмай бир маъромда олға кетиб борарди.
Тўсатдан машинанинг мотори тўхтаб қолгандай бўлди, Жованни ортидан нимадир гуриллаб келаётганини эшитди, балки бу саробдир, қандайдир шовқиндан ер силкинди. Бирдан Жованнининг юрагини чексиз ҳаяжон эгаллади, бу ғалати туйғу шодликни эслатарди.

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:

https://jahonadabiyoti.uz/2017/12/14/%d0%b4%d0%b8%d0%bd%d0%be-%d0%b1%d1%83%d1%86%d1%86%d0%b0%d1%82%d0%b8-1906-1972/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x