Чақалоқлар қайт қилиши

Тўрт ойликкача бўлган гўдакларнинг 65 фоиздан кўпроғи кунига ҳеч бўлмаганда бир марта эмган сутини қайт қилади. Аслида бу меъёрий ҳолат ҳисобланади. Чунки, гўдакларнинг ошқозон-ичак йўли тузилиши ва ишлаши қайт қилишга мойил бўлади. Гўдак ошқозони горизонтал ҳолатда, қизилўнгач қисқа ва тўғри, ошқозонга киришини беркитиб турадиган сфинктер-мушак етарлича ривожланмагани туфайли истеъмол қилинган овқат осонлик билан ошқозондан қизилўнгачга, ундан эса оғиз бўшлиғига тушади.

Овқат ҳазм қилиш учун жавобгар баъзи ферментларнинг етишмаслиги, шунингдек муддатидан олдин туғилган ва кам вазнли гўдакларда кўпроқ кузатиладиган нафас олиш, сўриш ва ютиш жараёнларининг етарлича ўзаро мувофиқлашмаганлиги ҳам қайт қилишга мойилликни оширади.

Бола ўса боргани сари овқат ҳазм қилиш тизими тўлиқ шаклланади. Шундан сўнг қайт қилиш ўз-ўзидан камаяди. Бунгача эса бола гарчи соғлом бўлсада, овқатлантириш пайти, овқатлантириб бўлингач ёки ундан бироз ўтиб эмган сутини қайт қилиб туриши мумкин. Бундай ҳол боланинг кайфияти, умумий аҳволи ва тана вазни кўрсаткичига мутлақо таъсир кўрсатмайди.

Кичкинтой тетик ва қувноқ ўсиб, ривожланишдан ортда қолмаса, қайт қилиши онда-сонда, кўп миқдорда бўлмаса хавотирланишга асос йўқ. Демак, бу физиологик хол ҳисобланиб, бола 6-8 ойлик бўлгунича ўтиб кетади.

Баъзида қайт қилиш турли касалликларнинг белгиси бўлиши мумкин. Гўдакда неврологик бузилишлар бўлганида қайт қилишлар сони одатдагидан кўпаяди. Тишлари чиқаётганида ҳам бола тез-тез қайт қилиб туради.

Болада қайт қилиш билан бирга тана ҳароратининг баландлиги ва суюқ ич кетиши рўй берса, бу ичак инфекциясининг белгиси эканлиги эҳтимолдан холи эмас. Айрим ҳолларда эса қайт қилишлар ошқозон-ичак йўли ривожланишида нуқсонлар борлигидан дарак беради.

Ҳар қандай ҳолатда ҳам шифокор кўригидан ўтгандан сўнггина болага аниқ ташҳис қўйилади. Шу сабабли, агар қайт қилиш доимий тус олса, олдини олиш учун қилинган чора-тадбирлар ёрдам бермаса, бола кўп миқдорда қайт қилаётган бўлса, ўзини ёмон ҳис қилса, уни шифокор кўригига олиб бориш зарур.

Овқатлантириш қоидаларига амал қилинса ва ҳеч бир касаллик аниқланмасада кўп қайт қилиш сақланиб қолаверса, оила шифокори ва педиатр тавсияси билан антирефлюкс аралашмалар буюрилади.

Бугунги кунда ишлаб чиқарилаётган махсус AR-аралашмалар таркибида турли қуюқлаштирувчилар бўлиб, улар овқатни ошқозонда ушлаб қолади ва қайт қилинишининг олдини олади.

AR-аралашмалар қайт қилишлар тугагунича бола таомномасига қисман киритилади. Камдан-кам ҳолатлардагини болага сут ва оддий аралашма ўрнига фақат антирефлюкс аралашма бериш учун эҳтиёж туғилади.

AR-аралашма бериш давомийлигини педиатр аниқлайди. Зарур деб топилган ҳолларда оила шифокорлари ошқозон-ичак йўлининг ишини меъёрлаштирувчи дори воситаларини ҳам буюриши мумкин.

Кўп ҳолларда болани тўғри овқатлантириш қоидаларига амал қилиш орқали қайт қилиш билан боғлиқ муаммолар ижобий ҳал этилиши мумкин.

Гулираъно УСМОНОВА,
педиатр шифокор, тиббиёт фанлари номзоди, доцент.

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x