Зарафшон дарёси соҳилида, Самарқанд вилояти, Пахтачи тумани ҳудудида жойлашган Дабусия қалъаси ҳақида кейинги пайтда кўп гапирилмоқда. Бундан уч йил бурун япониялик археологлар бу ерда қазишма ишларини олиб борди. Шу боис муштарийларга бу қадим қалъа ҳақида янги маълумотларни бериб ўтмоқчимиз.
Даставвал, тарихга яна бир назар.
Буюк тарихчи Абу Бакр Муҳаммад Ибн Жаъфар ан-Наршахийнинг “Бухоро тарихи” китоби (943–944 йилларда ёзилган)да айтилишича, ҳали Бухоро шаҳри вужудга келмаган, лекин ўша даврда Нур, Харконруд, Вардона, Таровга, Сафна ва Исфона қишлоқлари бор эди. Подшо турадиган катта қишлоқ Байканд эди-ю, аммо қалъаси Дабусий бўлиб, шаҳар деб шуни аташган. Шу сабабли Дабус қалъаси бундан уч минг йил олдин пайдо бўлган, деган хулоса чиқади.
Тарихий манбаларда келтирилишича, шаҳар-қалъа аҳолиси доимо лойқаланиб оқадиган Зарафшон дарёси сувини истеъмол қилмаган. Иккинчидан, қалъа дарёдан 25-30 метр баландликда ва 200-300 метр четда жойлашган. Бу эса шаҳар аҳолисини мунтазам ичимлик суви билан таъминлаш имконини бермаган. Шаҳар-қалъага ичимлик суви Зирабулоқ тизма тоғлари бағрида жойлашган Дарайтут қишлоғи булоқларидан ер ости сопол қувурлари орқали олиб келинган. Сув ости қувурлари салкам 20 чақирим узоқликдан тортиб келинган. Қазишма жараёнида бу сопол қувурлар топилди ва айни пайтда уларнинг намуналари туман халқ музейида сақланмоқда.
XI асрга келиб Ўрта Осиё, Ҳиндистон ва Афғонистон қорахонийлар ва ғазнавийлар ҳукмронлигида бўлди.ўазнавийлар ҳукмдори султон Маҳмуддан сўнг ўғли Масъуд Хоразмшоҳ Олтинтошга Бухорони забт этишни буюради. Бухоро Олтинтош томонидан 1032 йилда қўлга киритилгач, улар Бухоро хони Али Тегин кетидан қувишга ҳаракат қиладилар. Чунки Бухоро ҳукмдори Али Тегин кўпгина бойлик ва мол-мулкни олиб Дабусия шаҳрига кетганини Олтинтош яхши биларди. Аммо у Дабусияни ҳам Бухоро сингари осон забт этилади, деб хато қилган эди. Катта талафот кўрган, ўзи ҳам оғир яраланган Хоразмшоҳ Олтинтошнинг ярашув битими тузишдан бошқа иложи қолмайди. Дабусиянинг мустаҳкам деворлари ва мард жангчилари Али Тегиннинг хазинасини, умуман, шаҳарни бус-бутун сақлаб қолганди.
XIII асрнинг бошларида мўғуллар томонидан қилинган босқинчилик Дабусия шаҳрига катта зарар келтирди. Мўғуллар 1220 йилда Самарқандни босиб олди ва Дабусияни катта қийинчилик билан ишғол этди. Жалолиддин Мангуберди томонидан Дабусияда қурилган мустаҳкам мудофаа деворлари аёвсиз бузиб ташланди. Эркаклар асир олиниб, қариялар, ёш болалар ва аёллар қириб ташланди. Шаҳар аёвсиз таланди, энди у вайрона бир қалъага айланиб қолган эди.
1500 йилда Муҳаммад Шайбонийхон Самарқандни қамал қилади. Буни эшитган Бухоро ҳукмдори Боқи Тархон лашкари билан Самарқандни қамалдан қутқариш учун отланади. Бундан хабардор бўлган Шайбонийхон қамални бўшатиб, Боқи Тархонга қарши жангга отланади. Икки рақиб лашкарлари Дабусия шаҳри яқинида тўқнашади. Шайбонийхоннинг қўли устун келади. Боқи Тархон озгина лашкари билан қочиб, Дабусия қалъасига беркинади. Қулай фурсатдан фойдаланиб, Шайбонийхон Дабусияни эгаллаб, Бухорога юриш қилади ва уни босиб олади. Бу ҳақда Заҳириддин Муҳаммад Бобур қимматли маълумотларни ёзиб қолдирган. “Қамбар Али йўлда келадурғонда яёв қочиб, юз ташвишлар ила Ўратепага келур. Ўратепада эканида хабар келдиким, Шайбонийхон қалъаи Дабуснинг илоҳи Боқи Тархонни босиб, сўнг Бухоро устига борибтур”.
Бухоро амири Абулфайзхонни маҳв этиб, тахтни эгаллаган Муҳаммад Раҳимхон 1753 йилда Дабусияни бутунлай вайрон этди. Амир қолдирган лашкар зулмидан азият чеккан аҳоли шаҳарни аста-секин тарк эта бошлайди. Шу тариқа шаҳар харобага айланиб боради. XIX асрга келиб эса Дабусия шаҳри ўрнида Бухоро амирлигига қарашли Зиёвуддин беклиги ташкил этилади. Бек ўзи учун янги қўрғон қуриб олгач, Дабусияга бўлган эътибор сусайди.
ЗАРГАРЛАР, ҲУНАРМАНДЛАР ШАҲРИ
Буюк ипак йўлида қурилган шаҳар савдо учун жуда қулай ҳисобланган. Сўғдиёнанинг анвойи мато-моллари Шарқу ўарбдаги жаҳон бозорларини безаб турган. Ипак йўлининг Самарқанд билан Бухорони боғловчи шохобчаси устида Дабусия шаҳридаги ҳунармандлар яратган газламалар, заргарлик буюмлари дунё бозорида харидоргир бўлган. Шаҳарда шу яқин атрофдаги деҳқонлар етиштирган пахтадан нафис газламалар тўқилган. Хуросонда юмшоқ ва пишиқ бу газламадан тўқилган либосларни асосан амалдорлар кийган. Ҳатто Бағдодда ҳам бу газламаларни ниҳоятда қадрлашган. Бошқа юртларда ишлаб чиқарилган газламалар 1 динордан сотилган бўлса, Дабусияда тўқилган газламалар 2 динордан 10 диноргача баҳоланган. Дабусияда заргарлик ва кулолчилик ривожланган. Бу ерда тайёрланган турли тақинчоқлар, сопол идишлар харидоргирлиги билан ажралиб турган. Тарихий шаҳодатлардан шу нарса маълумки, Дабусия Ўрта Осиёнинг машҳур шаҳарларидан бўлган. У ердан кўплаб шоирлар, олимлар, донишмандлар етишиб чиққан. Абу Зайд ад-Дабусий (Х–XI аср) шулардан биридир. Ёки имом Баҳри отани олайлик. У киши Сўфи Оллоёр, Паҳлавон Маҳмуд сингари замонасининг ўқимишли, илғор фикрли кишиларидан бўлган.
ЯПОНЛАРНИ ҚИЗИҚТИРГАН ҚАЛЪА
Очиғи, ЮНЕСКО тарихий ёдгорликлари рўйхатига кирган эрса-да, Дабусия қалъасини ўрганиш совет даврида номигагина олиб борилди. Кенг жамоатчилик мурожаатидан кейин 1985 йилда қалъани ўрганиш учун Тошкент тарихий маданий ёдгорликларни таъмирлаш илмий-тадқиқот институти томонидан қиймати 66,7 минг сўмлик лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрланди. 1989 йилда эса шу асосда Ўзбекистон маданият вазирлигининг маданий ёдгорликларни таъмирлаш илмий-ишлаб чиқариш бош бошқармаси 25 минг сўм маблағ ажратди. Назорат сустлиги учун ҳам бу маблағнинг 15 минг сўми ўзлаштирилди, холос. Ачинарлиси шундаки, маблағ кўзланган мақсадлар йўлида фойдаланилмагани етмаганидек, қалъа тарихини ўрганиш ва қазиш ишларини олиб бориш аро йўлда қолиб кетди.
1998–1999 йилларга келиб Дабусия тарихини ўрганишни Ўзбекистон Фанлар академияси Археология илмий-тадқиқот институти етакчи илмий ходими, тарих фанлари номзоди Амриддин Бердимуродов ўз зиммасига олди. Олим қийин шароитда катта қазишма ишларини олиб борди. Жамоатчилик, қишлоқ аҳолиси, ўқувчилар олимга қазиш ишларини олиб боришда баҳоли қудрат кўмак беришди. Шаҳар харобалари ўрнидан кўпгина тарихий буюмлар топилди А. Бердимуродовнинг ўзи учун иш оғирлик қилди ва бир муддат амалий ёрдам сўраб турли ташкилотларга мурожаат қилди. Охири олим мақсадига етди: япониялик олимларни Дабусия қалъаси тарихи билан қизиқтириб қўйди.
Ниҳоят, 2007 йилнинг 1 июнида Ўзбекистон Фанлар академияси Археология институти ва Япониянинг Киото шаҳридаги Ипак йўлини ўрганиш халқаро илмий маркази олимлари иштирокидаги илмий экспедитсия Дабусия қалъасида қазиш ишларини бошлаб юбордилар. Экспедитсияга Япония томонидан профессор Уно Такао ва Ўзбекистон томонидан мозийшунос олим А. Бердимуродов раҳбарлик қилишди. Қазишмалар Шаҳристоннинг шарқий бурчаги ва Работнинг ўртасидан бошланди. Қазишмалар чоғида сифатли сопол қувурлар, эрамизнинг VII-XI асрларига тааллуқли уй-жойлар қолдиқлари, тандирлар, ўчоқлар, мис ва бронза тангалар чиқди. Сополдан сифатли қилиб ясалган қувурларнинг топилиши, айниқса, аҳамиятли бўлди. Бу эса шаҳарга ичимлик суви махсус қувурлар орқали киритилганидан далолатдир. Олимлар бу ердан 2300 йиллик археологик топилмаларни, шунингдек, Қорахонийлар давридан сўнг IX асрга тааллуқли буюмлар бўлган қатламни ҳам аниқлашди. Бу сафар мис тангалар, қувур, қозон-ўчоқлар, кўзалардан ташқари, турли безаклар берилган махсус тамғалар босилган ғиштлар чиқди.ўиштлардаги 9-10 хил тамғалар эса ҳар бир сулоланинг ўз тамғаси бўлганини кўрсатади. Топилган сопол идишлар эса жарангдор, гуллари нафис чизилган.
2009 йил сентябр бошида япон профессори Уно Такао бошлиқ археологлар яна Дабусия қалъасидаги ишларни давом эттирдилар. Улар орасида Нара университетидан археолог Ямагучи Хироши, Киото университетидан Фукухара Кайсуки, Мурокоми Томоми, бор эди. Бу сафар кўҳна қалъанинг зодагонлар истиқомат қилган Арк қисми танлаб олинди. 10х10 метр жой қазилганда ҳаммом, ўчоқ, 3 хил ҳажмдаги пишиқ ғиштлар, мойчироқ, қадаҳ, мис тангалар ва лаган, шиша идишлар синиқлари, пилла қолдиғи чиқди.
…2008 йилнинг март ойи эди. Шаҳар-қалъа номи билан аталувчи маҳаллада яшовчи тажрибали деҳқон Яхшибой Эшмуродов қишлоқдошларини Дабусиядаги қабристон атрофини тозалаш, йўлларини текислаш ишларига чорлади. 1500 метр масофадаги йўлга шағалтош тўкилди. Муҳиддин Норбердиев, Равшан Пўлатов, Тўхтамурод Ёрқулов, Зойир Ёқубов, фермер Эшниёз Ҳайдаров, Олим Баҳромов сингари турли касб эгаларининг саховатпешалиги натижасида йўллар тартибга келтирилиб, сув ўтказиш учун қувурлар ётқизилди. Имом Баҳри ота мақбараси ёнида музей ташкил этилиб, зиёратга келувчилар учун шарт-шароитлар яратилди.
Шу ўринда Дабусияни чуқур ўрганишга ҳаракат қилган, олимларни қазиш ишларига жалб эта олган “Олтин мерос” Халқаро хайрия жамғармаси Пахтачи тумани раҳбари Яхшибой Ҳусанов, япон ва ўзбек олимларига хонадонидан жой берган Бобониёз бобо Қиличев, ака-ука Тоштемир ва Камол Каримовларнинг номларини алоҳида тилга олиб ўтмоқ жоиздир.
Бугунги кунда Дабус қалъа-шаҳрининг қолдиқлари қисман йўқолгани рост. Бу эса табиий жараён. Йиллар силсиласи қалъанинг ташқи кўринишини емирмоқда. Остида эса ҳали топилмаган буюмлар, жисмлар, ажойиботлар мўл. Асрлар оша Зарафшон дарёсига туташиб, ҳозиргача етиб келган қалъа деворлари ҳали мустаҳкам. Уни на урушлар, на дарё суви, на шўрхок енгиб ўтолмаган. Пишиқ қурилгани учун нураши жуда секин кечган. Биз эса аждодларимиз хоки сақланиб келинаётган тарихий обидаларни, муқаддас жойларни келгуси авлодлар учун кўз қорачиғидек авайлашимиз лозим.
Иззатулла НОРҚУВВАТОВ,
Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси
“Ҳуррият”дан олинди.
https://saviya.uz/hayot/nigoh/dabusiya-shahar-bolgan/