Чустий (1904-1983)

DO`STLARGA ULASHING:

Шоир Чустий мумтоз адабиётимиз билан янги давр адабиёти оралиғидаги кўприкни яратган ва арузнавислик санъати анъаналарини ривожлантирган адиблар сирасига киради. Шунга кўра у Ҳабибий, Собир Абдулла, Чархий каби ғазалнавис ва қўшиқчи шоирлар қаторидан муносиб ўрин эгаллайди. Чустий шоирнинг адабий тахаллуси бўлиб, у Наманганнинг Чуст туманида таваллуд топган. Асл исми шарифи Набихон (Набихўжа) Нуриллахўжа ўғли бўлиб, у 1904 йилнинг 20 февраль куни тўқувчи-ҳунарманд оиласида дунёга келган.  1916 йилдаги ўлкада ҳукм сурган ўзгариш ва бебошликлар туфайли ўн тўрт жонли Набихонлар оиласи Қўқонга кўчиб бориб, тўқувчилик ишлари билан шуғулланади. Бўлғуси шоир ҳам ўн икки ёшидан ота касбига меҳр қўяди, оилага ёрдамлашади. Айни пайтда у эски мактаб ва мадрасаларда таълим олади.

Чустий Октябрь тўнтаришидан кейинги қарийб 60—70 йил давомида совет хўжалик тармоқларида, маданий-маърифий марказларда, илмий-адабий ўчоқларда фаолият кўрсатади. Жумладан, 1930—1939 йилларда колхозларда, матлубот жамиятларида масъул лавозимларда ишлайди. 1940—1946 йилларда эса Муқимий номидаги мусиқали драма театрида аввал адабий эмакдош, сўнг директор лавозимида хизмат қилади. 1944—45-йилларда Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси Адабиёт жамғармасида директор бўлиб ишлайди. Сўнг нашриётларда таржимон сифатида фаолият кўрсатади. 1970—1976 йилларда у Ўзбекистон Фанлар академияси Тил ва адабиёт институтида илмий ходим бўлиб ишлайди. 1976 йилдан бошлаб унга республика аҳамиятига молик нафақа тайинланади. Ундаги шеъриятга, ижодга ҳавас анча эрта уйғонган бўлса ҳам, мустақил ижод йўлига ўн саккиз-йигирма ёшларида қадам қўяди. Бунда Шарқ мумтоз адабиёти намояндалари ижодининг таъсири кучли бўлади. Чустийнинг шоир сифатида шаклланишида «Турабий» тахаллуси билан ғазал, мухаммас ва маснавийлар яратган отаси Нуриллахўжанинг ҳам таъсири йўқ эмас.

Чустий бутун умри давомида йигирмага яқин шеърий тўплам яратган ва нашр эттирган бўлиб, улар жанр ва услуб жиҳатдан бой ва рангго-рангдир. Унинг «Қўзғол» (1942), «Шамшир» (1943), «Лолазор» (1945), «Ҳаёт завқи» (1951), «Гул мавсуми» (1969), «Ғазаллар» (1978), «Ёд этинг камтарин Чустийни ҳам» (1984) каби қатор шеърий мажмуалари қаторида «Зафарнома» (1939), «Тириклайин жаннатга кирган кампир» (1939), «Кийикнома» (1940), «Гул садоси» (1949), «Уйғуробод» (1948), «Боғи эрам» (1978) каби достонлари ҳам китобхонлар томонидан илиқ кутиб олинган. Шунингдек, шоирнинг мумтоз адабиётимиз анъаналаридан озиқланган «Ҳаётнома» (1988), «Садоқат гуллари» (1992), «Кўнгил тилаги» (1994) каби девонлари китобхонга Шарқ — мусулмон ахлоқи фалсафасини сингдиришда эстетик роль ўйнайди. Унинг сўнгги «Кўнгил тилаги» девонига кирган бир қатор ғазаллар, мухаммас ва маснавийлар бу жиҳатдан муҳим қимматга эгадир.

Чустий қўшиқчи шоир сифатида айниқса, машҳур эди. Унинг ўнлаб ғазаллари 30-йиллардаёқ граммпластинкалар-га муҳрланиб қолган. Шоирнинг «Ёримга савол», «Ноз этма», «Авора бўлма дейди», «Минг балони енгади», «Муҳтож бўлмағай», «Сурмага муҳтож эмас», «Бевафоларнинг иши», «Ошно бўлмай туриб» ва «Онанома» каби ўнлаб кўшиқлари ҳозирги кунда ҳам хонандаларимиз сози ва овозида баралла янграмоқда.

Чустий драматург ва таржимон ҳам эди. У бошқа муаллифлар билан ҳамкорликда «Даврон ота», «Қурбон Умаров» ва «Жасур оила» каби саҳна асарларини ёзган. Ҳофиз, Собир Термизий, Мирза Ғолиб, Али Сардор, М. Турсунзода асарларини ўзбек тилига таржима қилган.

Чустий 1983 йил 13 августда вафот этади.

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x