Дерматомиозит

Ўта мураккаб хасталик ҳисобланган дерматомиозит, тана скелети, силлиқ мушаклари ва терининг сурункали яллиғланиши билан кечади. Бу касаллик танадаги мушакларнинг қаттиқ толиқиши туфайли келиб чиқади ва ўн беш ёшгача бўлган болалар ва эллик беш-олтмиш ёшлиларда кузатилади.

Дерматомиозит билан аёллар эркакларга қараганда икки маротаба кўпроқ касалланади. Бунда асосан мушаклар шикастланади, баъзи ҳолларда тери зарарланади, 15 фоиз ҳолатларда эса мушак тизими тўла шикастланиб ҳаракат фаолияти бузилиши мумкин.

Олимларнинг тахмин қилишларича, касалликни вирус инфекцияси (кўпинча грипп асорати, айрим ҳолларда қизилча инфекцияси) қўзғатади. Баъзида дерматомиозит организмдаги ўсма касалликлари билан боғлиқ ҳолда ривожланади. Айрим беморларда бу дардга ревматоид омиллар сабабчи бўлади. Кўп ҳолларда миозит оғир юк кўтариш ёки шикастланиш натижасида мушакларнинг ўта толиқишидан келиб чиқади. Гарчи мушаклар яллиғланиши билан кечсада дерматомиозитни миозит билан адаштирмаслик лозим. Фарқли жиҳати шундаки, миозитда яллиғланган мушаклар санчиб оғрийди, баъзида улар атрофияга ҳам учрайди. Кўпинча бўйин ва елка мушаклари, баъзида бўкса мушаклари яллиғланади.

Миозит турли инфекцион касалликлар (грипп, ангина, реаматизм), танада моддалар алмашинувининг бузилиши, мушакларнинг зўриқиши, совуқ қотиш натижасида келиб чиқади. Касаллик туфайли шикастланган терига инфекция тушиши (хусусан очиқ шикастларда) ёки касаллик бошқа аъзодан мушак тизимига ўтиши туфайли йирингли миозит пайдо бўлади. Бунда зарарланган мушак шишиб таранглашади, қаттиқлашиб оғрийди, тана ҳарорати кўтарилади.

Паразитар миозитни трихинелла, эхинококк сингари паразитлар вужудга келтиради. Беморнинг иситмалаши, тили, кўкрак қафаси, оёқ-қўл ва чайнов мушакларининг оғриши паразитар миозит белгиларидир.

Симптомлари секин ривожланади

mushaklar

Дерматомиозит асосан ўткир бошланади. Лекин унинг симптомлари (аломатлари) секин-аста ривожланиши ҳам мумкин. Скелет мушакларида тўсатдан пайдо бўлувчи оғриқ ва кучли ҳолсизликни сезиш дерматомиозитнинг дастлабки белгиси саналади. Кейинчалик ҳолсизлик қўл ва оёқларнинг юқори қисмига тарқалиб боради.

Оёқ мушакларининг зарарланишидан сўнг бемор юришга қийналади, айниқса зинапоялардан кўтарилиш унинг учун азобга айланади. Қўл мушаклари зарарланганда эса ҳаракат чекланади, кўп ҳолларда беморнинг ўз-ўзига хизмат кўрсатиши қийин бўлиб қолади. Баъзан дерматомиозит бўйин мушакларининг зарарланиши билан ҳам бошланади. Бунда бемор бошини тик тутолмайди ва юқорига қарашга қийналади.

Дерматомиозит оғир турга ўтгач бемор танасини тўшакдан, бошини эса болишдан кўтаролмайдиган ва мустақил ўтиролмайдиган бўлади. Мушаклар аввалига хамир каби мулойим тортади, уларни пайпаслаганда оғриқ туради. Кейинчалик эса мушаклар зичлашиб қаттиқлашади, ҳажми катталашади (баъзан атрофияга учрайди).

Бош мия нервлари назоратидаги мушаклар зарарланганда тананинг бўйиндан юқори қисмида ўзгаришлар кузатилади. Масалан, нарсаларнинг иккита бўлиб кўриниши (диплопия), ғилайлик кузатилиши, юқори қовоқнинг осилиб қолиши, юз мимикаси (имо-ишораси) бузилиши, чайнов тизими иши издан чиқиши, ютиниш қийинлашиши ва ҳатто товуш ўзгариб қолиши мумкин.

Дерматомиозит туфайли сийдик қопи ва тўғри ичак фаолиятида ўзгаришлар кузатилади. Таянч-ҳаракат мушакларининг зарарланиши туфайли беморлар мустақил ҳаракат қилишга қийналиб қоладилар.

Диафрагма ва қовурғалараро мушакларнинг зарарланиши ўта жиддий ҳолат ҳисобланиб, бунда нафас олишнинг бузилиш рўй беради ва зудлик билан даво чоралари кўрилмаса беморнинг аҳволи оғирлашиб ўлим ҳолати юз бериши мумкин.

Тарғил мушаклар зарарланса

Тери шикастланиши дерматомиозит билан оғриган беморларнинг 35-40 фоизида учрайди. Тананинг очиқ жойларида – юзда, бўйинда, оёқ-қўлларда, кўкрак қафасининг олдинги қисмида эритема тошмалари кузатилади. Панжа бўғимлари пўст ташлаши, бармоқлар ёстиғи териси қизариб ялтираб қолиши, кейинчалик ёрилиб атрофияга учраши мумкин. Касалликнинг бу турига айниқса 30-50 ёшли аёллар дучор бўлишади, уларнинг терисига атипик тошмалар тошиши кузатилади. Кейинчалик бу ҳолат тери ва мушак зарарланишига олиб келади. Болаларда эса дерматомиозит васкулит касаллиги билан бирга кечади. Дард ривожлана боргани сари бемор болаларнинг тери ва тери ости клетчаткалари шикастланади. Аниқ ташхис қўйилиб муолажа тезда амалга оширилмаса шикастланиш чуқурлашиб оғир оқибатларга олиб келади.

Тери зарарланиши билан кечувчи дерматомиозитнинг ўткир турида (касаллик бошлангандан кейин 3-6 ой ўтгач) кўпинча кўндаланг тарғил мушаклар шикастланиб ҳаракат буткул чекланади. Беморнинг аҳволи оғирлашиб, тана ҳарорати кўтарилади, терисида турли тошмалар пайдо бўлади, захарланиш рўй беради. Касаллик натижасида зотилжам ривожланиши ва бу ҳол ўпка-юрак етишмовчилигига олиб келиши мумкин. Баъзан эса хасталик билан бирга васкулит ҳам ривожланади, натижада тери ости клетчаткасида шиш, зичлашиш, ярачалар, ярали стоматит кузатилади.

Касаллик сурункали кечганда танадаги айрим мушакларгина зарарланади. Бунда узоқ вақт беморнинг аҳволи қониқарли бўлади, ҳатто унинг иш қобилияти ҳам сақланиб қолади. Шуни айтиш керакки, дерматомиозитлар аксарият вақтларда ўсма касалликларидан олдин ёки кейин, баъзида эса у билан бирга ривожланиши мумкин.

Дерматомиозитда скелет мушакларининг зарарланиши асосан симметрик ва баъзида тарқоқ ҳолатда бўлади. Шу жараёнда беморлар қўл-оёқларининг қизиши, уларда куйдирувчи оғриқларни ҳис қиладилар. Шунингдек, сўлакнинг кўп ажралиши, терлаш, терида пигмент доғларининг кўпайиши, тирноқлар синувчанлиги, терининг қуруқшаши, сочларнинг тўкилувчанлиги рўй беради.

Ташхис биопсиядан сўнг қўйилади

biopsiya

Касаллик биопсия қилингандан кейин унинг хулосасига кўра ташхисланади. Беморлар ревматолог ва невропатолог шифокорлар назорати остида даволанишади. Уларга кўп ҳолларда ногиронлик гуруҳи белгиланади.

Дерматомиозитга чалинмаслик учун беморлар қуйидагиларга амал қилишлари лозим:

– ўта совуққотишдан сақланиш;

– тоза ҳавода кўпроқ сайр қилиш;

– ўта оғир юк кўтармаслик (айниқса кечқурун ва ишдан кейинги пайтларда);

– кўча ва катта йўлларда пиёда юрганда ёки техник асбоб-ускуналар билан ишлаётганда хавфсизлик қоидаларига риоя этиш;

– мунтазам спорт билан шуғулланиш;

– мушак тизимини чиниқтирувчи машқларни бажариш;

– юқумли инфекцион касалликлар (айниқса грипп) чўзилишининг олдини олиш;

– теридаги тирналишлар ва бошқа очиқ жароҳатларга микроб тушишига йўл қўймаслик;

– кундалик иш давомида ҳар ўн-ўн беш дақиқада тана мушакларини ҳаракатлантириб туриш.

Дерматомиозитни уй шароитида ёки шунчаки дори-дармонлар билан даволаб бўлмайди. Бу касалликка учраган беморлар фақат шифокор маслаҳатига кўра муолажа оладилар ва кўп йиллар диспансер назоратида туришади.

Мирҳотам ТОДЖИЕВ,
олий тоифали невропатолог, тиббиёт фанлари номзоди.

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x