Чарли ЧАПЛИН (1889–1977) ТЎЛИҚ МЕТРАЖЛИ ҲАЁТ

Эссе

Маъюс кўзлар, қўнғизча мўйлов, кичкина асо ва қора гардишли шляпа… Ҳа, бу ўша машҳур Дайди, ўша Чаплиннинг ўлмас тимсоли бўлиб қолмоқда. Жаҳон киносининг буюк дарғаси, британиялик актёр ва режиссёр Чарли Чаплиннинг ижоди мана аср ошдики, ҳали-ҳануз ўз қадр-қийматини йўқотмай, ноёблик тахтидан тушмай келяпти. Бу бежиз эмас, албатта. Атоқли адиб Бернард Шоу уни кино дунёсининг ягона даҳоси деган эди. Унинг даҳолиги инсон ва ҳаёт ҳақидаги энг улкан ҳақиқатларни оддийликдан топа билганида, бадиий дунёси сурати-ю сийратида бўлинмас яхлитлик топганида эди. Шу боис, Чарли Чап­лин деган ном унутилмади. Буюк комикнинг “Накаут”, “Иш куни”, “Мейблнинг оилавий ҳаёти”, “Таътил”, “Дайди”, “Муҳожир”, “Ёнғин”, “Чемпион”, “Кичкинтой”, “Кутилмаган ёмғир”, “Парижлик хоним”,“Олтин талвасаси”, “Цирк”, “Санъат кишилари”, “Катта шаҳар ёнғини”, “Янги давр”, “Буюк диктатор”, “Месье Верду”, “Рампа ёруғи”, “Нью-Йорк қироли”, “Гонконглик графиня” каби кўплаб қисқа ва тўлиқ метражли фильмлари, ундаги ўлмас образлари яшаб қолмоқда.
Чаплин актёр сифатида ҳам, режиссёр сифатида ҳам санъат дунёсида ўзидан такрорланмас буюк мактаб қолдирди. Бугунги кинематографиянинг эришган ютуқлари худдики у кўтарган чўққи теграсида юксалган қирлар, дўнгликларга ўхшайди.
У фақат улкан санъаткор эмас, улкан шахс ҳамдир. Унинг ҳаёти сиёсий, мафкуравий йўллар аро кечган, сўзи ўз даври тарихи учун катта аҳамиятга эга бўлган. Буларнинг бари ўзининг 1964 йилда эълон қилинган “Менинг ҳаёт йўлим” номли биографик китобида батафсил қайд этилган.
Қуйида мазкур мемуарнинг айрим бобларини сиз журналхонлар эътиборига ҳавола қилмоқдамиз. Ўйлаймизки, Чарли Чаплиннинг ажабтовур шахси, оддий, аммо одатий бўлмаган ҳаёти ҳақидаги битиклари сизни бефарқ қолдирмайди.

Таҳририят

* * *

Ҳавони уруш тўзони тутди. Фашистлар яна ҳужум бошлади. Биз Биринчи жаҳон урушини, ўша қирғинбарот йилларни осонгина унутиб қўйдик. Қанчадан-қанча хазон бўлган умрларни, қанчалаб инсонларни майиб-мажруҳ қилган, қон ва кўзёшларни дарёдек оқизган урушнинг оқибатларини шу қадар тез ёдимиздан ўчириб юбордик. Уруш даҳшати нафақат қўл-оёғини йўқотганларда, жони омон инсонларнинг ҳам қалбида азобли-аянчли из қолдирди. Уруш худди минотавр каби инсониятнинг навқирон авлодини ваҳшийларча ютиб юборди. Ҳа, биз бу даҳшатларни шунчаки унутдик-қўйдик, ҳатто уни машҳур қўшиқларда улуғлай бошладик:

Яйловда қололмассиз,
Сиз – Парижни кўрганлар…

Кимлардир урушнинг фойдали томони ҳам бор, деб ҳисоблайди. Эмишки, уруш саноат, илғор технологияларнинг ривожланишига хизмат қилганмиш, одамларга иш топилганмиш. Бўлмасам-чи, биржалар миллионлаб даромад кўраётган жойда миллионлаб ўлимлар ҳақида ўйлаб ўтирармидик?!
Биржа бозори кўтарилган кунларда Артур Брисбен “Эксаминер” рўзномасида шундай сўзларни ёзиб чиқди: “Пўлат корпорацияларнинг акциялари беш юз долларга кўтарилди”. Аслида акциялар эмас, акциядорларнинг ўзи осмонўпар биноларнинг деразаларидан ўрлаб юқорига чиқа бошлаганди…
Навбатдаги уруш арафасида мен Полетт учун сценарий ёзиб бермоқчи бўлдим. Аммо бўлмади. Инсон қиёфасидаги махлуқ – Адольф Гитлер дунё­ни эсини яна оғдираётган бир пайтда қандай қилиб аёлларнинг нафис суҳбатлари акс этган, севгига лиммо-лим романтик ҳикоя ҳақида ўйлай олардим?!
1937 йилда Александр Корда менга Гитлер ҳақида фильм олишни маслаҳат берганди. Унинг айтишича, фильмда иккита қаҳрамон бўлиши керак – Дайди ва худди меникидек мўйлов қўйган Гитлер. Ҳар иккала ролни ҳам ўзим ижро этишим керак. Ўшанда мен Корданинг бу таклифини унчалик маънисига бормагандирман, аммо ҳозир бу мавзу жуда долзарб.
Бунга анча бўлди. Мана, вақт ўтиб мен ўша фильм устида иш бошладим. Ўйлай-ўйлай охири фильм учун асосий фикрни топдим. Албатта Гитлер ролида сўздан фойдаланишим, оломон олдида ҳар хил бўлмағур нутқлар сўзлашим керак бўлади, дайди ролини эса аввалгидек сўзсиз қолдириш керак. Умуман, Гитлер ҳақидаги бу сценарийда пантомимо ва бурлеска имкониятларидан кенг фойдаланишим мумкин.
Катта иштиёқ билан Голливудга қайтишга шошилдим ва сценарийни ёзишга киришдим. Шунда ҳам иш икки йилга чўзилди.
Прологни Биринчи жаҳон уруши жанг саҳнаси билан бошладим. Немислар “Улкан Берта” замбараги билан Реймский соборини портлатишни, шу билан иттифоқчиларни таҳликага солиб қўйишни кўзлайди. Бироқ снаряд хато учиб, океанга тушади. Тошқин бутун шаҳарни вайрон қилади.
Мана шу картинани Полетт ўйнаши лозим эди. У сўнгги икки йилда “Парамоунт” компанияси фильмларида суратга тушиб, катта муваффақият қозонганди. Биз ажрашган бўлсак-да, у билан дўстона муносабатимиз сақланиб қолган. Полетт ўзига етгулик инжиқ ижодкорлардан. Агар у билан тортишмасангиз ундан ажойиб инсон йўқ. Акс ҳолда табиатидаги бор ярамас қилиқлари билан юзлашасиз.
У ўша кунлари аллақаёқдан студияда пайдо бўлди. Эгнидаги костюми ўзига қуйиб қўйгандек ярашган, сочлари силлиқ таралган бир йигит ҳамроҳлигида пардозхонадан чиқиб мен томонга келди. Мен ўша куни сценарий устида узоқ бош қотирганим, кун бироз оғир кечгани учун бу кутилмаган ташрифни хушламадим. Лекин Полетт жуда муҳим иши борлигини айтиб, ялинди. Ёнидаги йигитдан стулни яқинроқ суриб ўтиришини сўраб, ўзи ҳам унинг ёнига ўтириб олди.
– Бу йигит менинг агентим, – деди Полетт нигоҳи билан уни гапиришга ундаб. Йигит мамнуният билан ҳар бир сўзини дона-дона қилиб гапира бошлади.
– Ўзингизга маълум, жаноб Чаплин, “Янги давр” фильмини тасвирга олиш бошланиши билан Полеттга ҳафтасига икки ярим минг доллар тўлайсиз. Гап шундаки, биз ҳали сиз билан ҳар бир афишанинг етмиш беш фоизини ташкил қилаётган реклама масаласида келишиб олганимизча йўқ, жаноб Чаплин…
Унинг гапини шартта кесдим.
– Бу яна нимаси? – бақира бошладим мен. – Уни қанақа реклама қилишни сиз менга ўргатмоқчимисиз? Сиз бу ҳақда умуман бош қотирманг, нима қилишни сиздан кўра яхшироқ биламан! Иккингиз ҳам ҳозироқ бу ердан йўқолинг!
“Диктатор” устида айни иш қизғин кетаётган паллада “Юнайтед артистс” компаниясидан муҳим бир хабар келди. Улар мени цензура билан боғлиқ кўнгилсизликдан огоҳлантиришди. Инглиз агентлиги ҳам бу антигитлер кинокартина тақдири юзасидан компанияга алоқага чиқиб, Англия­да уни намойиш қилишга рухсат берилмаслиги мумкинлигини айтибди.
Аммо мен қатъий туриб ишни давом эттиравердим – Гитлер масхара бўлиши шарт эди. Албатта, немис концлагерларидаги ҳақиқий даҳшатни билган бўлганимда, мен “Диктатор”ни яратолмаган, нацистларнинг ва уларнинг ҳайвоний ваҳшийликлари устидан кулмаган бўлардим. Мен олий ирқ ҳақидаги бемаъни ғоя устидан кулишни истардим. Гўё Австралия аборигенларини ҳисобга олмаганда, бошқа бир халқ ўз тоза қонини сақлаб қола оладигандек.
Ўша кунлари Россиядан қайтган жаноб Страффорд Криппс Калифорнияга келди. У билан бир марта Оксфорд университетини тугатаётганимизда бирга тушлик қилган эдик. Унинг ёшликдаги исми хотирамдан кўтарилган, лекин у айтган бир ибора бутун умр ёд бўлиб қолган. “Германия ишларини суд қилиш, бутун дунёни суд қилишдир”, деганди у. – Менинг эса нари борса беш йил умрим қолган”.
Кўрдимки, жаноб Страффорд Россиядан бошқача таассуротлар билан қайтган. У русларнинг буюк ишларини таърифлади, катта қийинчиликлар билан яшовчи аҳоли ҳаёти ҳақида гапирди. Афтидан, у ҳам уруш бўлиши муқаррар деган хулосага келган.
Нью-Йорк конторалари ҳаммасидан ўтиб тушди. Менга бу фильмдан воз кечишни сўраб ёлворишди. Улар фильм Америка ва Англияда ҳеч қачон кўрсатилмаслигига ишониб бўлган. Аммо мен нима бўлса ҳам ишни тўхтатмасликка қарор қилгандим, фильм намойишига ўзимдан бошқа ҳеч ким кинозалга келмаса ҳам майли. Барибир фильмни суратга оламан!
Англия нацистлар урушини эълон қилганида ҳали “Диктатор”ни ёзиб тугатмаган эдим. Мен бу совуқ хабарни Каталанадаги яхтамда дам олаётиб, радио орқали эшитдим. Аввалига бутун фронт ҳимояга зўр берди. “Немислар ҳеч қачон Мажино чегарасини ёриб ўтолмайди”, дердик биз. Кейин эса ҳалокат рўй берди: нацистлар Белгияга ҳужум қилиб, Мажино чегарасини бузиб ўтди, Дюнкер даҳшати – Францияга бостириб кирилди. Европада вазият чигаллашиб кетди. Англия бир ўзи талвасага туша бошлади. Нью-Йорк идораси мени яна телеграммага кўмиб ташлади. Эндиликда “Фильмни тезлаштиринг, уни ҳамма кутяпти”, деб ёзишарди улар.
“Диктатор”ни суратга олишнинг ўзи бўлмайди. Зарур декорация ва реквизитларни тайёрлашнинг ўзига бир неча йил кетади. Йўқса фильм беш баробар қимматга тушиши мумкин. Шундоқ ҳам тасвирга олиш бошлангунча ярим миллион доллар сарфлаб қўйдим. Бу пайтда Гитлер Россияга юриш бошлади ва бу унинг тамоман ақлдан озганининг исботи эди. Қўшма штатлар ҳали урушга киришмаган, Англия ва Америка тинчини йўқотмай турарди.
“Диктатор”ни суратга олиш тугашига озгина қолганда, бир куни биз ишлаб турган “натура”га Дуглас Фербенкс рафиқаси Сильвия хоним билан ташриф буюрди. Охирги беш йилда у биронта фильмга суратга тушмай қўйганди. Уни баъзи-баъзида Англияга иш билан бориб-келиб юрганида кўриб турардим. Менга у анча қариб қолгандек, нимадандир ташвиш чекаётгандек кўринди. Дунёда содир бўлаётган босқинлару вахшийликлар Дугласга ҳам салбий таъсир кўрсатган эди. Суҳбатимиз чоғида у қаҳ-қаҳ отиб кулди, кейин эса менга негадир “фильминг битишини кута олмайман”, деди.
Дуг билан ўша куни бир соатча гаплашдик. У кетаётганда ортидан узоқ қараб қолдим. Кета-кетгунча у хотинига қияликдан тушишга ёрдамлашганини, улар йўлга қандай чиқиб олганигача кузатиб турдим. Шу лаҳзада руҳимни қандайдир ҳазинлик, оғриқ босди. Дуг ортига қайрилиб қараганда, беихтиёр унга қўлимни силкитдим, у ҳам менга жавобан қўлларини кўтариб қўйди. Мен у билан сўнгги марта шу тахлит хайрлашдим. Орадан бир ой ўтгач, менга унинг ўғли, кичик Дуглас қўнғироқ қилиб отаси ўтган кечада юраги ёрилиб вафот этганини айтди. Бу менга оғир зарба бўлди.
Ҳалигача менга унинг йўқлиги билинади, унинг самимийлиги, оқибати етишмайди. Якшанба тонгларида ёлғизлигимни бузиб, телефон гўшакларидан янграйдиган дўстона овози етмайди менга.
– Чарли, меникига кел, бирга нонушта қиламиз, кейин сузишга борамиз. Кейин эса бирга тушлик қиламиз ва бирор фильмни биргаликда томоша қиламиз? Нима дейсан?
Ҳа, бу ажиб дўстликнинг қадри жуда ҳам билинади.
Агар мендан эркаклар жамиятида кимлар сафида бўлишни танлардингиз, деб сўрашса, албатта ўз соҳамдаги инсонларни танлаган бўлардим. Бу муҳитда ҳам менга чинакам дўст бўла олган ягона актёр Дуглас эди. Голливуд тадбирларида, юлдузлар билан учрашувларда мен унга оддий муносабатда бўлганман – бундай бетакаллуфликлар бизда жуда кўп бўлгандир. У ерда муҳит ўзи шунақа, ҳамма юлдузлар диққат марказда бўлишни истайди, дўстоналик ҳам, рақобату танқид ҳам аралаш-қуралаш. Лекин юлдузлар орасида ҳақиқий нур сочадигани кам, тафти иссиқлари эса яна ҳам кам.
Ёзувчилар – яхши одамлар, лекин улар бошқаларга чин дилдан нимадир берадиганлардан эмас. Улар ўзлари билганларини бўлишишни ёқтирмайди. Уларнинг аксарияти бойликларини китобларининг қатларига яширишади. Олимлар эҳтимол ажойиб дўст бўлиши мумкин, аммо уларнинг яшаш тарзи сиздаги фикрларнинг барини фалаж қилади. Рассомлар эса чидаб бўлмас даражада зерикарли – кўпчилиги сизни рассом бўлиб эмас, файласуф каби ишонтиришга ҳаракат қилишади. Шоирлар эса, шаксиз, моҳиятан юксак кишилар – улардан ёқимли, сабрли ва ажойиб ўртоқ­лар чиқади. Аммо менга ҳаммасидан кўра, мусиқачилар билан дўстлашиш осондек туюлади. Менингча, симфоник оркестрдагидек таъсирчан манзара бирор жойда йўқ. Пюпитрдаги романтик ёруғлик, чолғуларнинг соз­ланиши ва дирижёр пайдо бўлиши билан чўкадиган жамоавий сукунат улардаги санъатни бирлаштирувчи асосдир. Эсимда, бир замонлар тушлик пайтида меҳмонларимиздан бири дунё сиёсати ҳақида гапира туриб, чорасизлик ва ишсизлик маънавий янгиланишга йўл очишини айтган эди. Даврада пианиночи Горовиц ҳам бор эди. У бирдан ўрнидан туриб:
–  Бу гапдан кейин роялга ўтирмасам бўлмайди, деганди.
Табиийки, бунга ҳеч ким эътироз билдирмади. Горовиц Шуманнинг иккинчи сонатасини чалди. Менимча, бу куйни ҳеч ким ҳеч қачон унингдек қойиллатиб чалолмаса керак.
Мен Горовиц билан урушдан аввал учрашганман – унинг рафиқаси, қизи Тосканина, Рахманинов билан Барбиролли ҳам биз билан эди. Рахманиновнинг кўриниши ўзгача – эгнидаги кийими дарвишона бўлса-да, нимаси биландир виқорли кўринарди. Бешовлон кечани дилкашлик билан ўтказгандик. Санъат хусусида гап кетганида мен унинг моҳияти борасида ўз фикрларимни айтдим. Мен учун санъат – бу ҳиссиёт даражасига услубий мукаммалликнинг қўшилишидир. Орада кимдир суҳбатни илоҳиёт мавзусига бурди, Рахманинов дарров сўзга аралашди.
– Илоҳиятсиз қандай санъат бўлиши мумкин?
Бир муддат унга кулиб қараб турдим.
– Биз турли мавзуларда суҳбатлашяпмиз, дедим. – Мен бирон бир догмага эмас, санъатга бўлган эътиқодимга ишонаман, ижодда эътиқоддан ҳам муҳимроғи ҳиссиётдир.
– Бу эътиқод бўлмай нима? – жавоб қайтарди Рахманинов.
Мен индамай қўя қолдим.
Яна бир мусиқачи Игор Стравинский билан ҳам бирга тушлик қилганмиз. У менга биргаликда фильм олишни таклиф қилган. Мен сюжет ўйлай бошладим – фильм сюррелистик руҳда бўлиши керак эди. Топдим ҳам! Кичкинагина тунги кабареда, айлана эстрада атрофидаги столларда оломон, хўрандалар жуфт-жуфт бўлиб ўтиришади. Бу одамлар инсониятдаги жамики иллатларнинг образлари бўлади: уларнинг бири – ҳорис, бошқаси мунофиқ, яна бошқаси золим. Ўртадаги саҳнада эса инсоний олийжаноблик ҳақида томоша кўрсатилмоқда. Томошада пайғамбар Исони хўрлашяпти. Қовоқхонада ўтирганлар эса бу томошани бефарқлик билан томоша қилганча, бемалол овқат буюрадилар, кундалик ишларидан гаплашишади ёки шунчаки зерикиб ўтираверади. Саҳнадаги оломон эса чормихланган Исога қарата қўлларини мушт қилиб бақиради: “Агар сен Худонинг ўғли бўлсанг, қани хочдан туш, ўзингни ўзинг қутқар!”
Саҳна атрофида ўтирган тижоратчилар давраси эса ўзларига қизиқ бўлган муҳим бир мавзуни жўшиб муҳокама қилишмоқда. Уларнинг биттаси асабийлашганча сигарет чека бошлайди ва саҳнадаги Халоскорга бефарқ кўз ташлаганча у тарафга оғзидан тутун пуркайди.
Бошқа столда ўтирган савдогарнинг ёнидаги хотини диққат билан менюни ўргана бошлайди. Шу пайт хонимнинг кўзи чормихланган Ҳалоскорга тушади-ю, ижирғаниб стулини саҳнага терс ўгириб олади. “Нега одамлар бу ерга келишади ўзи ҳайронман, – дейди аёл асабийлашиб. – Бирам ёқимсиз томоша!”
“Менингча, чакки эмас, эътироз билдиради эри, – Бу қовоқхона касодга учрай деб турган бўлса ҳам ревюлар қўйишни тўхтатгани йўқ. Бу билан улар зиён ҳам кўраётгани йўқ”.
– Менингча, бу ҳақорат, – дейди аёл.
– Аксинча, бу жуда ҳам фойдали, – эътироз билдиради яна эр. – Умрида черковга бормаган одамлар бор, улар ҳеч бўлмаса шу ерда насронийлик ҳақида ниманидир билиб олишади.
Фақатгина бир чеккада ёлғиз ўтирган маст киши, томошани кўз узмай кўради, босиб-босиб ичади-ю тўсатдан ҳўнграб юборади. У бор овозда йиғлаб қичқира бошлайди: “Қаранглар, Уни таҳқирлашди. Нимага ҳеч бирингиз индамайсиз? Нега ҳаммангиз жим қараб турибсизлар?!”
У ўрнидан туриб қўлларини чўзганча саҳнадаги хоч томонга интилади. Унга яқинроқ ўтирган аёл эса асабийлашиб, бош официантга арз қилади, пиёниста қовоқхонадан ҳайдаб чиқарилар экан, яна йиғлаб қичқиради:
– Нега индамай турибсизлар?! Қанақа насронийсизлар ўзи?
– Кўряпсизми, – дедим Стравинскийга, – томошага ҳалақит бергани учун уни ҳайдаб солишди.
Мен унга бу сценарий билан дину илоҳиёт билан одамлар ўртасидаги жарликни, дунё насронийлари ҳам худди шу воқеадаги каби номига сиғинишларини тушунтирмоқчи бўлдим.
Маэстронинг таъби бироз хира бўлди.
– Бу куфр-ку! – деди у сўнг.
Мен таажжуб қилдим.
– Аслида-чи? – ҳайронлигимни яширмадим мен. – Аслида ҳам шундай эмасми?
Бу фикр менга тўғри келмайди. Мен бунақа гапни христианларнинг шунчаки ўз ичларидаги мунофиқликни кўр-кўрона хаспўшлаши деб ўйлайман. Эҳтимол, мен унга ҳозир оғзаки гапириб берган сюжет билан фикримни тўлиқ етказиб беролмагандирман.
Суҳбатимиз шу тарзда тугади, орадан бир неча ҳафта ўтгач, мен Стравинскийдан мактуб олдим. У аввалгидек биргаликда фильм олишга розилигимни сўраган эди. Лекин бу вақтда менинг фикрим совиб қолган, хаёлим бошқа фильм билан банд эди.
Ҳанс Эйслер билан эса Шенбергнинг студиясида учрашганмиз. Бўйлари життаккина, очиқ чеҳра, чўрткесар бу одамнинг мусиқалари мени доим илҳомлантирган. Мен уни тез-тез Лос-Анжелесдаги теннис мусобақаларида кўрардим – у доим эгнига оқ фуражка ва теннис формасини кийиб, очиқ трибунада ёлғиз ўтирарди. Эйслер “Янги давр” фильмингиз менга ёқади, лекин мусиқаси жуда ёмон, деди. Бу борада у билан бироз тортишиб қолган бўлсак-да, унинг мусиқа ҳақидаги мулоҳазалари ёдимда қолган.
Мен товушларни севаман, гўзал товушларни! – дерди у нуқул.
Ҳанс Эйслер чиндан ҳам ажойиб композитор. У доим Шенберг ҳақида қизиқ гапларни айтиб берарди. Ҳанс ундан гармония бўйича сабоқ олган экан. – Қишда, ерни беш миль қалин қор босган паллада ҳар куни эрталабки соат саккизда маэстронинг дарсида бўлар эдим. Тепа сочлари тўкила бошлаган Шенберг рояль қаршисида ўтирганча мени кутиб оларди. У чалишни бошлаганда, мен ортига ўтиб, елкаси оша чийиллай бошладим.
– Болагинам, – деди маэстро. – Чинқирмасангиз-чи, муздек ўпкангиз­дан чиқаётган товушдан бошим жунжикиб кетяпти.
Шенберг ҳам, Ҳанс ҳам, умуман, мусиқачилар ана шунақа ажойиб одамлар…

(Давомини журналдан ўқийсиз)

Рус тилидан Мафтуна МУҲАММАДАМИНОВА таржимаси

2020/3

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x