Бола туғилаётганида юзага келувчи патологик ҳолат (кислород етишмаслиги) оқибатида келиб чиқадиган асфиксия, яъни бўғилиш нафас олишнинг бузилиши билан намоён бўлади. Асфиксияга мойиллик яратувчи омиллар қуйидагича:
Антенатал (туғруққача бўлган) даврда:
– кечки токсикоз;
– гипертония (қон босими ошиши);
– буйракнинг сурункали касалликлари;
– 35 ёшдан кейинги ҳомиладорлик;
– қандли диабет;
– анемия (камқонлик).
Интранатал (туғруқ) даврида:
– йўлдошнинг олдин келиши ёки эрта жойидан кўчиши;
– қоғоноқ сувсизланиши даврининг чўзилиши;
– киндик тизимчасининг ўралиши ёки тушиши;
– онада гипотония (қон босими пасайиши);
– она ва ҳомила қонининг иммунологик номутаносиблиги;
– тинчлантирувчи ва оғриқсизлантирувчи (седатив ва анальгетик) дори воситаларининг туғруқдан 1-2 соат олдин берилиши.
Бундан ташқари, вақтидан олдин ёки муддати ўтиб туғилишда, она қорнида ривожланишидан орқада қолишда, ҳомилалик даврида туғма нуқсонлар ва юрак ритми бузилишининг кузатилиши, шунингдек ҳаракат фаоллиги сустлашиши ҳам чақалоқнинг асфиксия билан туғилишига олиб келиши мумкин.
Кислород етишмаганда
Кислород танқислиги сабаблари қандай бўлишидан қатъи назар, чақалоқ организмида алмашинув жараёнлари, қон айланиши, микроциркуляция билан боғлик ўзгаришлар кузатилади. Уларнинг ифодаланиш даражаси гипоксиянинг давомийлиги, ҳомиланинг муддатига етиб туғилиши ва неонатал ёрдамнинг қай даражада ташкил қилинганлиги билан белгиланади.
Асфиксиянинг асосий белгиси нафас олишнинг бузилишидир, бунда юрак фаолиятида ўзгаришлар кузатилиб, қон айланиши ва асаб-мушак ўтказувчанлиги издан чиқади. Асфиксиянинг оғир ёки енгил кечиши Апгар шкаласи бўйича аниқланади. Бу шкала 1952 йилда америкалик акушер Виржиния Апгар томонидан таклиф қилинган ва чақалоқ туғилганидан 1 ва 5 дақиқа ўтгач унинг ҳолатига клиник баҳо бериш орқали ўтказилади. (Бунда юрак қисқаришлари сони, мустақил нафас олиши, тери ранги, рефлектор таъсирчанлик ва мушак тонуси баллар билан баҳолаб чиқилади ва ушбу баллар йиғиндисига қараб асфиксиянинг даражаси аниқланади.) Лекин ҳозирги вақтда фақат Алгар шкаласи буйича баҳолаш асфиксиянинг бирдан-бир мезони бўла олмайди.
Асфиксия ва унинг оғирлигининг асосий мезонларини аниқлашда илк наонатал даврнинг кечиши ва асфиксиянинг ички аъзо ва тизимларга бўлган таъсири даражаси ҳисобга олинади. Демак, асфиксиянинг даражаси илк неонатал давр (ҳаётининг биринчи 7 куни) кечишига қараб баҳоланади.
Асфиксия билан туғилган чақалоқлар жонлантириш ёрдамига муҳтож бўлишади. Жонлантириш муолажаси қанча эрта бошланса, шунчалик ижобий самара беради. Бу жараён туғруқ залида амалга оширилади. Бунда чақалоқнинг асосий ҳаёт кўрсаткичлари назорат остига олиниб, тезкор ёрдам чора-тадбирлари амалга оширилади.
Чақалоклар реанимацияси (жонлантириш) бўлимида юқори нафас йўллари ўтказувчанлигини таъминлаш асфиксиянинг оғир-енгиллигига қараб амалга оширилади. Ёрдамчи нафас усуллари фойда бермаган ҳолларда бола юрак фаолиятини меъёрлаштиришга киришилади, зарурат туғилганда киндик тизимчасига дори-дармонлар ҳам юборилади.
Туғруқ залида ўтказилган реанимацион ёрдамдан сўнг чақалоқлар интенсив постга ўтказилиб улар устидан мунтазам назорат олиб борилади. Асфиксия бўлган чақалоқларда гипогликемия, гиперкалиемия ва бошқа электролитлар мувозанатининг бузилиши кузатилади. Чақалоқ учун катта аҳамиятга эга асосий парвариш йўналишлари (иссиқлик занжирини сақлаш, она сути билан таъминлаш, йўргаксиз парвариш, киндик тизимчаси қолдиғини қуруқ усулда олиш) амалга оширилади.
Гўдак кузатувда бўлади
Даво ўз вақтида ва бекаму кўст ўтказилса боланинг аҳволи яхшиланади, лекин асаб тизимидаги ўзгаришлар бир қанча вақт сақланиб, секин-аста меъёрлашади. Таъкидлаб ўтиш керакки, келгусида бола ривожланиши учун энг аҳамиятлиси онада ҳомиладорлик даврининг қандай кечишидир. Ҳомилада марказий асаб тизими шикастланишларининг 70-80 фоиз сабаблари ҳомиладорликнинг оғир кечиши билан боғлиқдир.
Асфиксия билан дунёга келган болалар туғуруқхонадан чиққанларидан сўнг педиатр ва невропатолог диспансер кузатувида туришлари шарт. Чақалокларда асфиксия ва унинг асоратларини олдини олиш учун ҳомиладор аёллар соғлигига алоҳида эътибор қаратиш, улардаги экстрагенитал касалликларни ўз вақтида даволаш, хавф гуруҳига кирувчи ҳомиладорларни туғруқхонага эрта ётқизиш зарур. Бу каби амалий ишлар чақалоқлар гипоксияси юзага келишининг олдини олишга албатта ёрдам беради.
Хадича МУҲАММЕДОВА,
Тошкент врачлар малакасини ошириш институти
“Неонатология” кафедраси профессори, тиббиёт фанлари доктори.