Бугуннинг шифокори янада масъулиятли бўлиши лозим

Давлатимиз раҳбари шу йилнинг бошида соғлиқни сақлаш соҳасининг бир гуруҳ етакчи мутахассислари билан ўтказган учрашувида эртанги кунимиз давомчиларини соғлом дунёга келтириш кўп жиҳатдан аёллар саломатлигига боғлиқ эканини алоҳида таъкидлади.

Айтиш жоиз, мустақиллик йилларида акушерлик хизмати амалиётига замонавий перинатал технологиялар киритилди ва перинатал тиббий ёрдам кўрсатишни ташкил этиш тадбирлари кенг миқёсда олиб борилди. Экстрагенитал ва акушерлик патологиялари бўлган ҳомиладор аёлларга ихтисослаштирилган тиббий ёрдамлар сифати ва самарадорлиги эндиликда янада оширилмоқда.

Санитар авиацияси хизматини ҳам янада жонлантириш чора-тадбирлари кўрилмоқда. Жумладан, вилоятимиздаги туғруққа кўмаклашувчи муассасаларга акушер-гинекологлар ва реаниматологларнинг «Санитар авиацияси» хизмати бўйича уч босқичли тиббий ёрдам кўрсатилаяпти.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 2 ноябрдаги “2016-2020 йилларда Ўзбекистонда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги (ПҚ-2650-сонли) қарори асосида бир қанча вазифалар белгиланди. Чақалоқлар, ўсмир қизлар, ҳомиладорлар ва фарзанд кўриш ёшидаги аёлларни патронаж назоратига олиш, муддатига етмай туғилган гўдакларни витамин К ҳамда сурфактант каби препаратлар билан таъминлаш орқали уларда болалар инсульти, ўпка ривожланмай қолиши ва бошқа касалликларнинг олдини олиш, шунингдек, бошқариладиган юқумли касалликлар (полиомиелит, сил кабиларнинг) болаларда учрашини бартараф этиш ишлари режа асосида олиб борилмоқда. Антибиотиклардан фойдаланишни камайтирган ҳолда гўдаклар касалликларини тўғри даволашга жиддий эътибор қаратилмоқда.

Ишнинг сифати ва самарадорлигини таъминлашда тиббиёт муассасаларига билимдон ва юқори малакали кадрлар зарурлиги, қолаверса бу борада чет эллик ҳамкасблар кўмагидан фойдаланишимиз лозимлиги давлатимиз раҳбари томонидан алоҳида таъкидланган эди. Шунга кўра, Марказимизнинг бир нечта ёш мутахассислари Москва шаҳридаги акушерлик ва гинекология илмий-текшириш институтида, шунингдек Дубай ва Анқара шаҳарларидаги йирик шифохоналарда ҳамда Москва перинатал марказида ўз малакаларини ошириб қайтишган. Эндоскопия соҳаси бўйича ўқув маркази очилиши муносабати билан Марказимизга Москва акушерлик ва гинекология илмий-текшириш институтининг эндоскопик жарроҳлик бўлими мудири, профессор Александр Попов ва анестезиолог-реаниматолог А. Головинлар таклиф қилинди. Бундан ташқари, яқин кунларда эндохирургия учун зарур бўладиган кислород генератори ва бошқа янги тиббий жиҳозлар олиб келиниши мўлжалланган.

Соғлом ва баркамол авлодни дунёга келтириш тадбирлари изчиллик билан олиб борилиши учун олдимизда янада катта вазифалар турибди. Она ва болага кўрсатиладиган перинатал тиббий ёрдам сифати ва самарадорлигини жаҳон андозаларига мос ҳолда ташкил этиш жуда катта куч, билим ва тажрибани талаб этади. Бу борада кадрлар салоҳиятини ва малакасини юксалтириш асосий ўринда туради. Шундай экан, ҳозирги вақтда тиббиёт ходимлари эгаллаган касбига, бажараётган ишига ва олиб бораётган изланишларига нисбатан масъулият ҳиссини бир неча ҳиссага оширишлари лозим.

Давлатимиз раҳбари тиббий ходимга халқ ишониши, улар халқни ишонтира олиши кераклигини учрашувда алоҳида таъкидлаган эди. Демак, эндиликда ҳар бир тиббиёт мутахассиси шифокор этикаси ва маданиятини чуқур эгаллаган бўлиши лозим. Фақат замонавий даволаш усуллари бўйича илмий-амалий изланишлар олиб боришнинг ўзи кифоя қилмайди. Балки бугуннинг шифокори ўз маънавиятини юксалтириш хусусида ҳам бош қотириши, айниқса, билими ва тажрибасини ҳар томонлама кенгайтириши зарур.

Бахтиёр ЖУМАНОВ,
Самарқанд вилояти перинатал марказининг
директори, тиббиёт фанлари номзоди, доцент.

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x